Бадан тарбия ҳам бир суннатдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади. Бу нарсага, айниқса, ривожланган давлатларда одамлар жуда ҳам берилганлар. Ҳамманинг кучли, қувватли, эпчил, соғ-саломат бўлгиси ва хасталикларга чалинмаслиги келади. Бунинг учун эса бадантарбия ила шуғулланиш керак. Ривожланган давлатларда ана шу нарсани кишиларга яхшилаб англатилган. Шунинг учун уларда бу иш кенг тарқалган.

Исломда бу ишга алоҳида эътибор берилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадиси шарифларини ўргансак, масалани тўғри тушунишимизга ёрдам бўлади.

Имом Аҳмад ва Имом Абу Довудлар Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у Зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва, ҳалиги билан биру бир, дедилар».

Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси ўтган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақасида эса у Зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлади. Бу оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир. Афсус, кўпгина мусулмонлар бунга ўхшаш нарсалардан хабарсизлар.

Қадимги уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни шарҳ қилар эканлар, бир неча маъноларга урғу берганлар. Улар, Оишанинг ҳадисида оёқда югуриб мусобақа қилишга, маҳрам эркак аёллар орасида мусобақа ўтказишга, бу иш виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига номуносиб эмаслигига далил бор, дейдилар.

Минг афсуслар бўлсин, кўпчилик мусулмонлар, хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни даъво қилувчилар, мана бу маънолардан йироқдадирлар. Улар бадантарбия ила шуғулланиш виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига номуносиб деб биладилар.

Имом Муслим ва Имом Аҳмадлар келтирган ривоятда саҳобалардан Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Биз йўлда юриб борар эдик. Ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши: «Мадинагача мусобақалашувчи борми? ҚаниЗ ким мусобақа қила олади?» дея бошлади.

«Ҳурматли кишини ҳурмат, шарафлини шарафини риоя қилмайсанми?» дедим.

«Фақатгина Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни» деди.

«Эй Аллоҳни Расули, ота-онам сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай», дедим.

«Хоҳишинг бўлса, майли» , дедилар у Зот. Мадинага ундан ўзиб етиб бордим.

Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ичида доимий равишда спорт мусобақалари бўлиб турганини билиб оламиз. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳунинг, ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши, дейишлари шу маънога далолат қилади. Яъни саҳобалар ичида мусобақаларда доимий равишда биринчи бўлганлари ҳам бор экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса худди Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳуни спорт мусобақасига рағбатлантирганларидек, ҳаммани рағбатлантириб турганлар.

Имом Абу Довуд Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:«Рукона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йиқитдилар».

Уламоларимиз ушбу кураш мусобақаси ҳақидаги ҳадиси шарифнинг ўзига хос қиссасини ҳам ривоят қиладилар. Имом Абу Довуд ривоятида бу қисса қуйидагича баён этилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Батҳода эдилар. У Зотнинг ҳузурларига Рукона ибн Язид қўй-эчкиларини ҳайдаб келди ва: «Эй Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!» деди.

«Совринга нима қўясан?» дедилар. «Қўйларимдан бирини», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона: «Яна қайта тушасанми?» деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у:«Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ёнимни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган сен эмассан!» деди-да, Исломга кирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларини қайтариб бердилар».

Бундан мусулмон кишининг мусулмон бўлмаган киши билан ҳам мусобақа ўтказиши мумкинлиги аён бўлади. Шунингдек, спорт орқали яхшиликларни тарқатиш, кишиларни Исломга киритиш ҳам мумкинлиги тасдиқланади. Яна Руконага ўхшаб баъзи ҳовлиққанлар бўлса, попугини пасайтириб қўйиш ҳам мумкин бўлади. Бунинг учун эса мусулмонлар доимий равишда бадантарбия билан шуғулланиб, соғ-саломат ҳолда тайёргарлик кўриб юришлари лозим бўлади.

Бошқа ривоятлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини кураштириб мусобақалар ўтишига ўзлари бош бўлганлари ҳам айтилади. Уҳуд ва бошқа баъзи урушлар бошланишидан олдин ўспирин мусулмон йигитлар келиб, ўзларини аскарликка қабул қилишни талаб қилганлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кураштириб, ғолиб келганларни қабул қилганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Ҳабашийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида «ҳироб» ўйнашаётган эди. Умар кириб қолди-да, эгилиб тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Эй Умар, тек қўй уларни!» дедилар».

«Ҳироб» қурол ушлаб чапдастлик намуналарини кўрсатадиган ҳарбий спорт ўйини. Мазкур ҳабашийларнинг бу ўйини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўлган. Бу ҳол ҳам бадантарбияга аҳамият беришнинг бир намунаси.

Имом Бухорий ва Имом Аҳмад Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва: «Эй Бани Исмоиллар! Отинглар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бани Фулон биланман!» дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?» дедилар. Улар: «Сиз улар билан бўлсангиз, қандоқ қилиб ҳам отар эдик?!» дейишди. Шунда у Зот: «Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!» дедилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлодни соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар. У Зот: «Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар», деганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Ёзишни, сузишни ва отишни таълим бериш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидир», дейилган.

Бу маънолар яхши маънолардир. Аммо ўйлаб кўрадиган бўлсак, Ислом ўзининг бутун борлиги билан ҳаракат динидир. Унда ҳаракатсиз ҳеч нарса бўлмайди. Ўйлаб кўринг, бир вақт намоз ўқиш учун инсон қанчалар ҳаракат қилади. Саҳарда уйқусидан туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқиш жойига бориб, икки раъкат намоз ўқигунича одамнинг ҳар бир бўғини қанчадан қанча ҳаракатга тушади.

Рўза ҳам шунга ўхшаш. Саҳарликка турилади. Ҳаракат қилинади. Ҳуфтонга қўшиб йигирма раъкат таровиҳ намози ўқилади. Ҳаж ва умра бўлса, асосанЗ қаттиқ ҳаракатдан иборат ибодатлардир. Буларнинг ҳаммаси соғлиқ учун фойдали эканини мусулмон бўлмаган одамлар ҳам англаб етишди.

«Ҳадис ва Ҳаёт»

«Тиб ва дам китоби»

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Қўрқув мавжуд бўлган таҳликадаги таъсирланиш бўлиб, нормал ҳолат деб ҳисобланади. Инстинктив равишда ўз давоми...

21:00 / 08.10.2019 6500
Энг гўзал хулқ эгаси Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм  Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида Ва албатта, сен улкан давоми...

10:55 / 14.12.2017 2826
Мақолада тасвирланган ҳолат бизнинг жамиятда у қадар жиддий тус олмаган бўлсада, шунга ўхшаш кўплаб давоми...

21:00 / 25.11.2019 4846
.Улар quotРоббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни давоми...

21:19 / 03.05.2023 1976