«Рамазоннинг ҳаётимга таъсири» танлови учун
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

ФАРҲОД ПОСЁЛКАСИДАГИ КИСЛОРОДЧИ АМАКИ

Ҳаётда турли воқелар бўлади. Шундай пайтлар бўладики, сизга ғойибдан кўмак учун чўзилган қўлларни ёки ўзини кўрмай туриб ёрдамини ҳис қилган инсонларни биласиз. Ичингизда улардан чексиз миннатдор бўласиз-у, аммо айтолмайсиз. Бунга фурсат ҳам, имкон ҳам бўлмайди. Мен сизларга ана шундай ҳодиса ҳақида айтиб бермоқчиман...  

Ҳали бу воқеа содир бўлганига кўп бўлмади. Лекин буни юрагимда ҳаддан ортиқ сақлаб юборгандекман.  Бунинг учун ўзимдан хафа ҳам бўлиб кетаман гоҳо...

2015 йилнинг ёзи. Айни чилла кунлари. Ҳаво жуда иссиқлиги, яна Рамазон рўзасини тутаётганим сабабли дам олиш кунлари фақат салқин уйга кириб олиб ётсам дердим. Шундай қилгандим ҳам. Айни туш пайти телефоним жиринглади.

  • Муборакни туғруқхонага олиб келдик. Қийналяпти, – деди онам йиғлаб.
  • Сиз нега келдингиз? Куёв чақирдими? Қанақа одам экан-а, у? Чақалоқ туғилганидан кейин сиздан суюнчи сўраб бормайдими, уйга? – дедим ҳали таниганимизга бир йил ҳам бўлмаган янги куёвимиздан норози бўлиб.
  • Кеча олиб келишган экан. Қийналганидан кейин мени чақиришибди. Жуда ҳолдан тойган, – зўрға гапирди онам.

Мен, барибир, куёвимиздан норози бўлдим. Онани ҳам тўлғоқдан тўлғониб ётган қизи ёнига олиб келадими? Туққанидан кейин хабар берса бўларди-ку!

Кейинги воқеалар кутилмаганда, яшин тезлигида юз бергандек назаримда.

«Муборакни операцияга олиб киришди...», «Сира чиқмаяпти, суриштир, болам...», «Нега бунча қолиб кетишди?»

Онамнинг адоқсиз, изтиробли саволларидан сўнг синглим ётган туғруқхона ва уни операция қилган шифокорни суриштирдим.

Замондан, техникадан айланай. Бир зумда ҳатто ўша жарроҳнинг телефон рақамигача топишга муваффақ бўлдим.

  • Ҳалал бермай туринг, шифокор операция билан банд. Ўн беш дақиқадан сўнг қилсангиз, гаплашади,– деди биринчи қўнғироғимга жавоб берган ҳамшира.
  • Нега суриштиряпсиз? Беморнинг аҳволи оғир, – деди яна шифокор ўрнига гўшакни кўтарган аёл.
  • Мунча қўнғироқ қиласиз? Беморнинг аҳволи жуда оғир. Юраги тўхтаб қолди... – кейинги эшитган гапим шу бўлди.

Ҳеч нарсага тушунмаётган бўлсам-да, гап синглим ҳақида кетаётганини билиб турардим. Ҳушим бошимдан учиб, йўлга тушдим.

  • Уйдагиларга, айниқса, онамга ҳеч нарса деманг, илтимос, биз боряпмиз, – дедим кейинги гаплашган шифокоримга.

Йўл деганлари ҳам шунчалар узоқ бўладими? Тошкент – Самарқанд орасидаги масофани босиб ўтгунимча худди ер шарини айланиб чиққандек тоқатсизландим. Тилим тинмай битта гапни такрорларди: «Худойим, синглимни ўз паноҳингда асра. Ҳали ёш. Боласининг бахтига, онамнинг бахтига унинг жонини омон қолдир!»

