Ҳазрати Устозим!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фироқ вақтидур, эй кўзлар, энди қон йиғланг,

Билурмисизки, бу кун не кишидин айриласиз?!

Алишер Навоий.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ
 ҲАЗРАТИ УСТОЗИМ!
 Азиз Устозим!
Аллоҳ жойингизни Фирдавс жаннатидан қилсин, висолига меҳмон айласин! Бу дунёда Расулингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ уммат, чин меросхўр бўлдингиз, охиратда сизни у Зот билан бирга қилсин! Бизларга сабр ато этсин ва бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин!
Азизим Устозим! Ижозатингиз билан бугун сизга дил сўзларимни изҳор этсам, кўнглимни ёзсам. Маҳобатингиз босганиданми, тортинчоқлигимданми, сизга айта олмаган айрим дил изҳорларимни ҳам ушбу фурсатдан фойдаланиб, баён қилсам, юрагимни бўшатсам. Зора шу билан дилдаги айрилиқ ўти бироз пастлаб, дарду алам ғалаёни сал тинса.
Азизим Устозим! Аллоҳ азалдаёқ сизнинг лойингизни илоҳий иноят суви билан қориган экан. Илк таомингизни онангиз сизга таҳорат билан, тиловат билан узатди. Илм ва тақво боғида униб‑ўсдингиз, илм‑маърифат булоғидан тўйиб‑тўйиб сув ичдингиз. Боғбонингиз – отангиз моҳир миришкор эди. Сизни бениҳоя қунт билан, шундай гўзал парваришладики, ниҳоят, илдизлари ерга мустаҳкам ўрнашган, шохлари эса дунё бўйлаб таралиб, бетакрор мевалар берадиган улкан дарахт мисоли намоён бўлдингиз. Энг муҳими – сизда ўша тарбияни қабул қилиб, ўзлаштириб, ривожлантиришга етарли қобилият, салоҳият ва интилиш керагича бор эди.
Азизим Устозим! Мен жанобингизни таниганимдан буён сизни севиб яшадим. Ўша мурғак қалбимга бу муҳаббат қаёқдан тушганини ўзим ҳам билмасдим. Кейинроқ англадимки, бу муҳаббат Роббимизнинг сизга бўлган севгиси туфайли ер узра таралган мақбуллик экан, мен эса миллионлаган гўдак мухлисларингиздан бири бўлган эканман.
Азизим Устозим! Сиз бир умр Ислом уммати ғамида, миллат дардида яшадингиз. Соч‑соқолингиздаги оқлик ҳам шу ғамдан, юрагингиздаги оғриқ ҳам шу дарддан эди. Сизни фақат уммат фаровонлиги хурсанд қилар, элнинг тараққиётигина шод этар эди. Маънавий ютуқларгина кўнглингизни ёзар эди.
Азизим Устозим! Сиз ўта билимсевар эдингиз. Илм ўзлаштириш Сизнинг жону дилингиз эди. Ўқиб тўймас, ўрганиб чарчамас эдингиз. Ҳар қадамда, ҳар дақиқада ниманидир ўзлаштирардингиз. Денгизларни сипқориб, яна ташна турардингиз. Талабалик чоғингиздаёқ сизни «Пешқадам», «Мужтаҳид» (тиришқоқ) деб аташга мажбур бўлишгани бежиз эмас эди. Лекин бу мақтовларнинг бирортаси сизни тўхтатиб, чалғитиб қўймади. Сиз илм осмонида юксаклик сари парвоз қилиб, маърифат буржларини бирма‑бир забт этиб бораверардингиз. Сўнгги нафасингизга қадар бу юксалишдан тўхтамадингиз.
Бирор янги маълумот чиқиб қолса, беҳад хурсанд бўлиб, уни дарҳол қайдлаб олардингиз. Бировга баҳо беришда ҳам унинг илмга бўлган муносабатига эътибор берардингиз. Шунинг учун энг қаттиқ койишингиз «Ўқимаган!» деган сўз бўлар эди. Бировни мақсатасангиз ҳам, «Ўқиган одам‑да», дердингиз.
Сиздан илмни диний‑дунёвийга ажратмасликни ўргандик. Илм борки, Исломда қадрланишини, ҳамма илм ҳам ёлғиз Аллоҳнинг илмидан сизиб чиққанини Сизнинг мисолингизда яққол кўрдик. Барча илмларни Аллоҳ йўлида ўрганиб, шу йўлда сарфлашни Сизнинг асарларингиздан уқдик. Шу ишингизнинг ўзиёқ жамият ҳаётининг тараққиётида улкан ҳодиса бўлди десак, муболағаси йўқ.
Азизим Устозим! Сизда Расулимиз алайҳиссаломниннг сийратлари акс этган эди. Юриш‑туришингиз, ҳатти‑ҳаракатингиз, тасарруфларингиз – барча‑барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслатар эди. Бир кўрган одам маҳобатингиздан ўзини йўқотиб қўяр, бироз яқиндан танишгач эса Сизни яхши кўриб қолар эди. Одамлар бозор‑ўчардан, дунё ишларидан гапиришса, улар билан шу ҳақда суҳбатлашар, ўрни келганда диндан сўзлар эдингиз. Ўзингизни тақводор кўрсатишга заррача ҳам интилмасдингиз, аксинча, борини ҳам яширардингиз.
