Тавба қиссалари: Фузайл ибн Иёзнинг тавбаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, тавба солиҳлар йўлининг бошланишидир. Ютуқ аҳлининг сармоясидир. Муридларнинг аввалги қадамидир. Адашганларга тўғриланиш калитидир. Тавба туфайли кўп ишлар ўнглангандир. Тавба туфайли кўп кишилар нажот топгандир. Одам Атонинг иши ўнглангани тавба қилганидандир. Иблиснинг лаънатга учрагани тавба қилмаганидандир. Тавба ҳақидаги қиссалар Қуръони Карим ва Суннати набавийда кўп келган.

Шунингдек, кейинги даврдаги уламолар ҳам турли кишиларнинг тавбалари ҳақидаги маълумотларни ишончли йўллар билан умматга етказганлар. Мазкур қиссаларда улкан ибратлар борлиги эътиборидан улардан баъзиларини сиз азизларга такдим этишга қарор қилдик.

Фузайл ибн Иёзнинг тавбаси

1

Фузайл ибн Иёз 105-ҳижрий йилда Самарқандга қарашли «Наса» номли жойда туғилган. Бу жойнинг форсча исми «Дарҳи кузу» бўлиб, «Манн водийси» маъносини англатади.

У ёшлигининг ярмини йўлтўсарлик қилиб, одамларнинг молини талаб, қароқчилик ва зўравонлик қилиб ўтказди. У Абювард ва Марв орасидаги тор йўлларда йўловчи мусофирларни пойлаб турар эди. Секин-аста ўша тор йўл унинг номи ила аталадиган бўлди ва у ердан ўтувчилар ҳамда карвондагиларнинг қалбига қўрқинч соладиган жойга айланди. Йўловчилар бир-бирларига унинг тузоғига тушиб қолмаслик учун ўша ерни четлаб ўтишни тавсия қилар эдилар.

Фузайл ўзи талаб олган молларни айш-ишратга, кўнгилхушликка сарфлар, лаззатларига ишлатар эди.

У ушбу нодонлик ҳаётининг авжида бир жорияни учратиб, уни севиб қолди ва ўзини унга бағишлади. Фурсат топиши билан унинг ҳузурига ошиқар эди. Бундай фурсатлар эса жуда оз бўлар эди. Унга боғланиб қолган Фузайлнинг йўлтўсарликка, мусофирларни пойлашга ва уларни таъқиб қилишга вақти қолмади. Жориянинг ишқи унинг қалбини ром қилиб, молиявий қизиқишларини унутди. Бу ишқ ундаги зўравонлик ва ёмонлик оловини сўндириб, шу жория ҳақида фикр қилишдан бошқага ярамай қолди, кун-тун фақат унга етишиш йўллари ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди.

Инсонда нафс тўзонлари тинчланса, ёмонлик ҳислари сокин бўлса, бунинг муқобилида унинг қалб тўридаги содиқ туйғулар қўзғалади. Ана шу ҳолат ўз эгасини Аллоҳга етакловчи биринчи қадамлар бўлади. Мазкур ҳисни уйғотган нарса нима бўлишининг фарқи йўқ. Шунингдек, унинг қай тарафга йўллангани ёки қай нарсага мойил бўлгани ҳам фарқ қилмайди. Чунки муҳаббатнинг йўли биттадир. Маҳбуб қандай бўлса ҳам, у йўлнинг қай тарафида турган бўлса ҳам, барибир. Энг муҳими, солик ўзига ёққан ва ўзи берилган бекатда тўхтаб қолмаса, бас. Модомики, олдидаги йўл очиқ экан, у барча бекатлардан ўтиши лозим. У ўзининг ҳақиқий маҳбуби олдинда эканини билмоғи матлубдир. У ҳарчанд йўлда давом этар экан ва бекатлардан бирма-бир ўтар экан, ўз йўлини давом эттириш жозибаси уни ўзига тортаётганини ҳис қилади.

