Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Динимиз вақтни муҳофаза қилишга, ундан унумли фойдаланишга буюрди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам: «Икки неъмат борки, кўп одамлар уларни бой бериб қўяди: соғлиқ ва бўш вақт», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).
Мусулмон одам ўзига берилган бу улуғ неъматдан унумли фойдаланиши керак, бунинг учун эса унга ёрдам берадиган қуйидаги сабаблар ва омилларга риоя этиши лозим.
– Нафсни ҳисоб-китоб қилиш. Аллоҳ розилигига етишиш йўлида вақтдан унумли фойдаланиш учун кишига ёрдам берадиган воситаларнинг энг асосийси нафсни муҳосаба, яъни ҳисоб-китоб қилишдир. Бу эса солиҳлар одати ва тақводорлар йўлидир. Шундай экан, сен нафсингни ҳисоб-китоб қил: «У вақтни нималарга сарфлади? Ўтган кунларида нималар билан шуғулланди? Ўша кун-соатларини қандай кечирди? Ўтган вақт ичида кўпроқ яхшилик қилдими ёки ёмонликлари кўп бўлдими?”
– Ҳимматни юксалтириш учун нафсни тарбиялаш. Кимнинг ҳиммати юксалса, камчиликларга рози бўлмайди. Ким нафсини шарафли ишларга боғласа, нафсини тарбия қилса, вақтидан унумли фойдаланади. Шунингдек, у қатъиятли бўлишга ҳарис бўлади.
– Вақтини муҳофаза қиладиган шахслар билан суҳбатлашиш. Мусулмон киши вақтини муҳофаза қиладиган инсонларга ҳамроҳ бўлса, уларга яқинлашишга, уларнинг хатти-ҳаркатларига тақлид қилишга интилади. Бу эса унга вақтини ғанимат билиб яшашни, умр лаҳзаларини беҳуда нарсаларга совурмасликни ўргатади.
– Салафларнинг вақт борасидаги ҳолатларини билиш. Салафлар вақтнинг қийматини, умрнинг аҳамиятини англайдиганларнинг энг яхшиси бўлганлар. Уларнинг умрни ғанимат билиб, уни Аллоҳ таолонинг тоатига сарфлашлари зарбулмасал бўлган. Бу зотларнинг ҳолатлари ҳақида маърифат ҳосил қилиш, сийратларини ўқиш эса мусулмон кишига вақтидан унумли фойдаланишда катта ёрдам беради.
– Вақтдан унумли фойдаланишни турлича бажариш. Амалларнинг турли хил бўлиши вақтдан имкон қадар кўпроқ фойда олишга ёрдам беради. Зеро, тез малолланиш нафснинг табиатига хос бўлиб, у такрорликни ҳуш кўрмайди.
– Ўтиб кетган вақт қайтиб келмаслигини ҳамда унинг ўрнини тўлдириб бўлмаслигини тушуниш. Инсон умр кечирган кунлари, соатлари ва лаҳзаларини мутлақо ортга қайтара олмайди, бу имкони йўқ нарсадир.
– Ўлим ва жон чиқиш онларини эслаш. Инсон дунёда яшаб, вафот этгач, охиратга юзланади. Шунда бу дунёда қилган фасод ишларини ислоҳ қилиш учун, ўтган хатоларини тўғрилаш учун озгина вақт берилишини умид қилади. Бироқ амал вақти тугаб, ҳисоб вақти бошланган бўлади. Мана шуларни эслаш инсонни вақтни ғанимат билишга ундайди.
– Вақтларини зое қилувчиларнинг суҳбатидан узоқлашиш. Дангасалар, вақтларини зое қилувчи ҳамроҳлар, шак-шубҳасиз, инсоннинг куч-қувватини беҳуда кетказиб, вақтининг зое кетишига сабаб бўладилар. Ҳар бир кишига эса ҳамроҳи ва суҳбатдошига қараб баҳо берилади.
– Қиёмат куни вақт ҳақида сўралишини эслаш. Мусулмон киши Аллоҳ таолонинг ҳузурида туришини, У Зот ундан вақтини ва умрини қандай ўтказгани, нимага сарфлагани хусусида сўрашини эслаши вақтни ғанимат билиб, уни муҳофаза қилишига ёрдам беради.
Вақтдан унумли фойдаланишнинг кайфияти
Ҳар бир мусулмон киши ўзига берилган вақтдан унумли фойдаланиши, уни манфаатли нарсаларга сарфлаши керак. Масалан, Қуръони Карим қироати, тасбеҳ, таҳлил, зикр ва илм мажлисларида ҳозир бўлиш каби. Киши вақтдан унумли фойдаланиши учун Қуръони Карим тиловатини, Аллоҳ таолонинг зикрини ва нафл намозини кўпайтириши лозим. Булардан қолган вақтида бемор биродаридан хабар олиш ёки яхшиликда ўзига ёрдам берган дўстини зиёрат қилиш, жисмоний меҳнат билан шуғулланиш, ёки ҳалолликни сақлаб, ёлғон гувоҳлик ва фирибгарликдан ҳазир бўлган ҳолда ризқ талабида бозорга бориш ва вақтини муҳофаза қиладиган бошқа ишлар билан машғул бўлади. Зеро, вақт олтиндан ҳам азиз ва қимматлидир.
Дилноза Файзуллоҳ қизи таржимаси
Манба: «mawdoо3» нашри