Уйқудан уйғониш одоблари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Уйқудан соғ ва саломат ҳолда уйғониш улкан неъматдир. Яъни бу инсоннинг ажали ортга сурилди ва яхши амаллар қилиб олиши, йўл қўйган хатолари учун хафаликни кетказиши учун Аллоҳ таоло томонидан муҳлат берилди. Бу неъмат учун инсон беҳисоб шукр қилиб, Аллоҳга ҳамд айтиши лозимдир. Ушбу неъматнинг ҳаққини тўлиқ адо этиш учун у Набий алайҳиссаломнинг уйқудан уйғонган вақтда айтган гаплари ва қилган ишларига эргашса, кўплаб фойдаларга, шунингдек, суннатга амал қилгани учун ажру савобларга эришади. Қуйида Набий алайҳиссаломнинг бу борада айтган гаплари ва қилган амалларини келтириб ўтамиз.

Биринчи одоб – Аллоҳ таолонинг ушбу неъмати ҳақида тафаккур қилиш.

Банда Аллоҳ таоло берган ҳар бир неъматни қалби билан мушоҳада қилиши лозим. Уйқу ўлимнинг укаси дейилади. Аллоҳ таоло унга ўлимдан кейин ҳаёт берди. Солиҳ амаллар қилиши ва хато ишлари сабаб бўлган хафаликни кетказиш учун унинг ажалини кечиктирди. Инсон уйқудан уйғонар экан, бу неъматни ҳис этиши ва Аллоҳ таолога шукр қилиб, ҳамд айтиши лозим бўлади.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламоқчи бўлсалар: «Бисмикаллооҳумма амууту ва аҳйаа», дер эдилар, уйқудан уйғонганларида эса: «Алҳамдулиллааҳиллазиий аҳйаанаа баъда маа амаатанаа ва илайҳин нушуур», дер эдилар» (Бухорий ривоят қилган).

Дуоларнинг маъноси: «Аллоҳим! Сенинг исминг билан ўламан ва тириламан», «Бизни ўлдиргандан кейин яна тирилтирадиган Алоҳга ҳамд бўлсин ва қайта тирилиш Унгадир».

Ушбу ҳадисда Набий алайҳиссалом уйқуни ўлим, уйғонишни эса тирилиш демоқдалар. Уйқу ўлимнинг укасидир, чунки ўлим билан инсонда мавжуд бўлган еттита: ҳаёт бўлиш, билиш, хоҳиш, қодир бўлиш, эшитиш, кўриш, гапириш каби сифатлар йўқ бўлади. Ушбу сифатлардан олтитаси, яъни ҳаёт бўлиш бошқаси уйқу билан ҳам йўқолади. Ҳаёт бўлиш сифати ухлаган инсонда мавжуд бўлса-да, лекин уйқу сабабли у бу сифатнинг борлигини билмайди, шунинг учун барча етти сифат ҳам йўқ бўлади десак, бўлаверади.[1] Шунинг учун инсон бу неъмат ҳақида тафаккур қилиб кўриши ва соғ-саломат ҳолда уйғонгани учун Аллоҳга ҳамду сано айтиб, шукрона келтириши лозим.

Иккинчи одоб – уйқудан уйғонгач, икки қўли билан юзини силаш.

Уйқудан уйғонган киши аввал ўтириб, сўнгра икки қўлини юзига суртиб, уйқуни кетказади, кейин зикр қилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан у кишининг бир кеча холаси – мўминларнинг онаси Маймуна розияллоҳу анҳонинг ҳузурида тунаб қолгани ривоят қилинади. У айтади: «Мен ёстиқнинг энига ётдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳллари унинг бўйига ётишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кеча яримлагунча ёки ундан бироз олдин ё кейингача ухладилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғондилар ва ўтириб, қўллари билан юзларини силаб, уйқуни аритдилар. Кейин Оли Имрон сурасининг охиридаги ўн оятни ўқидилар» (Бухорий ривоят қилган).

Учинчи одоб – уйқудан уйғонгач, Аллоҳни зикр қилиш.

