Аёлларнинг исломий илмлар ривожига қўшган ҳиссаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёлларнинг исломий илмлар ривожига қўшган ҳиссаси

2-қисм

Аёлларнинг ҳадисшунослик илмидаги ўрни ҳақида ҳикоя қилишни давом эттирамиз.

Ҳозирги мусулмонлар авлоди улар олдида қарздор бўлган олима муслималарнинг исмлари юқорида зикр қилиб ўтилди. Улар эркак уламолардан қолишмаган ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларини сақлаб, асраб, бизларга етказишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Қуйида уларни бирма-бир эслаб ўтамиз:

Биринчи авлод:

Ҳадис ривоят қилишда ниҳоятда фаол бўлган мўминларнинг оналари:

  • Хадича бинти Хувайлид;
  • Ойша бинти Абу Бакр;
  • Умму Ҳабиба;
  • Ҳафса – Фурқон сақловчиси (Аллоҳ улардан рози бўлсин), ҳамда:
  • Робия бинти Муовия бин Арфа, машҳур ҳадис ровияларидан бири. Абдуллоҳ ибн Аббос у кишининг шогирди бўлган;
  • Амра бинти Абдурраҳмон – фақиҳа ва муҳаддиса;
  • Ҳафса, ибн Сирийннинг қизи;
  • Кичик Умму Дардо (ҳ.81/м.700 йилда вафот этган) – ўз даврининг буюк олими ва тенги йўқ қози Иёз ибн Муовиядан ижоза олган. Қози Иёз уни ҳадисшуносликда Ҳасан Басрий ва Ибн Сирийн билан бир қаторда зикр қилиб, йирик олима деб атаган;
  • Амра бинти Абдурраҳмон – юқори мавқега эга бўлган, Ойшадан ривоят қилинган ҳадислар билимдони, унинг шогирдлари орасида Мадинанинг машҳур қозиси Абу Бакр ибн Ҳазм бўлган. Халифа Умар ибн Абдулазизнинг махсус фармонига кўра, унинг барча ривоятлари махсус китобга ёзилган.

Халафлар авлоди: бу гўзал шодада кўпгина исмлар бор:

Обида ал Мадания;

Абда бинти Бишр;

Умму Умарот – Такафия;

Зайнаб, Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббоснинг набираси;

Нафиса бинти ал Ҳасан ибн Зиёд;

Хадича Умму Муҳаммад;

Абда бинти Абдурраҳмон ва бошқа кўплаб аёллар – буларнинг барчаси ҳадис бўйича оммавий маърузалар қилишган.

Бу машҳур олима аёлларнинг турлича қатламларга мансублиги исломий билимлар пиллапоясидан кўтарилишда жинснинг, насабнинг ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини, гўзал мартабаларга эришишда бу нарсалар ҳеч қандай тўсиқ бўла олмаслигини яна бир бор исботлайди.

Мисол учун Обида, аслида, Муҳаммад ибн Язиднинг чўриси эди. У Мадинадаги устозларидан илм олиб, жуда кўп ҳадисларни ёд олган. Унинг хожаси Испаниянинг йирик ҳадисшуноси Ҳабиб Даххунга уни бериб юборади. Обиданинг иқтидори, илмга бўлган иштиёқи унинг хожасини шу қадар ҳайратга соладики, натижада уни озод қилиб юборади. Сўнгра унга уйланиб, ўзи билан Андалусга олиб кетади. Хабарларга кўра, у мадиналик устозлардан 10 000 та ҳадис ривоят қилган.

Насаб борасида бунинг айнан аксини малика бўлиб дунёга келган Зайнаб бинти Сулаймоннинг (ҳ.142/м.759 йилда вафот этган) мисолида кўриш мумкин. Унинг отаси аббосийлар сулоласининг асосчиси ас-Саффонинг амакиваччаси бўлиб, халифа Мансурнинг ҳукмронлиги даврида Басра, Омон ва Баҳрайн ҳокими бўлган. Зайнаб жуда кўп билимларни қўлга киритиб, ҳадис илмида юқори даражаларга эришди ҳамда ўз замонасининг энг мўътабар аёл ҳадисшуносларидан бирига айланди. Унинг шогирдлари орасида кўп сонли эркаклар ҳам бор эди.