Озиқ‑овқат ва кийим‑кечакка нисбатан биз учун бироз ғайри одатий туюлган тасарруфларингизни «Саҳиҳи Бухорий»дан шу мавзудаги бобларни ўрганиш, таҳрир қилиш мобайнида тушуниб етдим. Сизнинг овқатни мақтаганингизни ҳам, ёмонлаганингизни ҳам кўрмадим. Кийинишда ҳам жуда оддий, бетакаллуф эдингиз, ясан‑тусанга берилмасдингиз.
Сиз доимо яхшилик умиди билан яшадингиз. Ҳар қандай вазиятда ҳам «Иншааллоҳ, яхши бўлади», дердингиз. Оғир кайфиятда ҳузурингизга келган киши бироз суҳбатлашгач, аъло кайфият билан, яхши умидлар билан қайтиб чиқиб кетар эди. Буларнинг барчаси набавий хислатлар эди.
Азизим Устозим! Сиз ахлоқу одобда беназир эдингиз. Қалбингиздаги пок ихлос, чин муҳаббат барча кирликларни куйдириб юборган экан. Шунинг учун ҳам Сизда риё, сумъа, ужб каби иллатларни қидириб ҳам топиб бўлмас эди. Ниятингизнинг тозалиги, адолату холислигингиз кишини ҳайратга соларли даражада юксак эди.
Сиз жуда ҳам бетакаллуф, ўта камтар, тавозуъли эдингиз. Бировларнинг сиз учун ўрнидан туришини хушламасдингиз. Ортиқча улуғлашларни қатъий рад этардингиз. Ой каби улуғвор кўринсангиз‑да, ер каби хокисор эдингиз.
Сиз ўз нафсингизни жиловлаб, яхши тарбия қилганингиз учун бошқа минглаб, юз минглаб инсонларнинг нафсини тарбиялашга, ахлоқини сайқаллашга имкон топдингиз. Ҳа, Сиз қалбларнинг табиби, нафсларнинг тарбиячиси эдингиз. Лекин буни бирор марта ҳам даъво қилмадингиз.
Азизим Устозим! Сиз Расулингизга том маънода содиқ бўлиб, у Зотнинг саҳобаларига роса ҳавас қилган экансиз. Улар ҳақида ёзган битикларингизни ўқиб, кўзига ёш олмаган мўмин бўлмаса керак. Ҳар бир сўзингизда, ҳар бир гапингизда ўша улуғ зотларга бўлган чексиз эҳтиромингиз, муҳаббатингиз уфуриб туради. Қалбингиздаги бу пок муҳббат ва чин ҳавас эвазига Аллоҳ Сизга дин учун ҳижрат қилиш шарафини ҳам насиб этди. Ўша улуғ салафлар босган излардан бориб, уларга ҳақиқий ўринбосар бўлдингиз.
Азизим Устозим! Тан олишимиз керак, сиз каби динимизга, халқимизга буюк хизмат қилган киши яқин тарихимизда ўтмаган. Буни ҳар қандай ақлу инсофли киши эътироф этиши аниқ. Аллоҳ сизга мана шундай улуғликни насиб этди. Бу, албатта, Сизнинг Аллоҳга, Унинг динига бўлган ихлосингиздан, муҳаббатингиздан нишона эди. Зеро, Аллоҳ бу каби хизматларни ҳар кимга ҳам насиб этавермайди, бунинг учун қалб яроқли бўлиши керак.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам, Сиз дину элга жуда улкан хизматларни қилдингиз. Фаолятингиз жуда серқирра бўлди. Минтақада мусулмонларга диний эркинлик берилиши, сон‑саноқсиз масжид‑мадрасаларнинг очилиши, юртдошларимизнинг муборак ҳаж сафарига оммавий равишда боришлари ва бошқа кўплаб хайрли ишларда сизнинг ҳиссангиз беқиёс.
Юртимизда асрлар оша барҳаёт келиб, сўнги асрларда ҳаракатдан тўхтаб қолган илмий фаолиятни қайта жонлантирдингиз. Қуръон, ҳадис, ақида, фиқҳ, тафсир, усули фиқҳ, тасаввуф илмларида қалам тебратиб, халқни бу бебаҳо бойликлардан баҳраманд этдингиз. Сиз асар ёзмаган исломий илм соҳаси қолмади десак, муболаға бўлмайди. Бутун бир академиялар қила олмаган ишларни бир ўзингиз уддаладингиз. Сиз таратган бу зиё ўзбек халқининг ботинию зоҳирини мунаввар этди, фитналар йўқолди, ихтилофлар барҳам топди. Булар сизнинг оммавий илмий баракангиз бўлса, хос илмий ҳаракатингиз ҳам беназир бўлди. Илм даргоҳларида ўнлаб, юзлаб толиби илмларга таълим беришдан ташқари, асрлар оша давом этиб келиб, кейинги даврларда узилиб қолган исломий илмларнинг бетакрор хусусияти ҳисобланган илмий силсилани қайта тикладингиз. «Саҳиҳи Бухорий», «Саҳиҳи Муслим», «Тафсири Насафий» каби мўътабар китоблардан шогирдлар тайёрлаб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у Зотдан кейинги салафи солиҳларга туташган силсилага боғлаб кетдингиз. Ушбу силсила орқали таржима қилинган ҳадисларни халққа етказиш билан ўзбек китобхонларини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туташтириб қўйдингиз.
