Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон шакли қанчалик чиройли бўлиб унинг аьзолари бир-бирига муносиб жойлашса-да, у рухсиз яшай олмагани каби мусулмон одамнинг вужудидаги Ислом ҳам Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг зикри билан жонланмаса, бу Исломнинг қиймати бўлмайди ва унинг ҳақиқати умргузаронлик қила олмайди.

Аллоҳ субханаҳу ва таоло шариатга киритган турли ҳил  кўплаб ибодатларни ибодат қилаётган ушбу инсон қалбини тирилтириш учун жорий қилган.

Қалбларни уйғотувчи зикр бўлмаганида жамиятларнинг ҳоли тузалмас ҳамда диний қадрятлар ва ахлоқ қоидалари ён атрофларга тарқалмас эди.

Аллоҳ азза ва жалланинг зикри Ислом манбасидир. Шунинг учун у Ислом дини олиб келган қоида ва қадриятларнинг боши саналади.

Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг зикридан узоқлашиб кетган инсонга олдиндан ҳабар бериб унинг иймони ушбу зикр билан якунланмаса, ҳақиқий иймон бўлмаслигини огоҳлантирган Аллоҳнинг бу сўзидек оятни кўрмадим;

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир.

Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир.

 Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Роббилари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор». Анфол, 2-4.

Ушбу сўз Аллоҳнинг зикрини тилида айтишдан олдин қалби тўлиб-тошган одам ҳақиқий мўмин эканини аниқ ифодалаб турибди.

Бу одам ўз атрофида ушбу зикр белгиларини кўрса, қалби титраб изтиробга тушади, натижада Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг ҳукмронлигига бўйсуниб унинг буйруқларини бажаради. Ана улар ҳақиқий мўминлардир.

Албатта, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак Рамазон ойи ҳақида айтган саҳиҳ ҳадисларини эшитгансизлар ёки эшитасизлар.

Бу ҳадис қудсий бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббидан нақл қилганлар;

«Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман», деди.

Кўринг, ушбу ҳадиси қудсий ифода қилаётган имтиёз нима учун рўза ибодатига берилди?

Сабаби, эй дўстларим, рўза бошқа ибодатларда топилмайдиган алоҳида ҳусусият билан ажралиб туради. Намоз ўқиётган одам ўз намозида бир оз эътиборсиз бўлиши мумкин. Ҳаж қилиб, ҳаж арконларини бажараётганида фикри дунё билан машғул бўлиши мумкин. Бошқа тоатлар ҳам шундай, Қуръон тиловат қилаётганида унинг хаёли дунё  истакларига юзланган бўлиши ҳам мумкин.

Аммо кундузи очлик ва ташналикни ҳис қилиб тутаётган рўза, инсонни Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг зикридан иборат бўлган воҳага олиб ўтади. Қачон очлик сезса, рўза эканлигини фаҳмлайди.

Маънан олганда ҳам у рўзадор, Аллоҳ субханаҳу ва таолога яқин бўлиш учун емак-ичмакдан ўзини сақлаган. Аллоҳ таоло уни кузатиб турибди. Агар еб қўйса, уни Аллоҳ кўради ва унинг ажрини азобга айлантиради, агар ичса, Аллоҳ таоло уни ҳам кўради ва... буларнинг ҳаммасини у ҳис қилиб туради.

Ҳуллас, рўзадорнинг чанқоғи Аллоҳ таолони зикр қилиш учун асос бўлади. Рўзадорнинг оч қолиши ҳам Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг зикри учун манба саналади.

Шунинг учун соҳиби бажараётган рўзадан бошқа ҳамма амаллар риё бўлиши мумкин, лекин рўза риё кўринишда бўлмайди. Ҳақиқий рўза ва унда риёнинг бўлиши ақлга ҳам, мантиққа ҳам тўғри келмайдиган ишдир. Чунки сохта рўзадор рўзадор эмас. У ўз уйида ёлғиз қолганида еб қўйиши ҳам мумкин, лекин у рўзадор саналмайди. Ёки ҳақиқий рўза тутган бўлса, рўзасига сабр қилади ва оч бўлса ҳам, уни ейишдан Аллоҳга бўлган садоқатигина тўхтатади. Ёлғизликда ҳам Аллоҳдан қўрқиб ўзини еб-ичишдан сақлайди. Шунинг учун унга риё аралаша олмайди.

Буларнинг маъноси шуки, албатта, Аллоҳ таоло қабул қиладиган ибодатларнинг қиймати Аллоҳ азза ва жалланинг зикрида кўзга ташланади.

