Рўза одоби
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўза ҳижратнинг иккинчи йилида қуйидаги оят билан фарз қилинди:

«Бу Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилингандир. Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса (яъни сафарда бўлмаса), рўзасини тутсин».

(Бақара сураси, 185-оят).

Еган таомига шукур қилиб юрувчи одам, сабр ила нафл рўза тутган одам билан баробардир. «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур».

(Зумар сураси, 10-оят).

Банданинг савоб тарозусида яхши хулқдан оғирроқ амал йўқдир. Унинг даражаси ҳатто намоз ва рўзанинг даражаси билан баробардир.

Рўза бир қалқондирким, у билан дўзаҳдан сақланилгай.

(Табароний «Кабир»да ва Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят этганлар).

Рўза оташдан қолқондир, рўза Маним учундир, унинг мукофотини Мен бергайман. Зеро, рўзадор емагини, ичмагини, нафсоний орзуларини фақат Мен учун тарк этгай, Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ учун мушк ҳидидан ҳам ёқимлироқдир.

(Бағавий (20), Табароний Башир ибн ал-Ҳассосийядан ривоят этганлар).

Ҳар кимсанинг аъзолари ҳаромдан, гуноҳлардан тийилмаса, Мен учун емак-ичмагини тарк этишига аҳамият бермагайман.

(Абу Нуайм Ибн Масъуддан ривоят этган).

Кечалари бедорлик билан ибодат қилгани ва кундузлари рўзадор юргани билан бошқа номақбул ишлардан сақланмаса, бедорлигу очу ташналикдан ўзга насибани қўлга кирита олмайди.

Ҳақиқий саёҳатчилар – булар рўзадорлардир. Рўза фақатгина ейиш-ичишдан сақланиш билан эмас, балки беҳуда, бемаъни ва ёмон сўзлардан сақланиш биландир. Агар бирор киши сени сўкса, сен унга: «Мен рўзадорман», деб узр айтгин.

Қийналиб нафл рўза тутгани билан Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилмайдиган кишининг савобидан рўзасиз бўлса-да, еган таомига шукур қилиб юрадиган кишининг савоби улуғдир.

Рўза киши қалбининг покланишига, унинг руҳий юксалишига ва жисмоний соғлом бўлишига сабаб бўладиган ибодатдир. Бундан ташқари, ким Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, Унинг розилигини истаб рўза тутса, гуноҳлари ювилиб, жаннатга киришига сабаб бўлади.

Исломда ибодатларни қилишдан мақсад уларнинг қуруқ суратлари ва шаклларини юзага чиқариш эмас, балки улардан кўзланган ҳикмат ва маъноларни рўёбга чиқариш ҳамдир. Шунинг учун мўмин кишини ўқиган намози фаҳш ва мункар ишлардан қайтармас экан, унинг учун ўқиган намозидан ҳеч қандай манфаат йўқ. Худди шунингдек, рўзаси давомида ёлғон гапиришни тарк қилмаган киши учун тутган рўзаси бефойдадир. Риё учун (хўжакўрсинга), «сумъа» учун (одамлар эшитсинга) бажарилган ҳажнинг ва шу мақсадда берилган закотнинг қабул қилинмаслиги ҳам шунга ўхшайди.

Абу Бакр Музаний дедилар: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бошқа саҳобалардан намози ёки рўзаси билан эмас, балки қалбидаги нарсаси ила устун бўлганди. Унинг қалбида Аллоҳга муҳаббат ва бандаларига насиҳат бор эди». 

Фузайл ибн Иёз айтдиларки: «Бизнинг назаримизда юксак мақомга эришганлар кўп намоз ўқиш ёхуд доим рўза тутиш билан бу даражага чиқмаганлар. Улар бизнингча, қалблар саховати, кўнгиллар мусаффолиги ва умматга яхшилик соғиниш билан шу даражага етганлар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Рамазон ойида иймон билан ва ажр умидида рўза тутса, унинг барча аввалги гуноҳлари мағфират этилади». (Бухорий ривоятлари).

Саид ибн Мусаййиб айтадилар: «Намоз ўқишни, рўза тутишни, ҳаж қилишни ёки жиҳодга чиқишни мақсад қилган банда бирон қаршиликка учраса, Аллоҳ таоло уни қилган ниятига эриштиради». Рўзадор мўмин бирор мусулмонни ғийбат қилмас экан, орқасидан унинг шаънига бўҳтон ёғдирмас экан, унга ҳеч бир азият етказмас экан, Аллоҳ уни ибодатда деб ҳисоблагай.

(Дайламий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят этган)

Ибн Ҳиббон, Дайламий, Ар-Рофий Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят этганлар. «Жаноби Ҳақ Инжилда Исо алайҳиссаломга шундай ваҳий этди: «Ё Исо! Бани Исроилга шуни хабар берким, Менинг ризом учун рўза тутган кимсанинг танига сиҳат бериб, унинг ажрини кўпайтиргайман».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бир ҳадиси қудсийда): «(Аллоҳ таоло айтадики,) инсоннинг барча амаллари ўзи учундир. Рўза бундан мустаснодир, у холис Мен учундир. Унинг мукофотини Мен бераман», деган», дедилар».

Умму Ҳоний айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Қайси бир мўмин бир кун оч қолса, ҳаромлардан сақланса ва мусулмонлар молини ноҳақ емаса, Аллоҳ таоло унга жаннат меваларини едиради», деб марҳамат қилдилар».

Эй одам фарзанди, ким ифторни вақтидан кечиктирмай, кун ботиши билан рўзасини очса, рўзадор бандаларим ичида ўша менга дўст ва яхшироқдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоятга кўра Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратимиз шундай деганлар: «Аллоҳ азза ва жалла буюрдики: «Қулларимнинг ичида Менга энг севимлиси қуёш ботган заҳоти ифторга шошилган кимсадир».

(Аҳмад ибн Ҳанбал Термизийдан ривоят этган ва ҳадис ҳасандир, деган)

Мавзуга оид мақолалар
Ойижон, мен, албатта, бу йил рўза тутаман, деди. Жамол ўз онасига Рамазондан бир кун олдин. Сен эндигина 6 га давоми...

18:28 / 28.12.2016 2953
Аёлнинг либоси отасининг тарбияси, онасининг эътибори, акасининг рашки, эрининг ҳамиятини кўрсатади. Аммо давоми...

16:04 / 06.09.2017 6229
Ҳадиси қудсий «Эй, Одам фарзанди Ўлим сирларингни очади. Қиёмат хабарларингни синайди. Азоб ёпганларингни давоми...

15:56 / 28.12.2016 3766
Бу сура Қуръони Каримдаги энг қисқа суралардан. Ундаги сўзлар сони 10 та. Ундаги биринчи оят 10 та ҳарфдан давоми...

21:10 / 25.06.2023 2647