Эътикоф
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳ таъолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, У Зотнинг оиласи, барча саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Эътикофнинг фазли

- عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ  أَنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ فِي الْمُعْتَكِفِ: هُوَ يَعْكِفُ الذُّنُوبَ وَيُجْرَى لَهُ مِنَ الْحَسَنَاتِ كَعَامِلِ الْحَسَنَاتِ كُلِّهَا. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирувчи ҳақида: «У гуноҳларни ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун яхшиликларни, барча яхшиликларни қилувчига ўхшатиб, жорий қиладир», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.

Демак, эътикоф уни қилувчи шахсни гуноҳлардан тўсади ва эътикоф ўтирувчи учун ҳамма яхшиликларни қилаётганларга ёзилаётган савобга ўхшаш савоб ёзилади.

- وَعَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ صَاحِبَ هَذَا الْقَبْرِ يَقُولُ: مَنْ مَشَى فيِ حَاجَةِ أَخِيْهِ وَبَلَغَ فِيْهاَ كَانَ خَيْراً لَهُ مِنْ اِعْتِكافِ عَشْرِ سِنِيْنَ وَمَنِ اعْتَكَفَ يَوْماً اِبْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ تَعَالَى جَعَلَ الله بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّارِ ثَلاَثَ خَنَادِقَ أَبْعَدَ مِمَّا بَيْنَ الخَافِقَيْنِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ушбу қабр соҳибини: «Ким ўз биродари ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасида осмон гардишидан кенгроқ уч хандақ қилади», деганларини эшитдим». Табароний ва Байҳақий ривоят қилган. ал-Ҳоким саҳиҳ, деган.

Ушбу ҳадисда эътикоф ўтириш киши учун охиратда қанчалар катта бахт-саодатга сабаб бўлишини баён қилиши билан бирга, ўзгаларнинг ҳожатини чиқариш ундан бир неча чандон яхшиликларга эриштириши таъкидланмоқда.

- عَنِ الْحُسَيْنِ بنِ عَلِيٍّ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: مَنْ اِعْتَكَفَ عَشْراً فِي رَمَضَانَ كَانَ كَحَجَتَيْنِ وَعُمْرَتَيْنِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ. وَاللهُ أَعْلَمُ. Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирса, худди икки ҳаждек ёки икки умрадек бўлади», дедилар». Байҳақий ривоят қилган.

Бу ривоятда ҳам эътикофнинг фазли улуғ экани таъкидланмоқда. Шунинг учун бу фазлга эришиш мақсадида иложини қилиб, эътикоф ўтириш керак.

Эътикофнинг ҳикматлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлингиз: танада бир парча гўшт бор, агар у ислоҳ бўлса, тананинг барчаси ислоҳ бўлади, агар у фасод бўлса, тананинг барчаси фасод бўлади, у қалбдир». Қалбнинг фасод бўлишига кўпинча Аллоҳга юзланишдан чалғитадиган инсоннинг ҳаёт ташвишлари, муаммолари ва бошқа машғулотлари сабаб бўлади. Бу машғулликлар сирасига инсоннинг нафсига ёқадиган турли таомларни кўп истеъмол қилиш, ўйин-кулги, ортиқча кераксиз гаплар билан узун-узун суҳбатлар, кўп ухлаш ва ҳоказолар киради.

Аллоҳ таоло ўз шариатига шундай ибодатларни киритдики, уларда инсоннинг барча қалбий ва жисмий хасталикларига шифо топиш мумкин бўлади. Эътикоф деб номланган ибодатимиз, иншааллоҳ, бизга ўзининг битмас туганмас фойдалари билан ёрдам кўрсатади. Эътикоф ҳам рўза каби қалбнинг қалқонидир.

Дунё шу даражада тезлашиб кетганки, кўз очиб-юмгунча бир кунимиз, ҳафтамиз, ой ва йилларимиз бизни ташлаб кетмоқда. Баъзан ўзи бугун нима ишларимга улгурдим, деб ўйлаб қоламиз. Кексаларимиз айтганидек, дунё ишларимиз ҳеч адо бўлмайди. Ҳаттоки уйидаги ишлар билангина банд бўлган уй бекаларимиз ҳам, уйининг ишларини ҳеч тугата олмаётганидан шикоятда бўладилар. Юқоридаги гапларни келтиришимиздан мақсад шуки, биз шу қадар банд бўлиб қолганмизки, Аллоҳ таоло билан ёлғиз қолиб, хотиржам охиратимиз хусусида тафаккур қилишга ҳам вақтимиз йўқ.

Бизнинг динимиз роҳибликни асло тарғиб этмайди, аксинча, мусулмонлар доимо бир-бирлари билан алоқада, жам бўлиб яшашлари ва ибодатларини ҳам биргаликда қилишларига чақиради. Лекин баъзида инсон ўзининг қилган ишларини сарҳисоб қилиш учун ҳам узлатга чекиниши фойдадан холи эмас, чунки бу анбиёлар суннатидир. Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига ҳам турли кўринишлардаги эътикофларни насиб этган.

