Мактублар: 04. Ким айбдор - Учинчи мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

КИМ АЙБДОР?! (Учинчи мактуб)

Сохта билимдонлардан эҳтиёт бўлинг.  Улар билимсизлардан кўра хавфлироқдир.

Бернард ШОУ

Ассалому алайкум, Бегим! Соғлиғингиз, ишларингиз яхшими? Иккала полвонингиз, айниқса, кичкинтойингиз яхшими?  Тирикчилик ташвишлари сизни толиқтириб қўймаяптими? Ўзим бу ерда бўлганим билан, хаёлим фақат сизда, болаларда. Нимадир есам, сизлар нима еган экансиз, ош-овқатдан қийналиб қолмадингизмикин, дея ўйлайвераман... Кунлар совуқ эмасми, ҳаво сал ўзгарса, ишқилиб, кўчага қалинроқ кийимда чиқишган бўлсин-да, шамоллаб қолишмаса бўлгани, деган хаёл миямга урилаверади. Мендан, йўғ-е, биздан сўрасангиз, ҳаммаси яхши!  Бугунги мактубимни ҳазин оҳангда бошлаганимни сезиб тургандирсиз? Сабаби, кайфиятим йўқ... Йўқ-йўқ, сиз асло хавотир олманг, бу саломатлигим билан боғлиқ эмас! Худога шукр, менинг ҳам, унинг ҳам соғлиғимиз яхши. Муаммо шундаки... бугун биз билан битта палатада ётган Солиҳахон жарроҳлик йўли билан туғди. Буям етмагандай... Энди у бошқа фарзанд кўролмайди. Иккита қизи бор экан. Учинчиси ўғил бўлди. Кимдир: «Жон десин, учта фарзанди бор экан-ку!» деб ўйлаши мумкин. Йўқ, муаммо бунда эмас. Гап шундаки, турмуш ўртоғи оилада ёлғиз фарзанд экан. Ҳаётда онасидан эрта айрилиб, етимликнинг тошдек қаттиқ нонини еб катта бўлган, отаси эса ичкиликка берилиб кетиб, ўз оталик бурчини унутган, шундан она сути оғзидан кетмасидан, суяги қотмасидан туриб суянчиқсиз қолган, боши тошларга урила-урила, оёқлари қоқила-қоқила йўлини топган экан...  Ҳамиша: «Катта бўлсам, яхши инсон бўламан!» деган орзу билан яшаган, улғайгач эса: «Оила қурсам, яхши турмуш ўртоғи ва меҳрибон ота бўламан. Фарзандларим кў-ў-ўп бўлади. Токи улар менингдек ёлғизликда, забунликда, муҳтожликда яшашмасин... Турмуш йўлларида бир-бирига елкадош бўладиган оға-инилар, бир-бирининг ҳолидан хабар оладиган опа-сингиллар бўлишсин...» дея эзгу ниятлар қилар экан. Уйлангач, аҳдига содиқ ҳолда аёлини ардоқлаб, авайлаб яшай бошлабди.  Биринчи қизлари туғилганда орзулари ушалган отанинг шодликдан боши кўкка етибди. Иккинчиси туғилгач, аёли яна қиз эканини билиб, «Турмуш ўртоғимни хафа қиладиган бўлдим!..» дея роса йиғлабди. Суюнчи улашаётган ота эса бу галги фарзандининг ҳам қиз эканини эшитгач, қайтадан суюнчи тарқата бошлабди. Ҳаётларида ҳали бундай воқеага гувоҳ бўлмаган дўхтирларнинг ҳайратдан оғизлари ланг очилиб қолибди. Сўнгра: «Сиз бизни нотўғри тушундингиз, шекилли, хотинингиз ўғил эмас, қиз туққан...», дейишибди нафасларини ютиб. У эса: «Нимаси ёмон? Қиз бола фарзанд эмасми? Берганига шукр! Қизим битта эди, иккита бўлди. Энди улар ёлғиз эмас!» дея жавоб берибди.  Бундан таъсирланган шифокорлар бу олийжаноб ОТАни хотинининг ёнига олиб киришибди. Йиғидан кўзлари қизариб кетган аёлига нигоҳ ташлагач, ҳаммасини англаб: «Мен билан шунча яшаб, ким эканимни ҳалиям билмаган экансан-да... Ҳали-ку иккита экан, ўнта қизим бўлса ҳам, Худонинг тақдирига исён қилмайман. Бу сенинг ёки менинг қўлимиздаги иш эмас. Мени рози бўлсин десанг, ўзингни қўлга ол-да, гўдакка меҳр билан қара!..» дея чиқиб кетибди.  Тақдирнинг ҳукмини кўрингки, сабр ва шукр қилгани боис, учинчи фарзандлари ўғил туғилди. Фақат... Солиҳахоннинг раҳми олиб ташлангани ёмон бўлди... Бахтга қарши, ўша куни турмуш ўртоғи навбатчиликда экан. То навбатчилигини топшириб етиб келаман дегунча, «қўли енгил» дўхтирлар ҳаммаёқни саранжомлаб бўлишган...  Қани Гиппократ қасамёдини ичиб, эгнига шифокорликнинг оппоқ либосини кийган дўхтирнинг аҳдига садоқати? Қани «Оқ либосимга доғ туширмаган ҳолда қасамимга содиқ қоламан!» дея берилган ваъдаларга вафо?!. Ёхуд ҳунарнинг, мартабанинг билим билан эмас, «соққа» билан эгалланганининг касофатими бу?  Ёки бўлмаса, бу «Эчкига жон, қассобга мол қайғуси» дейилган мақолнинг ҳаётдаги кўринишими? Хўш, ким айбдор? ...Иккита боласини ўзи туққан соғлом аёл учинчисини ҳам бемалол туға оларди. Унга ҳеч қандай жарроҳликнинг кераги йўқ эди. Тонготарда биз билан шодон хайрлашиб чиқиб кетган Солиҳахон икки соат ўтар-ўтмай, операция қилингани ва биратўла раҳмидан ҳам айрилгани ҳақидаги совуқ хабарни эшитгач, тош қотиб қолдик. Аслида, ҳали туғруқнинг вақт-соати етмаганини, дўхтирнинг айби билан шошқалоқликка йўл қўйилганини биз барчамиз билиб турардик... Лекин додимизни ким ҳам эшитарди?!. Амалиёт пайтида қонтомирга тиғ тегиб кетгани учун кучли қон йўқотиш бошланган. Кейин эса ўзга чоралари қолмаган... Солиҳахоннинг маъюс ҳолда: «Кумушбиби! Ҳечам туғруқ хонасига киргим келмаяпти-да! Ҳали дарднинг «Д»сидан ҳам дарак йўқ-ку? Аввалги иккитамда оғриқ бошланганидан сўнг анча вақт ўтиб, туғруқ хонасига олинган ва осонгина қутулган эдим. Қўрқиб кетяпман, қанақа қилиб дардсиз туғиш мумкин? Дўхтиримга шундай десам, «Менга кўп ўқитманг, бу ерда ўзи ким шифокор?! Беморлар жа ҳаддиларидан ошиб кетишяпти! Индамасанг, профессорлик даъво қилишданам тоймайди булар! Менинг ишларимга аралашгандан кўра, эрингиз етиб келадими-йўқми, шундан гапиринг?» дея жаҳл қилди. Дард бўлмаса ҳам, туғишга тайёр эмишман. Битта укол ҳаммасини ҳал қилар эмиш!..» дея менга илтижоли термулгани кўз олдимдан кетмай қолди... Амалиёт муваффақиятсиз тугагач, «Сизни кутиб, вақтни йўқотдик!» дея виждонсизларча айбни беморнинг эрига ағдаришибди! Бежизга «Чала табиб жондан айиради», дея нақл қилинмаган экан-да... Кечаги мактубимда бир чорасиз қолган аёлнинг дардига малҳам бўлолган дўхтирга нисбатан қалбимда қанчалар юксак муҳаббат ҳисси уйғонганини ёзган эдим. Бугунги «чала» шифокордан эса шунчалик нафратландим!  Эри атиги бир соатгина кеч қолди. Етиб келгач, шумхабарни эшитиб: «Нега? Нима учун? Кимнинг розилиги билан бу ишга қўл урдинглар?! Кечагина хотиним ҳам, ҳомилаям соппа-соғлом эди-ку?!» дея тўполон кўтарди. Ҳатто туғруқхона эшикларини тепиб ташлади...  Қақшаб қолган аламзада отанинг фарёдини ўша лаҳзаларда бир эшитсангиз эди!.. Юрак-бағрим пора-пора бўлди... Бошимни адёлга буркаб олганча юм-юм йиғладим... Ахир, биз Солиҳахон билан худди опа-сингилдек яқин бўлиб қолган эдик... Хайриятки, ўзи ҳамда боласи омон қолибди!.. Менга таскин бераётган биргина нарса ҳам шу...

