УЙҚУГА ЁТИШ ОДОБЛАРИ(3)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Йигирма еттинчи одоб –Аллоҳни зикр қилиб ётиш.

Ухлаш пайтида Аллоҳ таолони зикр қилиш суннат амаллардандир. Зикрнинг турли сийғалари бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ухлашдан олдин айтиладиган кўплаб зикрлар ривоят қилинган:

1. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўшакларига ётсалар: «Алҳамдулиллааҳиллазий атъаманаа ва сақоонаа ва кафаанаа ва ааваанаа, факам мимман ла каафия лаҳу ва ла муъвия», – дер эдилар» (Муслим ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Бизни таомлантирган, бизни суғорган, бизни қутқарган ва бизга жой берган Зотга ҳамд бўлсин. Қанчадан-қанча жой берувчиси ва қутқарувчиси йўқ кишилар бор».

2. Абул Азҳар Анмарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда тўшакларига келсалар: «Бисмиллааҳ, вазоъту жанбий лиллааҳ, Аллооҳуммағфир лий занбий, ваахсий шайтооний ва фукка риҳооний важъалний финнадиййил аълаа», дердилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг исми билан ёнбошимни Аллоҳ учун қўйдим. Аллоҳим! Гуноҳимни мағфират қил, шайтонимни ҳайдаб юбор, гаровимдан озод қилгин ва мени олий жамоатда (фаришталар жамоасида) қилгин».

Бу ҳадисдаги «гаровимдан озод қилгин» деган жумланинг маъноси қуйидагича: ҳар бир инсон қилган амалининг гаровидир. Яъни инсон бу дунёда қандай амал қилган бўлса, охиратда ана шу амалининг тутқуни, гаровига айланади, Аллоҳ таолонинг ҳузурида гаровга олиниб, тутқин бўлиб қолади. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилган:

«Ҳар бир шахс ўз касбининг гаровидир. (Бундан) ўнг тараф соҳиблари мустаснодир» (Муддасир сураси, 38-оят).

3. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламоқчи бўлсалар: «Бисмикаллооҳумма амууту ва аҳяа», дер эдилар, уйқудан уйғонганларида эса: «Алҳамдулиллааҳиллазий аҳяана баъда маа амаатанаа ва илайҳин нушуур», дер эдилар» (Бухорий ривоят қилган).

Дуоларнинг маъноси: «Аллоҳим! Сенинг исминг билан ўламан ва тириламан», «Бизни ўлдиргандан кейин яна тирилтирадиган Алоҳга ҳамд бўлсин ва қайта тирилиш Унгадир».

4. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бирортангиз тўшагига ётса, изорининг ичкари тарафи билан тўшагини қоқиб ташласин. Чунки у ўзидан кейин тўшагида нима қолганини билмайди. Кейин ётмоқчи бўлса, ўнг томони билан ётиб: «Бисмикаллооҳумма Роббий вазоъту жанбий ва бика арфаъуҳу ин амсакта нафсий фарҳамҳаа ва ин арсалтаҳаа фаҳфазҳаа бимаа таҳфазу биҳи ибаадакас соолиҳийна», – десин» (Муттафақун алайҳ).

Дуонинг маъноси: «Сенинг исминг билан ёнбошимни қўйдим. Сенинг (исминг) билан уни (ердан) оламан. Агар жонимни оладиган бўлсанг, унга раҳм қилгин. Агар жасадимга ҳаётни қайтарсанг (уйқудан уйғотсанг), солиҳ бандаларингни ҳимоя қилган нарсалар билан уни ҳам ҳимоя қилгин».

5. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «У зот тўшакларига ётганларида: «Аллооҳумма Роббас самааваатис сабъи ва Роббил арзи ва Робби кулли шайъин фаалиқол ҳабби ван наваа мунзилат Таврооти вал инжийли вал Қуръаани аъуузу бика мин шарри кулли зий шаррин анта аахизун бинаасиятиҳи антал аввалу фалайса қоблака шайъун ва антал аахиру фалайса баъдака шайъун ва антаз зооҳиру фавқока шайъун ва антал баатину фалайса дуунака шайъун иқзий анниддайни ваағниний минал фақри», дер эдилар» (Бухорий ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Эй етти осмон ва ернинг ва ҳар бир нарсанинг Робби, данак ва донни бўлувчи (яратувчи), Таврот, Инжил ва Қуръонни нозил қилувчи Аллоҳим! Сендан ҳар бир ёмонлик қилувчининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Сен унинг пешонасидан тутувчисан. Сен Аввалсан. Сендан олдин бирор нарса йўқ. Сен Охирсан. Сендан кейин ҳеч нарса йўқ. Сен Зоҳирсан. Сендан устун ҳеч нарса йўқ. Сен Ботинсан. Сенсиз ҳеч нарса йўқ. Қарзимни узгин ва мени фақирликдан бой қилгин».

6. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У бир кишини ётоғига келганда «Аллооҳумма ҳолақта нафсий ва анта таваффаҳаа лака мамаатуҳаа ва маҳяаҳаа, ин аҳяйтаҳаа фаҳфазҳаа ва ин аматтаҳаа фағфир лаҳаа, Аллооҳумма инний асъалукал аафията», дейишга буюрди.

У киши: «Буни Умар розияллоҳу анҳудан эшитганмисиз?» – деди.

У: «Умардан ҳам яхшироқ бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», деди» (Муслим ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Сен жонимни яратдинг ва Сен уни ўлдирасан. Унинг ўлиги ва тириги ҳам Сеникидир. Агар уни тирилтирсанг, сақлагин, агар уни вафот эттирсанг, мағфират қилгин. Аллоҳим! Сендан офиятни сўрайман».

 

7. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Тонг отганда ва кеч кирганда айтиладиган калималарни менга буюринг», – деди. У зот: «Аллооҳумма фаатирас самааваати вал арзи, аалимал ғойби ваш шаҳаадати, робба кулла шайин ва малийкаҳу, ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта, аъуузу бика мин шарри нафсий ва мин шарриш-шайтоон ва ширкиҳи», дедилар ва: «Тонг отганда ва кеч кирганда ётадиган жойингга борсанг, (шуларни) айтгин», – дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Дуонинг маъноси: «Ер ва осмонларни яратувчи, ғайбни ва шаҳодатни билувчи, ҳар бир нарсанинг Робби ва подшоҳи бўлган Аллоҳим! Сендан бошқа илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берман. Сендан нафсимнинг ва шайтоннинг ёмонлигидан ва ширкдан паноҳ сўрайман».

8. Тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтиш.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ва Фотима розияллоҳу анҳога: «Тўшагингизга ётганингизда ўттиз уч марта такбир айтасиз, ўттиз уч марта тасбеҳ айтасиз ва ўттиз уч марта ҳамд айтасиз», – дедилар».

Бошқа ривоятда: «Тасбеҳ ўттиз тўртта», (дейилган).

Яна бошқа бир ривоятда: «Такбир ўттиз тўртта», (дейилган)» (Муттафақун алайҳ).

Баданнинг қувватли бўлишида ва инсон саломатлигининг муҳофазасида бу зикрнинг жуда катта фойдаси бордир.

Йигирма саккизинчи одоб – ётишда «оятул курсий»ни ўқиш.

Уйқуга ётишдан олдин «оятул курсий»ни ўқиш ҳам суннат амаллардандир. Бу ҳақда «Саҳиҳул Бухорий»да қуйидаги узун ҳадис ривоят қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Биров келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, «Аллоҳга қасамки, сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мен ҳожатмандман, бола-чақам бор. Қаттиқ муҳтожлигим бор», деди. Мен уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?» – дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», – дедим.

У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», – дедилар.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳали яна келади», деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», – дедим. У: «Мени қўйиб юбор, чунки мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман», – деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.

Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар.

Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим.

У зот: «Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар.

Уни учинчи марта пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлвб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан», – дедим.

У: «Мени қўйиб юбор. Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман», деди.

«Нима у?» дедим.

У: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул Курсийни – «Аллооҳу лаа илааҳа иллаа ҳувал-Ҳайюл Қойюм»ни оятни тугагунингча ўқи. Шунда тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди», – деди. Уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар.

Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга манфаат берадиган калималарни ўргатишини айтган эди, қўйиб юбордим», дедим.

У зот: «Улар нима экан?» дедилар.

«У менга: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул‑Курсийни – «Аллоҳу лаа илааҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм»ни бошидан бошлаб, тугатгунингча ўқи», деди ва менга: «Тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга яқинлаша олмайди», деб айтди», дедим. – Улар (саҳобалар) яхшиликка энг ўч кишилар эди. – Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?» дедилар.

«Йўқ», дедим.

У зот: «У шайтон эди», дедилар».

Йигирма тўққизинчи одоб – ётишда Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиш.

Ҳар бир суранинг ўзига хос фазилатлари бордир. Жумладан, Бақара сурасининг охирги икки оятига хос фазилатлар ҳадиси шарифда баён қилинган. Уйқуга ётишдан олдин мазкур оятларни ўқиб ётган кишини Аллоҳ таоло тунда шайтон васвасасидан ва турли хил ёмонликлардан асрайди.

Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кечаси Бақара сурасининг охиридан икки оят ўқиса, иккаласи унга кифоя қилади», – дедилар» (Муттафақун алайҳ).

 

Ўттизинчи одоб – ётишда Кафирун сурасини ўқиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуга ётаётган вақтларида Кафирун сурасини ўқиганлар ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилганлар.

Фарва ибн Навфал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга тўшагимга ётганимда айтадиган нарсани ўргатинг», – деди. У зот: «Сен «Қул йаа айюҳал каафируун»ни ўқи, зеро, у ширкдан халос бўлишдир», – дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Ўттиз биринчи одоб – кун давомида қилган хатолари учун истиғфор айтиш.

Инсон тирик экан, инсонлиги, заифлиги сабабли билиб-билмай катта-кичик гуноҳларга қўл уриб қўйиши мумкин. Лекин Аллоҳ таоло унга бу хатоларни тузатиб, гуноҳлардан фориғ бўлиш йўлини кўрсатиб, тавба эшигини очиб қўйган. Ҳар куни кечқурун кун бўйи қилган ишларимизни мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, қанчадан-қанча хатоларга йўл қўйганимизга амин бўламиз. Ҳар бир инсон уйқуга ётишдан олдин истиғфор айтишни ўзига одат қилиб олиши лозим. Истиғфор айтиш билан киши суннатга амал қилган ҳисобланади. Истиғфор айтар экан, у кундузи билиб-билмай қилган гуноҳлари учун тавба қилган бўлади. Бу истиғфори сабабли Аллоҳ таоло хоҳласа банданинг гуноҳини мағфират қилади. Истиғфор инсон айтадиган ва қиладиган ишларнинг энг манфаатлиларидан саналади. Гуноҳлар мағфират қилинишидан ташқари, истиғфор айтишнинг яна бир қанча фойдалари бор.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқиш йўлини ва ҳар бир қайғудан енгилликни бериб қўяди ва ўзи ўйламаган жойдан уни ризқлантириб қўяди», – дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Ўттиз иккинчи одоб – уйқудан олдин охирги айтиладиган дуо.

Киши уйқуга ётиш пайтида ушбу дуони айтиб ётишни одат қилиши лозим. Зеро, бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўрсатмаларидир.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ётиш жойингга келсанг, намоз учун бўлган таҳоратингни қил, сўнгра ўнг томонинг билан ётиб: «Аллооҳумма асламту нафсий илайка ва важжаҳту важҳий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжаъту зоҳрий илайка роғбатан ва роҳбатан илайка лаа малжаъа ва лаа манжаа минка иллаа ааманту бикитаабикаллазий анзалта ва бинабиййикаллазий арсалта фин митта митта алаал фитроти важъалҳунна аахиру маа тақуул», – деб айт. Агар ўлсанг, соф табиат билан ўласан. Уларни айтадиган нарсангнинг охири қилгин», – дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Нафсимни Сенга таслим қилдим ва юзимни Сенга бурдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенга рағбат қилган ва Сендан қўрққан ҳолимда орқамни Ўзингга тирадим. Сендан бошқа нажот ва паноҳ берувчи йўқ. Нозил қилган Китобингга ва юборган Пайғамбарингга иймон келтирдим».