Мусо алайҳиссалом Тур тоғида, Муҳаммад алайҳиссалом Ҳиро ғорида, Юнус алайҳиссалом эса балиқнинг қорнида ўз Роббиларига ёлғиз ҳолда ибодат қилдилар, тафаккурга чўмдилар. Эътикофда инсон ҳам рўзадор бўлади, ҳам Аллоҳ зикри билан банд бўлади ҳамда нафс талаб қилган нарсалардан узоқда бўлади. Эътикофда ўтириш билан инсон нималарни қўлга киритади?

Қуйида бир қанчасини келтириб ўтамиз, булар эса фақатгина биз кўра олганимиз, холос, буюк ҳикмат эгаси бўлган Роббимиз эътикофнинг ичига яна қандай сирларни жойлаштиргани Унинг ўзига маълум.

  1. Эътикофда ўтирган инсон рўзасини гўзал шаклда тутади.
  2.  Рўзанинг савобини кетказадиган беҳуда ва ножоиз сўзлар ва амаллардан тийилади. 3. Эътикофни кечалари бедор ҳолда ўтказгани учун, иншааллоҳ, охирги ўн кунликка яширинган қадр кечасини топиш имконига эга бўлади. 4. Эътикоф аслида савобли амал, унинг рамазон ойида бажарилиши эса шу савобларнинг янада кўп бўлишига сабаб бўлади. 5. Ўзини ва нафсини яхши ишларга кўниктиради. 6. Аллоҳ учун ибодатга ажраб чиқиб, пайғамбарлар суннатини адо этган бўлади.

7. Ўзини ўзи сарҳисоб қилиб олади, агар ҳар ойда бир марта эътикоф ўтирса, бир ойлик ишларини, йилда бир марта ўтирса, йиллик амалларини ҳисоб-китоб қилиб олишга эришади. Яъни шунча вақт мобайнида қандай яхши амаллар қилдим, қандай гуноҳларга йўл қўйдим. Яхши ишларимни холис Аллоҳ учун қилдимми ёки... Гуноҳлар қилдим, уларнинг кетидан ювилиб кетиши учун савобли иш қилдимми, ёки чин тавбамни қилдимми, ёки аксинча инсонлигимга бориб унутиб юбордимми?! 8. Қайси амалларни бажаришда оқсаяпти, шу жиҳатларни ўрганиб муолажа қилиб чиқади. 9. Қуръон ва ҳадисларни тафаккур билан ўқиш имкониятини қўлга киритади.

Энди эътикофнинг таърифи билан танишиб олсак

«Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» маъноларини ифода қилади.

Шариатда эса «Рўзадорнинг жамоат масжидида эътикоф нияти ила қолишидир».

Эътикофнинг шариатда мавжуд эканига Қуръон, суннат ва ижмоъ далолат килади.

Аллоҳ таоло: «Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, эътикоф ўтирувчилар ва рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар» деб амр қилдик».

«Бақара» сурасидаги ушбу оятда Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларга берган амри ҳақида хабар бермоқда. Байтуллоҳни неча тоифа ибодат қилувчилар учун поклашлари лозимлиги айтилмоқда. Ана ўша ибодат қилувчи тоифалар ичида эътикоф ўтирувчилар ҳам зикр қилинмоқда.

Демак, эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодатдир. Демак, эътикоф Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан, қадим замонлардан буён бор.

Яна Аллоҳ таоло: «Ва у(аёл)ларга масжидларда эътикоф ўтирганингизда яқинлик қилманг», деган (Бақара: 187).

Бу эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига яна бир далил. Эътикоф ўтирган шахс ўз жуфти ҳалоли ила жинсий яқинлик қилмаслиги керак ва эътикоф ибодати масжидда адо этилиши лозим. Эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига ушбу оятлар далилдир.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا زَوْجِ النَّبِيِّ : أَنَّ النَّبِيَّ  كَانَ يَعْتَكِفُ الْعَشْرَ اْلأَوَاخِرَ مِنْ رَمَضَانَ حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ ثُمَّ اعْتَكَفَ أَزْوَاجُهُ مِنْ بَعْدِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у кишини вафот эттиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у Зотдан кейин, завжалари ўтиришди». Бешовлари ривоят қилишган.

Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади: 1. Вожиб. Бунга назр қилинган эътикоф киради. 2. Суннати муаккада. Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради. 3. Мустаҳаб.

Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради. Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб, у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узилишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.

Унинг ози бир кундир. Аммо имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи: «Эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади», деганлар ва шунга фатво берилган. Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради. Худди нафл рўзани бузган одам қазосини тутиши вожиб бўлганга ўхшаб. Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди.

Инсон ҳожатлари деганда катта ва кичик таҳорат ушатиш, нажосатни кетказиш ва жунубликдан ғусл қилиш каби ишлар кўзда тутилади. Мазкур ишларни қилиб бўлиши билан дарҳол эътикоф ўтирган жойига қайтади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ  إِذَا اعْتَكَفَ لاَ يَدْخُلُ الْبَيْتَ إِلاَّ لِحَاجَةِ اْلإِنْسَانِ. رَوَاهُ مَالِكٌ. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар, инсон ҳожатидан бошқа нарса учун уйга кирмас эдилар». Молик ривоят қилган.