Фузайл ибн Иёз ўзининг мазкур жорияга бўлган муҳаббати ва унга боғланиши орқали йўл бошига келди. Кечаларнинг бирида у карвон йўлини тўсиб, унинг молини талаш режасини тузиш ўрнига маҳбубаси ила қандай қилиб учрашиш режаси ҳақида фикр юрита бошлади. Ва ниҳоят, кечанинг охирги қисмида, ҳамма ухлаб ётганда ҳабибасининг ҳовлисига бориб, эшик қоқиб, сўраб ўтирмай, девордан ошиб тушиш режасини тузди.

Фузайл муносиб вақтни танлаш ва режасини амалга оширишга киришди. Тун қоронғусида жориянинг ҳовлисига етиб борди. У иккиланиб ўтирмасдан, ҳовли деворидан ошиб ўтишга қулай жой ахтара бошлади. Тезда ўшандай жойни топди ва осилиб деворнинг устига чиқди. Девордан ҳовлига тушишдан олдин атрофга диққат билан қулоқ солди. У шу ҳолда турганида қулоғига тун қоронғусида бир қорининг Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги оятни тиловат қилаётганини эшитди:

أَلَمْ يَأْنِ لِلَّذِينَ آمَنُوا أَن تَخْشَعَ قُلُوبُهُمْ لِذِكْرِ اللَّهِ وَمَا نَزَلَ مِنَ الْحَقِّ وَلَا يَكُونُوا كَالَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِن قَبْلُ فَطَالَ عَلَيْهِمُ الْأَمَدُ فَقَسَتْ قُلُوبُهُمْ وَكَثِيرٌ مِّنْهُمْ فَاسِقُونَ

«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!» (Ҳадид сураси, 1б-оят).

Ўша соатда Фузайлнинг қалби бефаросатликдан озод бўлди. Унинг қалбини ўраб олган қасоват парчаланди. Унинг қулоғига муҳаббат тўла раббоний калималар кириши билан бу калималарнинг шуъласи унинг қалбига етиб борди. Бу шуъла ундаги сўниб бораётган чироқни яна ёндирди, ўчиб бораётган оловни алангалатди. У бирдан қоронғу зулматни титратиб юборган овоз ила:

«Ҳа, Роббим! Вақти келди!» дея қичқирди.

Ўша лаҳзанинг ўзида унинг зоти тамоман ўзгарди. У турган еридан тушди. Худди бир нарса чақиб олган одамдек, ҳеч нарсага қарамай:

«Ҳа, Роббим! Вақти келди!» дея қичқирганча олға юриб кетди.

Ўша кечанинг охирида бу банда ила унинг Робби орасида сулҳ тузилди. Ўша зулматли соатда безори, қароқчи, йўлтасар Фузайл ибн Иёз дафн этилди. Унинг ўрнига олим, парҳезкор, зоҳид, обид ва ҳакийм Фузайл ибн Иёз туғилди!

Энди у нима қилади? Қаерга боради? У Сарахсга қайтиб кетишни маъқул кўрди. Кеч кириши билан тунаш учун мусофирхонага борди. У ерда бир гуруҳ йўловчиларни кўрди. Уларнинг ўзаро йўл юриш ҳақида маслаҳат қилаётганларини эшитди. Шу пайт улардан бири «Тонг отгунча кутиб турганимиз маъқул. Йўл хатарли. У ерда Фузайл бор», деди.

Фузайл уларни тинчлантириш учун олдиларига борди, сўнг томоғига йиғиси тиқилган ҳолда:

«Батаҳқиқ, Аллоҳ йўлни Фузайлдан тозалади. Мана, у сизнинг қаршингизда тавба қилган ҳолида турибди! Умид қиламанки, бугундан бошлаб мени фақат Аллоҳга қочган ҳолимда, У Зотнинг Байтул Ҳароми олдида кўрасизлар!», деди.

