Инсон ҳақида: унинг яратилиши ва ер юзида тарқалиши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмон одам инсон тўғрисида бир неча ҳақиқатларга эътиқод қилиши лозим.

1. Инсон энг афзал ва энг шарафли махлуқдир.

Бу эътиқоднинг ҳақлигини содиқ хабар ҳам, соғлом ақл ҳам тасдиқлайди.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида қуйидагиларни айтади: «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло – борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зот. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда: «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».

Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло одамни Ўз қўли билан яратиб мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Ақли билан инсон бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақл ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси инсонни Аллоҳ азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридир.

Аллоҳ таоло инсонга ваҳийлар туширди. Одамлар ичидан Пайғамбарлар танлаб олди. Пайғамбарларга илоҳий китоблар нозил этди. Шариат ҳукмларини юборди. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига намунадир. Аллоҳ таоло одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир.

Аллоҳ таоло охирги индирган китоби Қуръони Каримда: «Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», деб эълон қилишининг ўзи ҳам катта обрў-эътибордир.

«...ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик.»

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

«...ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик.»

Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Одам бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, жуда яхши бўлади. Ана шу сонсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир.

«...ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик.»

Яъни одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади: «Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди» (34-оят).

Фаришталарга Одамга сажда қилишни буюриб, Аллоҳ унга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни, Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эътиқоди бўйича набий ва сиддиқлардан бўлган хос башарлар фаришталарнинг хосларидан афзалдир. Шунингдек, иймонли, солиҳ овом башарлар фаришталарнинг овомларидан афзалдир. Бунга оят ва ҳадисдан далил бор.

Бунга «Баййина» сурасидаги қуйидаги оят далилдир: «Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, ана ўшалар, халойиқнинг энг яхшисидир» (7-оят).

Халойиқнинг ичида фаришталар ҳам бор. Иймон келтириб, солиҳ амални қилган кишилар ҳаммадан афзал бўладилар. Чунки дунёда иймон ва амали солиҳдан кўра яхшироқ ҳеч бир иш йўқ.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Соғлом ақл далилига ўтамиз. Аллоҳ таоло фаришталарни шаҳват ва ҳавои нафсдан холи қилиб яратган. Уларда маъсият қилиш қобилияти йўқ. Аммо инсонда шаҳват ҳам, ҳавои нафс ҳам, маъсият қилиш қобилияти ҳам бор. Бас, ўша тўғри йўлдан адаштирувчи нарсаларни енгиб, Аллоҳ таолога тоат-ибодатда юрган одам фариштадан афзал бўлади.

2. Инсон дастлаб тупроқдан яратилган, кейин биринчи одамдан тарқалган.

Мўмин-мусулмон одам дастлабки инсон – Одам тупроқдан яратилганига ва у билан унинг жуфтидан бошқа одамлар тарқалганига жазм ила иймон келтирмоғи шарт.

Аллоҳ таоло «Ҳижр» сурасида: «Батаҳқиқ, Биз инсонни қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан яратдик», деган (26-оят).

Ушбу оятда инсон аслида тупроқдан қорилган лойдан яратилганига далил келмоқда. Ҳозирги замон илми ҳам инсон танасида тупроқда мавжуд барча моддалар борлигини тасдиқлади.

Бу оятда зикр қилинган ҳолни тафсирчи уламоларимиз икки хил таъвил этганлар:

1. Инсонни Аллоҳ таоло балчиқ-лойдан ясаб туриб, чертса овоз чиқарадиган даражада қаттиқ ҳолга келгандан кейин жон киргизган.

2. Аллоҳ аввал чертса овоз чиқарадиган даражадаги қаттиқ тупроқ-лойни олиб, унга сув аралаштирган, сўнгра, ўзгарадиган лой қилиб туриб, ундан одам ясаган.

Нима бўлганда ҳам, инсон лойдан Аллоҳ таоло томонидан ясалгандир. У аслини унутмаслиги керак.