Ҳадисларни тўплаш ва ўрганиш

Йирик ҳадис тўпламлари тузиб бўлингандан кейин ҳам ҳадисларни қайта ўрганиш ишлари давом эттирилди ва бу борада ҳам эркаклар билан бирга олима аёллар фаолият кўрсатишди.

Матнларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, аввалги даврдаги ҳадис тўпловчилар кўпгина ҳадисларни аёллардан олишган. Ҳар бир асосий тўплам кўпгина аёллар – бевосита ровийларнинг исмлари ва тўплам муаллифининг нуфузларини бевосита ўз ичига олган. Ҳадисларни тўплаш ишлари якунига етганда эса олима аёллар бу тўпламларни назорат этишар, оммавий маърузалар қилишар ҳамда ўз шогирдларига ижозалар (ҳадислар ёки ҳадислар тўпламини ривоят қилишга рухсатномалар) беришар эди.

Ҳижратнинг 4-асри қуйидаги йирик олималарнинг исмлари билан машҳур: ўзининг солиҳалиги билан машҳур бўлган ва София лақабини олган, Абу Довуднинг набираси Фотима бинти Абдурраҳмон (ҳ.312/м.924 йилда вафот этган); буюк ҳуқуқшунос (фақиҳ) ал-Муҳамилийнинг қизи Амат ал-Воҳид (ҳ.377/м.924 йилда вафот этган); қози Абу Бакр Аҳмад қизи Уммул Фат Амат ас-Салам (ҳ.350/м.961 йилда вафот этган); Жумуъа бинти Аҳмад ва бошқалар.

Улар таълим берган даргоҳлар доимо эҳтиромли шогирдлар билан тўла бўлган.

Аёллар ҳадисшунослиги исломий анъанаси ҳижрий 5- ва 6-асрларда ҳам давом этди. Фотима бинти Ҳасан ибн Али ибн Даққоқ Кушайрий нафақат солиҳалиги ва моҳир хаттотлиги, балки аъло даражадаги ҳадис билимдони бўлгани учун ҳам ҳурмат-эътиборга сазовор эди. Унинг иснодлари (ҳадис ровийларининг силсиласи) доимо ишончлилиги билан ажралиб турган.

Ўз замонасида Бухорий ҳадисларининг энг яхши билимдони ҳисобланган Карима Марвазия (ҳ.463/м.1070 йилда вафот этган) янада машҳурроқ бўлган. Замонасининг пешқадам уламоларидан бири бўлган ҳиротлик Абу Зарр унинг илмига шунчалик катта аҳамият берардики, ҳатто ўз талабаларига «Саҳиҳ»ни фақатгина унинг раҳбарлигида ўрганишни тавсия қиларди. Шу тариқа Карима Марвазия асосий исломий матнларни ривоят қилишда асосий бўғинлардан бирига айланди. Бунинг тасдиғи сифатида машҳур исломшунос тадқиқотчи Голдзихер қуйидагиларни ёзади: «Унинг исми мазкур китобнинг (яъни «Саҳиҳ»нинг) матнларини ривоят қилишга ижоза берувчи сифатида ҳайратланарли даражада кўп учрайди».

Унинг талабалари орасида Хатиб Бағдодий ва Ҳумайдий (ҳ.428/м.1036–ҳ.488/м.1095 йиллар) бўлган.

«Саҳиҳ»ни ривоят қилиш тарихида Каримадан ташқари бошқа кўплаб аёл муҳаддисларнинг номлари машҳурдир. Уларнинг орасида Фотима бинти Муҳаммад (ҳ.539/м.1144 йилда вафот этган), Шаҳда – «Ёзувчи» (ҳ.574/м.1178 йилда вафот этган) ва Ситт ал-Вузара бинти Умарни (ҳ.716/м.1316 йилда вафот этган) алоҳида таъкидлаш лозим. Фотима буюк муҳаддис Саид ал-Айярнинг китобини ривоят қилган ҳамда «Исфахон муснидаси» – Исфахон шаҳрининг ҳадис бўйича йирик билимдони унвонини олган.   