Азизим Устозим! Сизнинг олимлигингиз бир тараф, одамийлигингиз бир тараф эди. Сиздаги олийжанобликни бошқа бирор кишида кўрмадик. Вафодорликда ҳам барчани қойил қилардингиз. Яхшилик қилган кишига у кутмаган яхшилик билан жавоб қайтариб, лол қолдирардингиз. Катта бошингизни кичик қилиб, энг кичик шогирд ва ишчиларингизнинг таклифларини ҳам бажонидил қабул қилардингиз. Бой‑камбағални ажратмасдингиз. Аксинча, сал ночорроқ одамнинг уйида ёзилиброқ ўтирардингиз. Ҳаммага бирдек илтифот кўрсатар эдингиз.
Сиз бир қатор юқори лавозимларда ишлаб, оламшумул шахс бўлишингизга қарамай, фитратингиз софлигини сақлай олдингиз. Бутун дунёга татигулик буюкликка эришган бўлсангиз‑да, қалбингиз болаларнинг қалбидек беғубор, мусаффо эди. Гина‑кудуратдан, кибру манманликдан, ҳасаду адоватдан тамоман йироқ эдингиз. Кўтар‑кўтарларни, мадҳу мақтовларни ҳеч суймас эдингиз. Хизматларингиз, фазилатларингиз зикр қилинса, ҳижолат тортгандек тавозуъ изҳор қилардингиз.
Салафлар «Билмадим» дейиш илмнинг ярмидир», дейишган экан. Сиз илмнинг у ярмида пешқадам бўлганингиздек, бу ярмида ҳам илғор эдингиз. Аҳёнда билмаган нарсангиз ҳақида сўралса, ҳеч иккиланмай, тортинмай «билмадим», дердингиз. Бу ҳам ўз ўрнида таълим бўларди.
Азизим Устозим! Сизнинг самимиятингизни тил билан ифода этиш мушкул. Сиз инсонларга, айниқса, биз, шогирдларга ўзимиздан ҳам самимий эдингиз. Биз учун биздан кўра кўпроқ жон куйдирардингиз. Бутун Ислом оламининг ташвишини елкангизда тутган ҳолда бир кичик шогирдингизнинг ғамига шерик бўлиб, унга ҳамдардлик қилардингиз. Ҳатто у ўз ташвишини унутиб юборгандан кейин ҳам ундан ҳол сўраб, кўнглини кўтарар эдингиз.
Яқину узоқдагилар, каттаю кичик, олиму зоҳид, бою камбағал Сизга арзи ҳол қилиб келар эди. Ҳамманинг дардини эшитиб, жонига малҳам бўлардингиз. Ҳузурингиз бутун халқнинг арзхонаси эди. Бунча ташвишни қандай қилиб сиғдирардингиз, ақл бовар қилмасди. Ҳа, буни фақат буюк қалб эгаларигина эплай оладилар.
Азизим Устозим! Сиз жасорат, ғайрат ва таваккул бобида ҳам ноёб эдингиз. Ҳар бир ишингиз замирида сиздаги ушбу улуғ сифатлар яширинган эди. Шунинг учун ҳам дину эл манфаати йўлида ўзингизни фидо қила олдингиз. Бу йўлда бир неча бор жон олиб, жон берганингиз ҳам шундан эди. Сиздаги сабр‑бардош, ирода барчани лол қолдирарди.
Сиз имкониятларни ишга солиш билан бирга, барча ҳолда ёлғиз Аллоҳга суянардингиз. Шунинг учун «Нима хизмат бор бизга, ҳазрат», деган одамга «Дуо қилиб туринглар», дердингиз. Очиғини айтганда, сиздан шу гапни илк бор эшитганимда ҳеч нарсани тушуна олмагандим. Ахир, ҳамма Сиздан дуо олар эди‑ку? Бугун эса уни ҳар доимгидан ҳам яхшироқ англаб, ҳис этиб турибман.
Сизнинг элга, динга қилган хизматларингизни айтиб адоғига, санаб саноғига етиш қийин. Аммо қанчалар буюк, беназир ишларни қилган бўлсангиз ҳам, ҳеч бирини ўзингизга нисбат беришга журъат қилмас эдингиз. Ҳаммаси Аллоҳнинг ёрдами билан бўлганини таъкидлар ва буни бутун вужудиннгиз билан ҳис этиб, тасдиқлар эдингиз.
Азизим Устозим! Сиз ҳамиша ёлғиз Аллоҳнинг ёди билан яшадингиз. Ҳатто минглаган одамлар ичида ҳам қалбингизда Аллоҳдан бошқанинг мулоҳазаси бўлмас эди. Шунинг учун доимо нурафшон эдингиз. Жаноб Нақшбандий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Хилват дар анжуман» – анжуманда, яъни одамлар орасида ўтириб, Аллоҳ билан холи бўлиш, деган қоидаларини биз, шогирдларга уқтирар экансиз, шундай бежирим сўзладингизки, ўзингизнинг шу қоидага амал қилишингизни яширишга ҳаракат қилдингиз. Бироқ бу кўрсатмада айнан сизнинг ҳолингиз намоён бўлгандек эди.
Сиз ҳамиша зикрда эдингиз. Хосроқ жойларда қўлингиздан тасбеҳ тушмас эди. Аммо омма олдида бармоқ бўғинлари сизга иш берар эди. Бу ҳам бўлса, зикрни яшириш учун эди. Сукутингиз зикрдан холи бўлмасди.
Сиз ҳамиша зикрда бўлганингиз учун ҳар бир ҳолатда Аллоҳнинг  кузатиб турганини ҳис этиб турардингиз. Бу ҳол сизнинг гап‑сўзларингизда, тасарруфларингизда, савол‑жавоблар асносида яққол сезилиб, балқиб турар эди. Фаросатли кишилар буни пайқаб турарди.