Уйқудан уйғонганда соғ-саломат уйғонгани учун Аллоҳга шукр қилиш, У Зотни ёдга олиб, зикр қилиш ва Унга ҳамду сано айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Бу борада Набий алайҳиссаломдан қуйидаги зикрлар ривоят қилинган:

1. У зотнинг ўзлари қуйидаги зикрни айтганлар.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси ётоқларига келсалар: «Бисмикаллооҳумма амууту ва аҳйаа», дер эдилар, уйқудан уйғонганларида эса: «Алҳамдулиллааҳиллазиий аҳйаанаа баъда маа амаатанаа ва илайҳин нушуур», дер эдилар» (Бухорий ривоят қилган).

Дуоларнинг маъноси: «Аллоҳим! Сенинг исминг билан ўламан ва тириламан», «Бизни ўлдиргандан кейин яна тирилтирадиган Аллоҳга ҳамд бўлсин ва қайта тирилиш Унгадир».

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ушбу зикрни айтишга тарғиб қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз уйғонадиган бўлса, «Алҳамдулиллааҳиллазиий родда алаййа рууҳий ва аафааниий фиий жасадиий ва азина лиий бизикриҳи», деб айтсин», – дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Руҳимни менга қайтарган, жасадимда мени соғ қилган ва менга ўзини зикр қилишга изн берган Аллоҳга ҳамд бўлсин».

3. Набий алайҳиссалом Оли Имрон сурасининг охирги ўн оятини ўқиганлар. Бунга иккинчи одобда келтирилган ҳадис далил бўлади.

4. Тунда уйқусида қўрқиб уйғонган киши қуйидаги зикрни айтиши лозим.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз уйқусида қўрқадиган бўлса, «Аъуузу бикалимаатиллааҳит тааммати мин ғозобиҳи ва иқообиҳи ва шарри ибаадиҳи ва мин ҳамазаатиш шайаатийни ва ан яҳзурууна, фаиннаҳаа лан тазурроҳу», деб айтсин. Шунда шайтонлар унга ҳаргиз зарар қила олмайди»,  дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг мукаммал калималари билан, Унинг ғазабидан, азобидан, бандаларининг ёмонлигидан, шайтонларнинг васвасасидан ва уларнинг ҳозир бўлишидан паноҳ сўрайман».

5. Қуйидаги ҳадисда Набий алайҳиссалом дуолар ижобат бўлишига сабаб бўладиган зикрни ўргатганлар.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тунда уйғониб кетиб: «Лаа илааҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамд, ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодир. Алҳамду лиллаҳ ва субҳаналлоҳ ва лаа илааҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ»*, сўнг «Аллоҳуммағфир ли»* деса [ёки дуо қилса] ижобат қилинади. Таҳорат қилса, намози қабул этилади», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк Унга хос. Ҳамд Унга хос. У ҳар нарсага қодирдир. Барча ҳамду сано Аллоҳникидир. Аллоҳни пок деб ёд этаман. Аллоҳ улуғдир. Куч ҳам, қувват ҳам фақат Аллоҳ биландир».

6. Набий алайҳиссалом кечаси уйғониб кетганларида ушбу дуони ҳам айтганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси уйғониб қолсалар: «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанакаллооҳумма инний астағфирука лизанбий ва асъалука бироҳматика, Аллооҳумма зидний илман ва лаа тузиғ қолбий баъда из ҳадайтаний ва ҳаб лий минладунка роҳматан, иннака антал ваҳҳаб», – дер эдилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Дуонинг маъноси: «Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сенга ҳамду сано айтаман. Аллоҳим! Гуноҳим учун Сенга истиғфор айтаман. Сендан раҳматингни сўрайман. Илмимни зиёда қилгин. Мени ҳидоят қилганингдан кейин қалбимни буриб қўймагин (адаштириб қўймагин). Менга ҳузурингдаги раҳматни бергин. Албатта, сен Ваҳҳоб бўлган Зотсан» (Абу Довуд ривоят қилган).

 

Тўртинчи одоб – уйқудан тургач, мисвок қилиш.