Аллоҳнинг муроқабасида ва Аллоҳдан қўрқиб ёки яхши кўриб Уни улуғлаётганида қалби Аллоҳнинг зикридан ҳоли бўлган, тоатлар кўринишида эса ҳаяжонини ҳаракатга келтираётган инсонга унинг бу тоатлари сариқ чақалик фойда бермайди.

Аллоҳнинг зикри нима? Жуда кўп марта бу сўзни айтиб қайта-қайта такрорлаганмиз, зикрдан мурод тил  ҳаракати эмас. Тил ҳаракати ҳақиқий зикр учун бир йўл, холос. Ҳақиқий зикрдан мурод Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг сифатларига, унинг қудрат ва ҳукмронлигига уйғоқ бўлишдир.

Бу зикр гоҳида тасбеҳ, таҳлил ва таҳмид кўринишида бўлиши ҳам мумкин. (Тасбеҳ – субханаллоҳ, таҳлил – ла илаҳа иллаллоҳ, таҳмид – алҳамду лиллаҳ калималари).

Гоҳида зикр Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиш кўринишида ҳам бўлиб, унда қалб тиловат ва англашда тилга шерик бўлади. Гоҳида зикр инсонни Аллоҳга яқинлаштирувчи қалбдан сўраладиган дуо кўринишида ҳам бўлади. Гоҳида Аллоҳ субханаҳу ва таоло яратган борлиқдаги нарсаларни ва унинг сифатларини тафаккур қилиш билан ҳам бўлади. Буларнинг бари Аллоҳ азза ва жалланинг зикр қилиш кўринишларидир.

Гоҳида инсоннинг Аллоҳни зикр қилиши ҳилватда ёлғиз қолганида ҳам бўлади. Баъзида ўз дўстларини ғафлатдан уйғотиб унутган нарсаларини уларга эслатиш учун айтаётган жилвалар кўринишида ҳам бўлади.

Буларнинг бари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари ва одоблари эди. У Зот Аллоҳни ёлғиз қолганларида ҳам, кўпчилик орасида ва сахобалар даврасида ҳам зикр қилардилар. Гоҳида Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб ёки унинг тиловатига қулоқ солиб зикр қилардилар. Баъзида Аллоҳнинг сифатлари ҳақида фикр юритиб ёки Аллоҳ субханаҳу ва таолога ёлвориб илтижо қилиш билан зикр қилардилар.

Саҳобаи киромларнинг ишлари ҳам шу эди. Уларнинг бирлари йўлида кетаётганида ёки ўз даласида ишлаётганида ёки савдо-сотиқ қилаётганида ташқи кўриниши дунёси билан машғул бўлса-да, қалби доим Аллоҳ билан бирга бўлар эди. Ўз дўстларидан бирини кўриб қолсалар, Аллоҳнинг зикр мажлисига чорлар, келинглар, бирор соат иймонлашамиз, дер эдилар, ваҳолангки, улар мўмин эдилар.

Бирор соат иймонлашамиз деганнинг маъноси нима? Келинглар, иймонимизни Аллоҳнинг зикри билан озуқалантириб, қалбимизда унинг қуввати ва фаолиятини кўпайтирамиз,  деганлари эди.

Расулуллоҳ ва у кишининг саҳобалари қиладиган зикрлари ана шундай бўлган эди.

Зикр қилиш учун инсонни бошқалардан ажраб ёлғиз бир ўзи қолиши шарт қилинмаган.

Зикрнинг зикр бўлиши учун кўпчилик бўлиб масжидда, уйда ёки кўчанинг исталган жойида бўлиши ҳам мумкин. Гоҳида ёлғиз ҳилватда ҳам зикр қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадис қудсийда айтган сўзларини эшитмаганмисизлар;

«Бандам мени зикр қилса, мен у билан биргаман. Мени бир ўзи зикр қилса, мен ҳам уни бир ўзим зикр қиламан. Агар омма орасида зикр қилса, мен ҳам унинг оммасидан яхшироқ йиғинда зикр қиламан».

Демак, буларнинг бари бандани Аллоҳга яқинлаштиради.

Агар инсон Роббини ўз дўстлари даврасида зикр қилар экан, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббидан ривоят қилган ўша ҳадиси қудсий ишора қилаётгани каби қанчалар олийжаноб яхши амал саналади.

Ҳурматли биродарлар..

Бу ерда инсонни гуноҳдан пок маъсумга чиқариб қўйиш истаги йўқ. Одам боласи борки, уларнинг Анбиё ва Расуллардан бошқа ҳаммаси хатокордир. Барчамиз гуноҳ ва маъсиятга юз тутганмиз. Лекин энг катта истак ва орзу бизни Аллоҳ азза ва жалланинг зикрини кўпайтирувчилардан бўлишимиздир. Ана шунда бу зикр биздаги гуноҳлар юкини енгиллаштиради.

