Тўғри овқатланиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саломатлик дарсларини давом эттирамиз. Бугун биз тўғри овқатланиш ҳақида сўз юритамиз. Соғлом турмуш тарзининг асосий омилларидан етакчиси тўғри овқатланишдир. Ирсий касалликлардан ташқари, мавжуд касалликларнинг деярли барчасининг сабаби кишини ҳайратга соладиган даражада бир хил бўлиб, бу нотўғри турмуш тарзи ва нотўғри овқатланишдир.

Касал бўлиш, одатда, инсоннинг ўз айби ва хатосидир. Чунки инсон организмига уни касалликлардан сақлайдиган шундай бир мукаммал механизм жойлаштирилганки, уни ишдан чиқариш учун кўп «меҳнат қилиш» керак бўлади. Ана шу мукаммал механизмга эга бўлганда ҳам, инсон касал бўлса, Аллоҳ шу касалликлардан шифо топиши учун йўл кўрсатиб қўйган. Инсон шифони янглиш йўллардан қидириши кейинги хато йўлга киришдир. Тиббиётда хавфли деб ҳисобланган барча касалликларнинг шифосини ҳам Аллоҳ берган. Касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини бирма-бир кўриб чиқамиз. Шулардан энг асосийси – бу, нотўғри овқатланишдир. Нотўғри овқатланиш қуйидагилардан иборат: 1.Кўп ейиш – «мечкайлик». Кўп ейиш дарахтини эккан одам касаллик мевасини теради. «Мечкайлик дарахти»нинг мевалари қандай ҳосил бўлади? Овқат кўп ейилганда ошқозон ҳазм қилувчи ферментларга қўшимча эҳтиёж сезади, кўпроқ фермент ишлаб чиқариш учун тана қийналади, бунинг учун кўп энергия талаб қилинади. Соғлом ошқозон 250–300 гр овқатни биринчи ҳазмини 3–4 соат давомида амалга оширади ва бу миқдорни ҳазм қилишда юрак зўриқмайди. Аммо 2 баробар кўп овқат ейилса, уни ҳазм қилиш, ортиқчаларини чиқариб ташлаш, метаболизм қолдиқларини чиқарувчи органлар ҳам зўриқади. Инсон юраги зўриқиб ишлашдан касалланади, ўз ризқини тез тугатади, зеро бизга ажратилган умр – юрак зарблари ҳам саноқлидир. Ёш одам кўп овқат еса, уни ҳазм қила олади, лекин бу нарса узоқ давом этаверса, танада зўриқиш пайдо бўлиб, ортиқча моддалар чиқарилиши сусаяди ва бу моддалар қонга аралашиб, қон қуйилиши, томирларниниг торайиши ва бу ҳолатлардан келиб чиққан метаболик синдром деб аталувчи ҳолат вужудга келади. Бу ҳолатда организмда қуйидаги ўзгаришлар кузатилади: семириш, юқори қон босими, қон-томир касалликлари, қонда қанд ва холестерин миқдорининг кўтарилиши. Қуюқлашган қоннинг торайган томирлардан айланиши қийинлашади, мияда қон айланишининг сусайиши ҳисобига аъзолар танага «очмиз» деб сигнал юборади ва инсон янада кўпроқ овқат ея бошлайди. Кўп овқат ейдиган одамда фикрлаш қобилияти, хотира камаяди, ҳикмат ўлади. Шундай қилиб, «Ейиш улар учун бир жазо бўлади» ҳикмати нозил бўлади. Баъзи кишилар кўп ейишдан семириб кетса, баъзилари эса озғинлигича қолади.Бундан ташқари, танамиздаги тизимлар фақат табиий емакларни ҳазм қила олади. Гени ўзгартирилган, ген технологияси ва нанотехнология йўли билан тайёрланган озуқаларнинг маълум миқдордан ортиқчасига овқат ҳазм қилиш ва иммунитет тизими дош бера олмайди ва турли касалликлар юзага кела бошлайди. Бундай маҳсулотлардан қочиб қутулишнинг иложи йўқ, шунинг учун ҳеч бўлмаса, оз ейишни ўрганиш керак. 2.Аралаш ейиш. Мижозга тўғри келмайдиган ёки ҳазм учун алоҳида ферментлар керак бўладиган таомлар аралаш ейилса, ҳазм бўла олмасдан ошқозон ва ичакда чирийди. Масалан, сут билан балиқ, бир неча сигирдан соғилган аралаш сут, аралаш гўшт, қоришма ёғлар бир-бирига зид ҳисобланади, чунки уларнинг ҳазм бўлиши учун ҳар хил ферментлар керак бўлади. Чириш жараёни ошқозонда, кейин ичакларда соатлаб давом этади ва ошқозонда дам – шиш, жиғилдон қайнаши пайдо бўлади. Пайдо бўлган газ ва кислотали қолдиқлар қон орқали организм ҳужайраларига тарқалиб, уларни ҳам заҳарлайди ва касалликларга йўл очади, ичаклар фаолияти бузилади: қабзият, дисбактериоз белгилари пайдо бўлади. Вужуд чидамлилигини йўқотади, ҳолсизлашади, уйқу, дангасалик ортади, ичакларда мунтазам равишда газ пайдо бўлади. 3.Тез-тез ейиш. Қадимги ҳакимлардан, касаллик нима, деб сўралса, ейилганни ҳазм қилмасдан устига таом ейиш, деб айтишган. Ҳақиқатан ҳам касалликнинг асосий сабабларидан бири ҳазмнинг тамомланишини кутмасдан, бир овқатнинг устига бошқа овқат ейишдир. Ҳазм тизимининг қоидаларига асосан 200–250 гр миқдоридаги таом турига қараб ошқозонда 3–4 соатдан 6–10 соатгача давом этади, сўнгра ичакларга ўтиб ҳазм бўлади. Бунга биринчи ҳазм дейилади. Бу ҳазм жараёни тамом бўлмасдан ейилган бир луқма таом ҳам ҳазм жараёнини бузади ва аввалги овқат чириши натижасида жиғилдон қайнайди, меъдада газ пайдо бўлади. Аслида биринчи ҳазмдан кейин эмас, балки 3-ҳазм, яъни озуқалар қондан ҳужайраларга ўтгандан кейин бошқа таом ейиш керак. Демак кунига 2 марта иссиқ овқат ва 1 марта енгил тамадди (талабингизга қараб) кифоя қилади. Бугунги кунда кишилар, айниқса, болалар ва аёллар кун бўйи нималарнидир чайнаб юришади. Шундай экан, энг муҳим соғлик қоидаси ва барча касалликларга ягона даво яхшигина оч бўлгандан кейин овқатланишдир .(давоми бор)

Раъно Тожибой қизи тайёрлади.

Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Бир дўстим бир қизга уйланмоқчи, бироқ отаонаси бунга қарши. «Агар ўша қизга уйлансанг. сени оқ давоми...

17:00 / 16.10.2016 3395
Ливиядаги ғалаёнлар тўхтамасдан давом этмоқда. Одамлар Ливияда қон тўкилишини тўхтатишни талаб давоми...

19:22 / 02.12.2016 2787
Ҳозирга келиб, талоқ қилинган аёллар сони кунданкунга ортиб бормоқда. Бу инкор қилиб бўлмайдиган давоми...

10:49 / 11.12.2018 3304