Сиз халқдан узлат қилмаган ҳолда ҳамиша зикрда бўлган ҳақиқий зокир эдингиз. Сиз мол‑дунё оғушида бўла туриб ундан қўл силтаган чин зоҳид эдингиз. Сиз қўлида қувват бўлганда ҳам кечиримли бўлган рост мўмин эдингиз.
Сизнинг асарларингизнинг элга мақбул бўлиши уларнинг лойи ихлос тупроғидан олинганидан, таҳорат суви билан қорилиб, зикр билан йўғрилганидан бўлса, ажаб эмас.
Азизим Устозим! Сиздек вақтни тежаган инсонни кўрмадик. Ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланишга интилардингиз. Йўлда, маросимларда бўлганингизда ҳам, фикрда нималарнидир пишириб, етилтириб турардингиз. Сиз ўзингиздан ошиб, бошқаларнинг ҳам вақтини қизғонардингиз. Вақтни тежаш ҳақида мисоллар айта туриб, шундай деганингиз ёдимда: «Таҳорат олгандан сўнг енгни бамайлихотир тушириб, кейин иш ўрнига ўтириш вақтга бепарволик бўлади, шунинг учун йўл‑йўлакай тушириб, тезроқ ишга киришиш керак».
Ҳа, Сизнинг энг катта ютуғингиз ҳам шунда, вақтни тежашда эди. Сиз ушбу хислатингиз билан аввалги улуғ мусаннифларнинг ижод ва фаолиятидаги энг асосий сирни очиб, ўз мисолингизда кўрсатиб бердингиз.
Сиз ҳаётингизни тартиб‑интизом асосига қурдингиз. Шунинг учун ҳамма нарсага улгурдингиз. Фаолиятни саҳардан бошлаб, кечгача тиним билмасдингиз. Шунча иш, хизмат ичида Қуръон қироатига вақт топардингиз. Баъзан ўзингиз тиловат қилсангиз, баъзан машҳур қориларнинг тиловатларини тинглардингиз. Кундалик вазифаларингизни изчиллик билан адо этардингиз. «Одам бир нарсани ўзига вазифа қилиб, бироз шунга ўзини мажбурласа, кейин шуни қилмаса, уйқуси келмайдиган бўлиб қолади», дердингиз.
Сиз ҳамиша нимагадир шошаётган, бир нарсадан маҳрум бўлиб қолаётган одамдек ҳаракат қилардингиз. Ёшингиз олтмишдан ўтган бўлишига қарамай, ғайратингиз сусаймади, аксинча, борган сари кучланиб борди. Буларнинг барчаси беҳикмат бўлмаган экан, бугун англаб турибмиз.
Азизим Устозим! Сиз Ислом билан ўзингизни азиз тутардингиз, у билан дилдан фахрланардингиз, шунинг учун ҳам Аллоҳ Сизни Ислом билан азиз қилди, ҳатто диннинг иззати, фахри бўлдингиз. Барча халқ Сизнинг мисолингизда Исломни кўрадиган бўлди. Сизнинг сўз ва амалингизнинг ўзи мусулмонлар учун ҳужжат бўлиб қолди.
Сиз ўз даврингизда Аҳли сунна, яъни соф Исломнинг посбони, ҳанафий мазҳабининг ҳимоячиси бўлдингиз. Бидъат аҳли, фитначи, бузғунчи кимсалар Сиз таратган илм‑маърифат ёғдусида кўзлари қамашиб, юзингизга тик боқа олмади. Улар тарқатган нопокликларни чашмангизнинг зилол сувлари ҳамиша ювиб келди. Қаерда бўлманг, Исломнинг мусаффо бўйи билан дилларни яшнатиб келдингиз. Ҳатто динсиз кимсалар ҳам агар қалби бўлса, юрагининг тубида сизга тан берар, қаршингизда тиз чўкишга мажбур бўлар эди. Илоҳий иноят бўлмаса, буларнинг бирортаси бўлиши мумкин эмас.
Азизим Устозим! Аллоҳ сизга ажойиб кўрк ва ҳайбат берган эди. Туришингизнинг ўзи виқорли тоғдек барчани ҳайратга солар эди. Олдингизда сўз айтишга анча‑мунча одам ботина олмас эди. Сизга мухолифлик қилмоқчи бўлганлар қаршингизда ҳавога учган заррадек йўққа чиқар эди. Салобатингиз босиб, ўзини йўқотиб қўярди. Сиздаги бу маҳобат бўй‑бастингиздан эмас, тақвойингиздан эканига ақлли одам шубҳа қилмайди.
Сизга Аллоҳ берган хусусиятлардан яна бири шу эдики, ҳамма ишингиз ўзингизга мос ва хос эди, нима қилсангиз ҳам, нима кийсангиз ҳам, нима десангиз ҳам, ярашаверар эди. Койишингиз ҳам, илтифотингиз ҳам, жиддийлигингиз ҳам, ҳазилингиз ҳам, юриш‑туришингиз ҳам, гап‑сўзларингиз ҳам – ҳамма‑ҳаммаси узукка кўз қўйгандек ўзингизга муносиб эди. Бирор кишига тақлид қилмасдингиз, бетакрор эдингиз. Ҳар бир ишингиз ибрат эди.