Аллоҳ таоло «Роҳман» сурасида: «Инсонни сополга ўхшаш қуриган лойдан яратди», деган. (14-оят)

Бу оятда «инсонни» деганда, Одам Ато назарда тутилаяпти. «Қуриган лой» деб таржима қилган иборамиз оятда «солсол» деб келган. У ҳам лойнинг қотиб, чертса овоз чиқарадиган бўлиб қолган ҳолига айтилади.

Ушбу оятда зикр қилинган ҳолат Аллоҳ таоло Одамни яратишининг турли босқичларидан биридир. Тупроқдан лой қилиниб, уни одам шаклига келтириб, сўнгра руҳ киритилган.

Қуръонда таъкидланишича, инсонни йўқдан бор қилган Зот уни тупроқдан яратган Аллоҳдир. Ҳозирги замон илми ҳам буни тасдиқламоқда. Илмий тажрибаларда исботланишича, тупроқда қандай моддалар бўлса, инсон жисмида ҳам ўша моддалар бор экан. Тупроқда карбон, кислород, фосфор, гугурт, азот, калций, хлор, темир, мис, йод, алюмин каби йигирма хил модда бор бўлса, худди шу моддалар инсон жисмида ҳам бор.

Аллоҳ таоло Одам Атони тупроқдан яратиб, унга жон киритганидан сўнг у кишининг қовурғасидан Момо Ҳавони яратган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, аёл киши қобурғадан яратилгандир», деганлар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳақиқатни ҳам ҳозирги замон илми тасдиқлаб турибди. Одамнинг ҳужайрасидан бошқа бир одам пайдо қилиш мумкинлигини айтиб, жар солмоқда. Бу гапни мислсиз илмий кашфиёт сифатида тарғиб қилмоқда. Аммо худди ўшалар ва уларнинг олдин ўтган устозлари Аллоҳ таоло Одам Атонинг қовурғасидан Момо Ҳавони яратганлиги ҳақидаги ҳақиқатнинг устидан бир минг тўрт юз йилдан ортиқ даврда кулиб келган эдилар.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар тарқатган Роббингиздан қўрқинглар!» деган (1-оят).

Бу оятда одамларни яратган Холиқ бир бўлиши билан бирга, инсонларнинг асли ҳам бир жон бўлганлиги баён этилаяпти: «Сизни бир жондан яратган».

Демак, ҳозирги дунёда турли-туман бўлиб яшаётган, бир-бирлари билан ирқий, миллий, диний урушлар қилаётган, мен яхши, сен ёмон, деб жанжаллашаётган, кишиларни тана рангига, қабиласига, миллати ёки ирқига қараб ажратаётган одамларнинг асли бирдир. Уларни бир Аллоҳ, бир жондан яратган.

Ушбу оятдаги улкан ҳақиқатлардан бири, «...ва ундан унинг жуфтини яратиб» жумласида ўз аксини топгандир. Бундан у жондан унинг жуфтини, яъни хотинини яратган маъноси келиб чиқади. «...ва икковларидан», яъни ўша «бир жон» бўлмиш Одам ва унинг жуфти Ҳаводан, «кўплаб эркагу аёлларни тарқатган»лик ҳам муҳим бир ҳақиқатдир.

Аллоҳ таоло агар хоҳласа, бирданига хилма-хил, сон-саноқсиз эркагу аёлларни яратишга ҳам қодир эди. Аммо бундай қилишни хоҳламади. Ер юзидаги турфа инсонларнинг қариндошлик алоқалари, оила ришталари ила ўзаро боғлиқ бўлишларини ирода қилди.

Аллоҳнинг амри ила ер юзига тушганларидан кейин Одам Ато ва Момо Ҳаво кўплаб фарзандлар кўрдилар. Ривоятларда келишича, Момо Ҳаво ҳар сафар бир ўғил, бир қиз туғар эдилар. Ўша пайтдаги имконлар ҳисобга олиниб, биринчи жуфтликдаги ўғил-қизлар иккинчи жуфтликдагилар билан оила қуришлари мумкин эди. Шу тариқа ила одам зоти кўпайиб борди. Шундан бошлаб инсон ота-онадан туғилиб, кўпаядиган бўлди.

