ОШКОРА ВА ПИНҲОНА НEЪМАТЛАРГА ЭРИШИШ ЙЎЛИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Аллоҳ сенга Ўзининг тоатини ва Ўзи ила бундан беҳожат бўлишни насиб қилса, билгинки, У Зот сенга ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб беради. 

Бу ҳикматлар ўзимиз билмаган ёки билсак ҳам, пайқамаган сирларни очиб беради.

Банданинг доимий берадиган саволларидан бири шундай: «Нима қилсам, хақиқий саодатга эришаман?», «Бахт қандай қилиб мукаммал бўлади?»

Ҳар кимнинг ўлчов мезони турлича бўлиб, тушунчалар ўзгариб кетган. Кимдир бахт-саодатни ўткинчи дунё неъматларида кўради. Кўпчилик эса ҳақиқий неъмат охиратда эканини эътироф қилади. Аммо барчасидан кўра Ҳақ таолонинг ҳузуридаги мартаба ҳақиқий неъматдир.

Аллоҳ сенга тоатни насиб қилса ва Ўзи ила тоатдан беҳожат бўлишни насиб қилса, билгинки, У Зот сенга ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб берган бўлади.

Ҳикматда тоат тўғрисида гап бормоқда. «Тоат» сўзи одатда «ибодат» билан биргаликда келади. Уламолар тоатнинг ибодатга маънодош ҳоллари ҳам, ундан алоҳида, ажралиб чиққан ҳолатлари ҳам борлиги ҳақида кўп айтишган. Барча тарғиботларни жам қилсак, қисқа қилиб айтганда, тоат – Аллоҳ таоло буюрган ҳолатда туриб, У Зотнинг қайтариқларидан қайтишдир. Қуръони Каримда шундай оят келган:

«Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг. Агар юз ўгирсангиз, Расулимизнинг зиммасида очиқ-ойдин етказиш, холос» (Тағобун сураси, 12-оят).

Ушбу оятда ҳам «тоат» сўзи келтирилган. Ҳақиқий тоат – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча мўмин-мусулмонларга буюрган амрларига «Лаббай», деб жавоб бериш, қайтариқларидан «самъан ва тоъатан» (эшитдик ва итоат қилдик) деб қайтишдир. Оятлардаги «тоат»нинг маъноси шудир. Аллоҳ таоло бизга ана шундай тоатни насиб қилишидаги гўзал ишора шуки, ҳар бир нарса, жумладан, мазкур ҳолатдаги тоат ҳам Аллоҳ таолодан бўлади. Банда ўз-ўзидан бирор нарсага эга бўла оладими? Албатта, йўқ. Бинобарин, инсоннинг қилаётган тоати ҳам Аллоҳ таолодан экан. У Зотнинг Ўзи муваффақ қилиб қўймаса, Ўзи тавфиқ бермаса, банда шундан ҳам бенасиб қолади. Бинобарин, Аллоҳ таоло Ўзининг иродаси билан, бизни шунга муваффақ қилган ҳолда неъмат қилиб бергани учунгина Унинг тоатида бўлар эканмиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонга тоатни берса, тоатга бўйсундириб қўйса, бу улуғ бахт-саодатдир…

Тоат тушунчаси жуда кўп амалларни ўз ичига қамраб олган: ҳалол нарсага амал қилиш, харомдан четланиш, умуман, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг шариати бўйича яшаш. Инсоннинг ҳаёт тарзи Аллоҳга тоат доирасида бўлса, унинг ичига намоз, рўза, ҳалол ризқ ейиш, ўзаро муносабатларда ҳақларга риоя қилиш, қайтариқлардан қайтиш, бировнинг мулкини ҳаром йўл билан емаслик, ҳаромга яқинлашмаслик, поклик асосида яшаш ва ҳоказолар тўлиқ киради. Аммо Аллоҳ таолога итоат қилиш билан бирга, итоат қиляпман деб, ўзига суяниб қолмаслик керак.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандага шу икки нарсани жам қилиб берса, ташқи ва ички неъматларни сероб қилиб бергани бўлар экан. Чунки банданинг бу дунёдаги асосий вазифаси – Аллоҳга тоат қилишдир. Лекин унинг тоати ҳар доим ҳам тўғри бўладими? Баъзилар тоат қиляпмиз деб, гоҳида адашиб қолади, амалларини ҳабата қилиб қўяди, амалига суяниб қолади, кибрга, ғурурга кетиб қолади. Чунки ана шу тоатни ҳам Аллоҳ насиб қилиб, ризқ қилиб берганини билмай, бу амалларни иймон-эътиқодимдан келиб чиқиб, ўзим адо қиляпман, деб ўйлайди. Аммо «Биз тоат қиляпмиз», дейиш тўғри бўлмас экан, бу неъматни ҳам Аллоҳ таолодан сўраш керак экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тоат неъматини бериш билан бирга, унинг тўғри адо қилинишига ҳам мадад берса, бу ҳолат бахт-саодатнинг мукаммаллигидан даракдир.