Азизим Устозим! Ҳар даврда бўлганидек, айрим нокаслар сизни таний олмадилар ёки буни истамадилар. Сизга қарши турли фитна‑фасодлар, туҳмату адоватлар билан ғаламислик қилдилар. Аммо сиз уларга қарши ҳеч қандай чора кўриб ўтирмасдингиз, Аллоҳга ҳавола қилардингиз. Сизга: «Фалончилар сиз ҳақингизда ундай дебди, бундай қилибди», дейишса, хотиржамлик билан: «Биз ким бўлибмиз, одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан тортиб, адолатсизликда айблашдан ҳам уялишмаган‑ку», дердингиз. Ҳа, бу гап ҳар тарафлама айни ҳақиқат эди. Сизга озор бериб, душманлик қилганлар ҳам ўша Зулхувайрисага монанд кишилар бўлди. Ўша нобакорларнинг қилмишларидан куйиниб сизга арз қилган кишига: «Агар биз улар билан овора бўлсак, ўшаларнинг савиясига тушишимизга тўғри келади ва буёқдаги зарур ишлар қолиб кетади», дердингиз. Шундай қилиб, музаффарона юришингизда давом этиб кетавердингиз.
Аслини олганда, мазкур тоифа кишилар Сизни яхши кўриб, сизга муҳаббат қўйганларнинг олдида кўзга ташланмайдиган даражада, минг чандон кам эди. Аммо ўшалар ҳам қалбининг туб‑тубида сизни эътироф этишга мажбур эди.
Азизим Устозим! Қалб кўзи кўр бўлмаган инсон борки, Сизнинг ҳаётингизни кузатар экан, ҳар қадамда алоҳида илоҳий иноят бор эканини англаб етади. Ҳатто вафотингизда ҳам шу ҳол намоён бўлди.
Сиз Роббингиз билан бўлган муносабатингизни бошқалардан махфий тутганингиз учунми, У Зот сизни Ўзига олишида бошқаларнинг гувоҳ бўлишини истамади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айрим саҳобларига башоратини берган бу мақом сизга ҳам тақдир қилинган экан. Аммо бу гапни биров айтса, ҳеч ким ишонмасди, чунки сиз уйда оила оғушида, ташқарида эса ўнлаган, юзлаган халқ ичида бўлардингиз. Бироқ ҳар ишга қодир Аллоҳ буни ҳам ҳеч ким кутмаган тарзда амалга оширди.
Вафотингизнинг тўсатдан бўлиши, албатта, Аллоҳнинг ҳукми, ҳикматини Ўзи билади. Бироқ бу айрилиқ бизга жуда оғир бўлди. Биз Сизга жуда ҳам ўрганиб қолган эканмиз, Сиз билан жуда ҳам қувониб юрган эканмиз, энди билиняпти. Саҳобалар диннинг камолидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларини сезишган эди. Биз эса Сизнинг камолотингиздан хурсанд бўлиб юраверибмиз‑у, айрилиш ҳақида ўйламабмиз, ғафлатда қолдик, Ҳазаратим.
Сизнинг сўнги кунлардаги суҳбатларингизда бир гапни кўп бора эшитдим: «Аллоҳ яхши амалларнинг савобини нега охиратга қолдирди?» дейилса, уламоларимиз айтадилар: «Аллоҳ учун қилинган эзгу амалларнинг савоби шунчалар кўпки, бу дунёга сиғмайди. Биргина амалнинг савобига бу дунёдаги яхшиликлар етмайди. Шунинг учун савобни Аллоҳ охиратга, абадий дунёга олиб қўяди». Нақадар ҳақ ва гўзал ифода. Худди айнан сиз ҳақингизда айтилгандек.
Азизим Устозим! Эсимда, бундан ўн йилча муқаддам бир синфдошингиз сиз ҳақингизда шеър ёзиб, унинг нақоратини қуйидагича белгилаган эди: «Муҳаммадга содиқ Муҳаммад Содиқ». Нақадар ҳақ гап! Сиз бир умр мана шу садоқат билан ҳаёт кечирдингиз. Аллоҳ сизнинг ҳаётингизни ҳам, мамотингизни ана шу садоқатингизга мос қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга Аллоҳнинг рисолатини етказиб, умматни равон йўлга солдилар‑у, Рафиқи Аълога риҳлат қилдилар. Йиллар тортилган машаққатларни енгиб ўтиб, энди фаровонликка етиб келганда дунёни тарк этдилар. Қилган меҳнатларининг самарасини кўриб, давр‑даврон суриб юрсалар бўлмасмиди? Йўқ, у Зот вазифалари битгач, Аллоҳнинг ҳузуридаги савобу мақомни – Рафиқи Аълони ихтиёр этдилар. Сизнинг ҳаёт йўлингизда ҳам шунга ўхшаш ҳол намоён бўлди. Етмиш йиллик турғунликдан сўнг одамларга динни етказиб, соф Исломни таништириб, равон йўлни кўрсатдингиз‑у, охират сари равона бўлдингиз. Чеккан заҳматларингизнинг роҳатини кўриб, давр суриб юрмадингиз. Гўё Илоҳий ирода ажру мукофотингизни тўлалигича охиратда олишингизни тақдир қилгандек. Ҳа, улуғлар ана шундай – меҳнатни қилиб, роҳатни охиратга қолдирар эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида бутун уммат саросимага тушиб, даҳшатдан ақлини йўқотай деб қолган эди. Ҳатто Умар розияллоҳу анҳудек забардаст инсонлар ҳам ўзини тутолмай, йўлбошчиларидан айрилганларига ишонгилари келмаган эди. Бугун сизнинг вафотингизда ҳам худди шу ҳол такрорланди. Ҳамма бирдан, бехосдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларини эсга олди, саҳобаларингизнинг ҳолатларини бутун вужудлари билан ҳис этди. Умар розияллоҳу анҳунинг ҳолини энди тушуниб етгандек бўлдик. Халқ ўз сaрбонидан айрилган карвондек довдираб, ўзини йўқотиб қўйди. Ҳеч ким вафот этганингизга ишонмас, ишонишни истамас эди. Буларнинг ҳамма‑ҳаммаси сизнинг буюклигингизни яна бир бор намойиш этди.
