Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўшанда Хадича бинти Ҳувайлиднинг ёши қирқда, эрининг ёши эса йигирма бешда эди. У эрига жуда меҳрибон, уни бутун қалби ила яхши кўрар эди. Ёши катта бўлса-да эрини яхши ҳис қилар эди.
У турмуш ўртоғига ёши катталигини ҳис қилдирмаган. У жуда бой аёл эди. Аммо у эрига энг катта бойлиги у, яъни эри эканлигини сингдира олган эди.
Агар сенга биров севги ажиб ишлар қила олади деса, ишон.
Суюкли Набиййимиз алайҳиссаломга ваҳий тушиши бошланди. Илк бор фариштани кўриш. Бу жуда қўрқинчли эди. Бу даҳшатдан ва титроқлардан сўнг албатта кимнингдир юпанчи лозим эди.
Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шижоатли амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бормадилар.
Меҳрибон амакилари Абу Толибнинг ҳузурига бормадилар.
Вафодор дўстлари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бормадилар.
Тўғри суюкли рафиқалари Хадича розияллоҳу анҳонинг олдига бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бутун бир қўшинга тенг куч эканини билар эдилар. Ўйлаганларидек бўлди. Хадича розияллоҳу анҳо у зотни ўраб қўйиб, фазилатларини эслатиб юпатиб, сўнгра Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига олиб борди.
У зотнинг пайғамбар бўлганларини билгач, биринчи бўлиб иймон келтирди. Бутун молини Аллоҳ ва Расули йўлида фидо қилди.
Хадича розияллоҳу анҳо вафот қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дунё қоронғу бўлди. Аллоҳ таоло у зотни самога кўтарди гўё юпанч учун.
Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилдилар, яна уйландилар. Аммо ҳеч ким Хадича розияллоҳу анҳонинг ўрнини боса олмади, тўлдира олмади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтмишга яқинлашиб қолганларида саксон ёшли кампирларга чопонларини ечиб, ерга тўшаб, унга онахонларни ўтиришга таклиф қилганлари мушоҳада қилинган эди. Атрофдаги ажабланган кишиларга: “Булар Хадичанинг дугоналари” дея изоҳ берган эдилар.
Бир куни уйларига бир кампир келди. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда шод бўлдилар, марҳаболар айтдилар. Бундан Оиша розияллоҳу анҳо таажжубландилар. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бу Хадичанинг вақтида келиб турар эди”, дея изоҳ берган эдилар.
“Хадичанинг вақти”.
Эътибор бердингизми? Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам замонни “Ҳадичанинг вақти” ила ўлчаяпдилар.
Баъзан қўй сўйсалар уни бўлаклаб: “Хадичанинг дугоналарига ҳам беринглар”, дер эдилар.
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор нарса келса, “Буни фалончи аёлга беринглар. У Хадичани яхши кўрар эди”, дер эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақатгина Хадичани эмас, Хадичани яхши кўрганларни ҳам яхши кўрар эдилар.
Муҳаббат эркакликка нуқсондир, дейдиганлар ва муҳаббатни, вафони, эътиборни изҳор қилиш шахсиятни заифлаштиради, деганлар хато қилишади.
Мана, инсонларнинг саййиди Хадича онамизни қандай яхши кўраяпдилар!
Ҳиссиётларингиздан хижолат бўлманг. Умрингиз охиригача муҳаббат билан яшанг. Дунёда ҳалол муҳаббатдан гўзалроқ ҳеч нарса йўқ.
Қалби қаттиқликни эркаклик, дейдиганлар хато қилишади. Эркаклик аёлига бўлган меҳр, муҳаббат, эҳтиром ва чиройли муомала билан бўлади.
Аёлларга нисбатан қамчингдан қон томсин, деганлар хато қилишади. Аёлга муҳаббат билангина эга чиқиш мумкин холос!
***
Синглимни турмушга берганимизга уч ой бўлди. Тўйни ўтказиб уйга қайтаётганимизда отам кўзларида ёш билан дедилар:
‒ Қизни узатиш ўғилни уйлантиришдан фарқ қилар экан. Ўғлингни уйлантирганингда ўзингни зиёда бўлгандек ҳис қилар экансан. Қизингни узатганингда эса бир парчанг камайганини ҳис қилар экансан.
Отамнинг бу гаплари қулоғим остида жаранглайди. Қачон унутсам, бир воқеа содир бўлиб уни менга эслатади.
Бир неча кун олдин бир узук кўрдим. Унда "Аввал сени мен яхши кўрганман" деб ёзилган эди. Сир эмас, мен кўзига араб хати ёзилган узукларни яхши кўраман. Ўша жумлаларнинг сирини, унинг ортидаги қиссани билгим келаверади.
Муҳими узукда "Аввал сени мен яхши кўрганман" деб ёзилган ва бу узук ота томонидан қизининг никоҳ тўйида қизга совға қилинган эди.
Бу менга отамнинг юқоридаги гапларини эслатди. Бир парчам узиладиган кунни эслаб қизларимга қарайман.
Узук қиссасидан узилиб бўлишим билан бир хабар ўқидим. Американинг Виржиния штатида яшовчи 44 ёшли бир ота ҳар куни бир дастрўмолга одоб ва ахлоққа ундовчи бир жумла ёзиб қизи мактабда овқатланадиган қутичага солиб қўйишга одатланади.
Бир куни ота аҳволи оғирлашаётганини ҳис қилади. Шифокорга борса унга саратон ташхисини қўйиб саноқли умри қолганини айтишади. Шунда у қолган умрини ғанимат билиб қизи учун саккиз юзта рисола битади. Уларни хотинига бериб, ўрта мактабни битиргунича ҳар куни биттадан қизининг сумкасига солиб қўйишини васият қилади.
Дарҳақиқат, ота вафот қилди, аммо қизига битган рисолалари ёдгорлик бўлиб қолди.
Тўғри, оналарнинг фарзандларига бўлган меҳрларини шоирлар куйлашади, адиблар ёзишади. Оналар ҳақиқатда ҳақли бу мақтовларга. Олдингилар шундай дейишар эди. Биз ҳам уларга тобемиз бу мавзуда.
Аммо оталарга қани таъриф? Қаламлар уларга одатда қиё боқмайди. Чунки улар эркакда. Эркак аёлга нисбатан чидамли ва ҳисларини яширишга куч топа оладиганроқ бўлади. Фақатгина ошкор муҳаббатнигина кўра оладиганлар сўқирлардир.
Отанинг қизига бўлган муҳаббатини Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан 1400 йил аввал минбардан туриб эълон қилиб қўйганлар:
"Қизим менинг бир парчам. Уни нотинч қилган мени нотинч қилибди. Унга азият берган менга азият берибди".
Бир эр хотинига азият беришга одатланган эди. Аммо қизчасини эркалар, уни жуда яхши кўрар, у билан ўйнар эди. Хотини унга:
‒ Уни турмушга берганингиздан кейин эри уни хорласа нима қиласиз? ‒ деди.
Эр:
‒ Уни ўлдираман, деди.
Шунда хотин:
‒ Менинг ҳам отам яхши кўрадилар. Мен ҳам севадиган отанинг қизиман, ‒ деди.
Адҳам Шарқовий
Абдулқодир Полвонов таржимаси