Энди йигирма тўрт ёшни қаршилаётган синглим, биринчи боласини дунёга келтираман деб кесарча кесиш чоғида комага тушиб қолганди. Борсак, ўпкаси тешилиб, кислород танасига тарқаган синглим каравотда тоғдек бўлиб шишиб ётар, оғзидаги сунъий нафас берувчи аппарат билан янада ваҳималироқ туюларди.

  • Нима бўлди унга? Соппа-соғ, ўз оёғи билан келган одам нега бу ҳолга тушди? – дод солишдан зўрға ўзимни тийиб сўрадим.
  • Операция пайтида ўпкаси тешилган. Ўпкаси касал бўлган бўлса керак... – деди шифокор.
  • Бўлиши мумкин эмас. У спортчи эди. Соғлом эди...

Шифокор билан бошқа тортишмадим. Синглимнинг аҳволини яхшилаш, комадан соғ-омон чиқариш йўлларини қидира бошладик. Югургилаб вилоят бўйича оти чиққан шифокор-ревматолог борки, ҳаммасини олиб келишга ҳаракат қилдик.

Синглим эса ҳамон ўзи нафас олмас, аппарат «тут-тут» этиб унга ҳаёт бахш этиб турганини миннат қилаётгандек, асабимизни эговларди.

  • Кислород тугаяпти. Бир соатга етгулик бор. Мана бу кислород баллонни бошқа бўлимдан олдик. Бир соат ичида тўлдириб келинглар, – деди шифокор ичкаридаги кўм-кўк, бўйдор баллонга ишора қилиб.
  • Қаердан тўлдирамиз? – укам ва куёвимиз шай турарди.
  • Самарқандга етмасдан Фарҳод посёлкаси бор. Ўша ерда тўлдиришади. Тезроқ бормасангиз, навбат кутиб қоласизлар!
  • Шуни эртароқ айтмайсизларми? Бир соат қолганда ҳам айтасизми? Бориш- келиши, навбат кутиши, кислородни тўлдиришига бир соат етадими? – жоним чиқиб кетай деди.

Бу гапни эшик олдида ўтирган онам ҳам эшитди. Юрагини ваҳима қоплаган онаизорим ҳали укамлар шифохонадан чиқмай туриб сабрсизлана бошлади:

  • Телефон қил, етиб боришибдими? Тезроқ келишсин. Кислород тугаб қолса, Муборак қандай нафас олади?
  • Ойи, улар энди кетишди. Баллон жуда оғир, уни учинчи қаватдан тушириб, машинага ортишга ҳам вақт кетади-ку!
  • Энди нима қиламиз? Болам қандай нафас олади? Кислород тугаб қолса...

Сал ўтмай, укам қўнғироқ қилди:

  • Опа, навбатда турган одамларга тушунтириб, навбатсиз тўлдиряпмиз. Ҳозир учиб борамиз. Кислород ҳали бормикан, сўранг...

Шу дамгача «Эй Худо, унинг жонини асра, ўзига келтир!» деб ўтирган одамлар энди «Эй Худо, кислород тугаб қолмасин!» дея илтижо қила бошладик.

«Наҳот, барча шароитлар муҳайё катта шифохонада кислород баллон етарли бўлмаса? Агар аҳволи оғир беморлар сони кўпайса, нима қилишади? Кислород баллон етишмай, ўлиб кетаверадими?»

Ўтирган жойимда минг хаёлга бораман. Жаҳл отига минаман. Яна ўзимни босаман: «Бехос бирортасининг дилини оғритиб қўймай, дилозорлик қилганим учун синглим жабр чекмасин...»

Укам ва куёвимиз уч кун шу тарзда юрак ҳовучлаб кислород ташиди. Тўртинчи куни хурсанд келишди:

  • Кислород тўлдирадиган жойдаги амакидан сўраб яна битта баллон олдик. «Ижарага бўлса ҳам, топиб беринг», дегандик, шундай бериб юборди. «Синглинг тузалса, бўлгани. Кейин қайтариб олиб келаверасан. Менам зиқ бўлиб кетдим, шулар касалнинг олдига вақтида етиб бордимикан, йўқмикан, деб» деди-да, берди. Энди хавотир олмасак ҳам бўлади.