Шаҳда ўзининг хаттотлиги ва яхши обрўга эга бўлган олималиги билан машҳур бўлган; биографлар уни моҳир хаттот, йирик ҳадис билимдони, барча аёлларнинг ифтихори, дея таърифлашган. Унинг катта бобоси игна сотиш билан шуғулланиб, ҳатто куняси Ибрий (игна сотувчи) бўлган. Лекин унинг отаси Абу Носир (ҳ.506/м.1112 йилда вафот этган) ҳадис илмига қизиққан ва уларни бир нечта устозлар қўлида ўрганган. У суннатга риоя қилган ҳолда қизига кейинчалик ҳадисларни машҳур устозлардан ўрганади, деган умидда аъло даражада таълим берди.

Шаҳда адабиёт билан шуғулланувчи машҳур инсон, кейинчалик халифа Муқтадирнинг ёрдамчиси бўлган, илм даргоҳини ва сўфийлик йўналишини ташкил қилган Али ибн Муҳаммадга турмушга чиққан. Аммо Шаҳда ўзининг ҳадисшуносликдаги билими туфайли ўша даврда турмуш ўртоғидан машҳурроқ эди. Унинг имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»и ва бошқа ҳадис китоблари бўйича маърузалари шу даражада муваффақиятга эришган эдики, дарсхонаси ҳар доим талабалар билан тўлиб-тошарди. Унинг талабаси бўлиш шунчалик олиймақом аҳамият касб этар эдики, ҳатто баъзилар ёлғондан ўзларини унинг талабалари қаторида зикр этишар эди.

Ислом ҳуқуқи мутахассиси бўлмиш Ситт ал-Вузара ҳам ўз замонасида Бухорий ҳадисларининг йирик билимдони ҳисобланган. Ситт Имом Бухорий ҳадислари ва бошқа тўпламлар бўйича дарсларини Димашқ ва Мисрда ўқир эди. У «Муснида» (буюк ҳадис билимдони) унвонига мушарраф бўлган.

Ҳижознинг сўнгги йирик муҳаддиси ҳисобланган Уммул Хайр Аматил Холиқ (ҳ.811/м.1408 – ҳ.911/м.1505 йиллар) ҳам «Саҳиҳ»дан таълим берган. Бу соҳанинг яна бир машҳур намояндаси Ойша бинти Абдулҳодий эди.

Юқорида зикр қилинган Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида ихтисослашган муслима олималардан ташқари, бошқа ҳадис тўпламлари тадқиқи билан шуғулланган олималар ҳам бўлган. Уммул Хайр Фотима бинти Али (ҳ.532/м.1137 йилда вафот этган) ва Фотима аш-Шахразурийя Муслимнинг «Саҳиҳ»и бўйича таълим беришган (Ибнул Имад IV:100). Фотима ал-Жаузданийя (ҳ.524/м.1129 йилда вафот этган) ўз талабаларига Табаронийнинг учта «Мужъам»ини ривоят қилиб берган (Ибн Салим, 16).

Зайнаб Харраннинг (ҳ.689/м.1289 йилда вафот этган) дарсларига ҳам кўп сонли тингловчилар йиғилар эди. У энг йирик ҳадислар тўплами бўлмиш Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Муснад»идан таълим берарди.

Жувайрия бинти Умар (ҳ.783/м.1381 йилда вафот этган) ҳамда ҳадис ўрганиш учун турли ерларга саёҳат қилган, Миср ва Мадинада маърузалар ўқиб, талабаларига Доримий ва Абд ибн Ҳумайднинг тўпламларини ривоят қилиб берган Зайнаб бинти Аҳмад ибн Умар (ҳ.722/м.1322 йилда вафот этган). Хабар қилинишича, унинг дарсларини эшитиш учун турли ерлардан талабалар ташриф буюришарди (Ибнул Имад VI:56).

Бинт Ал Камол исми билан машҳур Зайнаб бинти Аҳмад (ҳ.740/м. 1339 йилда вафот этган) «туяга юк» бўладиган даражадаги дипломларни қўлга киритган, Абу Ҳанифанинг «Муснад»и, Термизийнинг «Шамоил»и, Таҳовийнинг «Шарҳи Маъони ал осор»идан таълим берган ва охирги китобни бошқа олима аёл, Ажиба бинти Абу Бакрдан (ҳ.470/м.1339 йилда вафот этган) ўрганган.  

