Рўза одоби (давоми)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша разияллоҳу анҳо: «Билол кечаси азон айтар эрдилар»,– дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга: «Ибн Умму Мактум азон айтмагунча еб-ичаверингизлар, чунким ул тонг отиши арафасида азон айтғайдир»,– деганлар. Қосим ибн Муҳаммад бундай дейдилар: «Билол бирлан Ибн Умму Мактумнинг азонлари ўртасида ҳеч қанча вақт йўқ эрди, чунким Билол мезанадан тушиши бирлан ўрнига Ибн Умму Мактум чиқар эди».

(Бухорий ривояти)

 Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан ғусл қилиб, бошларидан сув томиб, бомдод намозига чиқар эдилар, сўнг рўзадор бўлардилар».

Сулаймон ибн Ясордан, у Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилади. Умму Салама розияллоҳу анҳо деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларидан сув томчилаб бомдод намозига чиқардилар ва рўзадор бўлардилар».

Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилади. Умму Салама разияллоҳу анҳо бундай дейди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда аёлларини ўпар эдилар».

Омир ибн Рабиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни рўзадор ҳолларида мисвок қилаётганларини санаб саноғига, ҳисоблаб ҳисобига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман».

Адий Абу Ҳозимдан, у Абу Шаъсоийдан, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам висол рўзаси (ифтор қилмай, пешма-пеш рўза тутишни) ва сукут рўзасидан қайтардилар». Сукут рўзаси ибодат қасди ила гапирмасликдир.

Абдумалик Қузаъадан, у Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Абу Саид разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шак кунида рўза тутишни таъқиқладилар».

Ҳамид ибн Абдураҳмон Ҳимйарийдан ривоят қилади. Ҳимярий айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни асҳобларидан бир одамга: «Қавмингга айт, бугун рўза тутсинлар», дедилар. Ҳалиги одам: «Улар овқатланиб қўйдилар», деган эди, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар овқатланган бўлсалар ҳам», дея марҳамат қилдилар».

Мусо ибн Талҳадан, у Ибн Ҳутокиядан, у ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қуён олиб келди. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига буюрдилар, улар ҳам ейишди. Қуённи келтирган кишига: — Нега сен ўзинг емаяпсан? – дедилар. — Мен рўзадорман,– деди ҳалиги одам. — Қанақа рўза тутгансан? – сўрадилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам. – Нафл рўза. — Аййёми Бийзда (ҳижрий ойларнинг ўрталарида) рўза тутмайсанми? – дея марҳамат қилдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Нофий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Мен жоҳилият даврида Масжиди Ҳаромда эътикоф ўтиришни назр қилгандим. Мусулмон бўлганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Эътикоф ўтиришим керакми?» деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Назрингни адо эт», дея марҳамат қилдилар»,–деганларини айтдилар.

Рўзанинг фазли

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Рамазонда сафарга чиқдик. Шунда рўзадорлар оғзи очиқни, оғзи очиқ ҳам рўзадорни айбламади».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Орамизда рўза тутганлар ҳам, тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутмаганлар дадил туриб ишга киришишди. (Бир ривоятда чодирлар тикишди, от-уловларни суғоришди, дейилган). Рўза тутганлар эса чарчаб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугун ажрни рўза тутмаганлар олиб кетди,– дедилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Яъни рўза тутмаганлар худди рўза тутганлардек ёки кўпроқ ажрга эга бўлишди. Чунки улар ўз амаллари билан биродарларининг рўза тутишларига ҳам ёрдам бердилар.

Рўза қалқондир!

Бу ерда нафл рўза хусусида гап кетмоқда. Нафл рўза Охиратда ўз соҳибини дўзахдан тўсади. Мўмин Аллоҳ таоло амрига бўйсуниб, нафсини ейиш-ичиш каби хоҳишлардан тўсади ва бу инсонни шариат ҳудудларига риоя қилишга ўргатади. Аллоҳ буюрганларини адо этиб, қайтарган ишларидан қайтишга, яъни тақволи бўлишга олиб боради. Нафсининг шаҳват ва хоҳишларидан устун келган мўмин, энди унга асир бўлмайди ва нафл рўзалари сабабли тақводор, покиза, солиҳ инсонлар сафига қўшилади.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: — Ё Расулуллоҳ, менга шундай бир амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин, – дедим. — Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг, – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.– Бироқ у Аллоҳ таоло осон қилган кишига осондир: Аллоҳга бирон-бир нарсани шерик этмасдан ибодат қил. Намозни тўкис адо эт, закот бер, Рамазон рўзасини тут ва Байтуллоҳга ҳаж қил!

Сўнг дедилар: «Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайинми?! Рўза қалқондир. Садақа бамисоли сув ўтни ўчирганидек гуноҳларни ўчиради. Кишининг тунда ўқиган намози ҳам (яхшилик эшикларидандир)».

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирон жон била олмас». 1

Сўнг дедилар: — Сенга ишнинг боши, устуни ва чўққиси ҳақида хабар берайми?! — Ҳа, ё Расулуллоҳ! – дедим мен. — Ишнинг боши Ислом, устуни намоз ва чўққиси жиҳоддир!

Сўнгра дедилар: — Сенга мана шуларнинг ҳаммасининг ўзаги ҳақида хабар берайми?! — Ҳа, ё Расулуллоҳ! – деб жавоб бердим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб, дедилар: — Мана бунингни тийгин! — Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нима, биз гапирган гапларимизга ҳам жавобгар бўламизми?! — Сени йўқлаб онанг йиғласин, ахир одамларни юзлари билан (ёки «бурунлари билан» дедилар) дўзахга қулатадиган нарса тилларининг мевалари эмасми?! – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Термизий ривоятлари. Ҳасан саҳиҳ ҳадис).


1 Сажда сураси, 16,17-оятлар

Мавзуга оид мақолалар
Maдинaи Myнaввapa ep юзидaги энг фaзилaтли epлapдaн ҳиcoблaнaди. Бy шaҳap Пайғaмбapимиз aлaйҳиccaлoмнинг ҳижpaт қилгaн жoйлapи. давоми...

17:25 / 14.02.2017 4505
Дуо Аллоҳ таолога энг маҳбуб, энг карамли нарсадир. У зот дуони яхшилик ато этиш, ёмонликни даф қилиш учун давоми...

21:00 / 22.09.2019 22652
Мен мўминман дейди, Амали йўқдир. Мўминликдан ҳатто Хабари йўқдир.  Қуръонни давоми...

06:49 / 15.12.2016 3305
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бирбирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка давоми...

12:04 / 26.01.2019 2923