Истиғфор ва унинг таъсири
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳеч шубҳа йўқки, «ҳамма ишларимни Аллоҳ кузатиб турибди» деб эътиқод қилгувчи мўмин кишининг хатолари кам бўлади. Лекин гоҳида адашиб баъзи бир нолойиқ ишларни қилиб қўйса, дарҳол Аллоҳни эслайди, хатосини тан олади, надомат чекади, истиғфор айтиб, иккинчи бу ишни такрорламасликка аҳд қилади. Исломда гуноҳни ювиш учун дин арбоблари ҳузурида эътироф этиш (тан олиш)нинг ҳожати йўқ. Шунингдек, қилган гуноҳи кишига доимо ёпишиб юради, ундан қочиб қутулиб бўлмайди, деган эътиқод ҳам йўқ. Ҳар бир мусулмон бевосита Аллоҳга дуо қилиб, ўз надоматини изҳор қилиб, гуноҳидан ўтишини сўраш имконига эга. Қуръони Каримда шундай дейилган: «Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳимли Зот эканини топади» («Нисо» сураси, 110-оят).

Аллоҳ таоло ўзининг мағфиратига сазовор бўладиган мўминларни сифатлаб шундай дейди: «Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдилар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар. Ана ўшаларнинг мукофотлари Роббиларидан бўлган мағфиратдир» («Оли Имрон» сураси, 135, 136-оятлар).

Аллоҳ таоло тавба қилиб ўзига ёлворганларнинг гуноҳларини, албатта, кечади. Бу ҳақда «Зумар» сурасида шундай дейилган: «Сен менинг тарафимдан: «Эй, ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг Ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳимли Зотдир», деб айт» (53-оят).

Уламолар: мўмин кишининг умидини кучлантирувчи оятларнинг энг зўри мана шу оятдир, деганлар. Ислом динида гуноҳлардан халос бўлиш, ўз-ўзини поклаш имкони эзгулик йўлидаги ишларга чамбарчас боғлиқдир. Эзгу ишлар гуноҳни ювиши оят ва ҳадисларда алоҳида таъкидланган Чунончи, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади», деган («Ҳуд» сураси, 114-оят). Бошқа бир жойда Аллоҳ эзгу амаллар мағфиратга олиб боришини айтади: «Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар; улар яхши ва ёмон амални аралаштириб қилганлардир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилса. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир» («Тавба» сураси, 102-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар: «Ёмон ишнинг ортидан яхши иш қилсанг, ёмонликни ювган бўлади».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Зеро, инсон «Аллоҳ барча гуноҳларни кечади, мен ҳақиқий тавба қилсам, қабул қилади» деб қатъий ишонмоғи лозим. Ҳозирги кунда тиббиёт илми муҳтож бўлиб турган асаб касалликларини даволаш воситаларидан энг кучлиси ҳам ана шу. Психология олимлари, хусусан, машҳур Фрейднинг фикрича, асаб касалликларининг асосий сабаби руҳий тушкунлик бўлиб, унинг давоси фақат асаб касалликлари бўйича мутахассис кишининг олдида ўз хатоларини тан олиш билан бўлади.

Бу нарса, мутахассисларнинг айтишича, руҳий, мантиқий бир иш бўлиб, касалнинг хатоларини очиб ташлайди, у ўз хатоларини кўриб, ҳис қилади. Шунда унинг руҳи билан виждони орасида ўзаро келишув пайдо бўлади. Виждон кечиради, инсон эса ўзини руҳи олдида мусаффо ҳис қилади, шу билан асабий тугун йўқолади.

Асабий тугунлар хаёлий нарса бўлмай, балки кўпгина касалликларнинг сабабчиси ҳамдир. Масалан: бош оғриғи, юрак нотинчлиги, қон босими ва ҳозирги кунда тарқалган кўпгина касалликлар...