Аллоҳ таоло инсонни дастлаб тупроқдан яратиб, кейин уни сулоладан тарқаладиган қилиб қўйгани «Сажда» сурасида айтиб ўтилган: «У Ўзи яратган ҳар бир нарсани гўзал этган ва инсонни яратишни лойдан бошлаган Зотдир. Сўнгра унинг наслини ҳақир бир сувдан ажраб чиқадиган қилди» (7-8-оятлар).

Аллоҳ таоло инсонни аввалбошда лойдан яратиб, кейин унинг наслини «нутфа» деб аталмиш ҳақир бир сувдан ажраб чиқадиган қилиб қўйди. Ҳеч нарсага арзимайдиган, ҳатто инсоннинг ўзи жирканадиган ҳақир сувдан шунчалик мураккаб, олиймақом бир инсон яраладиган қилиб қўйди. Буни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким қила олмайди.

Бу ҳақиқат «Мўминун» сурасида ҳам айтилган: «Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик. Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик. Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир» (12-14-оятлар).

Ушбу оятда инсон яратилишининг бошланғич босқичи ҳақида сўз бормоқда.

«Сулола» сўзи бир нарсадан аста-секин мулойимлик билан суғуриб олинган нарсани англатади. Демак, инсон Аллоҳ таоло томонидан лойдан суғуриб олингандир. Инсоннинг бошланиш нуқтаси лойга бориб тақалади.

«Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик.»

Яъни инсон жинсининг бошланишини лой сулоласидан қилганимиздан кейин, бу жинснинг аъзолари ота сулбидан нутфа ҳолида чиқиб, она раҳмига – бачадонидек мустаҳкам қароргоҳга ўрнашадиган қилдик.

«Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир».

Эркак кишининг сулбидан аёлнинг бачадонига тушган нутфанинг бир босқичдан иккинчисига ўтишининг Қуръондаги васфи энг тўғри, энг аниқ васф эканлигини ушбу оятлар нозил бўлганидан ўн тўрт аср ўтиб ҳомила илми бўйича дунёнинг энг кўзга кўринган ғайри мусулмон уламолари тасдиқ қилдилар.

«Сўнгра, нутфадан алақа яратдик...»

Яъни мустаҳкам қароргоҳ бўлмиш бачадонда, унга эркакнинг сулбидан тушган нутфадан алақа яратдик. Яъни эркакдан тушган уруғлик аёлдаги тухум билан урчигандан сўнг алақага (зулукка) айланадиган қилдик.

Эски тафсирларимизда алақани «лахта қон» деб аташган. Лекин араб тили қомусларининг бирортасида «алақа – лахта қон» дейилмаган.

Алақа –  ҳаммага маълум ва машҳур зулук номли қон сўрадиган ҳайвон. Қадимги тафсирчиларимиз нутфа урчиб, ҳомила пайдо бўлган биринчи босқичида лахта қон моддасига ўхшаш бўлгани учун «алақа»ни лахта қон, деб тушунтирганлар. Ҳамма шуни айтиб, ёзиб ва тушуниб юраверган. Замон ўтиб, илм ривожланиб, турли асбоблар воситасида нутфанинг бачадондаги ҳолатини, алақага айланган ҳолини кўриш имконлари очилгандан сўнг, Қуръони Каримнинг яна бир мўъжизаси ошкор бўлди.

Ўша алақа деб номлаган лахта қон зулук шаклида бачадон деворига ёпишиб, ундан озуқа сўриб турар экан. Бу ҳақиқатни англаб етган ҳомила илми олимлари Қуръони Каримнинг илоҳий китоб эканига ҳеч шубҳа йўқлигига тан бердилар.

«...алақадан чайналган гўшт яратдик...»

Нутфадан алақага айланган зулукка ўхшаш лахта қонни чайналган гўштга ўхшаш нарсага айлантирдик.

«...чайналган парча гўштдан суяк яратдик...»

Инсоннинг суяклари шу тариқа пайдо бўлди. Аллоҳ таолонинг қудратини қарангки, гўштдан суяк ҳосил қилади. Бола онасининг қорнида экан, у суяк юмшоқ бўлади. Туғилганидан кейин қаттиқ жисмга айланади.

