Дунёни оналар бошқаради
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Машҳур америкалик ихтирочиси, электр лампочкасини кашф қилган Томас Эдисон мактабда жуда бўш ўқиган эди. Бундан безор бўлган муаллимлар бир куни унинг онасига мактуб юборишади. Томас мактубни онасига олиб келиб топширади. У конвертни очиб, мактуб билан танишиб чиқади. Кейин кўзида жиққа ёш билан уни ўғлига ўқиб беради: «Ўғлингиз ниҳоятда иқтидорли, шунинг учун мактаб бундай салоҳиятли бола учун етарли бўлмаяпти. Яхшиси, у уйда таълим олақолсин!» Йиллар ўтиб, она қазо қилади. Бу пайтда илм-техника соҳасида анча танилиб қолган Томас онасидан қолган буюм ва мактубларни кўздан кечираётиб, бир вақтлар ўзи ўқиган мактаб муаллимлари томонидан ёзилган мактубни кўриб қолади. Қизиқиб, сарғайиб кетган конвертни очиб, ундаги мактубни ўқийди. Унда эса «Томас дарсларда бошқа нарсаларга чалғийверади, фанларни яхши ўзлаштира олмаётир, шунинг учун эртадан бошлаб мактабга келмасин», деб ёзилган эди. Агар ўшанда меҳрибон она боласига бор ҳақиқатни очиқ ўқиб берганида жаҳон илм-фани битта буюк ихтирочидан маҳрум бўлар эди. Бошқа бир мисол: Франциянинг таниқли давлат арбоби ва саркардаси Наполеон Бонапартнинг болалигида онаси ҳар куни уни уйқудан «Турақолинг, болам, сизни порлоқ келажак кутяпти, ҳали бутун дунёни забт этишингиз керак», деб уйғотар эди. Ўзига ана шундай юксак ишонч билан улғайган Наполеон онасининг умидларини рўёбга чиқарди. Булар ғарб оналарининг фарзандлари камоли ва келажаги йўлидаги хизматларидан шингил мисоллардир. Шарқ оналари, айниқса, мусулмон оналарнинг фарзандларининг бахт-саодати ва комил мусулмон қилиб тарбиялашдаги саъй-ҳаракатлари, фидойиликлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ бўлган. Келинг, мисолларга мурожаат қилайлик. Бухоролик эридан тул қолган бу фидойи она ҳар куни тонг қоронғусида кўчада масжидга кетаётган одамларнинг йўлини пойлаб турар, олти ёшли ўғлини биронта намозхонга қўшиб, бомдодни жамоат билан ўқишга жўнатар эди. Кейин уйда унинг саводини чиқарди, Қуръон ёдлатди. Сўнг куттобга, бошланғич мактабга ўқишга берди, у ерда «Муватто» ҳадислар китобини ёд олдирди. Бола ўн олти ёшга тўлганида уни Маккаи Мукаррамага ҳаж қилиш учун олиб бориб, ўша ерда таҳсилни давом эттириши учун қолдириб келди. Ўғли икки яшарлигида аёл Аллоҳнинг бир имтиҳонидан шараф билан ўтган эди. Бир куни янги йўлга кирган дилбанди Муҳаммад атак-чечак қилаётиб, йиқилди. Шунда ерда ётган бир шохча унинг икки кўзига заха етказди. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, она фарзандининг кўрмаётганини сезиб қолди. Фотима дунёсини унутди, тилидан Аллоҳ зикри тушмай қолди. Ўғлини обдон текшириб кўрган табиб «Умид ёлғиз Аллоҳдан!» деб таскин бера олди, холос. Ана шундай кунларнинг бирида аёл туш кўрди. Тушида Иброҳим халилуллоҳ унга «Эй аёл, Аллоҳга кўп ёлвориб йиғлаганинг, тинмай дуолар қилганинг бесамар кетмади, меҳрибон Аллоҳ ўғлингнинг кўзларини қайтариб берди!» дедилар. Она уйқудан юраги ҳаприқиб уйғонди. Ўғли ётган хонага кириб қараса, кўзи яна ҳамма ёқни кўра бошлаган ўғли ўринда жилмайиб ётарди. Аёл тақвоси мукофотига берилган бу яхшиликдан беҳад севинди. Аллоҳга ҳисобсиз шукрлар айтди, мақтовлар йўллади. Онаси бу қадар авайлаб-ардоқлаб улғайтирган ўғил кейинчалик ҳадис илмининг султони, улуғ муҳаддис бўлиб етишган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (Имом Бухорий) эди. Тасаввуфнинг машҳур шайхларидан Абдулқодир Жийлоний бундай ҳикоя қилади: «Болалигимда онам мени тўғрисўз, ростгўй бўлишга ўргатган эдилар. Бир куни Маккадан чиқиб, илм олиш мақсадида Бағдодга борадиган бўлдим. Онам йўл харажатлари учун қирқ динор пулни чопоним қатига тикиб берар экан, мендан ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғон гапирмаслик ҳақидаги ваъдамни олди. Карвон билан Ҳамадон ўлкасига етганимизда қароқчилар тўдаси ҳужум қилиб, карвондагиларнинг бор-будини тортиб олди. Қароқчилардан бири: «Сенинг ниманг бор?» деб сўради. Мен: «Чопоним қатида қирқ динор олтиним бор», деб рост гапирдим. У ҳазиллашяпти, деб ўйлаб нари кетди. Бошқа қароқчи яна шу саволни берди ва унга ҳам қирқта олтиним борлигини айтдим. У мени тўда бошлиғига олиб борди. Бошлиқ: «Ростини айтишга сени нима мажбур қилди?» деб сўради. Мен: «Онамга ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ваъда бергандим», дедим. Шунда қароқчилар бошлиғини бирдан қўрқув босди. У қичқирганича ушбу сўзлар билан кийимларини йирта бошлади: «Сен онангга берган ваъдангни бузишдан қўрқиб, олтинларингни кўрсатяпсан, мен эса Аллоҳга берган ваъдамни бузишдан қўрқмаяпман». Кейин у одамларига барча тортиб олинган нарсаларни қайтариб беришни буюрди ва: «Мана сенинг ҳузурингда гуноҳларим учун Аллоҳга тавба қиляпман», деди. Бошқа қароқчилар ҳам унга: «Сен талончиликда бизнинг тўдабошимиз эдинг, энди тавба қилишда ҳам раҳнамойимиз бўл!» дейишди. Ҳар бир киши, ижтимоий рутбасидан, мавқеидан қатъи назар, онасидан моддий ва маънавий озуқа олиб камолга етади. Пайғамбару валийлар, буюк даҳо-ю олимларни ҳам она тарбия қилади. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан оналарга ҳурмат кўрсатишнинг буюк намуналари бизга мерос қолган. У зот ҳатто ўзларини эмизган сут оналари Ҳалимаи Саъдиянинг зиёратига борганда чопонларини ечиб, унинг устига ўтқазганлар, сут оналари ҳар гал ичкарига кириб-чиққанида ўринларидан туриб, ҳурмат кўрсатганлар. Бир саҳобий онасини елкада кўтариб ҳаж қилдиргач, «Унинг ҳаққини адо қила олдимми?» деб сўраганида «Сени туғишдаги қийинчиликларидан биттасининг ҳаққини ҳам адо қилолмадинг», деб жавоб қилишган. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам Бағдод зиндонида тутқунликда азоб чекиб ётганларида «Аҳволимни онамга билдирманглар, ҳамма нарсага чидайман-у аммо у кишининг қайғу чекканига чидолмайман», деганлар. Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд «Қабримизни зиёрат қилгани келганлар, аввало, онамиз қабри зиёратидан бошлашсин», деганлар. Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг «Онамни нега севмай?! У мени бир муддат жисмида, сўнгра кўп замон қучоғида, ўлгунга қадар эса қалбининг шафқат хонасида ташигандир», деган сўзи бор. «Дунёни аёллар бошқаради», деган гап бор. Мен бу иборани «Дунёни оналар бошқаради», деб ҳам ўзгартиришни истар эдим. Ана шундай улуғ мақомдаги меҳрибон оналаримизнинг ҳаққини адо эта оляпмизми? Турмуш ташвишларидан бўшаб, уларнинг зиёратига вақт топяпмизми? Бемаъни қилиқларимиз, уларга ёқмайдиган, малол келадиган гап-сўзларимиз, эътиборсизликларимиз билан дилларини оғритиб қўймаяпмизми? Танбеҳ-насиҳатларига қулоқ соляпмизми? Ўтиб кетганларининг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат-мағфират тилаб, дуолар йўллашга хафсала қиляпмизми? Бу саволлар, шубҳасиз, ҳар биримизни ўйлантиради. Аммо натижалар ҳамиша ҳам ижобий эмас. Яна бир бор ўйлаб кўринг-чи! Аҳмад МУҲАММАД “Омина” ижтимоий-маърифий журналнинг 2019 / 1440 йил, 29-сонидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўзингизга давоми...

03:25 / 12.04.2020 5233
ТарбияАёл киши ўзига жуфт танлашда ва унга муносабат қуришда отаси унга бўлган муносабатни эсга олиб давоми...

03:35 / 08.07.2020 3454
Қиз боланинг тарбияси билан унинг отаонаси, бувибоболари, акаукалари, опалари, аммаю ҳола, тоғаю амакилари давоми...

03:19 / 25.07.2020 8361
1. Интеллект отадан ўғилга ўтмайди. Яъни, агар сиз даҳо бўлсангиз, унда сизнинг ўғлингиз юз фоиз давоми...

02:14 / 08.07.2023 1336