«Лайли ва Мажнун» достонидан парча
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳнинг таваллудларига 575 йил бўлгани муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар қатори азиз ўқувчиларимиз эътиборига у кишининг ижодларидан қуйидаги парчани ҳавола қилмоқчимиз. Бу парча «Лайли ва Мажнун» достонининг 36‑бобининг бир қисми бўлиб, унда Навоий ҳазратлари ишқ ҳақида сўзлайдилар.

[gallery size="medium" ids="14038,14037,14036,14035,14034,14033,14032,14031" orderby="rand"]

XXXVI

Ишқ таърифидаким, «айн»ининг нурлиғ тоби туфроғни «айн» қилур ва «шин»ининг шароралиғ шуъласи кўнгуллар хайлиға шайн солур ва «қоф»ининг гаронсанг тоғи ҳар кимга юкланса нобуд этар ва нуқталарининг тоза доғи ҳар чок кўнгулга тушса лоланинг беш баргидек қонға бўяр1

Э ишқ, ғариб кимиёсен,

Бал ойинаи жаҳоннамосен.

Ҳам зотинга дарж кимиёлиқ,

Ҳам ойинаи жаҳоннамолиқ.

Буким сангадур бу иккидин зот,

Бир-бир қилайин икkисин исбот.

Қилдим эса кимиё хитобинг,

Андин ҳам эрур бийик жанобинг.

Берди анга бу натижа гардун

Ким, мисга етишса қилғай олтун.

Инсонники халқ қилди Халлоқ,

Йўқ тийнат анга бағайри туфроқ.

Сенким анга ошнолик эттинг,

Туфроққа кимиёлиғ эттинг.

Олтун қилдинг узорин онинг,

Балким тани токсорин онинг.

Бу навъ ила доғи қилмадинг, бас,

Ҳажр ўтиға солдинг ўйлаким хас.

Ул ўтда чу иҳтизоз топти,

Андоқки керак гудоз топти2.

Ҳар ғашлиғдинки эрди ноқис,

Бўлди бу гудоз бирла холис.

Ҳам олтун ўлуб бу пайкари хок,

Ҳам ўлди бу навъ холису пок.

Чун холису поку беғаш ўлди,

Олтун неки кимиёваш ўлди.

Гарчи ситаму жафо қилурсен,

Туфроғни кимиё қилурсен.

Иккинчи дедим ёруғсен асру,

Андоқки жаҳоннамой кўзгу.

Мунда доғи топилур тафовут,

Ким очса назар билур тафовут.

Ул ойинаким Скандар3 этти,

Пўлоддин ўйла пайкар этти.

Ким, Рум аро чекиб манори,

Боқтурди ани Фаранг4 сори.

Чун берди жамолиға кушойиш,

Кўргузди Фарангдин намойиш.

Топқоч ани бу сифат зиёлиқ,

Тоқти отиға жаҳоннамолиқ.

Бу навъки ул демиш, эмасдур,

Менким не дедим, ҳамону басдур.

Хуршеди жаҳонкушой сен-сен,

Миръоти жаҳоннамой сен-сен.

Ким қилди санга назарни равшан,

Кўрди еру кўкдагин муайян.

Чун боққали ихтиёр топти,

Ҳар сорики боқти ёр топти.

Ҳам нақши вужудин этти фоний,

Ҳам топти бақойи жовидоний.

Бу ишқки бахти комрондин,

Холи бўлмай замоне ондин.

Гарчи ики навъ ўтти рози,

Аввалғини англағил мажозий 5

Ким, дарду гудозу сўз бирла,

Юз шуълаи жонфурўз бирла.

Чун айлади покликка мавсуф,

Ул навъ қилур бировга машъуф.

Ким ишқ аро фироқ ила дард,

Ўзлукдин этар тамом ани фард.

Бил сўнграғи ишқни ҳақиқий,

Ким, давлат эрур анинг рафиқи.

Аввалғи вужудин этса зойил,

Чун бўлса икинчисига мойил.

Йўқ-йўқки икинчи они чекса,

Кўнглига висол тухмин экса.

Ул навъ кетурса турктози6

Ким, қолмаса сурати мажози.

Мазҳардин кўрмайин нишоне,

Мазҳарда ўзини топса фоний.

Мақсуд будур, ҳаётдин бу,

Бал хилқати коинотдин бу.

Насрий баён:

«Ишқ (عشق ) таърифидаки, «айни»нинг нурли тобланиши тупроқни чашмадек оқизади; «шини»нинг учқунлари шуъласи кўнгуллар қўшинига нуқсон етказур; «қоф»ининг вазмин тошли тоғи кимга юкланса, нобуд этар ва нуқталарининг тоза доғи ҳар чок кўнгилга тушса, лоланинг беш баргидек қонга бўяйди».

