Рўзанинг фарз бўлиши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

     Рамазон ойининг рўзасини тутиш Исломнинг асосий рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни ҳар бир мусулмонга фарз қилгандир. Бу улкан ибодатни Аллоҳ  таоло иккинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида фарз қилган. Куръони Каримнинг «Бақара» сурасидаги: «Эй иймон келтирганлар, сиздан олдингиларга фарз қилинганидек, сизга ҳам рўза фарз қилинди», ояти ила фарз бўлган.

Рўза сўзи араб тилидаги «савм» сўзи ўрнига ишлатилади. «Савм» сўзи эса луғатда ҳар бир нарсадан ўзини тийиб туришни англатади. Шариатда эса рамазон ойида тонг отгандан, қуёш ботгунча ният билан ўзини емок-ичмок ва шаҳватдан тийиб туришга айтилади.

Рамазон ойининг кириши эса  янги Ойни ку­риш билан собит бўлади. Шунингдек, бу ойнинг тамом бўлиши ҳам Шаввол ойида янги Ойни кўриш билан бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: «Ойни кўриб рўза тутинглар ва ойни куриб (рўзани) очинглар», деганлар. Бунинг учун рамазондан олдинги Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни Куёшнинг ботиш пайтида қаралса, янги Ой бироз кўринади. Ким кўрса, гувоҳлик беради ва эртасидан рўза тутиш бошланади. Агар у куни кўрилмаса, Шаъбон ойини ўттиз кун ҳисоблаб, кейинги кунидан рўза тутиш бошланади. Шунингдек, Рамазон ойи йигирма тўққиз кун бўлганида, Шаввол ойининг бошланишини билиш учун Ойга қаралади. Куёш ботиши пайтида янги Ой кўринса, эртасига ҳайит эълон қилинади. Кўрилмаса, ўттизинчи кунни ҳам тутилиб, кейин ҳайит бўлади. Ана шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига амал қилинган бўлинади. Ойни ўлчов қилишда катта ҳикматлар борлигидан шундай қилинган. Аввало, Ой борлиқдаги энг катта аломатларидан бири ҳисобланади. Уни кўриб рўзани бошлаш ва яна кўриб тугатиш дегани, бу ишда ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлсин, ҳеч ким ва ҳеч қандай тараф ўзгартириш кирита олмасин деганидир. Қамарий сананинг, шамсий-қуёш йилидан кунлари оз бўлади. Шунинг учун ҳар йили рўза аввалгисидан ўн икки кун олдин тутилади ва ўттиз уч йил деганда, бир айланиб, сананинг ҳар бир кунида рўза тутилади. Узоқ ва қисқа, иссиқ-совуқ ёки мўътадил кунларда ҳамма Ойга қараб тутаверади. Бир минтақада осон, бошқасида қийин бўлиб, бир хил вақтда ўзгармас бўлиб қолмайди.

Ойни кўриш билан рўза тутиш ёки уни тугатиш барча мусулмонларга баробар ҳукм бўлиб, бу уларнинг бирликлари рамзи ҳамдир.

Рўза тутишга айнан Рамазон ойининг ихтиёр қилиниши ҳам катта ҳикматларга молик ишдир. Аввало, бу ой – муборак ой. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг охирги китоби, илоҳий мўъжизаси  Қуръони Каримни туширишга муносиб вақт деб худди шу ойни ихтиёр қилган эди. Бу ой – Ислом даъвати бошланган ой. Бу улкан ҳодисани ҳар қанча эсланса, ёдга олиб байрам қилишса, арзийди. Айнан ушбу ойни Исломнинг рукнларидан бири бўлмиш рўзани тутиш муддати, деб ихтиёр килиниши бу ойнинг фазлига фазл, улуғлигига улуғлик қўшади.

Рамазон ойи мўминларнинг савоб касб қилишларига энг қулай фурсат ҳисобланади. Бу ойнинг рўзасини тутганларга улкан ажр-савоблар, икки дунёнинг бахт-саодати ваъда қилинган. Рамазон ойида қилинадиган яхши амалларнинг савоби ҳам шу ойнинг ҳурматидан кўпайтириб берилади.

Буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг имомлари Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Рамазон рўзасини иймон ила савоб тилаб тутса, унинг олдинги барча гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар.

 Бир ҳадисда Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон кирса, жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркилади ва шайтонлар занжирланади», деганлар.

Бунга ўхшаш, рўза тутувчиларга ажр, савоб ва охират даражаларини ваъда қилувчи ҳадислар жуда ҳам кўп. Лекин рўза тутишнинг фойдаси шу билан чегараланиб колмайди. Балки рўза тутишда бугунги кунда инсон ҳаётига улкан фойдалар кўп.

Рўза уни тутувчининг фақат ўзига эмас, балки оиласи, жамияти, бутун инсоният ва қолаверса, барча мавжудотга фойда келтиради.

Ўз ихтиёри билан, Аллоҳдан савоб умид қилиб, бир ой давомида, кундуз кунлар емоқ-ичмоқдан, шаҳватдан ўзини тўхтатиб юрган инсон улкан фойдалар топади. Аввало, рўза инсонга ўз хоҳиш ва истакларини жиловлашни ўргатади. Агар инсонларда бу сифат бўлмаса,  дунё тезда залолатга учраши мумкин. Рўза сабр мадрасаси ҳамдир. Фақат ҳақиқий рўзадорларгина ҳақиқий сабр даражасига эришадилар. Ўз ихтиёри ила рўза тутиб, очлик, чанқоқларга чидаган инсон ғоятда мустаҳкам иродали бўлиб етишади.

Бугунги кунда рўзанинг фойдасини нафақат мусулмонлар, балки Исломдан, Куръондан хабари йўқ кишилар ҳам тушуниб етдилар. Турли тараққий этган ўлкаларда оч қолдириб даволаш шифохоналари ишлаб турибди. Турли қитъаларда яшовчи олимлар илмий тажрибалар ўтказиб, ихтиёрий оч қолиш тани сиҳатлик учун зарур омил эканини таъкидламоқдалар. Жумладан, рус олимлари бу борада катта ютуқларга эришдилар. Профессор Николаев ўз ҳамкорлари билан эълон килган «Оддий ҳақиқатлар» номли китобининг «Соғлик учун оч-наҳор юриш» деб номланган бобини рўзанинг фойдаларини янги илмнинг тасдиқлаши, десак бўлади. Унда айтилишича, ихтиёрий очлик билан мажбурий очликнинг фарқи бор. Мажбурий очлик, қароқчининг пичоғидек зарарга, балки ҳалокатга сабаб бўлса, ихтиё­рий очлик табибнинг пичоғидек шифога сабаб бўлади. Бу илмий ишнинг натижасида рўза ҳозирги энг кўп тарқалган 29 та дардга даво эканлиги, киши доим соғ юрай деса, ҳар йили 28-30 кун ихтиёрий оч қолиши зарурлиги таъкидланган. Сиз билан биз – мусулмонларга бу фойдали ишни 1400 йил аввал ибодатнинг бир рукни қилиб қўйган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Ҳаммамизнинг тутадиган рўзаларимизни ўз даргоҳида қабул қилсин.

Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Рамазонни қаршилаб» китобидан

Мавзуга оид мақолалар
«Trend» агентлигининг хабар беришича, Грузиянинг Самтацкаро қишлоғида маҳаллий аҳоли мусулмонларга жума давоми...

19:16 / 24.12.2016 2723
Болалигимдан ҳар йили Рамазон ойида 30 кун рўзани тўлиқ тутиб келганим учун рўза тутмайдиганлар кўзимга давоми...

14:05 / 24.12.2016 5545
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Сен «Эй одамлар, сизга Роббингиздан ҳақ келди. Бас, ким ҳидоятга юрса, ўзи учун давоми...

15:56 / 24.02.2017 3242
 Қозон масжидида Қурбон ҳайити байрами олдидан жонлиқ сўйишга буюртмалар қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда давоми...

12:39 / 28.07.2018 2965