Аллоҳ раҳмат қилсин
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!

Илёс ҳожи Илёсов 1947 йил Доғистонда туғилиб, ўз ватанининг кўзга кўринган ва машҳур диний арбоблардан бири эди. У киши дастлаб таҳсилни Бухородаги Мир Араб мадрасасида олиб, 1978-1982 йилларда Тошкентдаги Ислом институтида ўқишни давом эттирган. Сўнгра дунёга машҳур Қоҳирадаги Ал-Азҳар Университетининг шариат факультетини тамомлаган.

Кўп йиллар давомида ўз юртида дин йўлида хизмат қилдилар. Жумладан, Доғистон ҳукумати раҳбарининг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси, Имом Шофеъий номли Ислом Университетида ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ва кўплаб масжидларда имомлик вазифаларида ишладилар. Илёс ҳожи Илёсов муҳтарам шайх Муҳаммад содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қадрдон дўстларидан эди. Шайх ҳазратлари у кишини хотирлаб қуйидагиларни айтадилар: « Илёс ҳожи раҳимаҳуллоҳ билан Бухорода, Мир Араб мадрасасида бирган ўқиган кезларимизда танишиб, бир умрлик қадрдон бўлиб қолган эдик. Ватанига қайтгач, Илёс ҳожи Илёсов дастлабки кундан дин хизматида бўлди, эл-юрт ичида ўзига яраша ҳурмат-эътибор қозонди, кўплаб шогирдлар, муридлар етиштирди. Илёс ҳожи Абдуллоҳ ўғли аҳли тариқатнинг йирик намоёндаларидан бири эди, ўз халқи орасида, ўзи яшаб турган жамиятда Ислом таълимотини таратиш, зиё, маърифат тарқатиш ишига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган забардаст олим эди. У ўзбек тилини яхши билар, динимизнинг таълимотларини ўз она тили – қумиқ тилига таржима қилиб, халқига тақдим этиб келар эди. Жумладан, Илёс ҳожи Илёсов «Тафсири Ҳилол» китобимизни илк бор «Қуръон нури» деган ном остида қумиқ тилига таржима қилиб, чоп эттирган эди. Яқинда эса «Ҳадис ва ҳаёт» туркумига оид «Оламларга раҳмат Пайғамбар» китобимизни ҳам таржима қилиб, чоп этишга топширганини мамнуният билан хабар қилган эди. Афсуски, бу китобнинг нашрини кўриш унга насиб бўлмади. Меҳрибон Роббимиз бу манфаатли илмлардан ҳосил бўлган ажру савоблардан марҳум биродаримизни у дунёда баҳраманд айласин! Аллоҳ таолодан марҳум биродаримиз, ҳамкасабамиз, сафдошимиз, дўстимиз Илёс ҳожининг барча хайрли амалларини ўзига ҳамроҳ айлаб, охиратини обод этишини, ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат этишини кўзларда ёш ила илтижо қилиб сўраб қоламиз».

У кишининг яқинларига ва оила аъзоларига таъзиямизни изҳор этамиз ва Аллоҳ азза ва жалладан сабру жамил тилаймиз. Аллоҳ таоло у кишини Ўз раҳматига олсин. Охиратларини обод қилсин. Омин.

Мавзуга оид мақолалар
Аёлнинг меҳнати ва таҳсил вазияти аввали қуйидаги линкда httpwww.muslimaat.uzmuslimafitratitem1711allohgaiymonkeltirganyowqizlar Аёлнинг давоми...

08:04 / 23.01.2017 3801
Коннектикут штатининг Америка Ислом Муносабатлари Кенгаши бошлиғининг жорий йилнинг 17 март куни қилган давоми...

11:10 / 24.01.2017 3473
Тўтр девордан иборат, аммо томи ёпилмаган кичик бир кулбада камбағал бева аёл ва фарзанди яшар эди. давоми...

20:01 / 02.01.2017 3050