Машҳур географ ва саёҳатчи Ибн Батута Димашқда ҳадисларни Зайнаб бинти Аҳмад ва бошқа олима аёллар билан биргаликда ўрганган. Димашқнинг машҳур тарихчиси Ибн Асокирнинг айтишича, у 200 дан ортиқ эркак ва 80 дан ортиқ аёллар қўлида таҳсил олган, аммо ижозани Зайнаб бинти Абдурраҳмондан Имом Моликнинг «Муватто»сига олган.

Жалолиддин Суютий имом Шофеийнинг «Рисола»сини Ҳожар бинти Муҳаммад билан бирга ўрганган. Ҳижрий 9-асрнинг машҳур уламоси Афифиддин Жунайд Доримийнинг «Сунан»ини Фотима бинти Аҳмад ибн Қосим билан бирга ўқиган.

Зайнаб бинти Шорий (ҳ.615/м.1218 йилда вафот этган) ўз замонасининг яна бир машҳур уламоларидан ҳисобланади. У ҳадисларни ўз давридаги йирик уламолардан ўрганди ва ўз навбатида уларни кейинчалик катта муваффақиятга эришган талабаларга, жумладан, машҳур «Вафайя ал Аван» биографик луғатининг муаллифи Ибн Халликонга ўргатди. 

Олималардан яна бири – шомлик Карима (ҳ.614/м.1218 йилда вафот этган). У Шомда ўз даврининг йирик муҳаддиси бўлиб, турли олимларга ҳадис илмидан дарс берган.

Ибн Ҳажар ўзининг «Ад-Дурар Ал Карима» асарида 8-асрда яшаган 170 нафар машҳур аёллар ҳақида қисқа биографик маълумот берган – уларнинг аксари муҳаддис бўлиб, муаллифнинг ўзи уларнинг кўпчилигида таҳсил олган. Бу аёлларнинг аксарияти ўз даврининг буюк шахслари сифатида эътироф этилган. 

Масалан, юқорида исми зикр қилинган Жувайрия бинти Аҳмад бир нечта ҳадис тўпламларини ўрганган, нуфузли олийгоҳларда ҳам эркак, ҳам аёл устозлар қўлида таҳсил олган, кейинчалик эса ўзи исломий фанлардан таълим берган. «Ўзимнинг бир нечта устозларим ва кўпчилик замондошларим унинг дарсларига қатнар эди», деб ёзади Ибн Ҳажар.

Ибн Ҳажар бир неча муддат ўз даврининг таниқли муҳаддиси Ойша бинти Абдулҳодий (723–816) қўлида таълим олган; кўпчилик талабалар ундан дин илмини ўрганиш мақсадида, илм талабида энг чекка жойлардан узоқ масофаларни босиб келишарди.

Ситт Ал Араб (ҳ.760/м. 1358 йилда вафот этган) машҳур муҳаддис Ал Ироқийга (ҳ.742/м. 1341 йилда вафот этган) ва бошқа кўпчиликка устозлик қилган.

Яна бир муҳаддис аёл Дақиқа бинти Муршид (ҳ.746/м.1345 йилда вафот этган) ўз билимларини бошқа кўпчилик аёл устозлардан ўрганган.

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Саҳавийнинг (830–897/1427–1489) 9-асрнинг машҳур инсонлари ҳақидаги биографик маълумотномаси бўлмиш «Ад Дау Ал Лами» китобида мазкур асрда яшаб, фаолият кўрсатган муҳаддис аёллар ҳақидаги маълумотлар берилган.

Яна бир манба – Абдул Азиз ибн Умар ибн Фаҳднинг (812–871/1409–1466) «Мужам аш-Шуйух» асари, у 861 йилда ёзилган бўлиб, унда муаллиф таҳсил олган 1100дан ортиқ муаллимларнинг, шу жумладан, 130 нафар муаллима аёлларнинг биографик маълумотлари келтирилган.