Минг афсуслар бўлсинки, амал масаласи доим муаммо бўлиб қоляпти. Истасак-истамасак, инсоннинг ўлчовида бузилиш бўлади, маълум даражада бўлса ҳам, амалга суяниш юз бериб қолади. Оддий ҳолатда билиб-билмай, «амалларни қиляпман-ку, ибодатдаман-ку», деб қўямиз. Бунда ибодатимизга эҳтиёжимиз тушиб қолган бўлади. Аввалги ҳикматларда ҳам айтилганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч кимнинг амали уни жаннатга кирита олмайди», деганлар. «Сизни ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишганда: «Мени ҳам. Агар Аллоҳ мени Ўз мағфирати ва раҳмати ила ўраб олмаса», деганлар (Бухорий ривояти). Ҳа, ҳар биримиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг раҳмати, фазли-карами туфайли жаннатга кирамиз. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Баъзан қалбимни булут қоплагандек бўлиб қолади, шунда Аллоҳ таолога тавба қилиб, истиғфор айтаман», деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Мен бир кунда фалон марта истиғфор айтаман», деганлар. Нима учун аввалгию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган, маъсум зот бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатда бардавом бўлдилар, хавф ҳолатида турдилар? Бу – Аллоҳ таолонинг ҳузурида тоати баркамол бўлмай қолишидан, камчилик-нуқсонларга йўл қўйишдан қўрқишдир.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикмати ила инсон зотини ҳар доим тўғри йўлда, тоат-ибодатда юрадиган қилиб қўймаган. «Бир марта йўлга тушиб олинса бўлди, энди хавф-хатар йўқ» демаган, балки инсонга хавф-хатарни ҳам рўбару қилиб қўйган. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ҳикматидир. Шу боис, амалларга киришаётган пайтда, гарчи улар кўзга кўринарли бўлиб кетган бўлса ҳам, миқдори кўпайиб, давомий бўлаётган бўлса ҳам, «Бу амалим қабул бўлармикин, Аллоҳ рози бўлармикин, марҳамати билан жаннатига киритармикин, ажру савобидан баҳраманд қилармикин?» деган хавфда туриш керак.

Тоатда бардавом бўла туриб, шу тоатига суяниб қолмаслик, хавфу ражода туриш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳам ички, ҳам ташқи неъматларидир.

Ушбу ҳикмат мазкур муҳим эслатмани келтириш билан бирга, ўқувчини ибодат тўғрисидаги кейинги ҳикматларга тайёрлайди. Амал масаласи кўтарилганда амалларга суяниб, хотиржам бўлиб қолиш ҳоллари кўп учрагани эътиборидан, уни бартараф қилиш мақсадида тоатда юриш энг баркамол неъмат эканлиги эслатиб қўйилган.

Мавзуга оид мақолалар
Эҳтимол, У Зот сенга берганида ман қилгандир. Эҳтимол, У Зот сендан ман қилганида бергандир.Мусибат келса, давоми...

17:57 / 05.08.2020 2610
Ҳақиқий тойй яқинлаштириш ndash охиратни ўзингдан ҳам яқинроқ кўришинг учун бу дунёнинг масофасини ўзингга давоми...

22:01 / 06.10.2020 2573
У Зотдан сен талаб қиладиган энг яхши нарса У сендан талаб қиладиган нарсадир. Банда талаби дуо қилганида давоми...

19:00 / 21.05.2020 4320
Жоҳилликнинг уч аломатиКимни ҳар бир саволга жавоб берадиган, ҳар бир шоҳид бўлган нарсасини таъбир давоми...

06:00 / 03.02.2020 4611