Бир инсон оламдан ўтса, унинг хонадони, маҳалласи ё қишлоғи бўшаб қолгандек бўлади. Аммо сизнинг вафотингиздан бутун дунё ҳувиллаб қолгандек бўлди. Дунёни тўлдириб турган экансиз, бўм‑бўш бўлиб қолди. Ҳамма нарсадан чирой, файз, тароват кетгандек. Бу бир менинг ё яқинларингизнинг сўзи эмас, балки сизни таниган ҳар бир одам буни тасдиқларди.
Сиз кишилар қалбини шунчалар эгаллаган экансизки, уларнинг сизга бўлган муҳаббатлари ўз ота‑оналарига бўлган севгиларидан ҳам устун экан. Улар ота‑оналаридан айрилганларида ҳам бунчалар фиғон чекишмаган эди. Ҳатто улар бугун «Ота‑онам сизга фидо бўлсин!» дейишга ҳам ўзларида куч топа олдилар. Сиз уларнинг қалбларини қанчалар асир олганингизни ўзлари ҳам энди тўлиқ англаб етгандек бўлдилар.
Мен ҳаётимдаги энг оғир мусибат онамдан айрилганим деб билардим. Аммо сизнинг мусибатингиз олдида у ҳеч нарса бўлмай қолди. «Устоз ота‑онангдан улуғ» деган гап бежиз айтилмаган экан.
Вафотингиздан бутун дунё мусулмонлари мотам тутди. Хусусан, ўзбек халқининг фиғони кўкка туташди. Сиз билан бир марта ҳам учрашмаган, сизни бирор марта ҳам кўрмаган миллонларча инсонлар фироқингиздан ақл‑ҳушини йўқотиб, дод солиб йиғлади. Кўз ёшлари қонга айланди. Юраклари чок‑чок бўлиб титилиб кетгандек бўлди. Улар сизни яхши кўришларини билишар эди, лекин дилларини бунчалар эгаллаганингизни ўзлари ҳам ҳали сезишмаган эди.
Дарахтнинг бўй‑бастию илдизлари у йиқилганда билинар экан. Сизнинг юксаклигингиз, уммат қалбини қанчалар забт этганингиз ҳам вафот этганингизда чин суратда намоён бўлди. Вафотингиз бутун дунёни ларзага солди. Сиз кетиб, бир сизнинг хонадонингиз эмас, балки бутун халқнинг уйи бўшаб қолди. Сиз дунёни ана шундай тўлдириб турган экансиз. Қалблар, миллонларча қалблар тўкилиб, оқиб тушди, сиз уларни тиркаб турган экансиз. Аллоҳ Сизни раҳматига олсин!
Азизим Устозим! Сизнинг ҳаётингиз кишиларга қанчалар таълим‑тарбия манбаи бўлса, вафотингиз ҳам бу борада қолишмади. Тўсатдан етган айрилиқ ҳаммани ҳушёр қилди, бутун халқни яна бир бор илм сари йўллади. Ижод аҳли қандай қилиб қўлига қалам олиб, саҳифа қоралашга тушганини билмай қолди. Қуръонни ўқишни билганки инсон беихтиёр ҳаққингизга хатми Қуръон қилишга киришиб кетди. Юзлаб, минглаб хатми Қуръонлар сизга бағишланди ва бу иш давом этмоқда. Ҳаётингиз мобайнида Қуръонга даъват қилиб ўтгандингиз, вафотингиз ҳам халқни Қуръонга боғлаб қўйди. Ҳатто хатми Қуръон нималигини билмаган сон‑саноқсиз инсонлар бугун уни англаб етдилар. Сизнинг Қуръонга ва Қуръон аҳлига муҳаббатингиз ўзгача эди. Бугун қабрингиз олдида ҳам Қуръон садоси тинмай янграётир. Зиёратчиларнинг кети узилмаётир. Сизни кўргиси келган кўзлар, соғинган диллар тупроғингиз бошига келиб юпанч истамоқда.
Энг муҳими – буларнинг барчаси бировнинг талаби, буйруғи билан эмас, балки холис Аллоҳ учун, чин ихлос билан, ёнган қалб билан, кўз ёшлари билан амалга ошаётганидир. Ҳа, сиз ҳақиқатан ҳам бутун халқнинг қалбини забт этган экансиз, Аллоҳ азиз қилган, суйган банда экансиз.
Бир улуғ олим зот ўтганда шогирдларидан бири: «Устозга яхши бўлди‑ю, бизга ёмон бўлди», деган экан. Ҳа, иншааллоҳ, Сиз ҳам меҳнату машаққатларни ортга ташлаб, роҳат‑фароғат ҳаётига кўчиб ўтдингиз, қилган буюк хизматларингизнинг мукофотини ола бошладингиз, аммо қолганларга қийин бўлди, бизга қийин бўлди... Айрилиқ дарди бунчалар оғир бўлмаса!
