УЙҚУГА ЁТИШ ОДОБЛАРИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Уйқу Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган катта неъматдир. Уйқу сабабли инсон ҳордиқ қиқаради, жисмига куч-қувват тўплайди. Ухламайдиган инсоннинг ўзи йўқ. Уйқусиз инсон ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Туғилган кунидан то вафот этгунига қадар инсон умрининг анча қисми уйқу билан ўтади. Ислом динидаги уйқу одобларидан хабардор бўлган оқил киши уйқусини ҳам амал тарозисининг яхшиликлари қўйиладиган палласига қўшади ва уни савоб ёзиладиган ибодатлардан қила олади. У уйқу билан ўтган кунлари учун ҳеч қачон афсус-надомат чекмайди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Кечаларни ибодат билан ўтказишдан савоб умид қилганим каби, уйқумда ҳам савоб олишни умид қиламан», – деган. Инсон уйқу пайтида ҳам савобга эга бўлиши учун уйқу одоблари ҳақида яхши билимга эга бўлиши ва унга амал қилиши лозим бўлади. Уйқу одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:

Биринчи одоб – уйқу олдидан эзгу ният қилиш.

Ухлашга ётмоқчи бўлган киши баданини дам олдиришни ва ибодатга куч йиғишни ният қилиши лозим. Унинг мана шу эзгу нияти билан уйқуси ва роҳат олиши ҳам савоб ёзиладиган ибодатга айланади ва гўёки кечаларни ибодат билан қоим қилгандек бўлади. Демак, ҳар бир амалнинг савобли амал деб ёзилишида ниятнинг аҳамияти катта экан. Мўмин-мусулмон одам қандай ишга киришмасин, тўғри ният қилишга алоҳида эътибор бериши лозимдир.

 

Иккинчи одоб – ёлғиз ухлашдан сақланиш.

Ёлғизлик Аллоҳ таолога хосдир. Шунинг учун шариатда ёлғизланиб қолиш, ёлғиз юриш, ҳатто ёлғиз ухлашдан ҳам қайтарилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни ёлғизликдан, ёлғиз ётишидан ёки ёлғиз сафар қилишидан қайтардилар» (Аҳмад ривоят қилган).

Ёлғиз ухлаётган кишига шайтон азият бериши мумкин. Бу ҳолат баъзан ўта жиддий тус олиб, у ҳатто бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шунингдек, ёлғиз ётган киши тўсатдан вафот этиб қолса, буни бошқалар сезмай қолиши мумкин. Ҳар қандай ишда суннатга амал қилинадиган бўлса, оқибати хайрли бўлади.

Учинчи одоб – баланд жойда тўсиқсиз ухлашдан сақланиш.

Бирор ишни қилмоқчи бўлган киши уни яхшилаб ўрганиб, кейин киришмоғи лозим. Чунки Аллоҳ таоло инсонга ақл неъматини бериб қўйган. Шу ақлига суянган ҳолда зоҳирий сабабларни юзага чиқариб, сўнгра Аллоҳга таваккул қилиш лозим. Жумладан, уйқуга ётмоқчи бўлган киши ҳам ўзига зарар етмаслиги учун барча сабабларни, чора-тадбирларни амалга ошириб, сўнгра ухласа, у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади. Агар уйқусида унга бирор зарар етадиган бўлса ҳам, бунга у жавобгар бўлмайди. Ким имконияти бўла туриб, сабабларига риоя қилмаса, Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлмайди ва бу иши юзасидан қиёматда жавоб беради.

Абдурраҳмон ибн Алидан, унинг отасидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким (ёнида) тўсиғи бўлмаган том устида ухласа, ундан ҳимоя соқит бўлибди», дедилар» (Имом Бухорий «Адабул Муфрад»да ривоят қилган).

Зуҳайрдан, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан биридан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тўсиғи бўлмаган текисликда ухласа, сўнгра ундан йиқилиб, ҳалок бўлса, ҳимоя ундан соқит бўлибди. Ким тўлқинланиб турган пайтда денгизга (кема билан) минса, сўнгра ҳалок бўлса, ҳимоя ундан соқит бўлибди», – дедилар» (Имом Бухорий «Адабул Муфрад»да ривоят қилган).

