Меҳр-шавқат-саодатдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон қалби доимо меҳр-муҳаббатга муштоқ бўлади. У хоҳ кичик, хоҳ катта ёшда бўлсин, ўз яқинларининг, атрофдагиларнинг меҳрларидан руҳий қувват олади. Аллоҳ учун дўстлашиш, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлиш савобли амаллардандир.

Одамларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлиш савобли, гўзал ишлардан саналади. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар.Ўзаро бир-бирларингизга муҳаббат қўймагунингизча иймонли бўлмайсизлар. Сизларни, агар амал қилсангиз, ўзаро муҳаббат пайдо қиладиган ишга далолат қилайми? Саломни ораларингизда ёйинглар”(Имом Муслим ривоятлари).

Ҳадис шарҳида Имом Нававий: “Фақат ўзаро меҳр-муҳаббат сабабли ҳолингиз яхшиланади, иймонингиз комил бўлади”, дейдилар. Иймонимиз комил бўлиши, ҳолатимиз яхшиланиши меҳр-муҳаббат туфайливужудга келгани учун шунга ҳаракат қилишимиз керак.

Албатта, инсон меҳр-муҳаббат билан тирикдир.Одамларни бир-бирига яқинлаштирадиган гўзал хислатлар борки, улардан бири кечиримлилик, гина сақламаслик. Аллоҳ таоло Нур сурасининг 22-оятида: «... балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир», деб марҳамат қилган.

Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло шундай дейди: (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир...” (Шўро сураси, 40-оят).

Демак, инсон бошқаларнинг айбини афв қилиб кечирса, Аллоҳ таоло ҳам унинг гуноҳларини кечиради ва бу яхши амали учун уни мукофотлайди.

Афсуски, ҳозирда ҳаётимизда бир-бирлари билан аразлашиб, сўнг умуман кунлаб, ойлаб, ҳатто йиллаб гаплашмай юрадиган инсонларга гувоҳ бўлиб қоламиз. Албатта, бу гўзал ахлоқий муносабатларга зид ҳолат…

Абу Ҳирош Асламийдан ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:Ким биродари билан бир йил аразлашиб юрса, бу унинг қонини тўккан билан баробардир”, деганларини эшитган эканлар.

Узоқ муддат аразлашиб юриш инсон қонини тўкишдек оғир гуноҳ билан тенглаштирилган экан, бундан сақланиш лозим. Агар инсон бир инсондан аразлаб юрса, уни кўришни хоҳламайди, унинг дўстлари, яқинлари билан ҳам алоқани камайтиради. Доим қалбига ўша инсонга нисбатан ёмон ўй-фикрлар келаверади.

Динимизда банданинг ўзига хос заифликлари ҳисобга олиниб, уч кунгача аразлашишга рухсат берилган.Бундан ортиқ гина сақлаб, хафа бўлиб юриш ҳалол эмас.Бир йилгача ярашмай, аразлашиб юриш эса билиб туриб ҳаром ишда бардавом бўлиш демакдир. Бу ишда эҳтиёт бўлиш, аразлашган инсон билан тезроқ ярашиш чораларини излаб, буни амалга ошириш лозим.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир”, дедилар.

Мана шу икки кишининг қай бири аввал салом берса, шуниси яхшироғи бўлади. Бу инсон Аллоҳ таолога ҳам суюклироқ ва маҳбуброқдир

Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмондан уч кечадан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Икковлари уч кечадан ортиқ аразлашиб юрса ва шу ҳолда давом этишса, иккови ҳам ҳақдан четлаган бўлади. Улардан қай бири биринчи бўлиб (араздан) қайтса, бу унинг гуноҳларига каффоратдир. Агар улар аразлашган ҳолида вафот этса, икковлари ҳам жаннатга кирмайди”.

Агар мўмин-мусулмонлар аразлашиб қолишса, уч кундан ўтказмасдан ярашиб олишлари лозим бўлади.Акс ҳолда, икки томонга ҳам оғир оқибатлар етади. Аразлашиш ҳолати фақатгина дўстларда эмас, балки опа-сингиллар, ака-укалар ўртасида ҳам содир бўлиши мумкин. Бундай вақтларда нафақат ўзаро муносабатлар, балки оилавий муносабатларга ҳам путур етиши мумкин. Агар ака-укалар, опа-сингиллар қуда бўлишса, тақдир тақозоси билан фарзандларининг тақдир йўллари айро бўлса, бир-бирлари билан силаи раҳм алоқаларини узадилар, турли давраларда кўришишса ҳам, ҳатто бир-бирларига салом ҳам бермасликларининг гувоҳи бўлиб қоламиз. Ахир улар бир ота-она фарзандлари-ку. Барча ишни Аллоҳнинг тақдиридан деб билиб, бир-бирларидан гина сақламасдан, ўзаро муносабатларни ислоҳ қилишса, қандай ҳам гўзал иш бўлар эди.