Набий алайҳиссалом мисвокни жуда ҳам кўп ишлатганлари бир нечта ҳадисларда ривоят қилинган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ётганларида ҳам ўзлари билан мисвок олиб ётганлар. Уйғонишлари билан дарҳол тишларини мисвок қилганлар. Бунинг ҳикмати шуки, мисвок уйқу сабабли пайдо бўлган оғиздаги нохуш ҳидни йўқотади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мисвокни ёнларига қўйган ҳолда ухлар эдилар. Уйғонадиган бўлсалар, аввало мисвок ишлатар эдилар» (Аҳмад ривоят қилган).

Мисвокка тегишли одоблардан бири шуки, уни бирор тоза матога ўралган ҳолда алоҳида жойда ёки чўнтакда сақлаш лозим. Чунки очиқ ҳолда турса, унга чанг ўтириши ёки зараркунанда ҳашаротлар тегиши ва натижада инсонга зарар етиши мумкин.

 

Бешинчи одоб – уйқудан тургач, икки қўлни уч марта ювиш.

Уйқудан уйғонган одам аввало қўлини уч марта ювиши лозим. Бу шариатимиз кўрсатмаси бўлиб, бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз уйқудан уйғонадиган бўлса, қўлини уч марта ювмай туриб идишга ботирмасин. Чунки у қўллари қаерда тунаганини билмайди», – дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Бу Набий алайҳиссаломнинг кўрсатмаларидир. Зеро, ухлаётган киши қўли қаерга борганини ва нималарни ушлаганини билмайди. Эҳтимол, нопок нарсаларни ушлаган бўлиши мумкин. Шунинг учун уйқудан уйғонган одам таҳорат қилишдан олдин икки қўлини яхшилаб ювиши лозим.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ Имом Шофеъий ва бошқа уламолардан ривоят қилиб шундай дейди: «Ҳижоз аҳли тош билан истинжо қилишар эди, шаҳарлари иссиқ бўлиб, ухлаганда терлашарди. Қўллари нажосат ўринларига тегишидан омонда бўлмас эдилар».

Ушбу ҳадисда айнан уйқудан уйғонган киши аввал икки қўлини ювиб олиши кераклиги айтилаётган бўлса-да, лекин бу ҳукм оммавий бўлиб, бу амал барча таҳорат қиладиган кишилар учун суннат ҳисобланади.

 

Олтинчи одоб – уйқудан уйғонгач, таҳорат қилиш.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз умматларига фойдали ва зарарли бўлган барча нарсаларни баён қилганлар. Жумладан, уйқудан уйғонган киши руҳан тетик ва ғайратли бўлиб тонг оттириши учун ушбу амалларни қилса, унга кифоя қилиши, агарда буларга амал қилмаса, бунинг акси бўлишини  ҳадиси шарифларида баён қилиб берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингиз ухлаганда шайтон унинг гарданига учта тугун тугади. Ҳар бир тугунни тугаркан, (уни маҳкамлаб) «Сен учун тун ҳали узун, ухлайвер!» дейди. Агар уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Намоз ўқиса, яна бир тугун ечилиб, тетик, руҳи пок бўлади. Акс ҳолда руҳи чиркин, дангаса бўлиб ўрнидан туради», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

 

Еттинчи одоб – уйқудан уйғонгач, таҳорат пайтида бурнини уч марта сув билан ювиш.

Бу одоб аслида олтинчи одобнинг, яъни таҳоратнинг ичига кирса-да, лекин муҳим бўлгани учун алоҳида одоб тарзида келтириляпти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз уйқусидан уйғонса, уч марта бурнига сув олиб чайқасин. Чунки шайтон унинг бурун тешигида тунайди»,  дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Саккизинчи одоб – уйқудан тургач, таҳоратдан сўнг намоз ўқиш.

Уйқудан уйғонган киши таҳорат қилиб, икки ракъат бўлса-да намоз ўқиши лозим. Шунда ундаги шайтоннинг барча тугунлари ечилиб, хурсанд ва шижоатли ҳолда тонг оттиради. Бу ҳақда олтинчи одобда ҳадис келтирилди.

Тўққизинчи одоб – аёли ва фарзандларини ҳам намозга уйғотиш.