«...бас, суякка гўшт қопладик...»

Гўштдан суяк яратиб туриб, яна ўша суякка гўшт қоплаш ҳам ажойиб бир нарса.

«...сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик.»

Инсонни гўшту суякдан иборат ўзга жонзотлар каби қилиб қўймадик. Уни тамоман бошқача, ўзига хос бир жонзот этиб пайдо қилдик. Унинг жисми, умуман, бошқача, руҳи, ҳис-туйғулари, қувватлари ва бошқа хусусиятлари, умуман, ўхшаши йўқдир.

«Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир».

Аллоҳдан ўзга яратгувчи йўқдир.

3. Инсон аввалбошдан энг батамом кўриниш ва энг гўзал тузилиш ила яратилгандир.

Бу ҳақиқат Қуръони Каримдаги собит ҳақиқатлардан биридир. Ана ўша ҳақиқатга ҳар бир мўмин-мусулмон жазм ила эътиқод қилмоғи вожибдир.

Аллоҳ таоло «Тийн» сурасида: «Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик», деган (4-оят).

Аллоҳ инсоннинг жасадини ҳам, ақлини ҳам, руҳини ҳам энг яхши ҳолатда яратгани ҳаммага маълум. Бундан инсон қурт-қумурсқалардан ривожланиб келиб маймунга, маймундан одамга айлангани каби сафсаталарнинг ёлғон экани чиқади.

Аллоҳ таоло «Инфитор» сурасида: «Эй Инсон! Сени нима карамли Роббинг ҳақида ғурурга кетказди?! У сени тўла-тўкис ва мўътадил қилиб яратганди», деган (6-7-оятлар).

Аллоҳ таоло инсонни тўла-тўкис қилиб яратиши, уни нуқсонсиз қилиб, ўзига керак бўлган ҳамма аъзолар билан таъминлаб яратишидир. Дарҳақиқат, инсоннинг тузилишига, унинг аъзоларига диққат билан назар солган ҳар бир шахс бу маънони дарҳол фаҳмлаб етади. Бу масалани яхшилаб ўрганган мутахассислар эса инсон вужудида инсон ақли бовар қилмайдиган тўла-тўкислик борлигини тушуниб етиб, Аллоҳга иймон келтирадилар. 

Инсоннинг қон айланиши, кўриши, ҳид билиши, фикрлаши, асаби, хотираси ва бошқа томонларини ўрганганлар эса мазкур нарсалардаги тўла-тўкислик ва мутаносибликни кўриб ҳайратга тушади. Шунинг учун ҳам инсонни ўрганиш бўйича АҚШдаги катта илмий марказга қирқ йилдан ортиқ раҳбарлик қилган, дунёнинг энг катта илмий мукофотларини олган киши ҳам «Инсон, ана ўша мажҳул» номли китоб ёзди.

Инсоннинг Аллоҳ таоло томонидан мўътадил қомат ва аъзолар ила яратилганлиги ҳақида, умуман, гапиришнинг ўзи – ортиқча иш. Инсоннинг дунёга келиши ҳақидаги Қуръони Каримда келган маълумотлардан бошқа барча маълумотлар сувнинг устидаги пуфак каби йўқолиб, ўша фикрларнинг соҳиблари қораланиб келмоқда. Илм ривожланган сари инсоннинг пайдо бўлиши ҳақидаги Қуръони Карим ҳақиқатлари яна ҳам таъкидланиб бормоқда.

Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, шу кунларда Қуръон мусобақаси Тошкент вилояти бўйлаб давом этмоқда. Бугун эса Назарбек давоми...

16:51 / 12.02.2018 3666
   Ҳазратимнинг сўнгги Ҳаж зиёратлари ҳақида Оминахон Муҳаммад Юсуф тайёрлаган фоторепортаж ҳамда сафар давоми...

18:02 / 14.02.2017 6397
Ошхона ва музлатгичингизни яхшилаб тозаланг.  Умуман тозалаш ва тартиблаш ишлари қайси вақт бўлишидан давоми...

15:55 / 07.02.2017 5306