Азизим Устозим! Гарчи орамиздан кетган бўлсангиз‑да, аслида Сиз барҳаётсиз. Бунга Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари далилдир: «Одам боласи ўлар экан, унинг амаллари кесилади, фақат уч нарса мустасно: жорий садақа, фойдаланиладиган илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд». Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган ушбу амалларнинг барчасини гўзал суратда бажардингиз.
Сиз каби жорий садақа қилган инсон жуда кам. Сон‑саноқсиз масжид‑мадрасалар, иншоотлар бевосита сизнинг ташаббусингиз билан барпо бўлган. Сизнинг бу борадаги уринишингиз ўлкамиз  билан чегараланиб қолмай, балки мусулмонлар яшайдиган бошқа юртларда ҳам катта самара берди.
Сиз юздан ортиқ, ҳар бири бебаҳо дурдона бўлган бетакрор асарлар яратдингиз. Уларнинг ҳар бири элнинг қалбига малҳам, дардига шифо бўлди. Овозли ва тасвирли асарларингиз ҳам сон‑саноқсиз. Бу илмий ҳаракатингиз туфайли бутун бошли халқ сизга шогирд бўлди. Бундан ташқари, юзлаб инсонлар ҳузурингизда бевосита таълим олиш бахтига мушарраф бўлди. Сиз бу меросларингиз билан халқ ичида абадул‑абад яшаб қолажаксиз.
Юртимиз тарихи саҳифаларини варақлар эканмиз, Мирзо Улуғбек ва Ҳазрат Навоий раҳматуллоҳи алайҳимолардан кейин сиз каби серқирра фаолият юритган ижодкор олимни тополмаймиз. Бошқа ўлкаларда ҳам бу ҳол жуда ҳам ноёб эканида шубҳа йўқ.
Сиз ҳаққингизга ҳамиша дуо қиладиган, ишингизни давом эттирадиган солиҳ фарзандлар қолдирдингиз. Бу маънода сизнинг маънавий фарзандларингиз – шогирдларингиз ҳам талайгина. Буларнинг барчаси сермаҳсул умрингизнинг самараси ўлароқ давом этажак, иншааллоҳ. Муҳаббатингиз эса сизни туйган қалбларда абадий яшажак.
Азизим Устозим! Сизни жуда ҳам соғиндик, жуда ҳам. Мунаввар юзларингизни, меҳр тўла кўзларингизни соғиндик. Беғубор ҳазилларингизни, самимий койишларингизни соғиндик. Беминнат маслаҳатларингизни, илм тўла иршодларингизни соғиндик. Бирор ҳолатимиз йўқки, сизни эсламасак. Ҳар қадамда, ҳар нафасда сизни соғинмоқдамиз. Энди сизни бир умр соғиниб яшаймиз, Ҳазратим. Бизга энди охират дийдоригина таскин бўлар.
Азизим Устозим! Биз сизни нима учун яхши кўрдик? Нега сизни мақтамоқдамиз? Чунки сиз бизга Расулимизни танитдингиз. Танитганда ҳам, сўз ва амалингиз билан, ўз шахсингизда жонли суратда танитдингиз. Биз сизни кўриб, сизни мақташ билан Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанчалар буюкликларини тасаввуримизга олиб келамиз. Анҳорни кўриб, у сизиб чиқаётган уммонни кўз олдимизга келтиргандек бўламиз. Зотан, Сиз ҳам бошқалар қатори оддий инсон эдингиз, сизни ўзгартирган нарса Расулимизнинг ҳаётларини ўрганиш ва унга эргашиш бўлди, холос.
Биз сизни нега бунчалар ҳурмат қиламиз? Чунки Сиз бизга динимизнинг буюклигини сўз ва амалингизда кўрсатиб бердингиз. Эл сизнинг мисолингизда Исломнинг улуғворлигини кўрди, унинг шону шавкатини томоша қилди. Одамлар шарқираб оқаётган зилол сувнинг мусаффо, шибохаш ва тотли эканини кўриб, булоқнинг нечоғлик беназир эканини англагандек бўлишди.
Ҳа, Азиз Устозим, мен сизни таърифлаш орқали Набийимизнинг сийратларии чизгилагандек бўламан, динимиз қояларини дурбинда яқинлаштиргандекман. Сизни мақташ орқали Расулимни танишга, танитишга яқинроқ йўл топаман. Зеро, сиз ул Зотнинг чин меросхўрларидан эдингиз. Шу боис, сўзларимни маддоҳликка йўймай, самимий қабул қилишингизни ўтинаман.
Азизим Устозим! Гапим чўзилиб кетган бўлса, узр сўрайман, мени маъзур тутинг. Шу билан бироз юрагимни бўшатдим. Сизни васф этсам, Сиз ҳақингизда сўз очсам, гапим якун билмас, дил сўзларим занжири туганмас. Хислатларингизни айтиб тугата олмасман. Сизга атаб саҳифа қораласам, кўз ёшларим сиёҳу, киприкларим қалам бўлар. Бироқ ҳар нарсада меъёр лозим бўлганидек, шу жойда сўзимга якун ясаб, сизга аталган марсиямга навбатни берсам. Мен ўзи аслида сизга мадҳ битгим келар эди, афсуски, улгурмадим. Энди марсиямни қабул этинг.
Яна учрашгунча алвидо, Ҳазратим!
УСТОЗИ КУЛЛ, ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ РАҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲ ҲАЗРАТЛАРИГА МАРСИЯ

