Мактублар: 03. Туғадиган ким - Иккинчи мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ТУҒАДИГАН КИМ

ТУҒАДИГАН КИМ? (Иккинчи мактуб)

ОИЛА фарзандлардан бошланади.

Александр ГЕРЦЕН

Ассалому алайкум, дадаларнинг энг яхшиси! Соғ-омонмисиз? Турмуш ташвишлари билан бўлиб, бизни унутиб қўйганингиз йўқми? Унутиб ҳам кўринг-чи! Бу, эрталаб ишга кетаётиб, иссиққина овқат чиқариб юборганингиздан маълум. Суюнчингизни ҳам олдим, раҳмат! Лекин са-ал “чўғи” камроқми? Майли, “Оз бўлсаям баракасини берсин!” деймиз-да. Мабодо, кўнглингизга тегадиган гаплар айтган бўлсам, узр сўрайман. Айбимни ювиш мақсадида сизга “сюрприз” қилмоқчиман. Ҳой, хаёлларга берилмай қўяқолинг, “сюрприз”им “кир ювадиғон мошина”ям, “рангли дилбузар” ҳам эмас! Яъни туғруқхонада содир бўлган энг ичакузди ҳангомалардан сизни бохабар қилмоқчиман. Шу десангиз, кеча бир ёшгина келинчакни келтиришганди. Бирор хонадоннинг арзандаси бўлса керак, эрка-тантиқроқ ўсгани юз-кўзидан, хатти-ҳаракатларидан шундоқ кўриниб турибди. Муомаланиям “синдираркан”, ким савол сўраса, осмондан тушгандай қарс-қурс жавобларни беради, денг.  Хуллас, туғруққа тайёрлаётган дўхтирларни салкам жинни қилаёзибди. Кутилмаганда қаватимизда бирдан югур-югур бошланди. Туғруққача тайёргарлик бўлимида ётган аёллар йўлакка чиқиб олишган. Ичкаридан эшитилаётган қий-чув тўполон овозига тушунолмай лол бўлиб турсак, рангги докадай оқариб, ҳамшира чиқиб келди. Ўтиш йўлагида воқеанинг ривожини кутиб туришган аёлларнинг довдираб келаётган ҳамширани худди йўлтўсарлардек ўраб олиб, баравар савол ёғдира кетганларини кўриб, кулгим қистади. Четдан қараган одамга аёлларнинг бу ҳолати айнан хорижлик журналистларни эслатиб юборади. Улар шов-шувли воқеаларни ўз газеталарида ҳаммадан биринчи бўлиб ёритиш мақсадида жон бериб ишлайдилар. Фақат шифохонадаги аёлларнинг фарқи, қўлларида микрофон, диктофон ва суратга тушириш аппаратининг йўқлигида! Яна битта фарқи, елиб-югуриб ишлайдиган мухбирлар сал “ихчамроқ” бўлишади...  “Қуршов”да қолган ҳамшира дудуқлана-дудуқлана нима дейди, денг? – Ўзи шу бугун ишга келмасам бўларкан. Бунақа бўлишини билганимда бошқа биров билан ўрин алмашиб олардим. Одам деганам шунақа бўладими? Ота-онаси қанақа тарбия берган унга, ҳайронман! Қизларини шоша-пиша узатишни билишади-ю, аввал ҳаётга тайёрми-йўқлигини ҳисобга олишмайди. Асабийлашганимга қон босимим ошди-ёв... – Нима бўлди, тушунтириб гапирсангиз-чи? – қизиқувчанлиги билан орамизда танилиб қолган Заҳро гапга аралашди.  – Нима бўларди, билагига уланган осма укол нинасини юлиб отворди-да, югуриб деразанинг олдига борди. Қўрқиб кетганимиздан ўтакамиз ёрилаёзди. Тағин иккинчи қаватда бўлсак! Яхшиям, ҳаво совуқ. Қуёш йўқлиги учун деразалар ёпиқ. Ҳай-ҳайлашиб, зўрға тинчлантирдик, – бўғилди ҳамшира. – Ҳозир аҳволи яхшими? – дея, хавотирланганимдан гапга аралашганимни билмай қолдим. Ахир, учинчи бор туғруқхонага тушган бўлсам ҳам, бунақасини илк бор эшитяпман-да! – Хайрият, сал тинчиди. Тепасида беш киши парвона бўлиб ўтирибди, тўғрироғи, қўриқчи бўлиб, – деганча аёл “тўсиқ”ни ёриб ўтмоққа уринди. Аммо уни осонликча қўйиб юборадиган аҳмоқ бор эканми? У ҳолда, зерикаётган аёлларни яна ким “қайноқ” янгиликлардан бохабар қилади? – Тағин нима дейди, денг? – амаллаб аёлларни ёриб ўтганча менга томон одимлади ҳамшира. – Нима дейди? – ҳар галгидек Заҳронинг қизиқиши ҳамманикидан устун келди.  “Ким туғса-туғаверсин, аммо мен туғмайман, уйимга кетаман!” дея йиғлаб ётибди. Шунга пастдан уйидагиларини чақиришга кетяпман... – шундай деди-ю, ҳамшира бир амаллаб биздан йироқлашишга муваффақ бўлди. У кетиши билан “маҳаллий мухбирлар” ўртасида муҳокама бошланиб кетди: – Бу келинга нима бўлган ўзи? Ҳомиладор у бўлса, унинг боласини ким туғиши керак экан? – Э-э, ёш бўлганидан кейин оғзига келганини гапираверади-да! – Ҳа-а, ОНА бўлиш осон эканми? Шунинг учун ҳам “Аёлнинг жони қирқта!” дейилган-да! Орадан сал ўтмай, елкасига оқ халат ташлаган йигит билан ўрта ёшлардаги бир аёл ҳовлиққанча чиқиб келишди. Онаси билан турмуш ўртоғи шекилли. Ёки қайнонасимикин?  