Ўзим кўрмаган, билмаган одамдан шунчалар миннатдор бўлдимки...

  • Илоҳим, бу яхшилиги Худойимдан минг чандон зиёда бўлиб қайтсин, дунё тургунча турсин! – дуо қилишга тушиб кетди онам.

«Муборак тузалса, бориб раҳмат айтиб келаман», юрагимга тугиб қўйдим.

Икки ҳафта ўтди ҳамки, синглим кўзини очмас, ҳамон аппаратда ҳаёт учун курашмоқда эди. Биз ҳам шифохонадан бир қадам жилмас, қўлимиздан келган ёрдамни қилишга интилардик.

  • Эртага 18 июль – ҳайит! Шанба кунга тўғри келаркан. Кейин якшанба. Икки кун дўхтирлар ҳам, кислород тўлдирадиган жой ҳам ишламайди, опа. Битта кислород баллон ўн беш соатларга етяпти. Икки кун қирқ саккиз соат, яъни салкам тўртта баллон дегани. Яна иккита кислород баллон топишим керак...– дунёга сиғмай гапирди укам.
  • Онам эшитмасин! Кислородчи амакидан сўра. Танишлари бордир? Икки кун ишлатганимиз учун пулини тўлаймиз, яна иккита баллон топиб беринг де.
  • Ҳозир «заправка» қилгани борганда сўрайман. Ташвиш билан бўлиб, ҳайит эсга келмабди. Бўлмаса, эртароқ суриштирардим. Бир кунда топишга улгурармиканман?

Ўша ондан бошлаб дуоларим яна ўзгарди: «Худойим, ўзинг мушкулимизни осон қил, кислород баллон топилсин!»

Укам кетганидан хавотирим ҳам кучайди. Мен уни баллон излаб кўп қолади, деб ўйлагандим. Йўқ, тез қайтди.

«Топилмабди! Энди нима қиламиз?»

Аммо укамнинг кайфияти аъло эди:

  • Опа, дунёда яхшилар кўп экан! Мен гап бошламасимдан кислородчи амаки нима дейди денг: «Эрта ҳайитлигини билиб, ҳисоблаб кўрдим. Синглингга икки кунга тўртта баллон керак бўларкан. Суриштириб, танишлардан яна иккита баллон олиб келтириб қўйдим. Шуларни ҳам тўлдириб олиб кет. Душанбагача бехавотир ўтирасан, менам хотиржам бўламан!» Хурсанд бўлганимдан амакини қучоқлаб олибман, опа.
  • Менинг номимдан ҳам қучиб, раҳмат айтмабсан-да! – дедим севинганимдан кўзларим ёшланиб.

Ичимда эса чин дилдан дедим: «Дунё тургунча туринг, кислородчи амаки. Борингизга шукр! Албатта, ёнингизга бораман, раҳмат айтаман!»

Бу гаплар ичимда қолиб кетаверди. Синглим йигирма кундан ошиқроқ сунъий нафас олгач, кейин ўзи ҳам нафас олишга ўтди. Лекин ҳали бу соғайди дегани эмас эди. Уни бошқа шифохонага кўчирдик, ҳамон даволатишда давом этяпмиз. Хаёлимиз ҳам, ҳаётимиз ҳам у билан банд бўлгани боис, кислородчи амакининг ёнига боролмадим. Гапларим юрагимда қолиб кетаверди.

Яқинда яна қалбимдаги миннатдорчилик туйғуси туғён урди. Шифохонада, синглим ёнида куёвимиз билан ўтирардик. Куёвимизнинг телефони жиринглади:

  • Кислородчи амаки! – деди куёвимиз кўзлари ёниб. Гаплашиб бўлгач эса менга мамнунлик билан деди: – Эсига тушиб кетибмиз. «Аёлинг тузалиб кетдими? Ўтириб, ёдимга тушди. Ҳол сўраб қўяй дедим», дейди.
  • Тузалади! Шундай яхши инсонларнинг меҳнати, яхшиликлари, борлиги, дуосининг ижобати учун ҳам тузалади! – дедим тўлқинланиб ва дарҳол компьютерга ўтириб, ёзишга киришдим: “Фарҳод посёлкасидаги кислородчи амаки...»

