Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам ўз касбидан, зарари ҳам ўз касбидан. Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин. Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳм эт. Сен хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб қил».
(Бақара сураси, 286-оят)
Ҳамма нарсани дақиқ-дақиқларигача билувчи Аллоҳ ҳар бир жон ҳам нимага ярайди-ю, нимага ярамайди – яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан, имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди:
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас».
Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. Ҳар бир банданинг:
«Фойдаси ҳам ўз касбидан, зарари ҳам ўз касбидан.»
Охиратда ошна-оғайничилик, воситачилик, насли-насабига қараш ёки бошқа имтиёзлар ўтмайди. Ҳар бир шахс ўзи учун ўзи жавоб беради. Шундай экан, ҳар бир банда иймон ихлос билан Аллоҳнинг амрини бажариши ва доимо унинг ўзига ёлбориб дуо қилиши зарур:
«Эй Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин».
Мўмин банда бор имконини ишга солиб Аллоҳнинг фармонига мувофиқ иш юритишга ҳаракат қилади. Бу борада кўпгина тўсиқларни енгиб, қийинчиликларга бардош беради. Лекин у фаришта ҳам эмас, баъзи вақтларда билмасдан хато қилиб қўяди ёки баъзи нарсаларни унутиб, эсдан чиқаради. Шунинг учун ҳам дуонинг аввалбошида мазкур нарсалар учун азобга тутмасликни Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрамокда. Аллоҳ таоло мўмин бандаларининг ушбу дуосини қабул этган.
Имом Тобароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:
«Умматимдан уч нарса – хато, эсдан чиққан ишлар ва мажбур қилинганлик кўтарилди», деганлар.
«Эй Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганга ўхшаш оғирликни бизга юкламагин».
Маълумки, Аллоҳ таоло аввал ўтган умматларга улар қилган осийликлари учун қийин-қийин таклифлар юборган.
Баъзиларига тавба қилиш учун ўзини ўлдиришни амр қилган бўлса, бошқаларга нажосатни кетказиш учун кийимини кесишни буюрган. Шунга ўхшаш оғир ишлар Ислом умматига ҳам бўлмаслиги сўралмоқда:
«Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин».
Мўминлар Аллоҳнинг амри қанчалик бўлса ҳам, бажаришга доим тайёрлар. Лекин Аллоҳнинг раҳмати кенглигидан умидвор бўлиб, ўзларини кичик фаҳмлаб, бу дуони қилишмоқда.
«Бизни афв эт, мағфират қил ва раҳим эт».
Мўмин банда ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, бандалик бурчини тўлиқ адо эта олмаслигини яхши билади. Шунинг учун доимо ўзига Аллоҳнинг афви, мағфирати ва раҳматини сўраб туради.
«Сен хожамизсан. Бас, кофир қавмларга бизни ғолиб эт.»
Ҳақиқатан, мўмин бандага Аллоҳнинг Ўзидан бошқа хожа йўқ. Ёрдамчи йўқ. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ҳаётларидаги энг муҳим нарсалардан бири кофир қавмлар билан бўладиган курашда Унинг Ўзидан ғолибликка ёрдам сўралмоқда.