Мана бу – Арафа кунидир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Арафа – бу шундай кунки, йил давомидаги барча кунларни маржон доналари деб тасаввур қилсак, бу кунни ушбу маржон шодасининг ўртасидаги дуру гавҳарига ўхшатилади. Бу кунни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг саҳиҳ ҳадисида шунда баён қилган:

«Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг наздида арафа кунидан кўра афзал кун йўқ. Дуонинг яхшиси арафа кунининг дуосидир». Аллоҳ бандаларининг дуосини қабул қиладиган ва уларни бандалик, дуо ва илтижо билан Ўзига юзланишлари учун рози бўладиган бундай кун йўқдир. Имом Молик ва имом Байхақийлар Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шайтон бошқа кунларда арафа кунида кўринганидек кичик, мағлубиятга учраган, хор ва аччиқланган ҳолида кўринмаган. Бу унинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг раҳматлари тушаётганини ва бу кунда улкан гуноҳларни кечириб юбораётганини кўрганлиги сабабидандир». Бу муборак куннинг фазилати ҳақида айтилаётган бундай кўринишларни эшитиб, ҳар бир инсоннинг ушбу саволни бериши табиийдир: «Бу гаплар арафа куни Арафот водисида йиғилган одамлар учунгина хосми? Ёки ер юзига тарқалган мўмин-мусулмонларнинг барчаси учун умумий айтилганми? Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш учун боришга рухсат тегиб Арафот водисида турганлар учун айтилганми ёки бунга имкони бўлмаган ҳаммага ҳам баробар умумий айтилган сўзми?» Пайғамбаримиз мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ушбу гаплари ер юзидаги барча мусулмонларни ўз ичига олган умумий сўздир. У киши бу фазилатни бир маконга ва муайян тоатларга боғлаб қўймадилар. У Зот алайҳиссалом; «Дуонинг яхшиси Арафа кунининг дуосидир, мен ва мендан олдинги пайғамбарлар айтган энг афзал нарса, «Ла ила иллаллоҳ» калимасидир» деб айтганлар. Агар дуонинг яхшиси Арафа кунининг дуоси бўлса, унда инсон қаерда ва қайси шаҳар ёки қишлоқда бўлишидан қатъи назар, бу яхшилик мана шу кун учун умумийдир. Муҳими, шу куни қаерда бўлса ҳам инсон Аллоҳга юзланиши ва Аллоҳнинг бандаларига яқинлашиш фурсатидан фойдаланиб қолиши ва ўзи ҳам Аллоҳга яқин келишидир. Мен Пайғамбаримиз мустафо алайҳиссаломни мана шу кунлардаги шайтоннинг ҳоли ҳақида айтган ушбу сўзлари олдида тўхталмоқчиман: «Шайтон бошқа кунларда Арафа кунида кўринганидек кичик, мағлубиятга учраган, хор ва аччиқланган ҳолида кўринмаган». Сизлар биласизки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло васф қилган шайтоннинг энг нафратлантирувчи сифати – бу кибр эди. Сизларга маълумки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шайтонни Ўзининг раҳматидан қувишининг бош сабаби унинг Аллоҳни буйруғидан бош тортиб, Унга қилган такаббурлиги эди. Агар бу нарса шайтоннинг Аллоҳ раҳматидан қувилишини тақозо этган сифатларининг энг муҳими саналса, унда бу кун, яъни Арафа куни ҳақиқатда замоннинг пайдо бўлишидан буён ажойиб кун экани маълум бўлади. Бу кун – замонлар ичра буюк кундир. Бу кун – шайтонни кучдан, такаббурлик ва қудратдан қолдиришга қодир бўлган кундир. Шунинг учун бу куннинг сир-асрорлари сабабидан сиз билганингиздек, шайтон, кичик, мағлубиятга учраган, хор ва аччиқланган ҳолатда бўлади. Агар бу куннинг таъсири шайтонга шундай бўлса, у ҳолда бу кунни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларига бўлган таъсири қандай бўлиши лозим? Шайтоннинг Аллоҳ раҳматидан қувилишига сабаб бўлган кишиларга нисбатан бу куннинг таъсири қандай бўлиши керак? Бу кун бизнинг нафсимизга қарши кураша оладиган қудратга эга бўлиши лозим. Бу кунда мусулмонлар ўзларини Аллоҳга яқин бўлганларини ҳис қилган вақтларида уларнинг қалбида кучли қувонч, улкан саодат ва тенги йўқ роҳат пайдо бўлиши лозим. Мана шу кунлардаги энг ёмон одам Пайғамбаримиз айтганларидек кичик, мағлубиятга учраган, хор ва аччиқланган кўринишдаги шайтоннинг ҳолига тушган инсондир. Энг ажабланарлиси шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васф қилган мана шундай муборак кунлар ўтиб бораётган бир вақтда ва яна шайтоннинг ҳоли қай аҳволга тушганини баён қилиб берган бир вақтда, инсон ўзини ислоҳ қилиши учун Аллоҳ таолога юзланмаслигидир. Инсонни Аллоҳдан юз буришда, Аллоҳни унутиб, ўзини йўқотишда давом этиши энг ачинарли ҳолатдир. Мен бу кўринишни ҳеч қачон унутмайман. Бу кўринишни сизларга илгари ҳам бир марта айтиб берганман, у Аллоҳнинг китоби қачон такрор ўқилганда эсимизга келадиган Аллоҳ таоло тасвирлаб берган кўринишдир: «Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла. Бас, ўшанда улар сажда қилдилар. Магар Иблис қилмади. У жиндан бўлган эди. У ўз Роббининг амридан чиқди. Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку! У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир». Каҳф, 50. Қачон бу илоҳий сўзни ўйласам, инсонни ҳижолат босиб, бу ҳижолат унинг бошидан оёғигача ўтиб кетиши лозим эканини ҳис қиламан. Бу гўзал сўзни кўрдингизми? Роббимиз азза ва жалла ўзининг инсонга бўлган ҳурматини айтиб беряпди. Бу эҳтиром Расулуллоҳ бугунги кундаги ҳолини сифатлаб берган шайтонни одам учун таъзим қилишга буюрганида бўлган эди. Албатта, бу ҳурмат пайғамбарлар ва башариятнинг отаси Одам алайҳиссолату вассаломга сажда қилишга амр этган вақтда бўлган эди. Эй одам боласи! Аллоҳ шайтонни сенга таъзим қилдириб, сени азизу мукаррам этган. Лекин шайтон такаббурлик қилиб гуноҳкор бўлган. У Аллоҳ ҳурмат қилган инсонга эҳтиром кўрсатишдан бош тортган. Унинг кўнглида сизлар учун такаббурлик, балки сизларга нисбатан нафрат ва душманлик пайдо бўлди. Бу ерда илоҳий баёнот инсонни шундай сўроққа тутади: «Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку!» Каҳф, 50. Сизларни ҳурмат қилиб шайтонни сизлар учун таъзим қилишга буюрсам-у, у эса такаббурлик қилиб, сизларга нисбатан кўнглида адоват пайдо қилган бўлса, шунда ҳам сизларни ҳурмат қилган илоҳингиздан юз буриб, сизга душманлик қилган шайтонни дўст тутиб оласизларми?! Бу қандай бедодлик? «Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку! У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир». Золим инсоннинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони қўйиб, шайтонни дўст қилиб олиши жуда ёмон ишдир. Золим инсон бу зулмини кимга қилмоқда? Албатта, ўзига. Яхши кўрган Роббисининг дўстлигини ва унинг мақомини кўтариб икром этган Аллоҳнинг дўстлигини шайтоннинг дўстлигига алмаштирган золим инсон қанчалар ёмондир. У инсон бу дўстликни, душманлигини эълон қилган ва такаббурлигини ошкор этиб, Аллоҳнинг йўлида юришдан, уларни тўхтатиш учун олдида тўсиқ бўлишини билдирган шайтоннинг дўстлигига алмаштирди. Қачон бу оятларни ўқисам, мени қайғу эзади, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ҳижолат бўлганимдан вужудимда дарду алам тўлиб тошади. Бундан ҳам ёмон тубанлик борми? Аллоҳ сенга яхшилик қилса-ю, сен Ундан юз бурасанми? Шайтон душманлик калтаги билан урса-ю, унга юзланиб унинг қўл-оёғини ўпасанми? Шундай бўлса ҳам Аллоҳ таоло ҳар куни ва бошқа вақтларда ҳам бандаларини уйқуларидан уйғонишга чорлайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога юзлансинлар деб, уларни ўраб олган ғафлатдан ҳамда онг ва вужудларидаги нодонликдан тузалишга чақиради. Агар шайтон бу кунда бандаларига Аллоҳнинг раҳмати қуйилиб келаётгани сабабли кичрайиб мағлубиятга учраган, хор ва аччиқланган кўринишга келадиган бўлса, у ҳолда бу куннинг бизларга бўлган таъсири қандай бўлиши лозим? Бизларни Аллоҳга юзланишимиз учун бўлган таъсири қандай бўлиши керак? Аллоҳ билан бўлган муносабатимизни яхшиланиши ва бизни ундан тўсаётган нопокликлардан қалбимизни тозалашимиз учун бу куннинг таъсири қандай бўлиши керак? Биз бу пок қалбимизни Аллоҳнинг муҳаббати билан тўлдирамиз ва яна уни улуғлаш ва унга бўлган қўрқинч билан бойитамиз. Кейин бу туйғуларимизнинг тўғрилигини унинг йўлида юриш билан, буйруқларини бажариш билан, насиҳатларини маҳкам тутиш ва қайтарган қайтариқларидан четлашиш билан исботлаймиз. Биз аниқ ишонамизки, Аллоҳ бизга нимани буюрган бўлса, унда бизнинг саодатимиз бор. Бизни нимадан қайтарган бўлса, ўша ман қилинган ишда бизни бахтсизлигимиз борлиги учун қайтарган. Бу кунни, яъни Арафа кунини Аллоҳнинг мўмин бандаларига ва ўзини мўминман деб даъво қилаётганларга бўлган таъсири мана шундай бўлиши керак.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий хутбаси.

  .21июнь.1991йил

Шайхонтоҳур туман Эшонгузар жоме

масжиди имом хатиби: Ғуломов Абдуллажон таржимаси.

  .22сентябрь 2015 йил

Мавзуга оид мақолалар
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Муҳаммад деб ким исм қўйган            Жавоб Расулуллоҳ давоми...

12:25 / 27.11.2017 2992
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ойу ўн давоми...

15:00 / 18.10.2016 2886
Рўмолинг муборак азиз бошингга, Ёруғ юлдузларга гулдош рўмолинг, Попуги ярашган камон қошингга, Қаро давоми...

10:26 / 24.12.2016 3961
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти муносабати билан ТАЪЗИЯ   давоми...

21:36 / 11.03.2017 4339