Ҳа, мен ҳалиям сизни кўрганим, дилимдаги ҳисларимни билдира олганим йўқ. Фарҳод  посёлкасидаги кислородчи амаки, бу дунёда борлигингиз учун раҳмат! Ҳатто, исмингизни ҳам билмайман! Аммо бизга қондошдек яқин, қариндошдек қадрлисиз! Борингизга шукр!

Ерда қолмаган савоб

Уч йил аввал Рамазон ойида содир бўлган воқеа ҳамон мени савоб ишларни яна ҳам кўпайтиришга, беминнат яхшилик қилишга ундайди...

Ўшанда июль ойининг охирлари эди. Ўзим раҳбарлик қилаётган дафтар ишлаб чиқарувчи шахсий цехимда иш қизғин. Янги ўқув йили бошланиши олдидан ҳеч кимнинг қўли қўлига тегмасди. Бозор тили билан айтганда ҳозир «сезон». То сентябргача ишлаб чиқарган маҳсулотларимиз сира туриб қолмас, аксинча, мижозларга зўрға етказиб беришга улгураётгандик.

Мактаб ўқувчиларига мўлжалланган дафтарлардан бошқа нарса чиқармаганим учун уларнинг сифатига жуда катта аҳамият берардим. Бундан ташқари, дафтарларнинг устидаги суратлари, орқа томонларидаги маълумотлари билан ҳам шахсан танишиб чиқар, ўқувчини чалғитувчи тасвирлар бўлган жилдларни асло қўйдирмасдим. Ҳар доим биз чиқарган маҳсулотлар мутасадди ташкилотлар томонидан ўрнак қилиб кўрсатилгани учун вилоятлардан келадиган мижозлар ҳам фақат мен юритаётган цехнинг маҳсулотини олишни истарди. Мана шундай бош қашишга ҳам вақтни қизғаниб ишлаётган чоғимизда узоқ вилоятдан келадиган мижозимиз қўнғироқ қилиб қолди:

  • Ака, бозордан бор «мол»ингизни олдим. Аммо яна юкка жой бор. Бир йўла кўпроқ олиб кетсам, дегандим. Ҳали бозорга чиқмаганлари бўлса, бориб олиб кета қолай.
  • Тонгда олиб чиқишни мўлжаллаганимиз бор. Ҳозир ҳам олиб борса бўлади-ю, ҳали машиналарга ортилмаган. Сизга, тахминан, қанча керак?

Мижозим енгил автомашинанинг юкхонасида бемалол олиб борса бўладиган юк айтди.

  • Ўзингиз енгил машинада бўлсангиз, келинг. Сиғади юкхонасига, – дедим.
  • Ака, мен ўзим бора олмайман. Расм дафтар, ручка-пучка дегандай нарсаларни ҳам олишим керак. Биласиз, унинг учун ҳам бозорни айланаман, танлайман. Ҳамма сизга ўхшаб ишончли эмас. Шарт бориб олиб кетаверсам. Мен бозор айланиб тураман, юк машина боради-да...
  • Озгина нарса учун юк машинангиз шаҳар ичида юрадими? – дедим.
  • Юк машинам жуда катта эмас, – кулди у.
  • Барибир, юк юк-да... — дедим ва миямга «Ифторлик маҳалигача ўзим олиб бориб берсам-чи?» деган фикр ярқ этиб келди. – Сиз ишингизни қилаверинг. Мен юбораман, молни...
  • Э-э-э, барака топинг, ака. Жуда хурсанд қилдингиз. Очиғи, юк машинани шаҳар ичида юрғизишга ўзимнинг ҳам кўнглим чопмаётганди....