Тўпланган хотинларга яхши мавзу топилди. Энди улар воқеа ечимининг тагига етмасдан туриб, “мухбирлик” қолиб, “изқуварлик”дан асло воз кечишмайди, дея ўйладим. Айтганимдек, пешинги муолажалариям эсларидан чиққан кўринади, навбатчи ҳамшира уларни бирма-бир зўрға чақириб олди.  Э-э, буниси ҳолва! Буларни қўя турайлик, энди гапни бошқа ёқдан эшитинг. Ўтган куни ажойиб ва ғаройиб ҳолат рўй берди. Учинчи қаватда даволанишга ётган келинчакнинг бир “куйдирги” эри бор экан. На хотинининг ҳолидан тузук-қуруқ хабар оларкан, на келганида яхши муомала қиларкан. Эри келиб-кетганидан кейин шўрлик палатага кириб олиб, роса йиғларкан. Бир куни аёлнинг қон босими кўтарилиб кетибди. Дўхтир сабабини билишга уринибди. Ноилож қолган жувон жонидан ўтиб кетгани учун бор гапни дўхтирига айтиб беришга мажбур бўлибди.  “Шунақами? Ҳали у номард жони қил устида турган ҳомиладор аёл билан ҳазиллашишга журъат қиляптими? Худо кўрсатмасин, эртага болангизга бир нарса бўлса, ўзининг айбдор эканини тан олармикин, ёки яна бор айбни бизга ёки сизга ағдариб, ўзи сувдан қуруқ чиқиб турармикин? Шошмай турсин, мен унга ҳомиладор аёлга қандай муомала қилиш кераклигини ўргатиб қўяман! Ўша бетайин эрингиз келганида секингина мени чақиринг. Ўзим боплайман!” дебди дўхтир. У келгач, гапни узоқдан бошлабди: “Баъзи бир номард оталар бор. Хотини туғаётган паллада иложи бўлса, туғруқхонагаям келмайди. Укам, сиз жуда мард экансиз. Мана, ҳар куни келиб, далда бўляпсиз. Хабарингиз бор, хотинингизнинг қон босими тез-тез ошиб турибди. Бу туғруққа жиддий хавф солади. Ўзингиз бир намуна кўрсатиб, то гўдак дунёга келгунигача хотинингизнинг ёнида турсангиз!” дея бир амаллаб, авраб кўндирибди.  Эртасига аёл туғруқ хонасига олинибди. Хотинининг олдига “қўриқчи” бўлиб эр ҳам киритилибди. Бир маҳал хотинининг бошидан ўтаётган оғир ва даҳшатли жараёнларни, жон талашиб чинқиришларини кўрган эрнинг мазаси қочиб, “шилқ” этиб ҳушидан кетиб қолибди! Шўрлик дўхтирлар туғаётган аёл бу ёқда қолиб, ҳушдан кетган эрни ўзига келтириш учун югуришга тушибди.  Тавба қилдим, туғадиган хотини, ҳушдан кетган эри бўлса-я? Юракдан ҳам берган экан-да! Ана сизга, баъзи “муҳтарам” эркакларнинг асл башараси!.. Зора шу “тарсаки”дан сўнг хотинининг қадрига етадиган бўлса, дея ўйладим. Ўша дўхтирни кўрмаган бўлсам-да, унга нисбатан қалбимда чуқур ҳурмат ҳисси уйғонди. Кошки, кошки ҳамма унга ўхшаса, ўхшай олса!.. Ўша аёл дўхтир бўлса бордир, бу муҳим эмас, асосийси, у – ҳақиқий ва мард ИНСОН!  Биласизми, нимани ўйлаб қўйдим? Худо хоҳласа, то уйга кетгунимгача ўша шифокор билан бир бор бўлсин кўришиб, қалбимда ғунчалаган туйғуларимни изҳор қилишга ҳаракат қиламан. Шунақа гаплар... Беморлар муолажадан аввал кўпроқ МЕҲРга муҳтождирлар! Баъзи пайтларда “Нимага шифокорликка ўқимаган эканман-а?” дея ўйлаб қоламан. Аммо... муолажадан қўрқаман-да!  Бўпти, қолган гапларни кейин ёзаман. Кечки муолажаларим бошланиб қолди. Учинчи мактуб орқали кўришгунча, хайр! Ҳа, айтганча, мактубларимни йўқотманг. Эсон-омон уйга борсам, биргаликда қайта ўқиб, “Ўткан кунлар”ни эслаймиз.

 

Кумушингиз   2012 йил.

   
Мавзуга оид мақолалар
«Улар Ғайбга иймон келтирурлар, намоз ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар». Бақара давоми...

12:32 / 29.11.2016 3965
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Муҳаммад деб ким исм қўйган            Жавоб Расулуллоҳ давоми...

12:25 / 27.11.2017 2993
Ўн саккизинчи кун... Ассалому алайкум Мана бугун Рамазоннинг ўн саккизинчи куни Кеча бозордан қайтгач давоми...

17:59 / 14.06.2017 2984
Бисмилаҳир Роҳманир Роҳим Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бугунги саййидул айём давоми...

22:13 / 13.12.2016 26064