Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аёлларга хос фиқҳий масалалар
Кўзга сурма қўйиш, парвариш қилиш аёлларга хос зийнатлардан, вазифалардан биридир. Чунки аъзоларни парвариш қилиш бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган ибодатнинг бир тури ҳисобланади. Суннатда ҳам сурма қўйишга чорловчи бир қанча кўрсатмалар бор. Аммо шуни унутмаслик керакки, ушбу ороланиш фақат эр, маҳрамлар ва аёллар давраси учун бўлиши лозим.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Оқ либос кийинглар, чунки у энг яхши кийимдир. Маййитларингизни у билан кафанланглар. Албатта, сурмаларингизнинг энг яхшиси исмид бўлиб, у кўзни равшан қилади ва киприкни ўстиради», дедилар.[1]
Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Биз ўликлар учун уч кундан ортиқ аза тутишдан қайтарилган эдик, аммо эри ўлган аёл тўрт ою ўн кун кутарди. Бу вақтда на сурма қўяр, на хушбўйлик сепар ва на бўёқли либос киймас эди».
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али розияллоҳу анҳу Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қурбонлик ҳайвонларини ҳайдаб келгач, Фотима розияллоҳу анҳони эҳромни ечиб, бўёқли либос кийган ва сурма қўйган ҳолда кўрди. У Фотиманинг бу ишини ёқтирмай, инкор этган эди, «Буни менга отам буюрдилар», деб айтди».
Сурмани тоқ қўйиш мустаҳаб амалдир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўғли: «Мен Абу Абдуллоҳнинг ойна, сурмадон ва тароқ солиб қўядиган ҳамёнчасини кўрганман. Қачон тонгги вирдларини бажариб бўлса, ойначасига қараб сурма қўяр ва сочини тарар эди. Сурмани ҳар бир кўзига уч мартадан тоқ қилиб қўяр эди», деб эслайди.
Баъзилар: «У ўнг кўзига уч марта, чап кўзига икки марта сурар, икки кўзига қўйганда, биргаликда тоқ бўлар эди», дейишади».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Исмид сурмасини қўйинглар, албатта, у кўзни равшан қилиб, киприкни ўстиради», дер эдилар. У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир сурмадонлари бўлиб, ҳар кеча ундан ҳар икки кўзларига уч мартадан сурма қўяр эдилар», деб эслардилар.[2]
Сурма жуда қадим замонлардан буён маълум нарса бўлиб, ундан кўзни даволаш ва муолажа қилишда фойдаланилган.
Ибн Қоййим уни: «Сурма кўз саломатлигини сақлаб, нурини оширувчи ва равшан қилувчидир. У кўзга чирой беради, баъзи навлари унга тушган чанглар ва кичик зарарли моддаларни зарарсиз ҳолатда суғуриб олади. Сурмани уйқуга ётишдан олдин қўйилса, фойдаси янада ошади, кўзга зарар берадиган ҳаракатлар тиниб, яхшироқ сингади. У кўз саломатлигига табиий хизмат қилади, бу борада исмид сурмасининг хосияти кўпроқ», дея таърифлаган.[3]
Аёлларнинг кўзларини бўяган ҳолатда номаҳрамларга кўринишининг ҳукми қандай?
Фуқаҳолар оятдаги «Фақатгина ундан кўриниб тургани» жумласига қилинган тафсирлардан келиб чиқиб, кўриниб турган зийнат нималиги ҳақида турли фикрларни билдирганлар. Ибн Масъуд, Саъд ибн Жубайр ва бошқалар уни фақатгина устки кийимлар, деб айтишган.
Ибн Аббос ва Қатода розияллоҳу анҳумо уни сурма, узук, билакузук ва баъзи пардоз бўёқлари, деганлар. Авзоий эса бу фақат юз ва икки кафтга тегишли рухсат, деган.[4]
Билакузук ва сурманинг кўриниб туришини жоиз, деган уламолар унинг фитна қўзғовчи восита бўлмаслигини шарт қилишган. Агар бу нарсалар фитнага сабаб бўлса, шубҳасиз, уни кўрсатиш ман этилади.[5]
Аммо бу зийнатларни кўрсатиш жоиз эканига фатво берган уламолар, қасддан бўлмай, балки тасодифан кўриниб қолишида зарар йўқлигини айтиб ўтганлар. Бунга азадор аёлнинг сурма ва бўёқдан қайтарилганини далил қилишган. Яъни аёлларнинг пардозини номаҳрам эркаклар кўриши аслида асло мумкин эмас. Бунинг шариатда жорий бўлишига ороланиш ва зеб-зийнат эркак кишини аёлга жалб этувчи восита бўлгани сабабдир. Мана шу қоидага кўра, азадор бўлмаган аёлларнинг ҳам ўз чиройини номаҳрамларга кўрсатиши ҳаром. Аммо бугунги аёлларнинг оммавий равишда юз-кўзларини бўяб юришлари ҳисобга олиниб, қасддан бировга кўрсатмаслик кераклигини шунинг ичига киритиб ўтганлар.[6]
Зебунисо Қутбиддин
[1] Buxoriy. “Fathul-Boriy”. Oq kiyim kiyish haqida bob, 10/2965. Abu Dovud. “Sunan”, Libos kitobi, 4055 11/75. Termiziy ushbu hadisni sahih hasan, degan.
[2] “Sunani Termiziy”, Libos kitobi? 1757 hadis. 4/234.
[3] Ibn Qayyim. “Zodul-ma’od”. 4//193.
[4] “Tafsiri Qurtubiy”, 12/228, Ibn Arabiy. “Ahkomul Qur’on” 3/1368, Jassos “Ahkomul Qur’on”, 3/172.
[5] www.islamonline.net “Al-fatavaa” 03.05.2001 yil.
[6] Ibn Hajar .“Fathul Boriy” 9/488, Abu Shiqqa. “Tahrirul mar’ati” 4/268, Qaysiy. “Al-mar’atul muslima”, 64-bet