Аллоҳ таоло: «Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир. Бас, уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларни эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир» (Муҳаммадсураси, 2223-оятлар). Яъни, яқин қариндошлар билан алоқани узганлардан Аллоҳ рози бўлмайди. Бу ишнингқанчалик гуноҳ эканини чуқур англаб етишимиз лозим ва ундан узоқ бўлишимиз керак.

Гина” ҳақида ўзбек халқида Яхшида гина бўлмас”, “Гина — адоватнинг қўшниси” каби мақоллар ҳам бор.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга ўтирганларида: “Ҳозир шу эшикдан жаннат аҳлидан бўлган киши кўринади!”дедилар. Бас, Саъд ибн Молик розияллоҳу анҳу кирдилар. У кишининг амалларини Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу кузатдилар. У киши биродарида ортиқча амални кўрмадилар. Сўнг Саъд ибн Моликдан бу ҳақда сўрадилар. У киши эса: “Ётарканман, қалбимда бирон кимсага нисбатан адоват бўлмайди”, деб жавоб бердилар.

Барчамиз Аллоҳ таолонинг розилигига эришишни, жаннатга киришни хоҳлаймиз. Бу мақсад сари интилиб, амалларимизни, муомаламизни гўзал қилишга уринамиз.Жаннат аҳлидан бўлишга сабаб бўладиган яна бир фазилат – қалбда ҳеч кимга нисбатан адоват, гина сақламаслик экан. Аслида гина сақласа, қалбда бир қора доғ пайдо бўлади. Уни ўз вақтида бартараф этмаса, қора доғ вақт ўтган сари бутун қалбни қорайтириб, гуноҳ ва маъсиятларни бажаришга мойил қилиб, кечиримлилик сифатларини ҳам буткул ўчиради. Қалбда бир инсонга нисбатан гина сақлаши аввал ана шу одамнинг ички оламини қийнайди, мана шу сабабли қалб хотиржам бўла олмайди. Аммо қатъият билан: “Агар уни кечирсам, Аллоҳ ҳам менинг гуноҳларимни кечирар”, деган ниятда кечирса, ўзи ҳам анча енгиллашади ва қалбини қийнаётган нарса ҳам уни буткул тарк этади. Ҳозирги кунда барча инсонлар бир-бирларини кечиришса, аразлашишмаса, гина сақлашмаса, меҳр-муҳаббат зиёда бўлади. Бунинг натижасида эса бутун жамият манфааткўради.

Демак, меҳр-шавқатли бўлайлик ва шу сабабли саодатга эришайлик. Инсоннинг юмшоқ қалбли, раҳм-шавқатли, кечиримли бўлмоғи нафақат ўзи учун, балки бошқалар учун ҳам фойдалидир. Бағритош инсонларни ҳеч ким хушламайди. Агар инсон меҳрибон бўлса, нафақат ўзи, балки барча инсонлар ўзаро ҳамжиҳат бўлиб, гўзал ҳаёт кечирадилар.

“Баҳор келса, тошдан бир нарса унарми?

Сен тупроқ бўлки, бағрингдан гуллар униб чиқсин!

Жалолиддин Румий

Инсонларга меҳр-муҳаббат, зиё улашувчи гўзал қалб эгалари бўлиш барчага насиб этсин!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

Ислом билим юрти мударрисаси

Жозиба Жамол қизи 

 

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Дин «Дин» сўзи «итоат, парҳез, эътиқод, ҳисоб, ишонч, мукофот, ҳукм, йўл тутиш» давоми...

12:01 / 21.04.2017 4182
ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙЛИК, ДЕСАК, ОНАЛАРИМИЗГА ЯХШИЛИК ҚИЛАЙЛИК Баъзан аҳли илмлардан «Қуръони давоми...

11:36 / 21.04.2017 4282
  Доктор Муҳйиддин ибн Муҳаммад Аввома   У ЗОТ ТАОЛОНИНГ «АЛЛОҲ ВА УНИНГ ФАРИШТАЛАРИ НАБИЙГА давоми...

08:37 / 27.02.2017 6491
gallery sizemedium linkfile ids9924,9925,9927,9928,9929,9736 Ҳожиларимизнинг сўнгги гуруҳи Макка шаҳрига йўл олдилар. Рўзадор ҳожилар давоми...

17:45 / 14.02.2017 3553