Ижтимоий тармоқлардан келадиган безовталик ҳисси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар инсонларни безовталикка олиб келаётгани сир эмас. Қўлида “ақлли телефони” бўлган ҳар бир инсон учун кундалик ҳаддан ортиқ маълумот юки табиий ҳолатга айланиб улгурди.

Турли дастур ва веб-саҳифалар сизнинг вақтингиз, диққатингиз ва дофаминингиз (дофамин – миямиздаги мукофот кутиш, завқланиш ҳамда роҳатланиш учун жавобгар нейромедиатор) учун кураш олиб боришади. Улар гўё “Бизга ўрганиб қол! Бизга қарам бўл!” деб қичқираётгандек. “Биз ажойиб, ҳашаматли ва ёқимлимиз. Агар бизни кўраверсанг, эҳтимол, сен ҳам биздек бўларсан!” Бу ерда урғу “эҳтимол” деган сўзда. Ижтимоий тармоқлар бизнинг хоҳиш-истакларимиз, ўзимизга паст бўлган ишончимиз, қизиқишларимизни бошқариш орқали бизни ўзимиздан қониқишимизга, ҳаётимиздан мамнун бўлишимизга йўл бермайди, натижада бизга ҳамиша ҳаётимизда нимадир камдек ёки ўзимиз етарлича яхши бўлолмаётгандек туюлаверади.

Бундан ташқари, биз ижтимоий тармоқда тасвирлаб берадиган воқелик ҳам ўзини кўрсатиш (реклама қилиш)га ўхшайди. Биз онлайн дунёга нимани кўрсатишни ўзимиз танлаб оламиз, демак, ижтимоий тармоқдаги воқеликни 100% тўғри деб бўлмайди. Шундай экан, руҳиятимизга фойдаси зараридан кўпроқ бўлиши учун ижтимоий тармоққа нисбатан қандай муносабатда бўлсак, тўғри бўлади?

1. Тасма (лента)нгизда чиқадиган нарсаларни сараланг.

Постини кўрганингизда сизда ижобий кайфият ўрнига безовталик келтириб чиқарадиган ҳар қандай “дўст”, гуруҳ ёки ташкилотни кузатишни тўхтатинг (Unfollow). Масалан, баъзи Фейсбук аёллар гуруҳлари фақатгина нолиш постларидан иборат бўлса, баъзи инстаграм профил эгалари ўзиники бўлмаган нарсаларнинг ҳам суратини қўйиб, мақтаниш билан оворалар. Буларнинг ўрнига сизни руҳлантирувчи, ҳаракатга ундовчи нарсаларни кузатинг (Follow). Сизнинг дунёқарашингиз ва қадриятларингиз ўзингизга маълум. Шундай экан, сиз билан ҳамфикр бўлганлар билан аралашинг. Фақат бунда ўта киришиб кетиб, вақтингизни зое қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг.

2. Ёрқин суратлар асл воқеликнинг ярми эканини унутманг.

Ижтимоий тармоқлардаги суратлар шу қадар қизиқарли ва жозибадорки, тикилиб ўтириб тўймайди киши. Билингки, бу постларни жамлаш учун эгасига соатлар, кунлар, ойлар керак бўлган. Уларга ҳасад қилишга ҳожат йўқ, чунки биз уларнинг ҳам биздек кундалик ташвишлари (тагликлар, тугамайдиган уй ишлари, жаҳлдор раҳбарлар, инжиқ мижозлар, дегандек) етарли эканини биламиз.

3. Онлайн вақтингизни чегараланг.

Ўзингизни кун давомида маълум вақтларда ижтимоий тармоққа киришдан чеклашни машқ қилинг. Масалан, тунда Телеграмга кирмаслик ёки кундузи пешиндан асргача Фейсбукка кирмаслик каби. Ўрганиб қолган кишига бу қийинроқ бўлиши мумкин, айниқса, автобус кутиб турган ёки шифокор қабулида навбат кутиб турган бўлсангиз. Бироқ мулоҳаза қилиб кўрсангиз, бунинг сиз ўйлагандан анча фойдали эканини англайсиз. Балки сиз ҳар бир янгиликни кузата олмай қоларсиз, лекин сиз қимматли вақтингизни бошқа ҳар қандай нарса қилиш учун бўшатган бўласиз. Дўстларингиз, фарзандларингиз, турмуш ўртоғингиз билан суҳбатлашишга, қушнинг учишини томоша қилишга, жавонингизда чанг босиб қолган китобни ўқишга, тўқишни ўрганишга!

4. Мақсад нима?

Ижтимоий тармоқ учун маълум вақт ажратиб қўйинг, масалан, “Фейсбукни кеч соат 7 да текшираман”, деб. Ҳар сафар телефонингизни қўлга олганингизда тўхтаб: “Телефонимдан нимани кўрмоқчиман?” деган саволга жавоб беринг. Агар бу ўша пайтнинг ўзида қилиниши лозим бўлган иш бўлмаса, буни кечки пайт тармоққа кирадиган пайтга қолдиринг.

5. Қарамликдан огоҳ бўлинг!

Тармоқдаги янгиликлар тасмасини автоматик тарзда текширишдан ўзингизни тийинг. Қўлингизга телефонни олдингизми, диққат қилинг. Шунинг ўзи курашнинг ярим йўлини босиб ўтганингиздан дарак.

Ижтимоий тармоқлар табиатан ёмон нарса эмас, у ҳатто фойдали ва кучли қуролга ҳам айланиши мумкин. Фейсбукнинг асл вазифаси  бўлган “дунёни очиқроқ ва ўзаро боғлиқ маконга айлантириш” яхшигина самара бермоқда. Инсонлар ўзаро мулоқот қилмоқдалар, муҳтожларга ёрдам бериш йўлида бирлашмоқдалар, бир-бирларидан мазлумларга ёрдам қўлини чўзишни ўрганмоқдалар.

Бироқ агар эътиборсиз қолдирилса, ижтимоий тармоққа қарамлик хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар доимо мушоҳада билан иш тутиб, ҳаракат қилсак, ижтимоий тармоқнинг бизга келтираётган безовталик ҳиссини камайтириб, ундан унумдорлигимизни ошириш йўлида фойдаланишимиз мумкин.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpsyoutu.beSC2RFOxnn6Iembed

18:14 / 16.10.2017 3031
embedhttpswww.youtube.comwatchvMfhqPTT0yNIembed БАШАМЕЛЛИ МАКАРОН Ассалому алайкум Бугунги таомимиз барча севиб истеъмол давоми...

11:35 / 17.12.2016 77863
Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Ё Расулуллоҳ Сиз биз билан ҳазилмутойиба қиласиз», давоми...

12:21 / 01.04.2019 3424
Бола туғилди, у учун топишмоқ бўлган ёруғ дунё энди унинг кўз ўнгида турибди. Чақалоқ дунёга келган давоми...

06:33 / 13.12.2016 3833