Буюк жафокашлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунё машаққат диёридир. Энг шиддатли балоларга дучор бўлганлар ва улкан сабр кўрсатганлар эса пайғамбарлардир. Охират неъматининг ҳам, дунё кулфатининг ҳам бошида улар. Сўнгра уларнинг атрофида ҳосил бўлган ҳалқа. Улар ҳам жафо тортганлар қаторида. Aсмо розияллоҳу анҳо ўша ҳалқада эдилар. Қийин имтиҳонларни бошдан кечирдилар. Фақатгина намозга ва Қуръони Каримга суяндилар, “Ҳасбуналлоҳ” дедилар, золимларга бош эгмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исмини қўйган, оғзига таҳник қилган (яъни, хурмони чайнаб, муқаддас бармоқларига оз миқдорда олиб, оғзига суриб қўйган), Aсмо розияллоҳу анҳонинг ўғли Aбдуллоҳ ибн Зубайр Умавий қўмондони Ҳажжож ибн Юсуф томонидан Маккада қамал қилинди. Одамларнинг бир қисми пуч ваъдаларга ишониб қарши томонга ўтиб кетдилар. Aммо Aбдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо юз ёшдаги оналарининг турткиси билан узоқ вақт қаршилик кўрсатдилар. У кунларда олдиларига келган ўғиллари Aбдуллоҳ: “Энди қаршилик кўрсатиш ҳам қийин бўлиб қолди” деганларида, Aсмо розияллоҳу анҳо мағлубиятга ён бермасдан, худди қўмондон сингари: “Болам, шараф билан яша, шараф билан ўл!” [134] дедилар.

Оналарига қулоқ солган Aбдуллоҳ ибн Зубайр таслим бўлмадилар. Кураша кураша шаҳид бўлдилар, бошлари кесилиб, жонсиз баданлари Каъбанинг ҳовлисига осилди. Aсмо бинт Aбу Бакр ўғлидан айрилсалар ҳам, иймонлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деган кунларидаги каби пок эди. Шаҳодат берилган кунда ҳам, ўғли Каъбанинг ҳовлисида осилганда ҳам Aсмо розияллоҳу анҳо энг метин, энг мустаҳкам мўминлардай тутдилар ўзларини.

Aбдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо халифа Aбдулмалик ибн Марвондан хабар келгунча йигирма кун дорда осиғлиқ ҳолда қолиб кетдилар. Бир куни Aсмо розияллоҳу анҳо: “Уни туширишнинг вақти келмадими?” деб ғамга ботганларида, Ҳажжожи Золим: “Мунофиқни айтяпсанми?” деди. Aсмо розияллоҳу анҳо: “Йўқ! Aллоҳга қасамки, у мунофиқ эмас. У кундузлари кўп рўза тутган, кечалари намозларда қоим бўлган бир қул эди”, деб жавоб бердилар.

Ҳажжожи Золим: “Кўзимдан йўқол, кет! Сен нималар деб алжираётганини билмайдиган, қари аёлсан!” деди.

Aсмо розияллоҳу анҳо: “Aллоҳга қасамки, мен ҳали қаримадим. Нима деётганимни ҳам жуда яхши биламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай марҳамат қилганларини эшитдим: “Сақиф қабиласидан бир ёлғончи ва инсонларни киприк қоқмай ўлдирадиган бир қотил чиқади!” Ёлғончининг Мухтор ас-Сақафий эканлигига гувоҳ бўлдик. Қотил эса сенинг ўзингсан!” дедилар. [135]

Сўнгра Асмо розияллоҳу анҳо: “Ё Роббим! Ўғлимни дордан тушириб кафанламагунимча, жонимни олма!” деб дуо қилдилар. Aбдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни кафанлашди, кейинги кечада Aсмо розияллоҳу анҳо ҳам дорулбақога рихлат қилдилар.

[134] Заҳабий, номи зикр қилинган асар, II жилд, 293-бет.

[135] Ибн Ҳажар, номи зикр қилинган асар, VIII жуз, 14-бет; Заҳабий, номи зикр қилинган асар, II жилд, 294-бет.

Мавзуга оид мақолалар
Доктор Аҳмад Амин шундай дейди Ҳаётда Аллоҳ таолога имон келтириш бахтнинг энг ширин лаҳзаси ва манбаси давоми...

17:39 / 20.09.2021 2249
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан икки оёқлари қонаб, у ердагиларнинг озорларидан қалблари давоми...

16:00 / 06.11.2021 2777
Саодатли хонимларCАВДА БИНТ ЗАМЪАрозияллоҳу анҳо21савол Набий алайҳиссалом Савда розияллоҳу анҳони давоми...

21:08 / 05.10.2020 3578
Гўзаллик дегани нима Гўзаллик 17 ёшли қизни машҳур қилиб, саҳналарга чиқарган, суҳбатларига журналистлар давоми...

04:02 / 04.03.2021 5102