Ўсмирлик – жавобгарликнинг бошланиши

0 274

Ўсмирлик – жавобгарликнинг бошланиши

(биринчи мақола)

  Уйда чақалоқ дунёга келиши кутилар экан, масъулиятли ота-оналар уни қандай ўстириш ва тарбиялаш борасидаги кўплаб адабиётларни сотиб олишга тушадилар. Улар янги туғилган бу кичкина, нозик одамча уларнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлашига муҳтож эканини яхши англайдилар. Унинг яққол ожизлиги уларда бу мўъжизани ҳимоя қилиш ва ўз кучи билан қувватлантиришга кучли рағбат пайдо қилади. Бора-бора бола ўсиб борар экан, уйда унинг борлиги одатий ҳолга айланади, унинг ташқи кўринишида ожизликнинг намоён бўлиши тобора камайиб боради, ота-она ўзини борган сари тажрибалироқ ҳис қила бошлайди. Токи, ниҳоят, ўсмирлик ёшига етмагунча – у энди бола эмас, лекин ҳали эркак ҳам эмас, у энди қизалоқ эмас, лекин ҳали хоним ҳам эмас. Бу ёш, анъанага кўра, ўсаётган одамча учун ҳам, унинг ота-онаси учун ҳам қийин ҳисобланади.

Мусулмон (диндор) болалар балоғат даврини бошқа болаларга нисбатан сокинроқ ўтказсалар-да, ҳаётларининг бу босқичида уларнинг қўллаб-қувватланишга бўлган эҳтиёжлари бошқаларникидан кам эмас.

Бу жуда муҳим ёш бўлиб, айнан ўша пайтдан бошлаб зурриётингизнинг Аллоҳ таоло олдида ва қисман қонун олдида жавобгар бўладиган пайти келади. Бу ёшда бизнинг ҳам кўзимиз очилади – кимни тарбиялаганимиз аён бўлади. Буларнинг бари учун қиёмат куни бизни ҳисоб-китоб кутади. Зеро, фарзандларимиз – бизнинг омонатларимиз. Бу ерда яхши янгилик шуки, бола ўтиш даврида қанчалар ўзгармасин, бу ўзгариш вақтинчалик. Кескин ўзгаришлар вақти ўтиб кетади, «ёшлик қилиб қўйган» ишлари фақатгина хотираларда қолади. Ўзининг улғайганини англаш тажрибасизлик билан қориштирилганда портлаш хавфи бўлган аралашмани келтириб чиқаради. Биз сиз ва фарзандингизда нималар ўзгаришини, бу нозик даврда ўз болажонингиз билан яқин алоқаларни барбод қилмаслик учун нима қилиш кераклигини босқичма-босқич кўриб чиқамиз.

Ҳозир сиз қўлланмалар, китоблар, видеолар ва мутахассис кўмагига муҳтожсиз. Биринчи тавсия – тавсиялар изланг.

Фарзандингизга қиладиган гуноҳлари ва хатолари учун қачондир жавоб берадиган пайт бошланганини хабар қилиш жуда муҳим. Шунингдек, у нафақат Яратганнинг ҳузурида, балки атрофдагиларнинг олдида ҳам энди ёш бола эмаслигини тушунтириш мумкин. Улар ҳам энди унинг қилиқларини ажойиб болаларча шўхлик деб қабул этмайдилар, унинг кичкиналигини сабаб қилиб, тарбиянинг камчиликларига сабр қилмайдилар. Шу билан бирга, уйда уни ҳамиша ҳамма қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлашни унутманг. Бу унинг учун «фронт орти» кабидир, у ерда уни ҳамма ҳеч қандай шартларсиз яхши кўради, шу туфайли у ҳеч қачон ўзини бутун дунё билан бирга-бир қолгандек ҳис қилмайди.

Мутахассислар ўсмирлар билан таҳлил, хулоса ва масъулиятга урғу берган ҳолда кўпроқ суҳбатлашишни тавсия қиладилар. Болаларни масъулиятли бўлишга қуйидаги йўллар билан ўргатиш мумкин:

  1. Ўз тажрибаси билан бўлишиш.
  2. «Нима деб ўйлайсан, шундай бўлса, нима бўлади?» қабилида саволлар бериш.
  3. Турли вазиятларни муҳокама қилиш, оқни қорадан ажратиш, унинг масъулияти қаерда бошланади-ю, бошқаларники қаерда бошланишини кўрсатиб бериш.

Ўсмир ёшда болалар ўзларини жуда улғайган, дея ҳисоблашади, ҳамма нарсани ўзларича қилишга ҳаракат этишади, ўз шахсий қарорларини қабул қилишади, тажриба қилиб, қоидаларни бузиб кўришади. Ўз навбатида муҳокама қилиш мумкин бўлган ҳолатлар ҳам кўп бўлади.

Кўпинча ота-оналар севимли фарзандларини бошқа кимнидир айбдор қилишда қўллаб-қувватлашади. Ваҳоланки, бунинг ўрнига вазиятни ҳал қилиш учун бир нечта савол бериб кўриш мумкин:

Сен нима қилдингки, мана шу ҳолат юзага келди?

Бу ерда сенинг айбинг нимада?

Нимани бошқача қилишинг мумкин эди?

Бу ҳолатдан қандай хулоса олиш мумкин?

Шу тариқа ҳаракатлар билан биз болага тажриба ҳосил қилишни, ечим йўлларини кўришни, жавобгарликни зиммага олишни ўргатамиз.

Фарзандингиз мамлакат қонунлари доирасида иш тутишни, жавобгарликка тортилиш мумкин бўлган ҳолатларни ҳам ўрганишини таъминланг. Унутманг, энг қайғули воқеалар ҳам «Бунақа бўлишини ким билибди, у аслида жуда яхши бола?!» деган сўзлар билан бошланади.

Лейла Наталья Бахадори,

рус тилидан Зарнигор Аҳмадалиева таржимаси

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply