Жаноза маросимларидаги бидъатлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Ҳозирги вақтда мусибатхоналарда турли бидъат-хурофотларнинг авж олиши, инсонларнинг жаноза одобларига риоя қилмасликлари натижасида ўзларини ҳам,  қазо этган яқинларини ҳам қийин аҳволга солиб қўйишлари, гуноҳга сабаб бўлиш ҳоллари учрамоқда. Шариат аҳкомларига риоя қилмаслик, Қуръонга ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашмаслик одамларни залолатга етаклайди. Халқимиз орасида ўтганларни хотирлаб 40, 52, 100, йиллик, пайшанбалик, якшанбалик ва бошқа маросимларни ўтказиш шариатда кўрсатилмаган.

Бугунги кунда юртимизда аёлларнинг турли диний маросимларни ўтказишларида уларни бошқариб турадиган, уларга тўғри кўрсатмалар берадиган отинойилар бўлиб, улар доимий равишда халқ орасида фаолият олиб боришади. Аёллар улардан ҳар қандай ҳолатда ўрнак олишиб, маслаҳат сўрашади. Диний маърифат ва ахлоқий тарбияни аёлларга етказишда отинойиларнинг ҳам муносиб ўрни бор. Бироқ маънавий муҳитга салбий таъсир этаётган сохта отинойилар ҳам учраётгани ачинарлидир. Хотин-қизларни, болаларни комиллик сари етаклаш вазифаси, тарихдан маълумки, аёл устозлар – отинлар зиммасида бўлган.

Энг аввало, "отинойи" сўзининг истилоҳий маъносини англаш лозим. Отин – қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони ҳамда аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл. Шунингдек, "отин" сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб айтилган.

Олдинлари аждодларимиз хотин-қизлар қалбига аёл кишининг суҳбати чуқурроқ сингиб боришини яхши англаганлари учун отинойилар фаолиятидан унумли фойдаланишган. Маҳалла ёки қишлоқлардаги таълим-тарбия ишларига жалб этишган. Айниқса, диний маърифатни ёйиш, қизларни турмушга тайёрлаш ва уларнинг руҳиятини уй бекалигига мослашда отинойиларнинг вазифаси катта бўлган. Отинойилар фақат билим тарқатувчигина эмас, балки ёшлар тарбияси учун масъул, одоб-ахлоқда эса ҳаммага ўрнак бўлишган. Шунингдек, Қуръони Карим қироати, унинг тафсири, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган. Бугунги кунда отинойиларнинг ўрни аёллар орасида ниҳоятда муҳим бўлиб, улар ўз вазифаларини бажаришда масъулият билан ёндашишлари лозим бўлади. Аёлларга динимиз йўл-йўриқларини тўғри тушунтиришлари ва бу борада тўғри маслаҳатлар беришлари керак.

Баъзи сохта отинойилар ўзларининг етарли билими бўлмагани ҳолда диний расм-русумларга бошчилик қилиш билан бирга бидъат-хурофот ишларда ташаббускорлик ҳам кўрсатишмоқда. Бу билан фақат ўзларини эмас, балки уларга эргашувчиларни ҳам залолатга бошлашмоқда. Бунинг оқибатида халқимиз, хусусан, аёлларимиз орасида аслида динимизда йўқ бўлган бидъат-хурофотлар авж олиб бормоқда. Аслида отинойилар ушбу ноўрин ҳолатларнинг олдини олишлари керак.

Бугунги кунда билимларининг саёзлиги натижасида аёлларнинг қабр зиёратига қора кийимда соябон тутиб боришлари, тобут кўтарилганда марҳум кишининг сурати кўтариб олиниши, турли дабдабали шеърлар битилган қабр тошларининг ўрнатилиши каби ҳолатлар кўзга ташланмоқда.

Дафн кунидан бошлаб узоғи билан уч кунга қадар аза (мотам) тутишга шариатимиз рухсат беради. Шу кунлари жанозага кела олмаганлар мусибат етган хонага ёки таъзия маросимлари учун ажратилган жойларга келиб, маййитнинг яқин қариндошларига таъзия билдириб кетишлари мумкин.

Машҳур фатво китобларидан “Ал-фатво ал-Оламгирия”да (1671-бет) яна шу каби иборалар ёзилган: “Шу уч кун ичида маййит чиққан хонадонда овқат қилинмайди. Таъзия билдиришга келган одамларга дастурхон солинмайди, зиёфат берилмайди. Мусибат етган хонадон аҳли қайғули бир ҳолатда турганда улар учун меҳмонларга қараш, уларга ош-нон тортиш мусибат устига мусибатдир”. Қолаверса, инсонларнинг ўлимни нотўғри тушунишлари ва муқаддас динимизнинг бу борада кўрсатган таълимотларидан хабардор бўлмасликлари дафн маросимида кўплаб хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганига сабаб бўлаётгани ҳам сир эмас.

Афсуски, дафн маросимлари вақтида ҳамда таъзияга келганда шариатимизга тўғри келмайдиган, асли динда йўқ бўлган турли амалларга асосан аёллар бош-қош бўлмоқдалар. Улардан энг муҳими азада овоз чиқариб, дод-вой солиб, маййитнинг сифатларини айтиб, "Суянган тоғим эди, ишонган боғим эди", деб йиғлаш ҳолатлари кўп кузатилади. Ачинарлиси, баъзи таъзияхоналарга атайин бошқаларни йиғлатувчи "нойиҳа"ларни ҳам таклиф қилишмоқда. Ислом шариатида маййитга фақатгина овоз чиқармасдан йиғлаш жоиз. Юқоридаги ҳолатлар эса ҳаром ҳисобланади.

Бундан ташқари, маййитни эшикдан эмас, деразадан олиб чиқиш, "Ўлик чақиради", деган тушунчаларнинг борлиги, таъзия ўтгандан кейин маййит ўлган хонадонда чироқ ёқилиши, "Кир куни", маййит ювилган сув ҳақидаги турли фикрлар, маййит ўлган хонанинг ювиб тозаланиши, аза пайтида кийиладиган махсус кийим, унаштириб қўйилган ёшларнинг тўйини орқага суриш каби динимизга тўғри келмайдиган амаллар бугунги кунда урф-одатларимизда мустаҳкам ўрнашиб қолмоқда. Аслида отинойилар ушбу ноўрин ҳолатларнинг олдини олишлари керак.

Мустақиллик шарофати билан диний илмларни ўрганишга шароитлар тобора яхшиланмоқда. Юртимиз уламолари турли диний маросимларни шариатимизга мос тарзда ўтказилиши учун жон куйдиришмоқда. Аёллар ҳам жаноза маросимларига боришганда шариат кўрсатмаларидан четга чиқмасликлари лозим.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус Ислом билим юртининг

4-курс талабаси Нўъмонжонова Сабоҳат

 

Мавзуга оид мақолалар
httpswww.youtube.comwatchv1GCpjNtTYampfeatureyoutu.be

13:01 / 18.12.2018 3388
Жаннат оналар оёғи остидадир Бу воқеани машҳур кардиохирург, фан номзоди Холид Жубайр айтиб берган эди Бир давоми...

21:31 / 08.02.2017 5299
  Бўя ва идрок қил

22:11 / 21.09.2017 20682
Аллоҳ таоло «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир давоми...

10:05 / 13.11.2016 3861