Қўшнилик ҳаққи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли, қудратли қилишга хизмат этади. Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли йўқ таълимотдир.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар»(«Нисо» сураси, 36-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга яхшилик қилишга амр қилмоқда:

Биринчиси – ота-оналар.

Иккинчиси – қариндошлар.

Учинчиси – етимлар.

Тўртинчиси – мискинлар.

Бешинчиси – яқин қўшни.

Олтинчиси – ён қўшни...

Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни яқинлиги бор қўшни, «ён қўшни» эса оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтирганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим»,  дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Қўшнининг ҳаққи шунчалар улуғ экан. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз қўшниси ила яхши муносабатда бўлиб, унга қўлидан келган яхшиликни қилмоғи лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ё Расулуллоҳ, менинг икки қўшним бор. Улардан қай бирига ҳадя қилай?» дедим.

«Сенга эшиги яқинига», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Демак, қўшнининг ҳаққи унинг уйи яқинлигига қараб турли даражада бўлар экан. Энг яқин қўшнининг ҳаққи энг кўп бўлар экан. Агар қўшинилардан бирига ҳадя қилиш нияти бўлса, уларнинг эшиги яқинидан бошлаш яхши экан. Халқимиздаги «ён қўшни – жон қўшни» матали ушбу ҳадиси шарифдаги маънонинг такрори бўлса, ажаб эмас.

Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмайди!», дедилар.

«Ким, ё Расулуллоҳ», дейилди.

«Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган одам», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Муслимнинг ривоятида:

«Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган одам жаннатга кирмайди», дейилган.

Бунда қўшнисига ёмонлик қилишни ҳалол ҳисоблаган одам кўзда тутилган, дейдилар уламоларимиз. Бу ҳадиси шарифда ҳам қўшнининг ҳаққи улуғ экани тарғиб қилинмоқда.

Абдуллоҳ ибн Амрнинг уйида қўй сўйилди. Бас, у:

«Яҳудий қўшнимга ҳадя қилдингларми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни меросга ҳам шерик қилармикан, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман»,  деди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда қўшнига кўрсатиладиган эҳтимом амалга оширилиши бўйича кўргазмали ишдан намуна ҳам келтирилмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

  1. Уйида бирор ҳайвон сўйган киши унинг гўштидан қўшниларига ҳадя қилиши кераклиги.
  2. Ғайридин қўшни билан ҳам яхши алоқада бўлиб, унга ҳам ҳадя бериб туриш лозимлиги.
  3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшни ҳаққига катта эътибор берганлари.

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, қўшнисидан шикоят қилди. Шунда у Зот:

«Бор, сабр қил»,  дедилар.

У киши ул Зотнинг ҳузурларига икки ёки уч марта келди. Сўнг у Зот:

«Бор, матоҳингни йўлга ташла»,  дедилар.

Бас, у матоҳини йўлга ташлади. Шунда одамлар ундан сўрай бошлади. У уларга хабар берди. Улар эса: «Аллоҳ уни фалон қилсин! Ундай қилсин, бундай қилсин», деб лаънатладилар. Шунда қўшниси унинг ёнига келиб:

«Қайт! Бундан кейин мендан ўзингга ёқмаган нарсани кўрмайсан», деди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Термизийнинг ривоятида:

«Аллоҳнинг ҳузурида асҳобларнинг энг яхшиси соҳибига яхши бўлганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг энг яхшиси қўшнисига яхши бўлганидир», дейилган.

Шунинг учун ҳам, ҳар доим дўст-биродарларга ва қўшниларга яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилмоқ зарур.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қўшни ўз қўшнисининг деворига ёғочини ўрнатишидан манъ қилмас»,  дедилар. 

Сўнгра Абу Ҳурайра:

«Не бўлдиким, мен сизнинг бундан юз ўгирганингизни кўрмоқдаман. Аллоҳга қасамки, мен у билан сизнинг елкаларингизга ураман», деди». 

Учовлари ривоят қилишган.

Қўшнининг қўшнида ҳаққи борлиги боис, унинг деворига ёғочини ўрнатишидан манъ қила олмас экан. Бу маънони ўша пайтда ҳам баъзи кишилар унута бошлаганидан, улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қасам ичиб таъкидлаган эканлар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ўта парҳезкор ва тақводор бўлиши билан бирга хатокорларга нисбатан кенг уфқли эди. Унинг кечасини мастлик билан ўтказадиган қўшниси бор эди. У бор овози билан бақириб:

Зое қилдилар. Қандай йигитни зое қилдилар.

Оғир кунда керакли, ҳимоячини зое қилдилар,

деб қўшиқ айтиб чиқар эди. Унинг овози кечаси билан Абу Ҳанифанинг оромини бузиб чиқар эди.

Бир кеча мазкур қўшнининг овози чиқмай қолди. Тонг отганда Абу Ҳанифа суриштириб, унинг мастлиги туфайли қамалиб қолганини билди. Волийнинг ҳузурига бориб, уни қамоқдан озод қилди.

Икковлари қайтиб келишаётганларида Абу Ҳанифа унга:

«Эй йигит! Сени зое қилдикми?» деди.

«Йўқ. Муҳофаза қилдингиз. Аллоҳ ажр берсин!»  деди у.

Абу Ҳанифа билан бирга бўлган ўша йигит ичишни ташлади, илм ҳалқаларининг аъзоларидан бўлди ва охири Куфанинг фақиҳларидан бирига айланди.

Мавзуга оид мақолалар
Британия округ судяси турмушҳаётидаги зўравонликлар, муаммолар ва уларга нисбатан исломий муносабатларни давоми...

19:11 / 21.12.2016 3071
Ҳеч бир киши мукаммал эмас. Ҳаммамизнинг ҳам ўзимизга яраша камкўстимиз бор, ҳаммамиз ҳам хатоларга йўл давоми...

16:13 / 05.04.2017 4663
Араб тилидан Абу Абдулқодир таржимаси Муҳаррир Зухра Ҳамдамова

13:40 / 11.11.2017 4466
Аллоҳ таолонинг зикри ҳам тотли, ҳам осон ибодат бўлиб, уни инсон арзимаган таважжуҳ билан ҳар вақт адо қила давоми...

18:49 / 14.12.2016 4696