Али ибн Аммора айтади: «Абу Айюб Ансорий уйимга келди. Мен уни тўсиқсиз томга олиб чиқдим. У қайтиб тушди ва: «Сал бўлмаса, бу кеча зиммадан ажраган ҳолда ухлар эдим», деди», деди» (Имом Бухорий «Адабул Муфрад»да ривоят қилган).

Тўртинчи одоб – инсонлар кўзи тушадиган жойда ухламаслик.

Ухлашнинг одобларидан яна бири – инсонлар кўзи тушадиган жойларда, масалан, йўлларда, одамларга кўриниб турадиган очиқ ва кенг жойларда ухламаслик. Чунки ухлаган вақтда кишининг аврати очилиб кетиши, унга кўзи тушиб қолган кишилар ҳам гуноҳкор бўлиши мумкин. Аммо зарурат юзасидан шунга мажбур бўлиб қолса, устини ёпиб, авратига одамларнинг кўзи тушмайдиган ҳолатда ухлаши жоиз. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи: «Овқатланиш ва ухлаш бизнинг наздимизда авратдир», – деган. Бу одамлар кўз ўнгида ухлаш ва таомланишдан сақланиш лозим, деганидир.

Бешинчи одоб – қалбида бирор мусулмонга нисбатан нафрат ва ҳасад бўлмаган ҳолда ухлаш.

Қалбда бирор кишига нисбатан ғазаб ва нафрат бўлмаган ҳолда яшаш инсоннинг улуғ хислатларидан саналади. Жумладан, уйқуга ётишдан олдин ҳам бундай ёмон иллатлардан воз кечиб, ҳар қандай ёмон фикрларни хаёлдан чиқариб ташлашга ҳаракат қилиш лозим. Аллоҳ таоло мўмин бандалари ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин, эй Роббимиз, албатта, сен шафқатли ва меҳрибонсан», дерлар» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Бу ояти каримада мусулмонларнинг бошқа мусулмонлар ҳаққига истиғфор айтиши ва улар учун доимо хайрли дуолар қилиши мадҳ этилган. Шунга кўра мусулмон киши тўшагига ётаётган пайтда қалбида мусулмон биродарларига нисбатан нафрат бўлмаслиги, саломат қалб билан ётиши лозим. Ким мана шу ишга қодир бўлса, иншааллоҳ, жаннатийлардан бўлади.

Олтинчи одоб – қорни тўқ ҳолда ухлашдан сақланиш.

Таомланиб бўлиши билан, қорни тўқ ҳолда ухлаш инсон саломатлиги учун ниҳоятда зарарлидир. Яъни ухлаган кишининг ҳазм қилиш тизими фаолияти секинлашади. Натижада овқат ҳазм бўлиши қийинлашиб, турли ошқозон ва ичак касалликлари пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, тўқ қорин билан ухлаш кўп ухлашга сабаб бўлади, тунги намозлар ва бомдод намозига уйғонишни қийинлаштиради ҳамда дангасаликни зиёда қилади. Шунинг учун ухлашдан олдин қоринни тўйдириб овқатланмаслик ҳам уйқу одобларидан ҳисобланади.

Еттинчи одоб – қўлида таом юқи ёки ёғи билан ухламаслик.

Таомлангандан сўнг қўлни ювмасдан, таом юқи ёки ёғи билан ухлаган кишига турли хил ҳашаротлар ёки шайтон зарар етказиши мумкин. Шунинг учун овқатлангандан сўнг қўлни яхшилаб ювиш тавсия қилинади. Зеро, бу суннат амалдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши қўли ёғ бўлган ҳолда ухлаб қолиб, унга бирор нарса зарар етказса, фақатгина ўзини айбласин»,  дедилар» (Имом Бухорий «Ал-адаб ал-Муфрад»да ривоят қилган).