Бу Аллоҳ субханаҳу ва таолодан кутилаётган орзудир. Зикр сени гуноҳларинг оғирлигидан енгил қилади.

Имом Термизий ўзининг Сунанларида ривоят қилган, Имом Ҳоким ўзининг «Мустадрак»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган, Тобароний Абу Дардодан саҳиҳ санад билан ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини эшитмаганмисизлар:

«(Ҳаракат қилинглар) Аллоҳнинг зикрига чин кўнгил билан берилган алоҳида (махсус одамлар) олдинга ўтиб кетди. 

Зикр уларнинг хато ва гунохларини уларнинг устидан олади, кейин улар қиёмат куни енгил ҳолида келадилар», дедилар.

«Алоҳида (махсус одамлар) олдинга ўтиб кетди».

Расулуллоҳ алоҳида махсус одамларни шарҳлаб, уларни Аллоҳнинг зикрига чин кўнгил билан берилган кишилар, дедилар.

Аллоҳнинг зикрини жуда кўп қилувчилар, ҳатто уларнинг бирига эътибор бериб улар Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг ана шу зикрига буюрилганми, деб ўйлайсан.

Зикр уларни нима қилди?

Зикр уларнинг хато ва гунохларини уларнинг устидан олди. Бу инсонни маъсум бўла олмаслигига ишорадир.

Сен ҳам ўз елкангдаги хато ва гуноҳлар юкини олиб ташланишини хоҳлайсанми? Унда Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг зикрини кўпайтир.

Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай насиҳат қилган эдилар.

Зикр уларнинг хато ва гунохларини улар устидан олади. Кейин улар қиёмат куни енгил ҳолида келадилар. Йўқ, улар дунё ҳаётида гуноҳ қилмаганлари учун енгил ҳолида келмайдилар, балки Аллоҳ аза ва жалланинг зикрини кўпайтирганлари учун бу юкдан халос бўладилар.

Ҳурматли биродарлар!  Аллоҳга қасамки, бу фосиқ одамдан (содир бўлиши) ажабланарли эмас. (Фосиқ - дин чегарасидан чиқувчи,бошқа томонга бурилиб кетувчи).

Фосиқ яқин кунда Аллоҳ ҳидоят қилиб тўғри йўлга солиш арафасида туради.

Бу йўлдан тойиб адашган одамда (кузатилиши ҳам) ажабланарли эмас.

Адашган одамни ҳам Аллоҳ таоло бу йўлидан чиқариб олиши мумкин.

Лекин мени ҳайрон қолдирган нарса, иймон таъмини тотган одам Аллоҳнинг уйлари бўлмиш масжидларга келиб Аллоҳнинг зикр мажлисларидан қочиб чиқиб кетишидир.

Мусулмонларнинг дуога қўл очиб илтижо қилаётганларини кўриб ҳудди бир гуноҳ иш олдида тургандек ундан қочади, Агар Аллоҳни зикри билан кўтарилаётган овозларни эшитса ва Аллоҳни мақтаб ҳамд, таҳлил ва такбир ёки шунга ўхшаш зикрлар қилинаётган жойни билиб қолса, оёқ кийимини олиб у ердан қочади. Бу нимаси, эй дўстим, қалбинг Аллоҳ зикрининг лаззатини тотиб кўрмаганми? Аллоҳ азза ва жалла сўзининг маъносига гувоҳ бўлмаганмидинг!

У Зот айтган;

Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?  Раъд, 28.  (Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар. «Тафсири Ҳилол».)

Аллоҳ зикр қилинса, юраги сиқилиб ушбу зикрдан қочган қайси мўмин одамни кўргансан!

Мана шу мени жуда ҳайратга солган нарсадир.

Бундан ҳам ажабланарлиси, уларнинг «Одамлар масжидда намоздан кейин дуо қилишлари шариатда борми», – деб сўрашидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоз сўнгида дуо қилган кишиларнинг саййиди саналади.

Имом Муслим ўзининг Саҳиҳида Саъд ибн Аби Ваққосдан ривоят қилган ҳадисда у киши фарзандларини жамлаб ушбу дуони ўргатганлар кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоз сўнгида ушбу дуони қилар эдилар, деганлар;

اللهم إنى أعوذ بك من الهم والحزن وأعوذ بك من العجز والكسل وأعوذ بك من الجبن والبخل.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббидан ривоят қилган ҳадисни эшитмаганмисан;

«Бандам мени зикр қилса, мен у билан биргаман. Мени бир ўзи зикр қилса, мен ҳам уни бир ўзим зикр қиламан. Агар омма орасида зикр қилса, мен ҳам унинг оммасидан яхшироқ йиғинда зикр қиламан».

