УМИД ВА ХОМХАЁЛ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

УМИД ВА ХОМХАЁЛ

Умид билан амал бир нарсадир. Агар ўшандай бўлмаса, хомхаёлдир.

 Маълумки, Қурони Каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бандаларга учун бир қанча умидбахш маънолар  бор.

Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 53-оятида шундай марҳамат қилади:

ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ

«(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратлидир, раҳмлидир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан рувоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла: «Бандам Мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандоқман», деди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Келтирилган ояти карима ва ҳадиси шарифдан маҳзун бўлмаслик, ҳар бир иши ва ҳаракатида яхши гумон билан бардавом бўлиш маънолари англанади.

Баъзида бундан Аллоҳ таоло ҳамма гуноҳларни кечириб юборар экан, деган енгил хулоса олинади. Айнан мана шундай нотўғри хулоса чиқариб, адашган кишилар хотиржам бўлиб қоладилар. Мазкур ҳикматда мана шу нарсадан огоҳлантирилмоқда, хотиржам бўлиб қолиш вақтнинг беҳуда сарфланишига, охири хомхаёл бўлган аламли пушаймонга етаклаши тушунтирилмоқда.

Умид қилиш қачон тўғри ҳолатда бўлади? Қачонки унинг билан бирга амал ҳам бўлганда! Фалон ёшга етганда, қайсидир фурсат келганда намоз ўқишни режалаштириб, хотиржам юриш, амалсиз, қуруқ умид қилиб бўлмаслигини билган ҳолда ўзини алдаб юриш Аллоҳнинг ҳукмларига нисбатан истеҳзодир.

Маълумки, киши Ҳақ таолонинг фазли бўлмаса, ўз амали сабабидан бирон нарсага эриша олмайди. Унинг раҳматидан умид қилиш учун эса амал лозим бўлади.

Мушриклар, Аллоҳга ибодат қилмайдиганлар Аллоҳга иймон келтирмай туриб, хомхаёл қиладилар. Амалсиз умид қилувчи мусулмон ҳам бу яшаш тарзи билан уларга яқин бўлиб қолиш хавфи бўлади. Аллоҳ таоло томонидан келган умидбахш ваъдалар кишини хурсанд қилади, лекин бу ваъдалар уни амалсиз хотиржамликка олиб бориши оятни англамаганини, ўзига зарар қилаётганини билдиради. Пайғамбарлардан ташқари ҳар бир инсон хатокордир. Бунинг ҳикмати аввалги ҳикматлардан бирида айтиб ўтилди. Мана шу хатолар бандани умидсизликка тушириб қўймаслиги учун Аллоҳ таоло Ўзининг ояти орқали уни яхшиликка уринишига чорлайди. Баъзи бандалар бирор хатога йўл қўйгач, энди мени кечирармикин деб, ушбу гуноҳида давом этаверади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло оятида инсон шу бир хатони деб, бутун умр туғёнда юрмаслиги учун унга умид бахш этмоқда. Лекин юқорида айтиб ўтганимиздек, ана шу умид билан бирга тавба ва амал ҳам бўлса, ниятига қараб, гуноҳлари кечирилади.

Бунга банданинг ҳаётидан биргина мусол келтирамиз. Икки киши аразлашиб қолган. Қачонки улардан бири кечирим сўраб, ҳаракат қилса, иккинчиси ҳам ғазабидан туша бошлайди. Буни оламлар Робби Аллоҳ таоло билан боғлиқ масалалаларга қиёс қиладиган бўлсак, инсон бандалигини, заифлигини, Аллоҳнинг мағфиратини чин дилдан хоҳлашини амали орқали исботлаб бериши лозимдир. Шу эътибордан ҳам умид амал билан бирлашган нарсадир. Умиднинг ичи амал билан тўлдирилиши Аллоҳ таолонинг раҳматига бурканишига, умиднинг ҳақиқатга айланишига сабаб бўлади, иншааллоҳ.

Мавзуга оид мақолалар
Ҳақиқий тойй яқинлаштириш ndash охиратни ўзингдан ҳам яқинроқ кўришинг учун бу дунёнинг масофасини ўзингга давоми...

22:01 / 06.10.2020 2822
Орифларнинг Аллоҳдан сўрайдигани бандаликда содиқ бўлиш ва рубубият ҳақларини адо этишдир.Аллоҳ таолодан давоми...

00:00 / 02.07.2020 2971
Ато ва ман қилиш ҳақидаМахлуқотлардан келган ато махрумликдир.Аллоҳдан келган ман қилиш эҳсондир.Бандадан давоми...

07:52 / 18.01.2021 3261
Ориф ишора қилганида, ишорасидан кўра Ҳақни ўзига яқин топган киши эмас. Балки ориф У Зотнинг вужудига фоний давоми...

05:00 / 24.06.2020 3214