Уламоларимиз: «Жума ўқиладиган масжидда эътикоф ўтириш афзал», дейдилар.

Агар узрсиз маълум вақтга чиқса, эътикофи бузилади. Шунингдек, ғарқ бўлаётган ёки ёнаётган нарсани қутқариш каби фавқулода ҳолатларда, шунингдек, бемор кўриш, жанозада қатнашиш, гувоҳлик бериш каби ишлар учун чиқса ҳам эътикофи бузилади ва қазо лозим бўлади.

У, эътикоф ўтирган масжидида еб-ичиши, ухлаши, савдо молини масжидга келтирмасдан, олди-сотди қилиши мумкин. Бошқа кишига бу ишларни масжидда қилиш мумкин эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирганларида шундай қилганлар ва бу ҳожатларни масжиддан чиқмасдан бажариш мумкин. У жим ўтирмайди. Фақатгина хайрли нарсаларни гапиради.

Эътикоф ўтирган одам оғзига мум солингандек жим ўтириши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Эътикофдаги киши, намоз ўқиш, тиловат, зикр, ҳадис ўқиш, илм ўрганиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва бошқа Пайғамбарларнинг сийратларини, аҳли солиҳлар ҳақидаги хабарларни ўрганиш билан машғул бўлади.

Агар кечаси ёки унутиб бўлса ҳам, жинсий алоқа қилиш эътикофни бузади. Шунингдек, фарждан бошқа ерга жинсий алоқа қилиш, ўпиш, ушлаш туфайли маний нозил қилса ҳам, эътикоф бузилади. Чунки эътикоф ҳам худди намоздек нарса. Мазкур нарсаларнинг барчаси намозни бузади. Аммо нозил қилмаса, мазкур ишлар ўзи ҳаром бўлса ҳам, эътикоф бузилмайди. Аёл киши уйида эътикоф ўтиради.

Яъни уйидаги намоз ўқийдиган ерида. Чунки аёл киши учун энг қулай жой ўшадир. Агар бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунларнинг кечаларини ҳам ўтириш лозим бўлади.

Шунингдек, бир неча кеча эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кечаларнинг кундузларини ҳам ўтириш лозим бўлади. Бунда шарт қилмаган бўлса ҳам, кетма-кет ўтирилади. Икки кунни назр қилган бўлса, икки кундуз ва икки кеча ўтиради. Наҳорнинг ўзини ният қилиш жоиз.

Эътикофнинг шартлари 1. Мусулмон, ақлли ва балоғатга етган бўлиши. 2. Ният. 3. Масжидда бўлиши. 4. Жанобат, ҳайз ва нифос қонларидан тоза бўлиш.

Эътикоф килган одамга мустаҳаб бўлган нарсалар 1. Намоз ва Куръон тиловати каби тоат-ибодатларни мўл қилиш. 2. Фойдасиз бўлган сўзлардан, жанжал, тортишув ва сўкинишдан сақланиш. 3. Масжид ичидаги бир ердан ажралмаслиги. Имом Муслим розияллоҳу анҳу Нофеъ розияллоҳу анҳудан қуйидаги сўзларни нақл қилди. Нофеъ деди: «Ибн Умар менга масжиддаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф қилган ерни кўрсатди».

Эътикофдаги одамга мубоҳ (рухсатли) бўлган нарсалар 1. Зарурий эҳтиёж учунгина ташқарига чиқиш. Ойша розияллоҳу анҳо дедилар: «Касални зиёрат қилмаслик, жанозада иштирок этмаслик, хотинларга қўл теккизмаслик ва улар билан қовушмаслик, зарурий эҳтиёжи учунгина ташқарига чиқиш эътикофдаги одам учун суннатдир». Имом Абу Довуд ривояти. 2. Масжидда унинг тозалигига риоя қилиш билан бирга ейиш, ичиш ва ухлаш.

3. Эҳтиёжсиз сўзлаш ва бошқалар билан гаплашиш. 4. Сочни тараш, тирноқларни олиш, баданини тозалаш, чиройли кийимларни кийиш ва хушбўйланиш. Ойша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф қилган пайтларида, ҳужрага бошларини киритар ва мен бошларини ювар эдим (бошқа бир ривоятда: бошларини тарар эдим)» (Муттафакун алайх). 5. Эътикоф қилган еридан оиласини кузатиш учун чиқиш. София розияллоҳу анҳо расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай қилганларини ривоят қилганлар.

Мавзуга оид мақолалар
Ислом тинчлик дини         Ислом динини ниқоб қилиб, манфур ишларни амалга ошираётган мутаассиб кучлар давоми...

16:21 / 14.03.2017 4678
Исломда қариндошлик алоқаларини боғлаб туриш ҳар бир мусулмон учун вожиб қилинган. Бу алоқани узиш эса давоми...

19:31 / 12.11.2016 6232
Масаллиқлар 1 кичикроқ товуқ 3 ош қошиқ ўсимлик ёғи 1 ош қошиқ томат пастаси 100 гр майда угра 1 ош қошиқ давоми...

07:51 / 26.01.2017 3215