Муборак кунларни ғанимат билинг!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!

 Бизларни бир томчи сувдан яратиб, қалбимизга иймон неъматини ато қилган Қудрати, Раҳмати, Фазилати чексиз бўлган Ҳакийм Зот Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!

Бизларга Ҳидоятни бекаму кўст етказган, Оламларга раҳмат қилиб юборилган ҳабибимиз Муҳаммад мустафога саловоту саломлар бўлсин!

Кунлар, ҳафталар, ойлар ўтиб, яна бир бор зиммамиздаги Исломнинг беш арконларидан бири бўлган рўза амалини бажариш учун фурсат бўлган, Аллоҳнинг раҳмати, мағфирати ёғиладиган муборак Рамазон ойи қаршисида турибмиз.

Ҳа, яқиндагина Рамазон ойи билан видолашгандик, у эса яна бир зумда бизларни соғинч билан қарши олмоқда.

Диний адабиётларимизда Қиёматнинг кичик аломатларидан бири сифатида вақтдан барака кўтарилиши, жумладан, бир йил бир ойга, бир ой бир ҳафтага, бир ҳафта бир кунга тенг бўлиши ҳақида ёзилган.

Дарҳақиқат, ҳудди кечагина Жумъа намозини ўқигандек бугун навбатдаги Жумъа намозига тараддудланмоқдамиз. Ҳудди яқиндагина Ражаб ойи кириб келаётгани ва бу ойнинг фазилатлари ҳақида сўзлашиб тургандек эдик, бир зумда Шаъбон ойига ҳам етиб келдик.

Бир тарафдан, йиллар ўтгани сари бир Рамазондан кейингисигача етиб келишимиз тезлашяпти. Иккинчи тарафдан эса ўтган йилги Рамазонни биз билан бирга ўтказган баъзи яқинларимиз, биродарларимиз, қавми-қариндошларимизга бу йилги Рамазонни қарши олиш насиб этмади.

Аллоҳнинг қазои қадари етиб, улар бу фоний дунёдан охират сафарига йўл олишди. Мулоҳаза қилиб кўрсак, улар орасида кимдир умрини Аллоҳнинг тоатида ўтказди, вақтни ғанимат билиб фарз амалларини тўкис адо қилишга, жумладан, Рамазон рўзасини тўлиқ тутишга ҳаракат қилди ва эришди. Кимдир ўзига турли баҳоналарни топиб, «Аллоҳ насиб этса, келаси Рамазондан бошлаб рўза тутаман», деб ният қилди-ю, бу ниятига етишмади.

Дарвоқе, бу йилги Рамазон ойи биз учун ўтган йилдагилардан ўзгача ўтиши аниқ. Хусусан, энди биз миллатимизнинг ифтихори, замонамизнинг улуғ алломаларидан бири бўлган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Рамазон туҳфалари»дан баҳраманд бўла олмаймиз.

Шундай экан, келаётган Рамазон ойи бизлар учун бир фурсатки, уни ғанимат билиб, бу ойни Аллоҳ буюрган фарз рўзасини адо қилиш билан бирга, кечаларини Унинг тоатида қоим ўтказиш – нажот истаган биз, бандаларга улуғ неъмат, бахт ва имкониятдир.

Модомики, рўза тутишга қодир эканмиз, унинг қадрига етайлик. Атрофимизда рўза тутишга интилган, аммо хасталиги, қарилиги ва бошқа сабаблар туфайли унга эриша олмаётган мўмин ва мўминалардан ибрат олайлик.

Уламоларимиз намозимизни бенуқсон адо қилиш учун, уни худди умримизда сўнгги маротаба ўқиётганимиздек қоим қилишни тавсия қилганлар.

Мазкур тавсияга риоя ўлароқ, биз ҳам келаётган Рамазон ойида қилинажак яхши амалларимизни гўё буларни ҳаётимиздаги сўнгги Рамазонда бажараётгандек, барча аҳкомлари билан тўлиқ адо этишга интилайлик. Чунки бу дунёдаги ризқимиз битиб, балки биз ҳам кейинги Рамазонгача етиб бормасмиз.

Ушбу сатрларни ёзарканман, кўнглимдан хасталиги туфайли ўтган йилги Рамазон рўзасини тута олмаган бир мўминанинг қуйидаги гаплари ўтди: «Мана Рамазон ҳам келди. Умримда биринчи марта рўза тутмаслигим. Ҳомиладор пайтимдаям тутмаганидим, лекин у бошқа эди. Борган сари рўза тутишга иштиёқим ошиб кетяпти. Шу пайтгача шунчалик қадрига етмаган эканман Рамазонни. Билмадим, менга яна Рамазонни кўриш насиб қилармикин...». Унга яна Рамазонни кўриш насиб этмади.

Йаа Зал жалали вал икром! Рамазон ойини бизларга муборак қилгин! Сенинг розилигингни истаб, бу муборак ойда кундузлари соим, кечалари тоатингда қоим туришга бизларга куч-қувват ато эт! Ибодатларимизни Ўз фазлинг ва караминг ила қабул эт! Гуноҳларимизни мағфират қил, устимизга сакинани ёғдиргин! Бизлардан иймонда ўтганларни Ўз раҳматингга олиб, уларни мағфират қил! Уларни ҳам, бизларни ҳам офиятда қилгин! Бизларни нажот топганлардан қил! Омин!

Шоюсуф Усманов  

Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан бери энди олти ой ўтган эди. Ҳазрат Фотима хасталаниб давоми...

15:12 / 01.12.2016 3076
Бир аёл шундай ҳикоя қиладиquotЭрим мендан мамнун бўлиши учун фидойилик билан ўзим яхши деб билган ҳар қандай давоми...

21:38 / 13.07.2023 1580
Бисмиллаҳир Романир Роҳим Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу ала хойри холқиҳи давоми...

21:44 / 13.12.2016 3873
Қурбонлик қурбон ҳайити кунларида қўй, эчки ё мол сўйиб амалга ошириладиган ибодатдир. Бунга «Удҳийя» давоми...

17:57 / 14.02.2017 3745