Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Эй рафиқам..
Менга, сенинг ширин ва оҳиста шивирлашларингни эшитишни хуш кўрадиган эркак, деб қарагин. Менга, сен хоҳлаган пайтингда пул берадиган пул сарфловчи машина, деб қарама. Менга, то эҳтиёжинг тушадиган вақтгача ташлаб қўядиган бир буюмингдек, қарама. Мендан сенга фақат яхши сўз етишини ва сен-ла гўзал ишрат қилишни хоҳлашимни мақсад қил. Билгинки, мен «Қорун» эмасман. Қасрлар ва мулкларга эгалик қилмайман. Сирларимни қўшниларингга ва дугоналарингга фош қилма. Сен менинг қудуғим ва ёпинчиғим бўл. Мен билан сўзлашишинг қичқириқ бўлмасин. Мени чақиришинг қағиллаш каби бўлмасин. Мен сен билан қандай бўлишимни истасанг, сен ҳам мен билан худди шундай бўл.Эй рафиқам...
Бу дунё ҳаёти ҳою ҳаваслар, йўлдан урувчи нарсалар, аёллар, дилхушликлар ва фитналардан иборат. Шу сабаб сен мен учун уларнинг ҳаммасидан афзал бўл. Мени ҳаромдан сақла. Яратилишинг ва ахлоқингда гўзал бўлгинки, назарим сендан бошқасига тушишидан беҳожат қил. Мулкимни ва фарзандларимни асрагин. Жисмингдаги мафтун қиладиган ерларинг омонатдир. Тўй ва муносабатларда фахрланиб, уларни мендан бошқасига кўрсатма. Ёлғизлигимда ёнимга кел ва менга ошиқлар каби сўйла... Ёлғизлик виждонни ўлдирур.Эй рафиқам...
Менга итоаткор бўл. Қачонки сени чақирсам, лаббай деювчи бўл. Қачонки сенга сўзласам, гапларимга қулоқ солгувчи бўл. Шаънимни сақловчи бўл... Фарзандларимга гўзал тарбиячи бўл... Тўйларга зийнатланганинг каби мен учун ҳам зийнатлан. Уйдан ташқарига чиққанингда кийинганингдек, мен учун ҳам кийин. Мени шодлик ва табассум ила қаршила, худди қўшниларинг ва дугоналарингни қаршилагандек. Баъзида дунё мен учун торайиб, шердек бўкиришим, денгиздек мавж уришим мумкин. Шунда патларини туширган каптардек юмшоқ бўл ва мулойимлик билан ғазабим оловини ўчиргин. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан ўрнак ол...Эй рафиқам...
Дунё денгиз, охират соҳил ва қайиқ тақводир. Инсонлар эса сафардадирлар. Менинг ҳаққимда Аллоҳга тақво қил.Эй рафиқам, сендан илтимос...
Сенга бўлган муҳаббатимни нафратга айлантирма. Сенга бўлган садоқатимни адоватга айлантирма. Сенга бўлган ҳурматимни ҳурматсизликка айлантирма. Мени эшит, жаҳлинг чиқмасин. Агар ҳузурингда ўзим учун жой топа олганимда, сендан бошқанинг қалбидан жой қидирмас эдим. Хонадон ва фарзандларнинг ғамларидан ҳамда тугамас талабларидан узоқ бўлган, ўзимизга хос бир бурчакда вақти-вақти билан кўришиб турганимизда, дўстларим ҳузурида бедор бўлиб, ўйин-кулгу қилмас эдим. Агар сендан ошиқлар сўзини тинглаганимда, қулоқларим сендан бошқасига мойил бўлиб, завқланиб сакрамас эдим. Мен учун бир кунгина бойлигим бўлсанг, бошқа бойликларни асло қидирмас эдим.Сўнги сўзим...
Сен жамики яратилганларнинг саййиди Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек бўл:«Аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир», дейилди У Зотга. «Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани», дедилар.
Аллоҳим, ҳолимизни ислоҳ қилгин, бизга бахтиёр оилавий ҳаётни инъом қилгин, омин......
Муаллиф: Ҳассон Жибон Таржимон: Одинахон Муҳаммад Юсуф