Бунинг давоси табиб ҳузуридаги эътироф бўлса, табиб ҳузурида эътироф қилди нимаю, Аллоҳнинг ҳузурида эътироф қилди нима? Аллоҳнинг кечириши билан виждоннинг соф бўлиши орасида қандай фарқ бор?

Аслида, табиб ҳузурида ёки ёлғиз ҳолда ўз виждони олдида тазарруъ қилаётган одам ўзи билиб-билмаган ҳолда Аллоҳга юзланиб илтижо этаётган бўлади. Зеро, виждон «Ал-Мийсоқ»дан қолган диндорлик туйғусининг айни ўзидир.

Хатони тан олиш назарияси Қуръоннинг ҳикматларидан бўлиб, унинг инсон учун фойдаси жуда ҳам каттадир. Мисол учун, Қуръон Юнус алайҳиссаломнинг ўз хатоларини тан олганлари оқибатида ғам-ғуссадан қутулиб, нажот топганларини айтиб ўтади: «Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмайди, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди. Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз» («Анбиё» сураси, 87, 88-оятлар).

Бу оятдаги «мўминларга шундай нажот берурмиз» жумласи барча мўминларни юқоридаги йўлдан боришга ва оғир, ноқулай ҳолатга тушиб қолганда, ўз гуноҳларини тан олиб, Аллоҳдан ёрдам сўрашга даъват этади. Қуръондаги яна бир мисол, Одам ато ва Момо Ҳаво Аллоҳнинг буйруғига бўйсунмай, гуноҳ қилганларида бу гуноҳни тан олиб, дуо қилганларини эслатади: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳим қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз» («Аъроф» сураси, 23-оят).

Қуръон гуноҳларни кечишни сўрашни ва уни қайта такрорламасликни, «Аллоҳнинг раҳматига етишиш воситаси» дейди.

«Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур» («Ҳуд» сураси, 3-оят).

Ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) даврида бир киши келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Ҳазрати Умар унга «истиғфор айтинглар» деб жавоб берибдилар. Иккинчи бир киши келиб камбағалликдан шикоят қилибди. Унга ҳам «истиғфор айтинглар» деб жавоб берибдилар. Учинчи бир киши бефарзандликдан шикоят қилибди. Унга ҳам «истиғфор айт» дебдилар. Яна бир киши камҳосилликдан, бошқаси эса сув танқислигидан шикоят қилибди. Уларга ҳам истиғфор айтишни буюрибдилар. Шунда, ҳазрати Умар билан ўтирганлардан бири: «Эй, мўминларнинг амири, турли кишилар келиб, турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса барчасига «истиғфор айт» дедингиз, бу қандай бўлди?» деганида, ҳазрати Умар юқоридаги оятни ўқиган эканлар.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қарата: «Модомики, сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас», деган («Анфол» сураси, 33-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафот этганларида баъзи саҳобалар: «Бизни Аллоҳнинг азобидан сақлаб турувчи икки нарса бор эди, бири Пайғамбаримиз алайҳиссалом эдилар, энди иккинчиси, истиғфор қолди, у ҳам кетса, ҳалокатга учраймиз», дейишган экан.

 
Мавзуга оид мақолалар
Ўлим. Бу сўзни эшитишнинг ўзиёқ кишини юзидан табассумни нари қилади. Кутилмаган сергаклик келиб, кишини давоми...

13:20 / 24.12.2016 3474
Қуръони Каримни ўқиб ўрганиш ва унга амал қилиш олий саодатдир. Бу саодатга эришиш учун энг биринчи босқич давоми...

23:57 / 22.06.2022 9011
Аёлларга хос бўлган иштибоҳли масалалар. Шубҳали масалаларни келтиришдан аввал ҳайз, нифос ва истиҳоза давоми...

19:29 / 06.12.2016 10172
Ёлғон ndash фақат ёлғончининг шахсига эмас ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун давоми...

01:20 / 02.04.2021 6231