Ҳадис №8:Мусулмоннинг ҳурмати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Инсонлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир» деб гувоҳлик бериб, намозни адо этмагунларича ва закотни бермагунларича, улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар одамлар юқоридагиларга амал қилсалар, мендан қонлари ва молларини омон сақлаган бўладилар. Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно. Уларнинг ҳисоб-китоби эса Аллоҳ таолога ҳаволадир».

 (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

***

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Мазкур ҳадис ўзида Исломнинг учта асосий рукнини жамлаган:

1. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг Расули деб гувоҳлик бермоқ;

2. Намозни барча қонун-қоидалари билан тўкис адо қилмоқ;

3. Закотни ҳақдор кишиларга бермоқ.

Ушбу ҳадис билан мазмунан бир хил бўлган бошқа ривоятлар имом Бухорий, Аҳмад ва Ибн Можа асарларида ҳам келтириб ўтилганки, улар ҳадис маъносини янада чуқурроқ ёритиб беради.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

1. Икки шаҳодатни тил билан айтган кишининг жони ҳам, моли ҳам омонда бўлади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлиш умидида ҳузурларига келган кишилардан фақат икки шаҳодатни қабул қилиб олардилар. Улар шаҳодат калимасини айтганларидан сўнг мусулмон ҳисобланар ва молу жонларига омонлик берилар эди. Ушбу сўзларимизни Бухорий ва Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам қувватлайди:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Одамлар: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!» – деб айтмагунларига қадар улар билан жанг қилишга буюрилдим. Кимки: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!» – деса, мендан молу жонини омон сақлайди. Фақат шу калима ҳаққи қолади. Кейин у кишининг ҳукми Аллоҳга ҳаволадир».

Муслим ривоятидаги ҳадис лафзи бир оз бошқача: «Одамлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!» деб гувоҳлик бериб, менга ва мен олиб келган нарсаларга иймон келтирмагунларига қадар...» Имом Муслим Абу Молик Ашжаийдан ривоят қилган яна бир ҳадисда шундай дейилади: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!» деб, Ундан бошқа барча маъбудларни инкор қилган кишининг қони ва молини Аллоҳ таоло ҳаром қилади. Унинг ҳисоб-китоби эса Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола».

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтган кишини ўлдириб қўйганида Пайғамбар алайҳиссалом унга қаттиқ дашном берган эдилар.

Юқоридаги ҳамма ҳадислар саҳиҳ ва улар ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Чунки инсон икки шаҳодатни айтиши билан мусулмон бўлади. Иймон келтиргач, намоз ва закотга тўла-тўкис амал қилган киши мусулмонлар жамоасининг тўлақонли аъзосига айланади ва мусулмонлар фойдаланадиган барча ҳуқуқлардан фойдаланади. Албатта, мусулмонлар зиммасидаги барча масъулиятлар унга ҳам юкланади. Аммо у Исломнинг бирон рукнидан бош тортса, жазога тортилади. Бордию бундай кишилар кучли бир тўдага уюшиб олган бўлсалар, мусулмонлар бу тоифага қарши уруш эълон қилишга ҳақли бўладилар. «Агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини очиб қўйингиз». (Тавба сураси, 5-оят); «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис бажо қилиб, закотни адо қилсалар, у ҳолда диндош биродарларингиздир». (Тавба сураси, 11-оят).

2. Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Умар розияллоҳу анҳу ўрталарида кечган мунозара

Икки улуғ саҳобий ўртасида бўлиб ўтган мунозара ҳам юқорида баён этилган фикрни тасдиқлайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар. Ўша кунлари айрим араблар куфрга қайтиб кетишди. Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга дедилар:

— Қандай қилиб уларга қарши уруш қиласиз? Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!» демагунларича улар билан жанг қилишга буюрилдим. «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!» деб айтган киши мендан моли ва жонини омон сақлайди ва фақат Ислом ҳаққи қолади. Унинг ҳисоби Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола», деганлар-ку?!

Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

— Аллоҳга қасамки, намоз билан закот ўртасини ажратганларга қарши, албатта, жанг қиламан! Чунки закот мол ҳаққидир! Аллоҳга қасамки, агар улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга берадиган битта арқонни беришдан бош тортсалар, ўша арқон учун ҳам уруш қиламан! – деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қалбларини урушга мойил қилиб қўйганини кўрибоқ у кишининг ҳақ эканлигини тушундим, – дедилар Умар розияллоҳу анҳу. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно», деган сўзларини закотни бермаганларга қарши уруш очиш учун далил деб билдилар. Умар розияллоҳу анҳу эса киши икки шаҳодат калимасини айтган бўлса, бу дунёда унинг қонини тўкиш буткул ҳаром деб ўйладилар ва айни ҳадиснинг умумий маъносини ҳужжат сифатида келтирдилар. Мунозара якунида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларининг улуғ дўстлари фикрига қўшилдилар.

Қуйидаги ҳадисда ушбу ҳукм очиқ баён этилган: Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

— Шундай амирлар бўладики, сизлар уларнинг баъзи ишларини маъқул топасиз, баъзиларини эса инкор этасиз. Уларни инкор этган киши зиммасидаги масъулиятдан қутулади. Уларнинг қилмишларини ёмон кўрган киши Қиёмат куни саломат қолади. Бироқ уларга рози бўлиб эргашган кимса саломат қолмайди.

— Ё Расулуллоҳ! Уларга қарши уруш қилмаймизми? – деб сўрашди саҳобалар.

— Йўқ! Модомики, намоз ўқисалар!.. (Муслим ривоятлари).