Сўнгра у узоқ сафарга керакли нарсаларини олиб, Байтуллоҳ томон йўл олди. Йўл узра у ўз-ўзига гапириб борарди: «Мен кечаси маъсиятга қўл урар эдим. Бу ерда эса мусулмонлардан бир қавм мендан қўрқиб ўтирибди. Аллоҳ тавба қилишим учун мени уларнинг ҳузурига олиб келган бўлса керак. Аллоҳим! Ўзингга тавба қилдим. Тавбамнинг Байтул Ҳаромингни қўшни тутишим ила бўлишини истадим!»

Маҳзунлик сафари

2

Аллоҳга юзланган Фузайл ўз-ўзига зулм қилган ўтмишини ва гуноҳларга ружуъ қўйган пайтини эсидан чиқармади. У қанчалик Аллоҳга яқинлашса, У Зотнинг зикрини кўпроқ қилса ва сифатларини улуғласа, қалбидаги хавфи шунчалик зиёда бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳаққида йўл қўйган камчиликларига маҳзунлиги шунчалик ортиб борди. Хусусан, унинг ҳузурида Аллоҳ зикр қилинса ва Қуръон тиловат қилинса, бу ҳолат яна ҳам зиёда бўлар эди.

Ибн Асокир Иброҳим ибн Ашъасдан ривоят қилади:

«Фузайл ибн Иёздан кўра қалбида Аллоҳ улуғ бўлган одамни кўрмадим. Қачон унинг олдида Аллоҳ зикр қилинса ёки Қуръон ўқилса, Унда хавф ва маҳзунлик зоҳир бўлар эди. Унинг икки кўзидан дув-дув ёш қуйиларди. Ҳузурида турганларнинг унга раҳми келарди. У маҳзунлик ва қаттиқ фикрда бардавом эди».

Кўпинча унинг маҳзунлиги у билан бирга бўлган суҳбатдошларига ҳам ўтарди. Фузайл ибн Иёз ўзининг оғир ўтмишини, қилган гуноҳларини ва Роббидан узоқ бўлган вақтларини эслаб, маҳзун бўлар эди. Унинг ҳамсуҳбатлари эса, ибодатда, парҳезкорликда, зоҳидликда ва маърифатда ўзларидан бир неча баробар устун турадиган бу одамнинг маҳзунлигини кўриб, ўзлари ҳам маҳзун бўлар эдилар.

Фузайл ибн Иёзга кўп мулозим бўлганлардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак: «Қачон Фузайл ибн Иёзга назар солсам, маҳзунлигим янгиланади ва ўзимни ёмон кўриб кетаман», деб туриб, йиғлаб юборар эди.

Агар Фузайл ибн Иёз ваъз-насиҳат қилса, унинг маҳзунлиги тингловчиларнинг қалбига ўтар эди. Уларнинг кўплари унинг ҳолига тушар эди. Унинг ваъзлари атрофидагиларнинг қалбларига маҳзунлик ва афсусни киритар, уларни дунё уйқусидан уйғотар, дунёга берилишдан қайтарар эди.

Рашид Маъмунга қуйидагиларни айтганди:

«Кўзларим Фузайл ибн Иёзга ўхшаган инсонни кўрмаган. Олдига кирганимда у менга:

«Эй мўминларнинг амири! Қалбингни маҳзунлик ва авф учун бўшат. Токи бу икки нарса қалбингдан жой олсин ва сени Аллоҳга маъсият қилишдан тўхтатсин, дўзахдан узоқлаштирсин», деди».

Фузайл ибн Иёзнинг мулозимларидан бири бўлган, бир гуруҳ уламолар билан Рашиднинг даъватига биноан, унинг ҳузурига кирган Суфён ибн Уяйна шундай ҳикоя қилади:

«Фузайл ибн Иёз ҳаммамиздан кейин бошини ридоси билан ўраб олган ҳолда кирди. У ўз жойига жойлашиб ўтиргандан кейин мендан:

«Ҳой, Суфён! Улардан қай бири мўминларнинг амири?» деди.

