Қуръон билан безалган болалик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҚУРЪОН БИЛАН БЕЗАЛГАН БОЛАЛИК

   Қишлоқдаги оилалардан бирида қиз фарзанд дунёга келди. Ота-онаси унга Мубина деб исм қўйишди. Қайсики оилада фарзанд туғиларкан, шу оила ҳаёти қувончга тўлади. Уларнинг ҳам қувончлари чексиз эди.

Оналик бахтига муяссар бўлган Мадина гўдакни қўлига олди-ю, йиғлаб юборди. Чунки унинг кўзлари оқ парда билан тўсилган эди...

Текширувлар чақалоқнинг бир кўзи кўрмаслигини, иккинчиси эса хира кўришини аниқлади.

Қувончи ўрнини маҳзунлик эгаллаган Мадина қизининг кўзларига шифо сўраб, тунлари Аллоҳга ёлворди. Она қизининг кўзлари сабаб ўксинишини хоҳламас, у Қуръон билан азиз бўлишини, яъни ёд олиб қория бўлишини истарди. Чунки Қуръон – шифодир. Мақсадига етишида эса анча машаққатлар борлигини ҳам яхши биларди.

Аллоҳнинг инояти ила аёл қизига дастлаб Қуръонни оғзаки ёдлата бошлади. Сўнг қийинчиликларга қарамай, араб ҳарфларини ўргатди ва қизини катта ёзувли Қуръонда ўқита бошлади.

Онаизор ҳар куни саҳарлаб қизини уйғотар, Қуръон ўқиш вақтларини тайин қилиб, ўзи бирга ўтириб ёдлатар эди. Тиним билмай Қуръон ёдлаётган набирасини кўрган бобоси ҳамда бувиси унинг кўзларидан хавотирланиб, шифокорга кўрсатиш кераклигини айтишди.

Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳнинг Каломи Қуръон сабабли кўзларга бирор зиён етмаган эди. Она қизининг кўзларини даволатишни ўйларкан, имкони йўқлиги учун сабр қиларди. Шифокорлар фақатгина чет элда амалиёт йўли билан даволаш мумкинлигини айтишган.

Мубина мактабга чиқди. Қуръон билан зеҳнини очган қизалоқ мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиб, француз ва рус тилларини яхши ўзлаштира бошлади. У Қуръон ёдлашга шунчалар берилиб кетган эдики, мактабдан келибоқ Қуръонини бағрига босганча ёдлашни бошларди. У онасининг матонатли меҳнатлари ҳамда ўзининг тиришқоқлиги сабаб Мусҳафдан 10-12 бет бехато ёддан айта оладиган даражага етди.

Одатда болаларга Қуръон ёдлатишда рағбатлантириш учун мукофотлар берилади. Лекин Мубина мукофотлар учун эмас, Аллоҳдан кўзларига шифо сўраб, Қуръонни муҳаббат билан ёдлайди.

Унинг учун энг олий мукофот охиратда бўлади: болалик даврини Қуръон билан зийнатлагани учун Аллоҳ таоло ўз ваъдасига биноан қиёмат куни уни ўз сояси остига олади ва жаннатларда ота-онасига иззат тожини кийдиради, иншааллоҳ...

*   *   *

Мубинанинг онаси эса шундай дейди: Қуръони каримда: «Аллоҳ таоло кимни қандай яратишни хоҳласа, шундай яратади...» дейилган оятни ўқиб, қизимга: «Дунё икки кўз билан кўришга арзимайди. Дунёни кўриш ҳамда Қуръон ўқиш учун бир кўзнинг ўзи ҳам кифоя қилади. Чунки бу дунё ўткинчидир. Икки кўз билан кўришга лойиқ нарса – Аллоҳнинг жаннатлари ва Унинг жамолидир. Сен Қуръонни чиройли ўқигин, унга амал қилгин. Шунда бу олий мукофотларга лойиқ бўласан!» дедим.

Қизим сўзларимни тинглагач:«Аяжон, жаннатда бир бозор бор. Ўша бозорга кирсак, Аллоҳ бизни хоҳлаган суратимизга киритиб қўяди-а?» деди. Мен: «Албатта!» деб жавоб бердим. Шунда қизимнинг нигоҳларида шодлик порлаганини кўрдим...

Дуоларимда йиғлаб сўрайманки: «Аллоҳим! Мен Имом Бухорийнинг онасидек тақводор эмасман, лекин мен ҳам онаман... Фарзандларим ҳақларига қилган дуоларимни ижобатсиз қолдирма! Қизимнинг кўзларига шифо бер!..»

Бу билан инсонларнинг раҳмини келтирмоқчи эмасман. Менга Аллоҳнинг раҳми кифоя. Дунёда нуқсонли болалар кўп. Барча оналарга фарзандларининг шифо топганини кўриш насиб этсин.

Энг муҳими қалб кўзларимиз кўр бўлишидан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!.. Омин.

   

Муҳайё Муҳаммад ЮСУФ

 
Мавзуга оид мақолалар
Тозалик  барчамиз учун муҳим ўринда туради. Озодалигимизга ҳаммамиз эътиборли бўламиз. Аммо шундай давоми...

06:32 / 12.12.2016 5868
«Ҳилол нашр» Кореада Бугун 2016 йил 28 май куни Кореада «Air one» ширкати ходимлари ва ўзбек мухлислар давоми...

12:14 / 06.03.2017 3690
ТУШЛИККА НИМА ЕЙМИЗ ёхуд энг ҳалол аравакаш Ўн саккизинчи мактуб Тиланчининг тўрваси тўлмас Турк халқ давоми...

17:54 / 27.04.2017 3848