Бу аёллардан баъзилари ўз даврининг энг нозик, энг муҳаққиқ уламолари сифатида эътироф этилган бўлиб, улар кейинги авлоднинг кўп сонли йирик уламоларига таълим берганлар.

Масалан, Умму Хониъ Марям (778–871/1376–1466) Қуръонни болалигида ёд олган, ўша даврда ўргатилган барча исломий илмлардан, жумладан, илоҳиёт, фиқҳ, тарих, имлодан дарс олиб, кейин хадис илми талабида саёҳат қилган, Қоҳира ва Маккадаги ўз даврининг энг яхши муҳаддисларида таълим олган. У моҳир хаттот, араб тили билимдони сифатида ҳам танилган, ноёб шеърий истеъдод соҳибаси бўлган ҳамда ўзининг солиҳалиги билан машҳур бўлган (камида 13 маротаба ҳаж қилган).

Унинг 10-асрда машҳур уламо бўлиб етишган ўғли унга нисбатан жуда илтифотли муносабатда бўлган ва умрининг охиригача унинг ёнида бўлишга интилган. Умму Хониъ Марям Қоҳиранинг машҳур дорилфунунида жадаллаштирилган дастур бўйича таълим бериб, кўпчилик уламоларга ижоза берган. Ибн Фаҳд бир нечта асарларни унинг раҳбарлигида ўрганган.

Унинг шомлик издоши Бой Хотун (ҳ.864/м.1459 йилда вафот этган) ҳадисларни Абу Бакр Миззий ва бошқа муҳаддислар билан биргаликда ўрганиб, кўпгина ҳам эркак ҳам аёл ҳадис уламоларидан ижозаларни қўлга киритган ҳамда ушбу илм юзасидан Шом ва Қоҳирада маърузалар ўқиган. У беназир муаллима ҳисобланган.

Илмий доираларда Ибнат Шарайҳи номи билан машҳур Ойша бинти Иброҳим (760–842/1358–1438) ҳам ҳадисларни Димашқ ва Қоҳирада (ва бошқа олийгоҳларда) ўрганган, унинг маърузаларини тинглаш мақсадида ўша даврнинг машҳур уламолари ташриф буюришга интилишган.

Умму Хайр – Макка саидаси (ҳ.850/м.1446 йилда вафот этган) ҳадисларни турли шаҳарларда кўпгина кўзга кўринган уламолардан ўрганган ва кейинчалик ўзи ҳам олима даражасига етган.

Афтидан, ҳижрий 10-асрдан бошлаб аёлларнинг ҳадисшунослик ва бошқа исломий илмлардаги фаолияти бир оз сусайган кўринади. Аммо аслида, бундай эмас. Ядаруснинг «Ан-Нур Ас-Сафир», Муҳиббийнинг «Хуласатал акбар» ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг «Ас-Суҳуб Ал Вабилаҳ» (ҳижрий 10-, 11- ва 12-асрларда яшаган машҳур шахсларнинг биографик маълумотномалари) каби китобларида кўп сонли муҳаддис аёлларнинг номлари тилга олинган. 9-асрнинг беназир уламолари сифатида танилган муҳаддис муслималар 10-асрда ҳам Суннатга хизмат қилишда давом этишган.  

Асмо бинти Камолиддин (ҳ.904/м.1498 йилда вафот этган) ҳокимлар ва амалдорларга ўз таъсирини ўтказган, кўпинча уларга маслаҳатлар берар, улар эса бу маслаҳатларга сўзсиз амал қилишарди. У маърузалар қилиб, аёлларга турли исломий илмлардан таълим берган. Ойша бинти Муҳаммад (ҳ.906/м.1500 йилда вафот этган) машҳур қози Муслиҳиддиннинг рафиқаси бўлган, кўпчилик талабаларга ҳадисдан дарс берган ва Димашқдаги Солиҳия коллежида профессор этиб тайинланган.

Ҳалаблик (Шом) Фотима бинти Юсуф (870–925/1465–1519) ўз даврининг энг буюк уламоларидан бири сифатида машҳур бўлган.