«Анависи», деб ишора қилиб кўрсатдим.

Фузайл ибн Иёз унга назар солди ва:

«Ҳой чиройли юзли! Ушбу умматнинг иши қўлида ва масъулияти бўйнида бўлган сенмисан?! Жуда ҳам катта ишни зиммангга олибсан!» деган эди, Рашид ҳўнграб йиғлаб юборди.

Сўнг Рашид ҳозир бўлганларга ўн минг дирҳамли ҳамён берди. Уларнинг ҳаммаси қабул қилиб олди. Фақатгина Фузайл ибн Иёз олмади. Шунда Рашид унга:

«Эй Абу Али! Уни ўзингга ҳалол ҳисобламасанг, қарздорга берарсан, очни тўйдирарсан ёки юпунни кийдирарсан», деди. Аммо Фузайл ибн Иёз узр айтди.

Кейин Рашид унга:

«Қандай ҳам ажойиб зоҳидсан-а, Абу Али!» деди.

«Сен мендан кўра зоҳидроқсан», деди у.

«Қандай қилиб?» деди.

«Мен фоний дунёдан юз ўгирганман. Сен боқий охиратдан юз ўгиргансан!» деди у.

Унинг ҳузуридан чиққанларида Суфён ибн Уяйна унга:

«Хато қилдинг. Уни олиб яхшилик ишларга сарфласанг бўларди», деди.

Фузайл ибн Иёз унга:

«Эй Абу Муҳаммад! Сен юртнинг фақиҳи бўла туриб шу хатога йўл қўясанми? Ўша нарса уларга ҳалол бўлганда менга ҳам ҳалол бўларди», деди».

Куфада

3

Фузайл ибн Иёз ўзининг Самарқанддан Маккага қилаётган сафари давомида Бағдодга бурилди. Сўнгра у ердан Куфага ўтди. Ўша жойда бир муддат туриб, илм олди ва ҳадис эшитди. Ҳадис жамлашга ва уни ривоят қилишга жуда ҳам берилди. Жуда кўп муҳаддислардан ҳадис олди. Уларнинг ичида Аъмаш, Ато ибн Соиб, Мансур ибн Мўътамир, Ҳусойн ибн Абдурроҳман, Муслим Аъвар, Абон ибн Абу Аиёшлар бор эди.

У киши Куфа масжидида ва бошқа ерларда илм олиш ва ҳадис эшитишда бардавом бўлди. Кейин илми ва кўп ҳадис билиши ила танилди. Ўз исмини ишончли ровийлар рўйхатининг бошида бўлишига эришди.

У ҳақда Ибн Носириддин қуйидагиларни айтган:

«Фузайл ибн Иёз Абу Али Тамимий ҳарамнинг имоми, Шайхул Ислом, катта уламоларнинг ўрнагидир. Ундан Шофеъий, Яҳъя Қаттон ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар. У шаъни улуғ Роббоний имом, аслзода, обид ва улуғ зоҳид эди».

(Доктор Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутийнинг

«Шахсиётун иставкафатнии»

китобидан қисқартириб олинди.)

Мавзуга оид мақолалар
Диний таҳсилимни эндигина тамомлаган кунларим эди. Муҳтарам отам муфтий Муҳаммад Шофеъ роҳимаҳуллоҳ билан давоми...

21:32 / 10.09.2023 1524
Расулуллоҳ алайҳиссаломни яхши кўришимизга 10 сабаб Саодату ҳидоятимиз сабабчиси. Аллоҳ таоло у зотни давоми...

14:16 / 11.12.2017 3407
embedhttpswww.youtube.comwatchvt82XDiNB41Efeatureyoutu.beembed

17:13 / 08.02.2018 4081
 Бу қиссани мулоҳаза қилиб кўринг  Эрхотин янги уйга кўчиб ўтишди. Кунларнинг бирида  нонушта қилиб давоми...

20:59 / 02.02.2017 5550