Эй ишқ, сен ажойиб кимёсан, балки бутун жаҳонни кўрсатиб турадиган ойнасан. Сенинг вужудингда ҳам кимёлик, ҳам жаҳоннамолик хусусияти бор. Сенинг борлиғинг таркиб топган бу икки хоссанинг иккаласини бирма‑бир исбот қилмоқчиман. Сени «кимё» дедим. Аслида сенинг олийжаноблигинг ундан ҳам юксак. Кимёга тақдир шундай натижа бердики, агар мисга тегса, уни олтин қилиб қўяди. Инсонни Халлоқ – яратувчи Аллоҳ тупроқдан яратаркан, унда тупроқдан бошқа табиат йўқ эди. Қачонки сен у билан бирга бўлдинг , бу туфроқни кимёга айлантирдинг. Унинг юзини, балки бутун танини олтин қилиб қўйдинг. Балки шу билан тўхтатиб ҳам қўймадинг, балки ҳижрон ўтига уни хашакдек улоқтирдинг. У ўша ўтда тебраниб, эриб кетди. У қандай ғиллу ғашлик, яъни нафсдаги ёмон сифатлар сабабидан нуқсонли бўлиб турган бўлса, бу эриш билан ўшалардан халос бўлди. Натижада бу тупроқ тана шу тарзда кирликлардан холи, соф ва пок олтинга айланди. У соф ва мусаффо бўлгач, олтин нимаси, кимё ҳам бўлди. Сен қийноқ ва уқубатга соласану, тупроқни ҳам кимё қиласан. Иккинчи хоссанг жаҳоннамо кўзгудек ёруғлигинг эканини айтдим. Бу маънода сенинг фарқинг бор. Ким қалб кўзи билан қараса, тафовутни кўради. Искандар ясаган ойна, гўё пўлатдан ясалган тана эди. Румга бир минора қурдириб, мазкур ойнани Оврўпога қаратиб қўйди. Уни гўзал қилиб ишлаб қўйганидан кейин у Искандарга Оврўпони намойиш қилиб турадиган бўлди. Уни шундай зиё таратиб турганини кўргач, уни «жаҳоннамо» деб атади. У айтган гап айтганчалик эмас. Аммо мен нимаики десам, айнан шундайдир. Эй ишқ, бутун жаҳонни очиб юборадиган қуёш сенсан, бутун оламни кўрсатиб турадиган «жаҳоннамо» сенсан. Ким сени тиниқ кўра олса, еру осмондаги нарсаларни муқаррар кўра олади. Бу кўриш ихтиёрини топган пайт қаёққа боқмасин, фақат Ёрни топади. У ўз борлиғи нақшини йўқ қилиб, абадий боқийликка эришгандир. Мақсадга эришиш бахти бўлган бу ишқда бир он ҳам ундан холи қолиш йўқ. Бу икки турли хоссанинг биринчисини «мажозий» деб билгин. Ишқ дард, куйиш ва эриш ҳамда жонни ёндирадиган шуълалар билан инсонни поклагач, уни бировга ошуфтаю девона қилиб қўяди. Ишқдаги фироқу дард уни ўзлигидан мосуво қилади. Ундан кейинги ишқни эса «ҳақиқий» ишқ деб билгин. Бу ишққа давлат йўлдошдир. Биринчи ишқ инсоннинг борлиғини йўқ қилиб, у иккинчи ишққа мойил бўлса, йўқ‑йўқ, иккинчи ишқ уни ўзига тортиб, қалбига висол уруғини экса, мажозий суратидан асар ҳам қолмайдиган қилиб уни торож, яксон этса, ташқи кўринишдан нишон ҳам қолмай, ўзини фоний топса, айни муддао шудир. Ҳаётдан, балки бутун коинотнинг яратилишидан мақсад ҳам шу.

Хулоса:

Навоий раҳматуллоҳи алайҳ бу байтларда инсоннинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббати тушса, у инсонни поклашини, уни нафс иллатларидан, ҳайвоний сифатлардан тозалашини баён этаркан, инсоннинг, балки бутун мавжудотнинг яратилишидан мақсад инсондаги ўша камолот эканини баён қилмоқда. «Ишқ инсонни дарду қийноқларга солган пайтда бировга ошуфта қилади» деган маънони айтганда ана шу покланиш бирор мураббийга, яъни муршиди комилга муҳаббат қўйиб боғланиш билан, унинг қўлида тарбия топиш билан бўлиши кераклигини таъкидламоқда. Бу ҳолат мажозий ишқ деб аталади. Ундан кейин киши раббоний ахлоқларни ўзида мужассам этиш учун ҳақиқий ишқ мартабасига кўтарилади. Шайтоний хулқу хислатлардан тозаланиб, ўзида раббоний хулқларни мужассам этган киши бақо мақомига етган ҳисобланади. Борлиқнинг яратилишидан мақсад инсон бўлса, инсоннинг яратилишидан кўзланган мазмун айнан ушбу раббоний камолотдир.

Ушбу мазмунлардан Лайли ва Мажнун достонидан кўзланган мақсад аён бўлади.

Валлоҳу аълам.

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

 08.02.2016

Мавзуга оид мақолалар
      Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган макон дунёдаги энг яхши жойлардан бири эканида шубҳа йўқ ва у уммат иттифоқ қилган давоми...

00:30 / 26.02.2017 4879
Инсон бу дунёда яшар экан, фақат моддиятга боғлиқ бўлган бу тирикликда уни самоларга боғловчи амалларга ҳам эҳтиёж сезади. Мана шу эҳтиёжни билган ва бизни бу давоми...

13:08 / 11.01.2020 4096
Аллоҳнинг зикри  улуғ фазилат бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло уни шундай осон қилдики, уни қилиш учун бирор нарса шарт эмас. Агар таҳорат билан қиблага юзланиб, давоми...

08:21 / 14.12.2016 9322
Кўк пиёз инсон организми учун йил давомида зарур бўлган сабзавот ҳисобланади. Айниқса, эрта баҳорда инсон организми унинг таркибида бўлган микроэлементлар ва давоми...

00:39 / 24.11.2016 4317