Мижоз билан гаплашиб бўлиб, йигитларга машинамнинг юкхонасига маълум миқдорда боғланган дафтарларни жойлашни буюрдим. Илк бор шундай қилаётганим учун ишчиларим ҳам ҳайрон бўлиб, буйруғимни бажаришди. Бозорга кириб боришим билан оғиз очар пайти ҳам бўлди. Машинани мижозга топширдим-у, ўзим пешвоз чиққан танишлар билан шу атрофдаги ошхоналардан бирига кирдим. Оғиз очиб чиққанимизда ҳам бозорда одам кўп эди.

Бозорни ўрганиш ҳар қандай тадбиркор учун ҳам кони фойда. Йўлим тушганида бир айланиб қўйсам, ёмон бўлмайди. Шу ниятда бозорга кирдим. Унга қизиқиб, буни кўриб, танишлар билан салом-алик қилиб нақ бир ярим соатча қолиб кетсам денг. Соат кечки тўққиздан оша бошлагани учун уйга шошдим. Оилам ҳам хавотирда ўтиргандир? Негадир қўнғироқ ҳам қилишмади...

Шу хаёлда постдан энди ўтган эдим ҳамки, кўзим қарама-қарши томонда, йўл ёқасида турган йигирма-йигирма беш ёшлардаги қизга тушди. Юз-кўзида хавотир ва қўрқув мужассам. Келаётган машиналарга умид билан кўз тикади-ю, қўл кўтаришга юраги бетламаётгандек.   

«Ёш қиз шаҳар четида нима қилиб юрибди экан... Ота-онаси ҳам роса ҳавотир олаётгандир? Вилоятга кетаётганмикан?»

Шу ўйда пича юрдим. Кўнглим бўлмади. Гарчи йўлимга тескари бўлса-да, ортимга қайтдим: «Ҳеч бўлмаганда такси тўхтатиб миндириб юборарман. Қизнинг ўзига қандай ҳайдовчи дучор бўлади? Ҳар ҳолда мен ўтқазиб юборсам, отаси деб ўйлар, муомаласи ҳам бошқача бўлади-да...»

  • Қизим, қаёққа борасан? – дедим ёнига бориб тўхтагач.

«Қизим», деган сўзим бошқача таъсир қилдими, қизнинг ҳуркак нигоҳига ишонч ингандек бўлди.

  • Сирдарёга...

«Оббо... – дедим ичимда. – Агар яқинроқ бўлса, ўзим олиб бориб қўярмидим...»

  • Узоқроқ экан-да. Яқин бўлса, ўзим олиб бориб қўярдим. Нега бунча кеч йўлга чиқдинг?

Шу гап оғзимдан чиқиши билан қиз мунғайиб қолгандек кўринди кўзимга. Лекин саволимга жавоб берди:

  • Вақтли чиққандим. Чиққан машинам одам кутди. Кейин ҳув анави ерга келганда бузилиб қолди.

Машинадан тушиб, қизга тушунтирдим:

  • Қўрқма қизим. Бирорта ишончли таксига миндириб юбораман. Ўзинг ўтирганингдан кўра, мен чиқариб юборсам бехавотирроқ бўлади. Таксичи сўраб қолса, амакимми, тоғамми деявер.
  • Хўп... — деди қиз итоаткорона.

Сирдарёгача кетадиган бўш машинанинг чиқиши қийин бўлди. Тўрт-беш машинадан кейин ниҳоят биттасига ўтқаздим.

  • Шу қизни Сирдарёгача олиб кетинг. Айтган жойигача олиб борасиз, фақат. Хўп? – дедим-у, қизга қарадим. – Яхши етиб ол. Салом де, уйдагиларингга. Етиб боргач, телефон қил.

Қиз гапларимга бироз довдиради, лекин дарров ўзини қўлга олиб, хотиржамлик билан «хўп» деди. Сўнг мамнун қўл силкиди.