Эркак киши оила бошлиғи бўлиб, ўз оила аъзоларига масъул ҳисобланади. Уларни яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтаради. Қолаверса, мўмин киши ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўради. Жумладан, кечаси таҳажжуд намози учун турса, аҳли аёли ва фарзандларини ҳам уйғотиши лозим.

Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кечаси уйғонса ва аёлини ҳам уйғотса, сўнгра икковлари жам бўлган ҳолда икки ракъат ўқишса, Аллоҳни кўп зикр қилувчи аёл ва эркаклардан деб ёзиладилар», – дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Шунингдек, яхши ишларга буюриш нафақат эркакнинг вазифаси, балки аёл ҳам ўз эрини ва фарзандларини яхши ишларга, ибодатларга тарғиб қилиши ва уларни ёмон ишлардан қайтариши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир» (Моида сураси, 2-оят).

Шу ўринда Набий алайҳиссаломдан яна бир ҳадиси шариф ворид бўлган.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаси ўрнидан туриб, намоз ўқиган, сўнгра аёлини уйғотган ва аёли ҳам намоз ўқиган, агар аёли туришдан бош тортса, юзига сув сепган кишига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Кечаси ўрнидан туриб, намоз ўқиган, сўнгра эрини уйғотган ва эри ҳам намоз ўқиган, агар эри туришдан бош тортса, унинг юзига сув сепган аёлга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар» (Насоий ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифда эр-хотин бир-бирини сув сепиб бўлса ҳам намозга уйғотишга тарғиб қилинмоқда. Бу тарзда уйғотиш озгина сув сепиш билан бўлади. Яъни барча ишлардаги каби бунда ҳам меъёрдан ошмаслик керак.

 

Ўнинчи одоб – уйқудан эрта уйғониш.

Мусулмон киши эрта уйғонишга одатланиши лозим. Чунки эрта туриб қилинган ишга Аллоҳ таоло барака беради. Набий алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари эрта уйғонишга одатланишган ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилишган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Умматимга уларнинг эрта туришида барака бергин», – дедилар» (Аҳмад ривоят қилган).

Уйқудан кеч уйғониш кишини кўплаб фойдалардан маҳрум қилиб, шу кунининг зое кетишига сабаб бўлади. Бу ҳолат ҳаммага маълум бўлиб, уни воқеликда ҳам кузатиш мумкин.

 

Ўн биринчи одоб – уйқудан тургач, кўрпа-тўшакларни тартиблаш.

Мусулмон киши ҳар бир ишда, ҳоҳ уйда бўлсин, хоҳ кўчада бўлсин, бошқаларга намуна бўлиши лозим. Жумладан, уйқудан уйғонгач, иш ёки ўқишга кетишдан олдин кўрпа-тўшакларни ўз ҳолдида қолдирмаслиги, балки уларни чиройли қилиб тартиблаб қўйиши керак. Ислом поклик дини бўлиб, инсонларни тозаликка, гўзалликка, тартиб-интизомга тарғиб қилади. Халқимиз орасида бу борада «Сўз боши – ассалом, иш боши – интизом» деган ибратли мақол бор. Зеро, мусулмон киши ўз оиласида тартибга, тозаликка риоя қилмаса, ижтимоий ҳаётда, жамоат орасида ҳам бу нарсаларга амал қилмайди. Натижада унинг иши унумсиз, вақти баракасиз бўлади.

 


[1] «Фазлуллоҳус сомад фий тавзийҳил адабил муфрад», Фазлуллоҳ ал-Жийлоний.

 

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Уйқу Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган катта неъматдир. Уйқу сабабли инсон ҳордиқ қиқаради, жисмига давоми...

07:00 / 14.03.2020 7436
Одоб улуғ фазилатларга эришишга сабаб бўладиган асосий восита ҳисобланади. Шу сабабли ҳар бир замон ва давоми...

02:39 / 31.01.2020 4595
Гаджетлардан фойдаланиш анчайин оммалашган даврда унинг зарарлари ҳам ҳаётимизга ўз таъсирини кўрсата давоми...

06:00 / 21.06.2020 3798
Muslimaat.uz сайтида эълон қилинган йиллик танловдан Тарбия нима Тарбияrdquo сўзи арабча робаrdquo феълидан олинган давоми...

08:00 / 17.02.2020 4464