 

Ўттиз учинчи одоб – тушида бирор нарсани кўрса.

Тушга тегишли маълумотлар «Тушга оид одоблар» бобида батафсил келтирилган. Улар билан боғлиқ масалаларни ана шу бобдан ўрганишингиз мумкин.

 

Ўттиз тўртинчи одоб – кечаси уйғониб кетса ёки чўчиб уйғонса, Аллоҳни зикр қилиш.

 

1. Кечаси уйғонган киши айтадиган махсус зикр ва дуолар бор бўлиб, уларни айтган кишининг гуноҳлари тўкилиб, дуолари ижобат бўлади.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кечаси уйғониб, «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Алҳамду лиллааҳи ва субҳаналлооҳи ва лаа илааҳа иллаллооҳу валлооҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳи», деса, сўнгра «Аллооҳуммағфирлий» (Эй Аллоҳ! Мени мағфират қилгин), деса ёки дуо қилса, унга ижобат қилинади. Агар таҳорат қилса ва намоз ўқиса, намози қабул қилинади», – дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ, мулк ва ҳамд ҳам Унинг учундир ва У ҳар бир нарсага қодирдир. Ҳамд Аллоҳ учундир, Аллоҳга тасбеҳ айтаман, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Аллоҳ улуғдир, куч ва қувват ҳам фақат Аллоҳдандир».

 

2.  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси уйғонсалар, «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, Аллооҳумма астағфирука ли занбий ва асъалука роҳматака, Аллооҳумма зидний илман ва лаа тузиғ қолбий баъда из ҳадайтаний ва ҳаб лий мин ладунка роҳматан, иннака антал ваҳҳааб», дер эдилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Сендан бошқа илоҳ йўқ, Сенга тасбеҳ айтаман, Аллоҳим! Сендан гуноҳим учун мағфират сўрайман ва раҳматингни сўрайман, Аллоҳим! Илмимни зиёда қилгин, мени ҳидоят қилганингдан сўнг қалбимни (ҳақдан бошқа томонга) буриб қўймагин, менга Ўзинг томонингдан бўлган раҳматни бергин, албатта Сен барча нарсани берувчи Зотсан».

 

3.  Робийъа ибн Каъб Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У: «Мен (баъзан) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужрасида тунаб қолардим. У зот кечаси турсалар, узоқ вақт: «Субҳааналлооҳи Роббил ааламийн», сўнгра яна узоқ вақт: «Субҳааналлооҳи ва биҳамдиҳи», деяётганларини эшитар эдим», – деди» (Насоий ривоят қилган).

 

4. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси тўшакларида ағдарилсалар: «Лаа илааҳа иллаллооҳул вааҳидул қоҳҳаар, Роббус самааваати вал арзи ва маа байнаҳумал азийзул ғоффаар», дер эдилар» (Насоий ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Ягона, Қаҳҳор, ер ва осмонлар, уларнинг орасидаги нарсаларнинг Робби бўлган, Азиз, Ғаффор Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ».

 

5. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси уйғониб қолсалар: «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанакаллооҳумма инний астағфирука лизанбий ва асъалука бироҳматика, Аллооҳумма зидний илман ва лаа тузиғ қолбий баъда из ҳадайтаний ва ҳаб лий минладунка роҳматан, иннака антал ваҳҳаб», – дер эдилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сенга ҳамду сано айтаман. Аллоҳим! Гуноҳим учун Сенга истиғфор айтаман. Сендан раҳматингни сўрайман. Илмимни зиёда қилгин. Мени ҳидоят қилганингдан кейин қалбимни буриб қўймагин (адаштириб қўймагин). Менга ҳузурингдаги раҳматни бергин. Албатта, сен Ваҳҳоб бўлган Зотсан».

 

6. Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз уйқуда қўрқса, «Аъуузу бикалимаатиллаҳит тааммати мин ғозобиҳи ва иқообиҳи ва мин шарри ибаадиҳи ва мин ҳамазаатиш шайаатийнийни ва ан яҳзурууни», деб айтсин. Зеро, у унга ҳеч ҳам зарар келтира олмайди», – дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг мукаммал калималари билан Унинг ғазабидан, азобидан ва бандаларининг ёмонликларидан, шайтонларнинг васвасасидан ва уларнинг менга келишларидан паноҳ сўрайман».