Ўзимнинг ҳам дилим ором олгандек бўлди. Енгил бўлиб уйга келдим. Қарасам, яқиндагина қизимга олиб берган машина ҳам, ўғлимнинг ҳайдаб юргани ҳам йўқ.

  • Болалар қаерда? – дедим хотинимнинг саломига ҳам алик олишни унутиб. – Соат ўндан ошяпти. Қизинг қаерда?

Аёлимнинг кўзлари жавдиради. Кейин титроқ овоз билан деди:

  • Дугонасиникига кетганди-ку...
  • Ҳали қайтмадими? Машинани миниб кетганмиди? Таксида бориб келсин, демаганмидим?
  • Жиззах яқин эмас, дадаси... Келиб қолар...
  • Қиз бола нарсани келиб қолар, деб ўтирибсанми? Одил қани? – жаҳлим чиқиб бақириб юбордим.
  • У... кетди... кутиб олгани...
  • Машинадами? Нима қилиб кутиб оларкан? Қизинг бораман-у, қайтаман деб тонгда чиқиб кетмаганмиди? Битта туғилган кунни деб шу-у-унча йўлга... Ўзи жавоб берган сен аҳмоқ!
  • Биласиз-ку, Мафтуна яқин дугонаси. Ҳар доим келиб-кетиб юради. Шунга қизингиз «Дугоналарим билан борайлик», деб қўймади-да!

Рафиқамнинг гапларидан кўнглим тинчимай, дарҳол қизимнинг ўзига қўнғироқ қилдим.

  • Қаердасан? Нега шу пайтгача уйда эмассан? – бақирдим жаҳлим чиқиб.
  • Дада-а-а, – дедию қизим йиғлаб юборди.

Ишонсангиз, юрагим чиқиб кетгандек, жонсиз қолгандек бўлдим.

  • Мени кечиринг... – ҳиқиллади у.
  • Нима гап? Соғ-омонмисан? — жон ҳолатда дедим.
  • Яхшиман. Боряпман. Хавотир олманг... Рулдаман, дада...
  • Одил қачон чиқиб кетди? – онасига қарадим.
  • Бир соатча бўлди... – ерга қаради аёлим.
  • Акам билан бирга ёнма-ён кетяпмиз... – қизимнинг овози эшитилди.
  • Секин ҳайдаб келаверинглар... – бироз бўлса-да, хотиржам тортдим ва қизил тугмани босдим: – Қуёнюрак ҳолига машинада кетиб нима қилади?

Чарчаганим учун рафиқамни бошқа саволга тутмадим. Телевизорни ёқиб, диванга чўзилдим. Ярим соатча вақт ўтиб, ўғлим ва қизим кириб келди. Қизимнинг рангида қон йўқ. Кўзлари ҳам бир кунда киртайиб қолганди. Мени кўра солиб, бағримга йиғлаб отилди:

  • Кечиринг, дада. Бошқа бундай қилмайман. Жуда ёмон аҳволга тушдим. Ҳеч ким ёрдам бермади. Қўрқиб кетдим. Чўлда қолиб кетаманми, деб...
  • Нима? – дедим ҳеч нарсага тушунмай. – Қанақа ёрдам, қанақа чўл?

Хотинимга қарашим билан у қўрқиб, кўзларини олиб қочди. Мендан кўп гапни яшириб ўтиргани аниқ.