Баъзи табиблар шундай дейишган: «Қўлга таом ёғи теккан ҳолда ухлашда кўп зарарлар бор. Улардан бири – ёғнинг ҳиди гоҳида турли хил зараркунанда ҳашарот ёки ҳайвонларни ўзига жалб қилади. Бу эса инсонга азият етишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, инсон ухлаган пайтда ўзи билмаган ҳолда кийими ва баданларига ёғ қўлини теккизиши, натижада унинг ҳиди ёки асари бошқа жойга ҳам ўтиб қолиши мумкин».

Шавконий: «Қўлни сувнинг ўзи билан ювса, суннатга амал қилинган бўлади»,  дейди.

Ибн Рислон эса: «Қўл ёғ бўлганда совун ва ишқор билан ювиш керак», – деган.[1]

Буларнинг барчаси Ислом динининг нақадар улуғ дин эканига ва мусулмон кишининг барча ҳолатларига эътиборли эканига далолат қилади.

Саккизинчи одоб – исмид сурмасини суриб ётиш.

Сурманинг жуда ҳам кўп турлари бўлиб, уларнинг қайси бири ишлатилса ҳам суннатга амал қилинган бўлади. Аммо исмид сурмасини ишлатса, янада савоби кўпроқ бўлади. Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам ётишдан олдин кўзларига сурма қўйганлари ҳақида ҳадиси шарифлар ривоят қилинган

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча ухлашдан олдин исмид сурмасини қўярдилар ва ҳар бир кўзларига қалам билан уч марта сурар эдилар» (Аҳмад ривоят қилган).

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исмид сурмасидан қўйинглар, чунки у кўзни равшан қилади ва киприкни ўстиради», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

Тўққизинчи одоб – таҳоратли ҳолда ётиш.

Ҳар доим таҳоратли ҳолда юриш, жумладан, уйқуга ҳам таҳоратли ҳолда ётиш суннатдир. Таҳорат билан ухлаган киши шайтон васвасасидан омонда бўлади.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ётадиган жойингга келсанг, намоз учун бўлган таҳоратингни қил, сўнгра ўнг томонингга ёнбошлаб: «Аллооҳумма асламту нафсий илайка ва важжаҳту важҳий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжаъту зоҳрий илайка роғбатан ва роҳбатан илайка лаа малжа’а ва валаа манжа минка иллаа илайка, ааманту бикитабикаллазий анзалта ва бинабиййикаллазий арсалта, фаин митта митта алал фитроти важъалҳунна ахиро ма тақул», дегин ва ушбуларни (ухлаш олдидаги) охирги сўзинг қилгин», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Нафсимни Сенга топширдим, Юзимни Сенга қаратдим, Сендан қўрқиб, Сени истаб, бутун вужудимла Сенга суяндим. Сендан бошқа нажот ва бошпана ўрни йўқ. Нозил қилган китобинг ва юборган Пайғамбарингга иймон келтирдим. Агар вафот эттирсанг, фитратга кўра вафот эттир».

 

Ўнинчи одоб – жунуб ҳолида ухласа, таҳорат ёки таяммум қилиб ётиш.

Шариатимизда мўминнинг ҳаётидаги барча жабҳалар, барча ҳолатлар учун етарли кўрсатмалар бор. Жумладан, тунда ухлаш одоблари, бунда нималардан сақланиш лозимлиги ҳақида ҳам етарли кўрсатмалар берилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб бўлган ҳолда ухламоқчи бўлсалар, жинсий аъзоларини ювар ва намоз учун қилинадиган таҳоратни қилар эдилар-да, сўнгра ухлар эдилар» (Байҳақий ривоят қилган).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб бўлган ҳолда ухламоқчи бўлсалар, намоз учун қилинадиган таҳоратни қилар эдилар» (Муслим ривоят қилган).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи аёллари билан жимоъ қилсалар, ўринларидан туришга эринсалар, қўлларини деворга уриб, таяммум қилар эдилар» (Табароний ривоят қилган).

Мазкур ҳадисларга кўра жунуб ҳолида, яъни ғусл қилмасдан ухламоқчи бўлган киши таҳорат ёки таяммум қилиб олиши суннат ҳисобланади.

