Рўза Аллоҳни зикр қилиш ҳисобланади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ субуҳанаҳу ва таолога иймон келтирган, Ўзининг амрларига итоатда бўлиб, қайтарган нарсаларидан сақланиб, парҳез қилган инсонлар ҳақида бундай марҳамат қилади: «Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлинг, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур» (Раъд, 28)

Қуръони каримнинг ўн учта сурасининг ўн олтита оятида зикрга буюрилган. Зикрнинг луғавий маъноси Аллоҳни ёдлашдир. Аллоҳни кўп зикр этган банданинг қалби покланади, иймони мустаҳламланади, дуолари ижобат бўлади, ихлоси ортади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: «Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қиладилар, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (осойишталик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади».

(Имом Муслим)

Аллоҳга тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш, ҳамд, шукр келтириш, дуо ва саловотлар айтиш, Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот ва садақа, инфоқ қилиш ҳамда ҳаж ва умра қилиш айни зикрдир. Аллоҳ таолонинг зикрини адо этиш учун зокир маънавий ва жисмоний жиҳатдан пок бўлиши шарт.

Бандани ҳам маънан, ҳам жисмонан покловчи ибодатлардан бири рўзадир. Рўзадор кишининг тақводорлиги ошади. Рўзанинг энг буюк ҳикматларидан бири шундаки, рўзанинг фазлидан банда ўз соғлигини тиклаб олади.

Худосизлар рўзани соғлик учун кони зарар, деб эълон қилиб, одамларни мажбурлаб, рўзаларини очдиришга ҳаракат қилган вақтлари ҳам бўлди. Энди эса рўза тутиш айнан соғлик учун ниҳоятда фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолиш ҳақида кўп ва хўп гапиряптилар. Рўза ана шу ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва самарали намунасидир.

Рўза нафақат соғлиқни сақлаш, балки беморликни даволаш учун ҳам ўта зарур омил экани энди ошкора айтилмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган касалликларнинг кўпчилигини мусулмон бўлмаган юртларнинг табиблари очлик, яъни рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар.

Яқинда Россия олимлари рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилдилар. Натижа кишини ҳайратга соладиган даражада муваффақиятли эди. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлган касаллар ҳам мана шу йўл билан шифо топганлар. Рўза турли касалликлардан халос этиш билан бирга, киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлиб боради.

Рўзанинг фойдаларидан яна бири ҳавои нафсни синдириш. Маълумки, ҳавои нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафс нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавои нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса иштаҳаси келиб турган ҳолда, турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсини хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучаяди, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.

Рўзанинг фойдаларидан яна бири Шайтонга қаҳр кўрсатишдир. Лаънати Шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонликка юрса, Шайтон алайҳи лаъна хурсанд бўлади. Яхшиликка юриб, Аллоҳнинг амрини бажо қилса, у лаъин хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Рўза эса айнан мана шундай ибодатдир. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳга тақво қилиши билан Шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.

Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таоло уни кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Бундай инсоннинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.

Демак, ким қалби мусаффо бўлишини хоҳласа, рўза тутсин. Рўза тутган кишининг гуноҳлари тутган рўзаси сабабли мағфират қилинади. Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Рўза ҳақидаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб борамиз, иншааллоҳ.

Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги билан айнан ана шу сифатларга соҳиб бўлади. Демак, ким фаришталар сифатига эга бўлишни истаса, рўза тутсин.

Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг сабрли киши сифатига эга бўлишидир. Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун турли хил ўзи хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши эса керагича сабрга эга бўлади. Демак, ким сабрли бўлишни истаса, рўза тутсин. Рўза рўзадорда раҳим-шафқат сифатини шакллантириб, мустаҳкамлайди.

Демак, ким маънан ва жисмонан покланишни истаса, рўза тутсин. Ҳабибимиз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ой умматимнинг ойидир, дея таърифлаган ойларнинг султони, муборак Рамазони шарифдир.

Умму Камолиддин

Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу ўз ўғилларининг «Эй бор Худоё, қачонки жаннатга кирсам, жаннатнинг давоми...

20:13 / 13.12.2016 3218
Билгин Сўзларингни ғийбат, ёлғон, баҳсу жадал ва бошқа юқорида эслатилган офатлардан асрай билсанг, мана шу давоми...

16:58 / 22.01.2017 4642
Бизнинг оилада Мавлид  Ассалому алайкум ҳурматли муслимаат уз жамоаси Шундай имкон берганинглар учун давоми...

12:14 / 11.12.2017 3525
ҳикоя Автобусни кутишга сабрим етмай, такси тўхтатдим. Ҳайдовчи бошоёғимга бир қараб олдида Неча пул давоми...

21:00 / 03.01.2020 3420