  • Ойим айтмадими? – энди қизимнинг овози титради.
  • Йўқ, нима бўлди?
  • Туғилган куни бўлаётган дугонамникига соат тўққизларда кириб бордик. Маза қилиб ўтирдик. Тушликдан сўнг йўлга чиқамиз дегандик, уй эгалари «Сал қуёш қайтсин, кўча жуда иссиқ», дейишди. Кейин соат икки яримларда йўлга чиқдик. Сирдарёлик дугонам Райҳон ҳам бор эди. У мен билан Тошкентга қайтиши керак эди. Бирга қайтаётгандик. Кетишда ҳам бирга кетгандик. Гулистонга етганимизда унга қўнғироқ бўлди. Укаси автоҳалокатга учраб, ўша заҳоти ўлибди. «Тез етиб кел», дейишди. Буни эшитиб дугонамнинг эси оғиб қолай деди. Таксига ўтқизиб юбормоқчи бўлдим. Лекин мазаси бўлмай, уй манзилини ҳам эслай олмай қолгач, ўзим ташлаб келмоқчи бўлдим.
  • Қўнғироқ қилган одам ҳам бирдан « Ўлди» демай, «Кел», деб турмайдими? – қизнинг аҳволини кўз олдимга келтириб дедим.
  • Қўшниси қўнғироқ қилибди. Ўйлаб ҳам ўтирмай, шартта-шартта гапирди. Бефаросатроқ экан, – деди қизим изоҳ бериб. – Дугонамдан сўраб-сўраб уйига олиб бордим-у, онасига таъзия билдириб, қайтдим. Катта «трасса»га чиққунимча икки марта адашдим. Чиққанимда қуёш бота бошлаганди. Сизларни хавотир олмасин, деб тезликни оширдим, йўлга ҳам қарамай кела бошладим. Ўн беш дақиқа юрдимми, йўқми, «Тақ» этиб чуқурга тушдим-у, ғилдирак ёрилганини билдим. Туша солиб қарасам, ростдан ҳам ғилдирак ёрилган экан. Заҳира ғилдиракни олиш учун юкхонани очаётиб, икки кун аввал акам сўрагани ёдимга тушди. Мен ғилдираги ёрилган машина билан Сирдарёнинг чўли ёнида қаққайиб қолдим. Ўзимга келгунимча ҳам ўн беш дақиқача вақт кетди-ёв. Кейин машиналарга қўл кўтара бошладим. Ким ҳам ўзининг заҳира ғилдиракини бериб кетарди. Сотиб олишга эса пулим етмайди.
  • Алмаштириш бўлса, алмаштириб берардим. Лекин... ғилдирак йўқ... — дейди тўхтаганлар ҳам.

Охири чорасизликдан ойимга қўнғироқ қилдим. Ойим ҳеч қаерга жилмаслигимни, машинада ўтиришимни, акам бориб олиб келишини айтди.«Хўп» деб энди машинага ўтираётгандим, бир катта ёшли амаки келиб тўхтади. Ёрилган ғилдиракимни ечиб олиб, «Яматиб олиб келаман», деб кетди. Бир ичимда «Ёрилган ғилдиракдан ҳам айрилдим», деб гумонландим. Лекин яхши одам экан. Тўққизлардан ўтганда ғилдиракни яматиб олиб келиб, қўйиб берди. Пул бергандим, олмади. «Менинг ҳам қизларим бор. Ўқийди. Йўлда юради. Сенга қилган яхшилигим учун Худойим уларга ҳам яхши инсонларни дучор қилсин! Яхши етиб ол, ёлғиз юрма», деди. Жуда яхши одам экан...

Менинг эса кўз олдимга бундан икки соатча илгари машинага ўтқизиб юборганим сирдарёлик қиз келди. Наҳот, Худойим бир муштипар қизни шунчаки таксига ўтқизиб юборганим эвазига менинг қизимнинг мушкулини шунчалар осон қилди?

Ўша-ўша ҳеч қачон яхшилик қилишдан ўзимни тортмайман, чарчамайман...

Наргиза УСАНБОЕВА

Мавзуга оид мақолалар
Бугун тонгда юртимиздан муборак Ҳаж сафарига отланган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳлари Саудия давоми...

12:06 / 25.12.2018 5524
«Риё» сўзи кўриш маъносини англатади. Шариатда эсf Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинга амал қилиш «риё» дейилади. давоми...

10:54 / 17.11.2016 4667
Мен Саудия Арабистони пойтахти АрРиёд шаҳрида инглиз тилидан таржимонлик қилар эдим. Америкадан Сурияга давоми...

14:01 / 06.03.2017 7922