CАВДА БИНТ ЗАМЪА розияллоҳу анҳо
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саодатли хонимлар

CАВДА БИНТ ЗАМЪА

розияллоҳу анҳо

21-савол: Набий алайҳиссалом Савда розияллоҳу анҳони Маккадан Мадинага олиб келиш учун кимларни юбордилар?

Жавоб: Зайд ибн Ҳориса ва Абу Рофеъ розияллоҳу анҳумони юбордилар.

22-савол: Савда розияллоҳу анҳо ўз куни(навбати)ни мўминлар оналаридан кимга берган эди?

Жавоб: Оиша розияллоҳу анҳога. «Оналаримизнинг баъзилари ёш жиҳатидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан катта эдилар. Жумладан, Савда бинт Замъа онамиз ҳам. Бунинг устига, Савда онамиз катта жуссали ва семиз аёл бўлиб, қийинчилик билан ҳаракатланар эдилар. Ёшлари ўтиб қолганда «Мазкур ҳолатлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ҳам қийинчилик туғдириб, мени ёқтирмай қолмасинлар», деб, ўз кунларини у зотнинг энг ёш ва маҳбуба аёллари Оиша онамизга ҳадя этган эдилар».[1]

23-савол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг ҳаж қилмаган мўминлар оналарининг исмлари?

Жавоб: Улар: Савда бинт Замъа ва Зайнаб бинт Жаҳш розияллоҳу анҳумо.

Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида ўз аёлларига:

«(Ҳаж) мана шудир. Бундан сўнг (сизларнинг ўрнингиз) бўйраларнинг устидир», – дедилар. Савда:

«Бундан сўнг ҳеч қачон ҳаж қилмайман», – дер эди».

Бошқа бир ривоятда айтилишича:

«Уларнинг ҳаммалари ҳаж қилар эдилар. Фақат Зайнаб бинт Жаҳш ва Савда бинт Замъа қилмас эдилар. Икковлари: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан буни эшитганимиздан кейин бизни улов ҳаракатга солмас»,  дейишарди».

24-савол: Мўминлар оналари орасида жисмоний жиҳатдан қўли узун бўлгани ким эди?

Жавоб: Жисмоний жиҳатдан қўли узун бўлган онамиз Савда розияллоҳу анҳо эди.

 

25-савол: Мўминлар онаси Савда розияллоҳу анҳо қандай сифати билан машҳур эди?

Жавоб: Бор нарсасини камбағал ва муҳтож кишиларга сарфлаши, яъни, сахийлиги билан машҳур эди.

26-савол: Бир гал халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мўминлар онаси Савда розияллоҳу анҳога бир ҳамён тўла дирҳам юборди. У киши бу дирҳамларни нима қилди?

Жавоб: У киши хизматкор аёлга бу дирҳамларни муҳтож кишиларга тақсимлаб беришни буюрди.

27-савол: «Мен Савдадан бошқа тутими ва сийратида ўзимга ёқадиган аёлни кўрмадим», – деган гапни ким айтган?

Жавоб: Бу гапни Оиша розияллоҳу анҳо айтган.

28-савол: Бошқа мўминлар оналарига нисбатан жуда оз ҳадис ривоят қилган мўминлар онаси ким?

Жавоб: Савда розияллоҳу анҳо.

29-савол: У киши нечта ҳадис ривоят қилган?

Жавоб: Фақат бешта ҳадис ривоят қилган.

30-савол: Савда розияллоҳу анҳо қачон вафот этган?

Жавоб: Ҳижрий 54 йил[2] шаввол, милодий 674 йил сентябрь-октябрь ойларида.

31-савол: Савда розияллоҳу анҳо кимнинг халифалик даврида вафот этган?

Жавоб: У киши Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида вафот этган.[3]

32-савол: Савда розияллоҳу анҳо қаерда вафот этган?

Жавоб: Мадинаи мунавварада вафот этган.

33-савол: Савда розияллоҳу анҳо қаерга дафн қилинган?

Жавоб: У киши Мадинаи мунавварадаги Бақиъ қабристонида дафн этилган.

34-савол: Савда розияллоҳу анҳо ривоят қилган бирор ҳадисни келтиринг.

Жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари Савда розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир қўйимиз ўлиб қолган эди, унинг терисини ошладик. Кейин унда набиз қилиб юрдик. Ниҳоят, у эски меш бўлиб қолди».[4]

 

 

 

 


[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Ҳадис ва Ҳаёт», 25-жуз – «Нубувват хонадони хонимлари» китоби.

[2] Ҳижрий 23, милодий 644 йил вафот этган, деган маълумот ҳам бор.

[3] Юқорида 23 йил дейилган маълумот тўғри бўлса, Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида бўлади.

[4] «Саҳиҳул Бухорий», 6686-ҳадис.

Мавзуга оид мақолалар
Ҳар қандай қул ўзининг хўжайинига итоат қилиши, унга исён қилмаслиги керак. Шунингдек, ҳар бир фуқаро давоми...

17:00 / 10.01.2022 2715
Саодатли хонимларCАВДА БИНТ ЗАМЪАрозияллоҳу анҳо 1савол Хадижа розияллоҳу анҳонинг вафотидан кейин давоми...

15:37 / 02.09.2020 4307
Оиша онамиз Қурбон ва Рамазон ҳайитларидан ташқари бошқа кунларда доим рўзадор бўлардилар.80 Қийналар, давоми...

04:00 / 13.11.2021 2959
МуқаддимаЕрга тушган уруғ ва қор парчалари сабр билан тупроқ остида кутиб ётади. Уруғ қордан озиқланиб, давоми...

03:56 / 16.01.2021 5107