Нега йил бўйи ёз бўлмайди? Нега ёздан кейин куз келади?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу саволга жавоб излашимиз учун биз яшайдиган сайёра бўлмиш Ер ҳақидаги баъзи маълумотларни эсга олишимиз керак. Ер шари думалоқ кўринишда экани эсингиздами? Курраи заминимиз Қуёш атрофида айланиши-чи? Табиатдаги ўзгармайдиган ҳодисалардан бири, яъни баҳор, куз, қиш ва ёз алишиб туришининг сабаби ҳам шу - Еримизнинг Қуёш атрофидаги ҳаракатидир. Сайёраларнинг Қуёш атрофида, йўлдошларнинг сайёралар атрофида айланадиган йўли “орбита” деб аталади. Келинг, бир нарсани синаб кўрамиз. Ўртага бирор буюмни қўйиб, 5-6 та дўстингиз билан атрофига туриб, қўлни-қўлга бериб, айланиб кўринг. Айлана шаклида ҳаракат қилдингиз-а? Ер шарининг Қуёш атрофида ҳаракатланиш орбитаси эса бундай айлана шаклида эмас. Ер Қуёш атрофида айланар экан, у босиб ўтган йўл чўзиқ айланани эслатади. Чўзиқ айлана “эллипс” деб аталади. Эллипс чўзиқ бўлгани сабабли Қуёш унинг марказида турмайди. Ер Қуёш атрофини бир йилда айланиб чиқади, шундайми? Мана шу бир йил давомида Қуёшдан Ергача бўлган масофа ўзгариб туради. Баъзи пайтлар Ер Қуёшга яқинлашади, баъзан эса узоқлашади. Ер Қуёшга яқинлашгани сари Қуёш Ерни кўпроқ иситиб, баҳор ва ёз фасллари келади, Ер Қуёшдан узоқлашганда эса сайёрамиз совиб, куз ва қиш бошланади, деган хулосага келдингизми? Энди фактларга диққат қилинг: январь бошида Қуёш ва Ер ўртасидаги масофа 147,1 миллион километрни ташкил этса, июль аввалида 152,1 миллион километрга тенг бўлади. Демак, Ер қишда ёздагига қараганда Қуёшга яқинроқ бўлар экан. Сайёрамизда фасллар алмашинувига Қуёш ва Ер ўртасидаги масофанинг алоқаси йўқ экан. У ҳолда ниманинг алоқаси бор? Гап шундаки, Ер Қуёш атрофида айланишидан ташқари ўз ўқи атрофида ҳам айланади. Бу ўқ Шимолий ва Жанубий қутблардан ўтган хаёлий чизиқ. Глобусни кўрганмисиз? Унда Ерни тасвирлайдиган шар тик туриб, Шимолий қутби тепасида, Жанубий қутби пастида бўлмайди. Бу шар қутблари бир оз қия жойлашган бўлиб, глобусни айлантирганингизда шар ичига жойланган, унинг шу қутбларидан чиққан темир атрофида бир оз ётиб айланаётгандек бўлади. Ер шарининг ўртасидан ҳеч қандай чизиқ ўтмаган, лекин унинг қутблари ҳам Ер орбитасига нисбатан шундай қия жойлашган ва у тасаввурий ўқи атрофида худди шундай қия айланади. Агар сайёрамизнинг қутблари Ернинг Қуёш атрофида ҳаракатланадиган ортибасига нисбатан тўғри бурчакда жойлашганида эди, бизда фасллар алмашмасди ва йил бўйи кунларимиз бир хил бўларди. Аммо Ернинг ўқи Қуёшга нисбатан қия жойлашган. Натижада Ер йил бўйи Қуёш атрофида қия ҳаракатланади. Ернинг ўқи доимо қутб юлдузи томонга йўналган бўлади. Шу қиялик боис Ер турли ойларда юзасини Қуёш нурларига турлича тутади. Қуёш нурлари Ерга тикка тушганида Ер кўпроқ исийди. Нурлар сайёрамизга қияроқ тушганида Ер камроқ исийди. Экваторга Қуёш нурлари доимо тик тушади. Шу боисдан экватор ва тропикларда яшайдиганлар изғирин совуқларни билишмайди. У ерда ҳам фасллар алишади, лекин ҳарорат жуда иссиқдан жуда совуққа ўзгармайди. Қутбларга келадиган бўлса, қачон улардан бири Қуёшга ўгирилган бўлса, иккинчиси Қуёшга тескари томонда бўлади. Шимолий қутб Қуёшга қараган пайтда экватордан шимолда жойлашган мамлакатлар, жумладан, бизнинг юртимиз Ўзбекистонда ҳам ёз фасли ҳукмрон бўлади, кунлар узун бўлади. Бу вақтда экватордан жанубда жойлашган юртларда қиш келган бўлиб, кун қисқа бўлади. Ва аесинча, Қуёш нурлари Жанубий ярим шарга тикка тушаётган пайт бу яримшардаги мамлакатларга ёз келади, шу вақтда Шимолий яримшарда қиш ҳукмрон бўлади. Ҳар бир фасл ўзига яраша файзли! Вақтни бой бермай, ҳар бир фаслдан баҳра олинг!

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Керакли маҳсулотлар 250 г маргарин, 250 г шакар, 33,5 пиёла ун, 150 г сметана ёки қатиқ, ош содаси. Тайёрланиши давоми...

11:44 / 02.02.2017 5994
  Бемор бўлиб қолган кишининг беморлиги ҳисобга олинади. Намоз ўта аҳамиятли ибодатдир, уни вақтинчалик давоми...

12:24 / 18.05.2017 3605
 «Ҳилол» нашриётматбааси директори Абдулвоҳид Саттиев ҳамда «GRAND TALIM» маркази директори Музаффар давоми...

12:59 / 13.01.2018 3632
Муҳтарам жамоат Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ато этилган умр неъмати жуда қадрли ва давоми...

19:45 / 28.04.2017 9113