Шайтон инсон билан қандай мулоқот қилади?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

            ШАЙТОН ИНСОН БИЛАН ҚАНДАЙ МУЛОҚОТ ҚИЛАДИ?  

Шайтон мўминнинг энг катта ва энг асосий душманидир.

Шайтонлар – мақсади турли-туман ёмонликлар қилишдан иборат бўлган, яхшилик қилишга умуман лаёқати бўлмаган кўзга кўринмас мавжудотлардир.  Улар оловнинг алангасидан яратилган.

Ҳақиқатан ҳам, шайтон мўминнинг энг катта ва энг хавфли душмани бўлганидан у билан умрининг охиригача курашиб яшайди.

 Бу кураш давомида шайтон қўлидан келган барча макр-ҳийлаларни ишга солади. У инсонга ҳеч қачон ўзининг ҳақиқий башарасини кўрсатмайди ва ҳеч қачон инсонга қарата: «Мен шайтонман ва сени дўзахга етаклаб бораман», – деб очиқ-ойдин айтмайди. Аксинча, у ўзининг мавжудлигини инсондан усталик билан яширади, уни васваса қилиб, ёмон йўлга бошлайди. Шайтоннинг ҳозирлигини сезмаган ғофил инсон эса шайтон васвасасини ўзининг миясида пайдо бўлган шахсий фикрлари деб ҳисоблайди. Устига устак, шайтон инсонга бу фикрларни тўғри деб сингдира олади. Шу тариқа инсон ўзи сезмаган ҳолда бутунлай шайтоннинг исканжасига тушади.

Бироқ инсон кўнглига васваса солишга қодир бу душманни Қуръон билан қуролсизлантириши мумкин. Аввало, шуни айтиб ўтиш лозимки, иймонли одамнинг нури ва заковати бўлади. Ва улар бу ички овоз аслида виждон овозими ё шайтон васвасаси эканлигини аниқлашга ёрдам беради. Иймонли одам шайтон васвасасига йўлиққанини сезиб қолса, у Қуръони Каримда буюрилганларни оғишмай бажариши ҳамда Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши лозим, чунки Аллоҳни зикр қилган одамга шайтоннинг васвасаси таъсир қилмайди. Бу муҳим сирни Аллоҳ таолонинг Ўзи ошкор қилиб, Қуръони Каримда шундай дейди:

«Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У яхши эшитувчи , яхши билувчи Зотдир. Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, албатта, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар. («Аъроф», 200-201)

Бу ҳаёти дунё  синов дунёси экан, инсон ҳар куни турли вазиятларга дуч келади. Шарт-шароит қандайлигидан қатъи назар, шайтон инсонни панада пойлаб туради. Ҳаттоки,  инсоннинг арзимас тойилиши ҳам шайтонга имкон яратиб беради. Шайтон эса сездирмасдан бунақа имконларнинг ҳар биридан  фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади.

Агар мўмин одам кўнглида ғашлик сезса,  унинг виждони қийналаётган бўлади ҳамда бу ҳолатни у тўхтаб, ўйлаб кўриш кераклигини  эслатувчи илоҳий белги деб қабул қилиши керак. Бундай ҳолатда  инсон ўзига ўзи  ташқаридан назар ташлаб, ўзига қуйидаги саволларни бериб кўриши лозим бўлади:

— Ҳозир хаёлимга келаётган фикрлар Қуръони Каримга (яъни ундаги кўрсатмаларга) мос келадими?

— Мен Аллоҳни зикр қилишда беҳафсалалик қилмаяпманми?

— Қуръони Карим таълимотларига амал қилиш менга малоллик қилмаяптими?

— Режаларим Аллоҳ таолонинг розилигини олишга қаратилганми ўзи?

— Мен учун айни пайтда ўзимнинг фойдам муҳимми ё бошқа мусулмонлар манфаатими ?

— Менда ўз-ўзимга ё бошқа мусулмонларга нисбатан шубҳа-гумон борми?

— Ҳаётда мушкул вазиятларга дуч келиб қолсам, Аллоҳ таолога таваккул қиламанми ёки ўзимни ноҳақлик қурбони, деб ҳис қиламанми?

— Фидойилигимни бошқалар ҳам билишини хоҳлайманми?

— Дунё бойликларига кучли ҳирсим борми? 

— Келажак олдида қўрқинч ҳис қиламанми?

— Менга Қуръони Каримга мувофиқ келувчи танбеҳ берилса, қандай муносабат билдираман?

— Аллоҳ таолонинг ёки Исломнинг душманларидан бирортасига муҳаббат ёки илиқлик ҳис қиламанми?

— Қуръони Карим тиловатини, дуоларни ёки бошқа солиҳ амаллар қилишни бўлмағур сабабларга кўра ортга сурганманми?

Агар кўнгилдаги ғашлик ва хавотирларнинг сабаби юқоридагилардан бири бўлса, бу ўша инсоннинг шайтон васвасасига дуч келганидан дарак беради. Биз ўз фикрларимиз деб қабул қиладиган бу хаёллар аслида шайтоннинг қулоғимизга пичирлаётган сўзларидир.

 Шайтоннинг хусусиятлари ва одамларга қўядиган тузоқларидан хабардор бўлган кишигина  бу васвасаларни таниб олиши мумкин. Ва бу хабарларларнинг ягона манбаи, албатта, Қуръони Каримдир. Аллоҳ таоло  шайтоннинг кирдикорлари, одамларни ҳақ йўлдан оздирадиган тузоқларини ва улардан қандай сақланиш мумкинлигини Қуръони Каримда батафсил кўрсатиб берган.

                                                                                             /Islam-today/

                  

                               

Мавзуга оид мақолалар
Индонезия дин ишлари вазирлиги Қуръоннинг 16 та маҳаллий тилдаги таржималарини чоп этди. Жакарта маданият давоми...

11:39 / 24.01.2019 3395
Инсон учун энг катта неъматлардан бири саломатлик. Соғлигимизнинг қадрига етиб, унга доимо эътиборда давоми...

10:50 / 23.01.2017 4745
Нусайба бинти Каъб бин Амр умму Аммораҳ ансорий «Қачон ўнгимга ёки сўлимга қарасам, мени ҳимоя этиш учун давоми...

11:38 / 27.02.2017 3637
Бизни иймонга чақирган, Қуръон билан ҳидоят қилган, фазлэҳсони ила дуоларимизни қабул этган, фақат Унгагина давоми...

19:02 / 04.02.2019 7913