Омма одамлар орасида зикр қилиш қандай бўлади, бир дўстингни иймонда топиб улар билан бирор уйда, кўчада ёки масжидда ўтирганингда Аллоҳни дуо билан ёки тасбеҳ ва таҳлил билан ёки Аллоҳни китобини ўқиш билан зикр қилишингдир.

Мен кўп марта айтганман, «Зайд ибн Собитдан бир одам масала сўраб келганида, у киши Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг олдиларига олиб боринг, дедилар. Мен Абу Ҳурайра ва фалончи, фалончи билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларида мана шундай ўтирган эдик. Бизлардан биримиз дуо қилар, қолган икки киши «омин» деб турар эди. Кейин ёнидаги дуо қилиб,   қолганлар «омин» дер эди. Шу ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни олдимизга кириб келдилар, биз тўхтадик. Олдимизга ўтириб, «Қилаётган ишингизга қайтиб давом эттиринглар», дедилар.

Ўйлаб кўринглар, эй дўстларим. Саҳобалардан бўлган ушбу кишилар Расулуллоҳдан эшитмаган нарсани қилишлари, яъни уч киши тўпланиб уларнинг бири дуо қилиб бошқалари «омин» деб туриши, кейин олдидагига навбат тегиб, у дуо қилиб, қолганлари «омин» деб туришлари...

Уларнинг хаёлига бир нарса келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олмасдан бу ишни қилдилар.

Энди Расулуллоҳ бугунги баъзи одамларга ўхшаб уларга бу бидъат нимаси? Мен сизларга бундай дуо қилишни ўргатганмидим?! Бундай йиғилишни таълим берганманми?! – дейишлари лозим эдими? Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундай демадилар-ку, улар олдига ўтириб: «Қилаётган ишингизга қайтиб давом эттиринглар, дедилар-ку!»

Навбат Абу Ҳурайрага етган эди, у киши: «Аллоҳим, сендан унутилмайдиган илм беришингни сўрайман», деб бошланадиган дуони охиригача айтиб дуо қилдилар, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам қолган икки киши билан биргаликда «омин» деб турдилар.

Эй дўстларим! Мусулмон инсоннинг исломига Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг зикридан иборат бўлган руҳ кирмас экан бу исломнинг қиймати бўлмайди. Аллоҳнинг зикри бир нарса бўлиб инсон унинг мазасини қалби билан тотади, тили билан эмас.

Шунинг учун мен яна қайтариб айтаман: мен фосиқ одамдан ажабланмайман, унинг фисқи тўсиқ экани табиий, Аллоҳ билан унинг ўртасидаги ушбу парда кўтарилиш арафасида туради, Аллоҳ хоҳласа, бу тўсиқни бир зумда олиб ташлаши мумкин. Адашган, йўлдан озган ҳам шундай. (Аллоҳ ҳидоят қиламан деса, ҳеч гап эмас. тарж-н.).

Лекин мени ҳайратга солган нарса, мусулмон одам Аллоҳнинг уйларида ўз дўстлари билан намозда руку ва саждада бирга иштирок этиб ва Аллоҳга яқинлашиш таъмини тотиб туриб Аллоҳ азза ва жалланинг зикр мажлисларидан қочиб кетишидир.

Эҳтимол, мени бу гапларимдан ҳайрон бўлиб, бунда муболаға бор, деб ўйлаётгандирсиз. Лекин мен уларни ўз кўзим билан кўрмаганимда бу гапларни айтмас эдим.

Ушбу сўзимни айтиб буюк Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.

26 январь 1996 йил.

Эшонгузар жоме масжиди имом-хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси.

12 июнь 2016 йил.

 
Мавзуга оид мақолалар
Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳонинг оталари исми Абу Суфён Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абду давоми...

09:38 / 05.04.2017 3946
Баъзида «Хавф афзалми ёки ражоми» дея сўралади. Уламолар «Бу каби савол нотўғри бўлиб, худди нон афзалми ёки давоми...

19:35 / 12.11.2016 3466
МАҲСИ ВОҚЕАСИ Масжидимиз имоми намозга келолмай қолган вақтларида, у кишининг шогирдлари ҳам бўлмаса, давоми...

16:31 / 27.02.2017 7678
       Шарқда «Абулмаоний»  маънолар отаси номи билан машҳур бўлган олим, адиб, мутафаккир Мирзо Бедил давоми...

21:07 / 27.02.2017 6188