 

Ўттиз бешинчи одоб – кечаси уйқудан турганда мисвок ишлатиш.

Кечаси ибодат қилиш учун уйғонганда мисвок ишлатиш мустаҳаб амал саналади. Ҳар қандай одам ухлаганда оғзи ҳидланиши табиий. Мисвок ишлатганда эса оғиздаги нохуш ҳидлар йўқолади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси ёки кундузи ухлаб, уйғонсалар, таҳорат қилишларидан олдин мисвок ишлатар эдилар» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси турсалар, тишларини мисвок билан ишқалар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Оғиз ҳидланиб қолишидан эҳтиёт бўлиш бошқа инсонларга азият бериб қўймаслик учундир. Табиий равишда «Тунда ибодат учун уйғонган киши ўзи ёлғиз ибодат қилади-ку. У кимга азият бериши мумкин?» деган савол туғилиши мумкин. Бу саволга жавобан ушбу ҳадисни келтиришимиз мумкин:

Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз кечаси намоз ўқиш учун қоим бўлса, мисвок ишлатсин. Чунки бирортангиз намозда қироат қилса, фаришта оғзини унинг оғзи устига қўяди. Унинг оғзидан чиққан нарса фариштанинг оғзига киради», – дедилар» (Байҳақий ривоят қилган).

Мазкур ҳадиси шарифлардан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларини поклашга, мисвок ишлатишга қанчалик ҳарис бўлганликлари кўриниб турибди. Шунга кўра биз ҳам у зотнинг суннатларига эргашмоғимиз лозим. Зеро, бу амалларнинг ортида инсон учун кўп яхшиликлар бордир.

 

Ўттиз олтинчи одоб – меъёрдан ортиқ ухламаслик.

Ҳар бир ишда ўртача бўлиш лозим. Жумладан, уйқу борасида ҳам меъёрни сақлаган яхши. Чунки инсон ўзига етарли миқдордан камроқ ухласа, соғлиғига зарар етиши мумкин. Ёки меъёрдан ортиқ ухласа, инсонда дангасалик, тафаккурнинг ўтмаслашиши каби иллатлар пайдо бўлади. Демак, меъёрида бўлган уйқугина инсон учун неъмат ва роҳат бўлади. Қуръони Каримда уйқунинг роҳат экани шундай баён қилинади:

«Уйқуларингизни (бадан ва асабларингиз учун) ором қилдик» (Набаъ сураси, 9-оят).

Ҳақиқатан ҳам, уйқу роҳат бўлиб, инсон уйқу сабабли ўзидаги жисмоний ва руҳий чарчоқни қондиради. Шунинг учун ҳар бир шахс уйқунинг меъёрини билиши лозим. Ислом барча соҳаларда ўртача бўлишга, меъёрдан ошмасликка тарғиб қилади. Шундай экан, уйқу неъматидан ҳам меъёрида фойдаланиб, уни ўзимиз учун роҳат, ибодатимиз учун қувват манбаига айлантирайлик. Агар меъёрдан адашсак, у бизга роҳат эмас, зарар келтириши мумкин.

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид мақолалар
1. Интеллект отадан ўғилга ўтмайди. Яъни, агар сиз даҳо бўлсангиз, унда сизнинг ўғлингиз юз фоиз давоми...

02:14 / 08.07.2023 1190
Уйқу Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган катта неъматдир. Уйқу сабабли инсон ҳордиқ қиқаради, жисмига давоми...

07:00 / 14.03.2020 7251
Қиз боланинг тарбияси билан унинг отаонаси, бувибоболари, акаукалари, опалари, аммаю ҳола, тоғаю амакилари давоми...

03:19 / 25.07.2020 8183
Muslimaat.uz сайтида эълон қилинган йиллик танловдан Тарбия нима Тарбияrdquo сўзи арабча робаrdquo феълидан олинган давоми...

08:00 / 17.02.2020 4360