Ўсмирлик: танқидий фикрлашнинг ўткирлашиши (кучайиши)

0 239

 

Лейла Наталья Бахадори,

рус тилидан Зарнигор Аҳмадалиева таржима

  Оилангизда ўсмир бор бўлса, яна нималарга эътибор бериш керак? Авваллари бола катталардан, айниқса, сиздан олаётган барча маълумотлар сўзсиз ишонч билан қабул қилинган бўлса, энди у, албатта, шубҳа, ҳатто инкор босқичидан ўтади: «Ростдан ҳам шундайми?» Л.С.Выготский ифодаси билан айтганда, «ўсмир шахсияти таркибида бирор бир барқарор, узил-кесил ва қатъий нарса йўқ». Бунинг яхши тарафи ҳам бор: унинг фикрини ўзгартириш мумкин. Ёмон тарафи ҳам: ҳар лаҳзада у бошқача ўйлай бошлаши мумкин.

Авваллари ноқулай саволларга «Катта бўлсанг, билиб оласан», деган жавоб кифоя қилган бўлса, энди бу жавоб ўтмайди: у – ўсмир, у катта бўлиб бўлди. Унинг саволларига жавоб топишингиз, ҳеч бўлмаса, «Билмайман», деб жавоб беришни ўрганишингиз учун бир неча йил вақтингиз бор эди. Агар аввал саволга тўғри жавобни билмай, хаёлингизга келган биринчи фикрни айта олар эдингиз. Масалан, «Нима учун осмон мовий рангда?» – «Чунки шуниси чиройли» ёки «Аллоҳ шу рангда яратган». Энди эса фарзандингиз жавобингизни энг камида интернетдан излаб кўришига тайёр туринг. Сизнинг унинг кўз олдидаги обрўйингиз текширув натижаларига боғлиқ бўлиб қолади. Бу (обрў) эса фарзандингиз янада қийинроқ, балки ҳал қилувчи савол туғилганда сизга мурожаат қиладими-йўқми, белгилаб беради.

Агар аввал текширмай ҳам туриб дада ва ойи берган жавоб энг тўғриси бўлган бўлса, энди сизнинг жавобингиз «дўстларим айтди» ёки «телеграмда ёзибди» каби манбалардан кўра ишончлироқ эканини кўрсатиш учун бироз ҳаракат қилишингизга тўғри келади. Чунки бу фарзандингиз учун янги «авторитет» излайдиган, дунёда ўз ўрнини топишга уринаётган бир даврдир.

Тайёр бўлинг – энг кўп бериладиган, энг ноқулай, баъзида энг кўп ҳайратга (даҳшатга) соладиган саволлар энг муҳим нарса – дин борасида бўлади. Чунки бу Аллоҳни топадиган, баъзан эса, афсуски, йўқотадиган даврдир. Бу У ҳақида жиддий, катталарча ўйлаб кўриладиган фурсатдир. Ўсмир фарзандингизнинг саволларига бераётган жавобларингиз унинг бу даврдаги руҳий-маънавий ҳолатини белгилаб беради. Мана шу ҳолат эса кейинчалик унинг ўз динига амал қилишида асосий омил бўлади.

Шундай экан, фарзандингиз ўсиб бораётган пайтда унинг саволларига жавоб излаш баҳонасида диний билимларингизни ошириб бориш айни муддаодир. Шунда сиз унинг берган саволларини тўлалигича тушунтириб берсангиз, бошқа манбаларга мурожаат қилишга эҳтиёжи қолмайди. Зеро, бу манбалар ичида «лойқа сувлар» бор бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Айни пайтда таъкидлаш жоизки, айнан ўсмирлар радикал гуруҳларнинг энг оддий, энг қулай ўлжаларидир. Чунки бу ёшда улар макимализмга интиладилар. Ўз яқинларини етарлича билимдон эмас, деб топган бола «билимдон»ларни излай бошлайди. Билмайсизми?! Унда олдиндан фарзандингиз билан яхши чиқиша оладиган, мураккаб саволлар остида қолганда мурожаат қилиши мумкин бўлган устоз топиб қўйинг. Вазиятдан доим хабардор бўлиб туринг, бироқ босим ўтказманг! Босим, охири йўқ насиҳатлар, таъқиқлар ва тўхтовсиз назорат – булар энди фойда бериши қийин.

Фарзандингизни тушуниш учун руҳшунос олимларнинг тадқиқотларини, мавзуга доир адабиётларни ўқишдан эринманг. Шунда фарзандингиз бошдан кечираётган даврга илмий нигоҳ билан ҳам қарай оласиз.

Э.Шпрангер ўсмирлик ёшини шундай тасвирлайди: бу – маданият томон ўсиш ёшидир. Шпангер ўсмирлар ривожланишининг уч турини тавсифлайди:

Биринчи тур ўткир, шиддатли ва кескин ўтиши билан таърифланади. Бунда ўсмирлик гўё иккинчи туғилиш каби кечади, натижада ўсмирнинг иккинчи «мен»и пайдо бўлади.

Иккинчи ривожланиш тури – равон, секин ва босқичма-босқич ўсишдир. Бунда ўспирин катталар ҳаётига шахсиятида чуқур ва жиддий ўзгаришларсиз кириб боради.

Учинчи тур шундай жараённи акс эттирадики, унда ўспирин фаол ва онгли тарзда ўз шахсиятини шакллантиришга, ўзини тарбиялашга уринади, ўз ирода кучи билан ички ташвиш ва ғалаёнларини бартараф қилади. Бу ўз-ўзини назорат қилиш ҳамда интизоми юқори даражада бўлган кишиларга хос хусусиятдир.

Л.С.Выготский ўтиш ёшидаги қизиқишлар муаммосини батафсил ўрганиб чиққан. Унинг ёзишича, бу даврда ҳам ривожланишнинг бошқа босқичларидаги каби инсондаги руҳий ҳолатлар тасодифан, тартибсиз равишда эмас, балки маълум тизим асосида, шахсиятдан келиб чиқадиган интилиш ва қизиқишларга йўналтирилган тарзда содир бўлади.

Агар аввал фарзандингиз учун шак-шубҳасиз идеал бўлган бўлсангиз, энди сиз микроскоп остидасиз…

Мавзуга доир биринчи мақола: http://muslimaat.uz/osmirlik-javobgarlikning-boshlanishi/

Ўсмирлик – жавобгарликнинг бошланиши

Баҳам кўринг

Leave A Reply