Ўн биринчи одоб – ухлашдан олдин айрим сураларни ўқиб ётиш.

Ухлашдан олдинги суннат амаллардан яна бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиган сураларни ўқишдир.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Алиф Лаам Миим, Танзийл Ас-Сажда» ва «Табаарокаллазиий биядихил мулку» (сураларини) ўқимасдан ухламас эдилар» (Термизий ривоят қилган).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зумар ва Бану Исроил(суралари)ни ўқимасдан ухламас эдилар» (Термизий ривоят қилган).

Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳадислар ҳам ривоят қилинган. Ким уларга амал қиладиган бўлса, суннатга амал қилган бўлади, уйқуси тинч ва осуда бўлади.

 

Ўн иккинчи одоб – ухлашдан олдин витр намозини ўқиш.

Витр намозининг вақти хуфтон намози вақти билан бир хил бўлиб, хуфтон намози ўқилгандан кейин ўқилади. Шу пайтда ўқилмаса, қазо қилиб ўқиш вожиб бўлади. Витр намозини кечанинг қайси пайтида бўлса ҳам ўқиш мумкин.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечанинг аввалида, ўртасида ва охирида витр ўқир эдилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Демак, витр намозини кечанинг барча қисмида ўқиш жоиз, аммо кечанинг охирида ўқиш афзалдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кечанинг охирида туришдан хавотирланса, витрни кечанинг аввалида ўқисин. Ким кечанинг охирида туришни хоҳласа, витрни кечанинг охирида ўқисин. Зеро, кечанинг охири гувоҳ бўлингандир (яъни фаришталар ҳозир бўлиб, унга гувоҳ бўлишади) ва шу афзалдир», – дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Кечаси таҳажжуд намозига турадиган киши учун витрни таҳажжуддан кейин ўқиши афзал экан. Аммо таҳажжуд намозига тура олмайдиган киши уни ухлашидан олдин ўқиб олиши лозим. Бунга юқоридаги ҳадис ҳам далолат қилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Дўстим (Набий) соллаллоҳу алайҳи васаллам менга учта нарсани васият қилдилар: ҳар ойда уч кун рўза тутиш, икки ракъат зуҳо (намозини ўқиш)ни ва ухлашимдан олдин витр ўқишимни» (Муттафақун алайҳ).

Ўн учинчи одоб – ухлашдан олдин тавба қилиш.

Уйқу ўлимга ўхшатилади. Чунки ўлим билан инсонда мавжуд бўлган еттита – ҳаракатланиш, билиш, хоҳлаш, қодир бўлиш, эшитиш, кўриш, гапириш, ўйлаш каби сифатлар йўқ бўлади. Ушбу сифатлардан олтитаси, яъни ҳаётдан бошқаси уйқу билан ҳам йўқолади. Тирклик сифати ухлаган инсонда мавжуд бўлса-да, лекин уйқу сабабли у бу сифатнинг борлигини билмайди, шунинг учун барча етти сифат ҳам йўқ бўлади, десак бўлаверади.[2]

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламоқчи бўлсалар: «Аллоҳим! Сенинг исминг билан ўламан ва тириламан», дер эдилар, уйқудан уйғонганларида эса: «Бизни ўлдиргандан кейин яна тирилтирадиган Аллоҳга ҳамд бўлсин ва қайта тирилиш Унгадир», – дер эдилар» (Бухорий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Набий алайҳиссалом уйқуни ўлим, уйғонишни эса тирилиш демоқдалар. Қуртубий ушбу ҳадисни: «Сенинг Ўлдирувчи исминг билан ўламан, Тирилтирувчи исминг билан тириламан», маъносида деб шарҳлаган.

