Сувайбани озод қилиш қиссаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сувайбани озод қилиш қиссаси10860263_1538460983069444_1254494089_o

 Ҳадис ва сийрат олимлари китобларида Абу Лаҳабга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилганликлари ҳақида хабар етиб келганда, хурсандлигидан Сувайба номли чўрисини озод қилгани ҳақидаги хабарларни зикр қилганлар. Яна улар шу қиссанинг давомида Аббос розияллоҳу анҳу тушида Абу Лаҳабни кўриб унадан аҳволини сўраганда у: «Вафот этганимдан кейин битта яхшиликка учрадим, холос. У ҳам бўлса Сувайбани озод қилганим учун ҳар душанба куни дўзахда менга чанқоғимни қолдириш учун сув берилади», деганини ривоят қилишган.

Бу хабарни Имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ» китобларида, Абдурраззоқ  Санъоний «Мусаннаф» китобида, Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий» китобида, Ибн Касир «Бидоя ва ниҳоя» китобида, Ҳофиз Байҳақий, Ибн Ҳишом, Ҳофиз Бағавий раҳматуллоҳи алайҳлар ҳам ўз китобиларида, ривоят қилганлар.

Бу ривоятни саҳиҳлиги ҳақида баьзилар ихтилоф қилган. Улар: «Кофир кишининг азоби енгиллатилмайди. Бу ривоят Қурьондаги оятнинг маъносига тескари», дейишган.

Келинг, «Абу Лаҳабнинг азоби енгиллатилмайди», деган олимларнинг сўзини келтириб, сўнг уни таҳлил қилиб чиқамиз.

* Бу ривоят кофир киши қилган солиҳ амали учун ажр олишини ифодалайди. Бу эса Аллоҳнинг Фурқон сурасиннг 23-оятида айтган сўзига хилоф. Аллоҳ кофирларнинг қилган амаллари ҳақида: «(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби фойдасиз) қилиб қўйгандирмиз», деб марҳамат қилган.

* Ҳар душанба куни Абу Лаҳабнинг азоби енгиллатилиши ҳақидаги хабар мурсал бўлиб, мурсал хабарни ҳужжат қилиб бўлмайди.

* Абу Лаҳабнинг азоби енгиллатилиши ҳақидаги хабар Аббос розияллоҳу анҳунинг тушлари ҳисобланади. У киши бу тушни кўрганда ҳали Исломга кирмаган эдилар. Шунинг учун буни ҳужжат қилиб бўлмайди.

 Уларнинг бу сўзларининг таҳлили.

Абу Лаҳабнинг азоби енгиллатилиши Абу Лаҳабнинг қилган иши учун эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан бўлади. Чунки саҳиҳ ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг азоби енгиллатилгани айтиб ўтилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амакимни дўзахда олов гирдобида топдим ва у кишини зоҳзоҳ(яьни саёзроқ жойи)га олиб чиқдим», деб айтганлар. Демак, Абу Толибда бўлганидек Абу Лаҳабдаги азонинг енгиллатилиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан бўлади.

*Агар мана шу тушунчани англаб олсак, бу ҳадис Қуръон оятига зид бўлмайди. Чунки бу ривоятдаги азобнинг енгиллатилиши кофир бўлган Абу Лаҳабнинг қилган амали учун бўлмаяпти. Бундан ташқари, Абу лаҳаб бутунлай азобдан қутулмаяпти, балки қисман азоби енгиллатиляпти

*Гарчи ҳадис мурсал бўлса-да, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг бу ҳадисни ўзларининг «Саҳиҳ» китобларида келтиришлариининг ўзи, бу  ҳадисни ҳужжат сифатида далил қилиб келтиришга кифоя қилади.

 Бу ривоят Аббос розияллоҳу анҳунинг тушлари бўлиб, бу тушни кофир ҳолларида кўрганлар, кофирнинг туши эса ҳужжат бўлмайди, деган сўзларига келадиган бўлсак, ҳар бир аҳли илм шуни билиши лозимки, агар тушда кўрилган нарса шаръий ҳукмга тааллуқли бўлса, тушни ҳужжат сифатида келтириб бўлмайди, аммо тушда кўрилган нарса фазоилул аъмолга тааллуқли бўлса, уни ривоят қилиш ва далил сифатида келтириш мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида у киши келмасларидан олдин тушида кўриб башорат берган коҳинларнинг тушларини буюк муҳадис уламолар ўз китобларида ривоят қилишган. Агар бу нарса жоиз бўлмаганида эди, динда уларнинг сўзларига суянадиган етук олимлар ўз китобларида буни ривоят қилишмаган бўлишарди.

Хулоса қиладиган бўлсак, оятдаги кофирнинг қилган амалини Аллоҳ ҳавога учуриб юборади. Абу Лаҳабнинг азоби енгиллатилиши эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматларидан бўляпти.

Аллоҳ барчаларимизга динни тўғри англашни насиб айласин. Омин!

Абу Абдуллоҳ Бухорий

     
Мавзуга оид мақолалар
  Ассалому алайкум, қадрли опасингиллар, ҳурматли мухлисалар Ҳақиқий байрамимиз бўлмиш Ийди фитр давоми...

18:54 / 15.05.2018 3320
.Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди,Нур сураси, 45оят.Барча жонли коинотнинг асли ҳам, таркиби ҳам сувдир. давоми...

22:12 / 12.09.2023 1667
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Менинг ўғлим туғилганида уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

18:51 / 12.11.2016 4543
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги дин ишлари бўйича матбуот хизмати маълумотига кўра, давоми...

15:45 / 26.12.2016 2980