3. Исломнинг барча арконларини тарк этган кишининг ҳукми

Бундай кимсалар агар куч-қувватга эга бир жамоа сифатида майдонга чиқсалар, уларга қарши жанг қилинади.

Ибн Шиҳоб Зуҳрий Ҳанзала ибн Али ибн Асқоъдан ривоят қилади:«Абу Бакр розияллоҳу анҳу Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни жиҳодга жўнатар эканлар, унга беш нарса учун уруш очишни тайинладилар. Халифа буйруғига кўра беш рукннинг биттасини тарк этган кимсага қарши худди беш рукннинг барчасини тарк этганга қарши уруш очилганидек жанг қилинарди. Бу рукнлар: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни адо этиш, Рамазон рўзасини тутиш ва ҳаж зиёрати».

4. Матлуб иймон

Ушбу ҳадисда салафу халаф уламоларнинг иймон учун шарт қилган сўзларига очиқ-ойдин далолат мавжуд. Улар кишининг мўмин бўлиши учун ундан иймон рукнларини қатъий тасдиқ этиш ва Ислом рукнларига ҳеч иккиланмасдан эътиқод қилиш талаб этилади, деб айтганлар.

Аммо мутакаллим олимлар томонидан тўқиб чиқарилган далилларни ўрганиш ва шу далиллар орқали иймонга келиш вожиб қилинмаган. Иймоннинг дуруст бўлиши учун бундай қўшимча шартлар йўқ. Ҳадисларда такрор ва такрор келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари олиб келган нарсаларни қатъий тасдиқлаган кишига амалга киришишдан бошқа талаб қўймаганлар.

5. Ҳадислардаги «Фақат унинг ҳаққи бундан мустасно» лафзининг маъноси.

Бошқа бир ривоятда «Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно» дейилган. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг намоз ўқиш ва закот беришни ана шу ҳақ ичига киритганлари юқорида айтиб ўтилди. Баъзи олимлар рўза ва ҳажни тарк қилишни ҳамда ўлим жазоси белгиланган гуноҳларни қилишни ҳам мазкур ҳақ доирасига киритишган. Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

— Инсонлар «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!» деб айтмагунларига қадар улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар ушбу шаҳодатни айтсалар, қон ва молларини мендан омон сақлаган бўладилар ва фақат шу калиманинг ҳаққи қолади. Уларнинг ҳисоби эса Аллоҳ таолога ҳавола.

— Унинг ҳақларига нималар киради? – деб сўрашди.

— Жуфти ҳалоли бўла туриб зино қилишдан, иймондан сўнг куфрга қайтишдан ва бир жонни ўлдиришдан тийилиш. Акс ҳолда у шу ишларнинг жазоси учун ўлдирилади! (Табароний ва Табарий ривоятлари).

Ибн Ражаб ҳадис сўнгидаги сўзларни Анас ибн Моликка тегишли деганлар. Баъзилар мазкур ривоятни бутунлай Анас розияллоҳу анҳуга мансуб дейишган. Аммо Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ривоят ушбу ҳадис мазмунини қувватлайди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб ва Мени Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берган мусулмон кишининг қони фақат қуйидаги уч ҳолатдагина ҳалол бўлади: оилали бўла туриб зино қилса, жонга-жон, яъни бир мусулмонни қасддан ўлдирса ва жамоадан ажралиб, диндан чиқса». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

6. Охиратда ҳисоб-китоб қилмоқ Аллоҳ азза ва жаллага ҳаволадир

Қалбларни Аллоҳ таолонинг Ўзи билгувчидир! Пок Парвардигор ҳақиқий иймон эгаларини жаннатга киргазиб, риёкор мунофиқларга жаҳаннам қаъридан жой ажратади.

Бу имтиҳон дунёсида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммаларидаги вазифа – мўминларга жаннат хушхабарини, кофирларга эса охират азобини эслатиш, холос. «Бас, сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос. Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз. Илло ким юз ўгириб, кофир бўлса, у ҳолда Аллоҳ уни энг катта азоб билан азоблар! Зеро, уларнинг қайтишлари ёлғиз Ўзимизгадир. Сўнгра уларни ҳисоб-китоб қилиш ҳам ёлғиз Ўзимизнинг зиммамиздадир!» (Ғошия сураси, 21-26-оятлар); Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга дедилар: «Мен одамлар қалбини ёриб кўришга буюрилмаганман!»(Бухорий ва Муслим ривоятлари).

7. Бутпараст ва мушрик кимсалар Исломни ҳақ дин деб қабул қилмагунларича уларга қарши уруш эълон қилиниши лозимлигига мазкур ҳадис ҳужжатдир

8. Мусулмонларнинг моли ҳам, жони ҳам Ислом шариатида ҳимоя этилгандир

Мавзуга оид мақолалар
«Таяммум» сўзи луғатда «қасд қилиш» маъносини билдиради. Шариатда эса «Аллоҳга қурбат ниятида покловчи давоми...

11:22 / 10.05.2017 3015
  Қуръони карим шунчаки ажойиб қиссалар ва воқеалар баёнидан иборат китоб эмас. Унинг ҳар бир ояти, ҳар бир давоми...

14:09 / 31.08.2018 4244
  Зарифа Қосимова 1959 йил 22 июнда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1966 йилда  Олмазор тумани аввалги давоми...

10:36 / 30.01.2017 5161
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи. У биз учун то қиёматгача дастурул амал. Бунга иймон келтирганмиз. давоми...

21:00 / 31.08.2023 1631