Алвидо, меҳроб шаҳиди!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шом аҳли, ўз диёрларининг шамчироғини бу дунёдаги сўнги манзилига элтдилар. 2013 йил 23 март шанба куни Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг жанозалари бўлди. Сурия давлати уч кунлик расмий мотам эълон қилди. 

Дамашқ кўчаларида назорат кучайтирилди. Бу улуғ зотнинг муборак жасадлари ва ўзлари билан бирга шаҳид бўлган набиралари Аҳмад ибн Муҳаммад Тавфиқнинг жасади Умавий масжидига олиб келинди. Пешин намозига бир нечта муаззинлар баробарига туриб азон айтдилар. Улар шайхлари учун алоҳида тайёргарлик кўриб келган эдилар...

 

Кечагина аллома Бутий билан биргаликда кўксилари орзу-умидга тўлиб турган ва бугун ўша орзу-умидлар ҳасратга айланиб юрак бағриларини куйдирган олимлар тобутни елкаларида кўтариб келдилар. Шаҳиднинг жасадлари кўтарилганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтилди. Жанозага ҳозир бўлганларнинг таҳлиллари фарёд бўлиб, Дамашқ осмонидан кўтарилиб фалакни тўлдирди...

Ҳам қиблагоҳи, ҳам жигарбандидан айрилган Муҳаммад Тавфиқ Бутий икки шаҳидга жаноза намозини ўқиди. Намознинг охиригача йиғидан ўзини тийиб тура олмади. Меҳроб шаҳиди ва набираларининг охирги манзили Салоҳиддин Айюбий қабрининг ёни бўлди...

Алвидо, эй уммат муаллими!

«Энди ким менда туриб ваъз айтар» дея ортингиздан меҳробингиз йиғлаб қолди... «Энди ким менда имомлик қилар» дея ортингиздан масжидингиз йиғлаб қолди... «Энди ким бизга сабоқ берар» дея ортингиздан шогирдларингиз йиғлаб қолишди... «Энди ким бизга далда бўлар» дея ортингиздан Шом аҳли йиғлаб қолди... «Олим ўлди – олам ўлди» дея ортингиздан бутун уммат йиғлаб қолди...

Аллоҳнинг уйларидан бирида, Аллоҳнинг Китобидан таълим бераётиб, Аллоҳнинг Китобини бағрингизга босиб руҳингиз қабз бўлди. Ҳатто жонсиз қолган жасадингиз Роббга сажда қилди...

Бу шундай хотимаки, ундан фақатгина гумроҳлар ибратланмайдилар. Бу шундай хотимаки, барча қийлу қолга жавоб бўлди.

Бу шундай хотимаки, Ҳаким Зот у ила сизни ҳар хил бўҳтонлардан поклаб қўйди. Бу шундай хотимаки, сизга қарши гап-сўз қилганларнинг тиллари, сизга раҳмат тилаб дуо қилишдан, фазлингизни эътироф қилишдан бошқага бормай қолди. Бу шундай хотимаки, кимдир ҳасад қилди, кимдир ҳавас қилди. Шояд, шундан кейин кўзлар очилса, ақллар ишласа, ҳидоят топилса...

Бугун сизга алвидо десак-да, Шаҳидларни ўлик деб бўлмас. Бугун сизга алвидо десак-да, Сиз биз билан яшарсиз.

Таълиф қилган китобларингиз, Мавъиза, илмий баҳсларингиз, Дин ва илмга қилган хизматларингиз ила...

Буларнинг ҳаммасининг савоби Қиёмат кунигача ўзингизга ҳамроҳ бўлур, иншааллоҳ.

Бугун сизга алвидо десак-да, Исмингиз мангу қолар тилларимизда... Бугун сизга алвидо десак-да, Хотирангиз доимо биз билан... Бугун сизга алвидо десак-да, Сиз яшарсиз қалбларимизда...

Одинахон Муҳаммад Юсуф

 

Мавзуга оид мақолалар
ЭЙ РАСУЛАЛЛ0Ҳ, СИЗНИ СОҒИНДИМ ЖУДА Сиз кимни соғиндингиз билмадиму, мен  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

16:38 / 08.02.2017 5982
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм «Сен «Осмонлару ернинг Робби ким» деб айт. «Аллоҳ», дегин. «Ўзингизга Ундан давоми...

06:33 / 02.02.2018 3909
Украиналик Марямдан мактуб Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу Аллоҳ таолонинг иродаси билан давоми...

07:37 / 30.05.2018 4348
Бир фараз қилинг, биз Қуръони Каримга қўл телефонига қизиққанчалик қизиқсак, шунчалик эътибор берсак, давоми...

14:34 / 24.12.2016 2639