Жигарлар бўлди хун, кўз қонга тўлди дарду хасратдан

Кўнгиллар пора‑пора, дил уйи вайрона ғурбатдан Букилди қад, эгилди бош, вужуд ҳам тонди қувватдан Кийиб мотам тўнин беҳуш турар олам мусибатдан Нечукким, айрилибдир ушбу кун ул Шайх Ҳазратдан.  

Азизим, Ҳазратим, Сиз бирла тик бўлганди эл боши.

Севарди сизни бирдек эр‑аёлу қарию ёши,

Фироқингизда бу кун синди миллат сабру бардоши,

Билолмам, тобакай йиғлайди эл, тингай қачон ёши,

Тузалмас то абад диллар бугун етган жароҳатдан.

 

Азалда Ҳақ иноят суви бирлан қорди лойингиз,

Илм бўстони бўлмиш унган, улғайганки жойингиз,

Илм йўлида толмай, ҳақда собит бўлди пойингиз,

Бутун миллат ғамида ўтди ҳар кун, ҳафта, ойингиз,

Чекинмай бир қадам, бир дам, ўтиб минг тур машаққатдан.

 

Ишингиз кеча‑кундуз бўлди тутмоқлик қалам‑қоғоз,

Уқиб дунёю динни, қўш қанот‑ла қилдингиз парвоз,

Ниҳоят билди уммат Сизни бешак энг улуғ устоз,

Ҳама илм аҳли узра тож мисоли бўлдингиз мумтоз,

Билимли бўлди халқим Сиз сабаб Қуръону Суннатдан.

 

Ҳама умр ичра ўтдингиз илм‑тақво шиор айлаб,

Ювиб қўл дунядан ҳам жоҳу мансаблардан ор айлаб,

Ҳасад, буғзу адоват аҳлин ўз ўтида хор айлаб,

Пойингиз ўпти дунё, боқмадингиз хор‑зор айлаб,

Куйиб кул бўлди шайтон зумраси бу шону шавкатдан.

 

Мунаввар бўлди дунё порлаган чоғи «Ҳилол»ингиз.

Ҳадислар жонланиб, шу кўйи юрганда мақолингиз.

Кифоя бўлди фиқҳ, ошкора бўлгач илми қолингиз.

Яна покланди руҳлар, зоҳир ўлгач элга ҳолингиз.

Нурафшон бўлди ҳар ён, чиқди уммат зулму зулматдан.

 

Муҳаммадга ажаб содиқ Муҳаммад Содиқ эрдингиз,

Муҳаммад динида ҳозиқ Муҳаммад Содиқ эрдингиз,

Муҳаммад илмида собит Муҳаммад Содиқ эрдингиз,

Муҳаммад сўзига нотиқ Муҳаммад Содиқ эрдингиз,

Бўлиб мерос исму жисмингиз Ҳазрат Муҳаммаддан.

 

Агар васфингиз айтсам, ҳеч туганмас, бўлгуси достон,

Қуёшни мақтамоқ не, Ойга не ҳожатки шаъну шон?

Десам бир сўзла – бешак, хулқингиздир Суннату Қуръон,

Камолот васфи бори сизда жамланмишди беармон.

Тополмай сўз тилим лол‑у, қалам ожиз китобатдан.

 

Ҳаётингиз Расулнинг сийратидан нусха олмишдир,

Вафотингиз ҳам ул Зотнинг вафотин эсга солмишдир,

Ажаб эрмас, Набий Сизни бугун ёнига олмишдир,

Башоратлар бўлиб бу борада, шаклар йўқолмишдир,

Ҳаётингиз, мамотингиз‑да чиқмай роҳи суннатдан.

 

Илоҳий, Ҳазрат Устозимни Ўз васлингга маҳрам қил,

Набийлар, сиддиқ‑у аброр‑у солиҳларга ҳамдам қил,

Бу фонийда не заҳмат тортган эрса, унда малҳам қил,

Ҳама шогирду мўминларни ҳақ йўлингда бардам қил,

Ўзинг ёр ўл, Ўзинг қўлла, Ўзинг бер олий ҳимматдан.

 

Азизлар, гар мусибат беҳад оғир бўлди, сабр айланг,

Эгамнинг хоҳишидир, йўқ ризодан ўзга иш, англанг.

Насибанг бор экан, шукр эт, Ҳасан, кўнглингни қилмай танг.

Деди чун пири тарих айрилиқ етганда ҳангу манг:

«Биров «огаҳ», биров ғафлатда қолмиш Шайх Ҳазратдан».

 
Изоҳ: «Ҳазратдан» сўзи абжад ҳисоби бўйича 1462 га, «Огаҳ» сўзи эса 26 га тенг. «Ҳазратдан» сўзидан «огаҳ»ни исқот қилинса, яъни 1462 дан 26 олтини айирса, 1436 чиқади. Бу ҳижрий ҳисобда шайх ҳазратлари раҳматуллоҳи алайҳнинг вафот йилларидир.
Аллоҳим! Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини Ўз раҳматингга ол! Динингга қилган хизматларини ва барча эзгу амалларини ўзларига ҳамроҳ қил, ажру савобларини кўпайтириб бер! У киши ёққан нурафшон машъалани то қиёматга қадар сўндирма! У кишининг издошлари ичидан ишларини давом эттирадиганларни чиқар, уларни ҳам Ўзинг қўлла! Ҳаммаларимизга мусибатимизда сабру салвон ато эт ва хайри халаф бер! Расулингнинг меросхўри бўлган бир олим банданг билан бу дунёда бирга бўлиш бахтини насиб этдинг, охиратда ҳам жаннатингда бизни бирга қил! Сўнгги дуоимиз –Оламлар Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

25.03.2015

Мавзуга оид мақолалар
quotБир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Мен отаонамнинг вафотларидан кейин уларга қилишим давоми...

21:35 / 26.05.2023 1421
Одамлар милодий янги йил кечасини дастурхон атрофида ўтказадилар. Биз Ашуро куни дастурхон безаймиз. Ўзим давоми...

22:20 / 27.08.2020 4888
Айни дамда атрофимиздагиларга қандай ёрдам беришимиз мумкинБир аёл шундай ҳикоя қилади Дўкондан нарса давоми...

00:28 / 26.03.2020 3807
Муҳтарам жамоат Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ато этилган умр неъмати жуда қадрли ва давоми...

19:45 / 28.04.2017 9113