* * *

Ҳар хил қўрқинчли воқеаларни ёзиб, сизнинг ҳам бошингизни оғритиб қўйдимми? Нима қилай, бунча дард, бунча алам бир ўзимга оғирлик қилади, ким биландир бўлишишим керак-ку, ахир. Ана шу сирдош, яқин инсоним фақат сиз бўлишингизни истайман. Менинг дардларимни сиздан бошқа яна ким ҳам тинглар, ҳис қила оларди?.. «Дунёга келиб шунча нарсани кўрдим, лекин ҳали-ҳануз ИНСОНни қидираман...» деганида Диоген қанчалар ҳақ эди! Унинг аччиқ ҳақиқатдан иборат ана шу сўзларини йирик-йирик ҳарфлар билан ИНСОН деган мукаррам номга нолойиқ ҳолда яшаётганларнинг нигоҳлари тушадиган ерга ёзиб қўйгим келяпти! Ўша дўхтир операция столида қиймалаётганини бир БЕГОНА деб эмас, ўзимнинг яқин кимимдир деб билганида, ҳис қилолганида, балки бугун бир ОНА бахтсизликка юз тутмаган, бир ОТАнинг юрагида яшаётган осмон қадар улкан орзулари чок-чокидан сўкилмаган, кўзларидан аччиқ-аччиқ армон ёшлари тўкилмаган бўлармиди?!.

* * * Хайрлашадиган пайт ҳам бўлиб қолибди... Юрагингизни сиққаним учун узр сўрайман. Тўртинчи мактубим орқали кўришгунча, омон бўлинг!

Кумушингиз 2012 йил.

   
Мавзуга оид мақолалар
Кўчада кўзларингизга чанг ёки кичик зарра тушса, асло қўлларингиз билан ишқаламангҚўллар кир бўлса, давоми...

21:20 / 27.08.2023 1417
 Ўзингни шунчалар айладингми хор Инсонда бўлмасми виждон, номус, ор Ёруғлик турганда зулматда не бор  Не давоми...

21:31 / 15.11.2016 3611
1 Абу Дардо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади «Албатта сизлар Қиёмат давоми...

11:57 / 24.10.2016 19456
Туркиянинг курортшаҳри ва университет маркази саналмиш Бодрум масжидининг имоми томонидан тарихий давоми...

06:37 / 30.12.2016 2637