Биринчи даражали муҳаддис аёлларнинг сўнггиси Шайҳа Фузайлия номи билан машҳур Фотима Фузайлиядир. У 12-асрнинг охирида туғилган, моҳир хаттот ва кўпгина исломий илмларнинг билимдони бўлган. Ҳадисларга нисбатан алоҳида қизиққан ва бу илмни мукаммал ўзлаштирган, кўпгина машҳур уламолардан дипломларни қўлга қиритиб, ажойиб муҳаддис даражасига етган ва бу соҳада таълим бериш ҳуқуқига сазовор бўлган.     

Умрининг охирида Маккага кўчиб ўтган ва у ерда бой жамоат кутубхонасини ташкил қилган. Муқаддас шаҳарда унинг дарсларига кейинчалик ундан ижоза олган кўпгина машҳур муҳаддислар қатнарди. Улар орасида шайх Умар ал-Ҳанафий ва шайх Муҳаммад Солий алоҳида эътиборга молик. Фотима Фузайлия 1247/1831 йилда вафот этган.

Исломий илмларнинг ривожи, таълими ва арихини холис ўрганаётган ҳар бир ўқувчига аён бўладики, бу жараёнда иштирок этган аёллар ўзларининг шахсий манфаатлари билан чекланиб қолмаганлар, яъни улар шахсан ўзлари учун таълим олмасдан, бир нечта алоҳида шахсларга таълим бериш билан ҳам шуғулланганлар.

Илм талабида аёллар уни ҳар ердан излаганлар – эркаклар ва аёллардан таълим олганлар, илм талабида узоқ ўлкаларга саёҳат қилганлар, кейинчалик эса катта-катта даргоҳларда маърузалар ўқиб, ўзлари таълим берганлар.

Ёзма манбаларнинг тасдиқлашича, аёллар жуда кўп сонли талабалар келадиган оммавий маърузаларга ташриф буюришган ҳамда ўзлари ҳам энг яхши дорилфунунларда маърузалар қилиш орқали муаллифлик фаолияти билан шуғулланганлар.

Масалан, Ибн Бухорийнинг «Ал Машихат ат-Тариқ» қўлёзмасида (238-бет) 687/1288 йилда Димашқдаги Уммавийлар масжидида ўтказиладиган ва 500 дан ортиқ киши иштирок этган 11 маърузадан иборат дарсларда кўп сонли аёллар ҳам қатнашганлиги ҳақида хабар берилган.

Ушбу қўлёзмада (40-бет) айтилишича, кўпчилик аёллар 736/1336 йилда Ҳалабда ибн Сайрафий томонидан ўтказилган олтита маърузадан иборат дарсларда ҳам иштирок этганлар.

250-бетда таъкидланишича, Умму Абдуллоҳ исмли муҳаддис аёл ўтказган бешта маърузадан иборат дарсларда аралаш тингловчилар иштирок этган, яъни у ерда эркаклар ҳам аёллар ҳам бўлиб, жами 50 киши қатнашган ва бу дарслар 837/1433 йилда Димашқда ўтказилган.

Хатиб Бағдодийнинг «Китаб ал-Кифайя» китоби ва унинг ҳадисларга шарҳлари тўплами эслатмаларида Наима бинти Али, Умму Аҳмад Зайнаб бинти ал Макка ва ушбу икки китоб бўйича маърузалар ўқиган бошқа муҳаддис аёлларнинг исмлари зикр қилинган. Баъзида улар якка ҳолда, баъзида эса эркак муҳаддислар билан биргаликда таълим берганлар. Маърузалар Азизийя ва Диайия каби етакчи дорилфунунларда ўқилган. Баъзи дарсларда машҳур қўмондон Салоҳиддиннинг ўғли Аҳмад ҳам иштирок этган.

Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама ва азиза опасингиллар Барчаларингизга маълумки, давоми...

08:04 / 21.01.2017 4098
Ассалому алайкум, азиз мухлислар Муборак Мавлид ойи муносабати билан эълон қилинган янги танловимизга Сиз, давоми...

20:05 / 19.03.2017 3930
islom.uz порталининг 10 йиллиги

13:35 / 20.11.2014 3256
Мен Саудия Арабистони пойтахти АрРиёд шаҳрида инглиз тилидан таржимонлик қилар эдим. Америкадан Сурияга давоми...

14:01 / 06.03.2017 8005