Боланинг жаҳли чиққанда...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Бир болакайнинг кичкина машина ўйинчоғи бор экан. Бола уни жуда яхши кўрар экан. Бир куни шу машиначаси синиб қолибди. Болакай мактабдан келиб қараса, синиб қолган ўйинчоғини онаси ахлат қутисига ташлаб юборибди. Бола жуда қаттиқ хафа бўлиб, жаҳли чиқибди. Жаҳлдан ўзини бошқара олмай, онасини муштлаб уриб юборибди. Онаси нима бўлаётганини тушуна олмай, ўғлининг бу ишидан қўрқиб кетиб, йиғлаб юборибди. Бола ҳам бирдан ўзига келиб, қилган ишидан афсусланиб, нима қилишини билмай қолибди. Йиғлаб, онасидан кечирим сўрабди. «Бошқа бундай қилмайман, кечиринг», дебди ҳиқиллаб. Онаси эса гап нимада эканлигини тушунган бўлса ҳам, қаттиқ ҳафа бўлганидан бир қанча вақтгача ўзига келолмабди. Чунки ўғлидан бундай ишни кутмаган эди. Кейин она нега бундай бўлди, нима қилиш керак, деб ўйланибди. Қариндошлари, дугоналарига айтиб, маслаҳат сўраган экан, улар: «Она нима қилса ҳам, фарзанд онасига бундай муомала қилмаслиги керак. Қандай қилиб урса ҳам инадамай қараб турдингиз? Ўша жойнинг ўзида боланинг яхшилаб таъзирини бериб, жазолаш керак эди. Ҳали ҳам кеч эмас, яхшилаб уришиб, жазосини беринг», деб маслаҳат беришибди. Она интернет орқали

Европада яшовчи бир психологдан маслаҳат сўраган экан, у: «Ўзингизнинг ҳам айбингизни тан олиб, кечирим сўранг. Бундай ҳолда жаҳл чиққанда куч ишлатмай, бошқа йўллар билан ғазабни босиш кераклигини тушунтиринг. Масалан: «Нега ундай қилдингиз?!» деб бақиришинг мумкин, оёқларинг билан полни тапиллатиб ташласанг ҳам бўлади, лекин куч ишлатиб, бошқага зарар етказмаслик керак», деб тушунтиринг. Ичида алами қолиб кетмаслиги муҳим» каби маслаҳатлар берибди. Она шу куни туни билан ўйланибди. Танишлари берган маслаҳатга амал қилса, ўғлининг олдида ўзининг ҳам айби бор – ўғли билан маслаҳатлашмасдан, ўйинчоғини ташлаб юборган. Психолог айтганидек, алами, нафрати ичида қолиб, кейинчалик руҳиятида, муносабатида намоён бўлиши мумкин. Агар боласи ҳар гал жаҳли чиққанда ўзини психолог айтганидек тутса, жуда хунук кўринади, яна жаҳлда ўзини бундай тутиш саломатликка ҳам ёмон таъсир қилади... Юрак, қон-томир касалликлари келиб чиқиши мумкин. Шунда онанинг ёдига «Руҳий тарбия» китобидаги ғазаб ҳақидаги мавзу тушибди. Китобни олиб, ўқибди ва эрталаб туриб, фарзанди билан ҳам бу мавзуни муҳокама этишга қарор қилибди. Эртасига она боласига жаҳл чиққан пайтда ўзини тутиш бўйича қуйидаги тавсияларни айтиб берибди: - Жаҳлинг чиққанида имкони бўлса, ўтириб олгин-да, қаттиқ хафа бўлаётганингни айт ва орқасидан «Аъуузу биллааҳи минашшайтонир рожийм», дегин. Қайтақайта айтсанг ҳам майли. Шунда ҳам босилмаса, таҳорат олишга киришгин. Оли Имрон сурасининг 134-оятида келган «...ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир...» деган жумлаларни эсла, ёддан такрорла. Ҳаётимиздаги ҳар бир иш Аллоҳнинг иродасисиз бўлмаслиги ҳақида фикрла. Таскин топасан. Сендан сўрамай, ўйинчоғингни ташлаб юборганим учун кечир. Болажоним, баъзан катталар ҳам фарзандларини хафа қиладиган ишларни қилиб қўйишади.

Лекин бу ишни фарзандларига зарар етмаслиги учун қилишади. Синган ўйинчоғингнинг қирралари сенинг бирор жойингни шилиб юборишини хоҳламаган эдим... дебди.

Болакай онасини тушуниб, маҳкам қучоқлаб олибди ва ўзи ҳам қилган ишидан қаттиқ афсусда эканини айтибди. Жаҳли чиққанда амал қилиши лозим бўлган тавсияларни ёзиб олиб, дарс столи ёнига ёпиштириб қўйибди. Уйда, мактабда, қаерда бўлмасин, жаҳли чиққанда тезда ўтириб, «Аъуузу»ни айтадиган бўлибди. «Ғазабини ютадиганлар» ояти ҳақида ўйлагани сари жаҳли ҳам деярли чиқмайдиган бўлибди.

Oиша

Мавзуга оид мақолалар
Уйқу Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган катта неъматдир. Уйқу сабабли инсон ҳордиқ қиқаради, жисмига давоми...

07:00 / 14.03.2020 7472
Гаджетлардан фойдаланиш анчайин оммалашган даврда унинг зарарлари ҳам ҳаётимизга ўз таъсирини кўрсата давоми...

06:00 / 21.06.2020 3824
БиласизмиЮртимизда болалар сони қанчаЎзбекистон аҳолисининг 10 миллионга яқинини 14 ёшгача бўлган болалар давоми...

03:32 / 02.06.2020 3665
Қиз боланинг тарбияси билан унинг отаонаси, бувибоболари, акаукалари, опалари, аммаю ҳола, тоғаю амакилари давоми...

03:19 / 25.07.2020 8361