Демак, юқоридаги ҳадисдан маълум бўлишича, уйқуни ўлим билан таққосланяпти. Инсон ухлаган вақтда худди вафот этган киши каби бўлиб, Аллоҳ таоло хоҳласа, бу инсонга руҳини қайтармаслиги ҳам мумкин экан. Шунинг учун инсон уйқуга ётар экан, Набий алайҳиссаломнинг «Уйқу ўлимнинг укасидир», деган гапларини тафаккур қилиб, покланиб, дуо ва тавбалар қилган ҳолида ухлаши лозим. Зиммасида бирор кишининг ҳаққи бор киши уни имкон қадар тезроқ эгасига қайтаришга ҳаракат қилиши керак.

 

Ўн тўртинчи одоб – эрта ухлаш.

Мўмин-мусулмон одам эрта ухлашга одатланиши ҳам яхши амаллардандир. Эрта ухлаган киши таҳажжуд ва бомдод намозларига уйғониши осон бўлади. Одатда кеч ухлайдиган киши таҳажжуд намози у ёқда турсин, ҳатто бомдод намозига ҳам туриши қийин бўлади. Шунингдек, баъзи кишилар хуфтон намозидан кейин кераксиз гапларни гаплашиб, ухлашни кечиктирадилар. Натижада бомдод намозига туриш машаққатга айланади.

Абу Бараза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан олдин ухлашни ва ундан кейинги суҳбатни хуш кўрмас эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисда иккита нарсадан қайтариляпти:

1. Хуфтон намозини ўқимасдан ухлашдан. Бу ҳақда уламолар ихтилоф қилишган. Баъзилар: «Уни намозга уйғотиб қўядиган киши бўлса, ухлашнинг зарари йўқ», дейишган. Баъзилар эса ҳадиснинг зоҳирини олиб: «Хуфтон намозини ўқимай ухлаш макруҳдир», дейишган.

2. Хуфтон намозидан кейин суҳбатлашиб ўтириш. Хуфтон намозидан кейин суҳбатлашишдан қайтарилишининг ҳикмати, шу кунда қилинган ишларнинг охиргиси ибодат бўлишидир. Уламолар бу суҳбат илм суҳбати ёки бирор манфаатли суҳбат, ёки зарурат юзасидан бўлса, ёки меҳмон билан суҳбатлашиш бўлса, зарари йўқ, дейишган. Аммо зарур бўлмаган гапларни гаплашиб ўтириш макруҳдир.

Ўн бешинчи одоб – ухлашдан олдин уй эшигини маҳкамлаб ёпиш ва идишлар оғзини беркитиш.

Ухлашидан олдин унга зарар берадиган нарсалардан эҳтиёт чораларини кўриб қўйиш лозим. Жумладан, уй эшигини маҳкам ёпиб қўйиш уйга ўғри ёки шайтонларнинг киришини ман қилади. Шунингдек, идишларнинг устини ёпиб қўйиш билан улардаги ичимлик ёки егуликларга зарарли нарсалар тушиб қолишининг олди олинади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тун сокин бўлгандан кейин гаплашиб ўтиришдан сақланинглар, чунки бирортангиз (тунда) Аллоҳ қайси махлуқотларини тарқатиб юборганини билмайди. Эшикларни беркитинглар, меш (оғзини) боғланглар, идиш-товоқни тўнкариб қўйинглар, чироқларни ўчиринглар», – дедилар» (Имом Бухорий «Адабул Муфрад»да ривоят қилган).

Давоми бор 


[1] «Туҳфатул аҳфазий», ал-Мубарокфурий

 

  

[2] «Фазлуллоҳис сомад фий тавзийҳил адабил муфрад», Фазлуллоҳ ал-Жийлоний

 

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Ғарб тегирмони сизнинг фарзандларингизга, набираларингизга раҳм қилмайди.Шайх Али Тантовийнинг набираси давоми...

19:26 / 02.11.2022 2525
Muslimaat.uz сайтида эълон қилинган йиллик танловдан Тарбия нима Тарбияrdquo сўзи арабча робаrdquo феълидан олинган давоми...

08:00 / 17.02.2020 4348
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўзингизга давоми...

03:25 / 12.04.2020 5045
Мусулмон кишининг ҳар доим эҳтиёжи тушиб турадиган ишлардан бири ғусл қилиш ҳисобланади. Жунубликдан давоми...

04:32 / 22.02.2020 8620