Дунё аёлларининг энг яхшиси – Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вақти-соати етиб, Аллоҳ таоло Муҳаммад мус­тафо соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир. Ва  сенга эргашган мўминларга қанотингни пастлат», оятларини нозил қилди.

Ана шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яқин қариндошларини даъват қилишни бошлаб, кейинроқ бошқаларни ҳам тиним билмай даъват қилишга ўтдилар.

Чунки Аллоҳ таоло охирги Пайғамбарига:

«Эй бурканиб ётган! Тур ва огоҳлантир!» деган нидони қилган эди.

Бу илоҳий нидо, жуда ҳам таъсирчан нидо эди. Ётиш, дам олиш вақти ўтганлиги, туриш, ҳаракат қилиш, кишиларни тўғри йўлга бошлаш, бу ишда дуч келадиган кўплаб қийинчиликларни енгиш пайти келганидан хабар эди.

Бу амр Аллоҳнинг йўлида кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун қилинган эди. Шунинг учун ҳам Хадича онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга, бир оз ухлаб олсангиз-чи, десалар, у Зот:

«Эй Хадича , уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар.

Албатта, бу ишларда Хадича онамиз доимий равишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллаб-қувватлаб турдилар.

Ислом даъвати ошкор бўлиши билан бирга кофирларнинг душманлиги ҳам ошкор бўлган эди. Мушриклар асосий зарбани даъват соҳиби ва у Зотнинг оилаларига қаратган эдилар.

Улар бу борада ҳар қандай пасткашликлардан ҳам қайтмас эдилар. Албатта, бундоқ душманликлар асоратини кўтаришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида Хадича онамиз шерик эдилар.

Ўша пайтларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизлари – Руқайя ва Умму Кулсумни ўзининг икки ўғли – Утба ва Утайбага олиб берган Абу Лаҳаб Исломга зарар етказиш мақсадида келинларини талоқ қилдиртирган эди. Улар, Муҳаммадни қизлари билан овора қилиб қўйсак, динига футур етади, деб ўйлашган эди.

Утба ибн Абу Лаҳаб Руқайя розияллоҳу анҳони бирга яшамай туриб талоқ қилган эди. Утайба ҳам Умму Кулсум розияллоҳу анҳони талоқ қилди.

Албатта, ҳар қандай она учун унинг икки қизи бирдан талоқ қилиниши катта мусибатдир. Айниқса, айбсиз қизларни душманлик йўлида талоқ қилинишидан оғир дард йўқ.

Аммо бу мусибатлар дину диёнат йўлида бўлаётганини тўла англаган Хадича онамиз чиройли сабр қила олдилар. У кишининг сабрлари сервиқор тоғлардек маҳкам эди.

Оиласи бузилган қизлари ташвишида юришганда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Руқайя розияллоҳу анҳони жуфти ҳалолликка сўрадилар. У Зот рози бўлдилар.

Кофирларнинг зулми чидаб бўлмас даражага етди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва у кишининг жуфти ҳалоллари Руқайя розияллоҳу анҳо қийинчиликдан арз қилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам маълум вақт тааммул қилганларидан сўнг уларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишни маслаҳат бердилар.

Усмон ибн Аффон ва Руқайянинг яқиндагина қурилган оиласи дину диёнат учун, Аллоҳ учун, Ислом учун она юртни тарк этиб ҳижрат қилишга тайёргарлик кўра бошлади. Ниҳоят, янги келин-куёв муҳожирларнинг биринчиси бўлишди.

Қайси она ўз қизини узоқ юртларга, нотаниш жойларга ҳижрат қилиб кетишини истайди? Албатта, Хадича онамиз ҳам ўз қизлари кўз олдиларида туришини жуда хоҳлар эдилар. Аммо дину диёнат йўлида жигаргўшаларининг фироқига ҳам сабр қилдилар.

Кейин ундан ҳам қийин кунлар бошланди.Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қатл қилишга келишдилар. Бу ёвуз ниятларини амалга ошириш учун у Зотнинг уруғлари – Бани Ҳошим ва Бани Муттолибдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни рози бўлиб, ўзларига топширишни талаб қилдилар.

Бани Ҳошим ва Бани Муттолиб бу талабга рад жавоб бердилар.

Ана шундан кейин мушриклар Муҳаммад мус­тафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга ҳамда Бани Ҳошим ва Бани Мутталибга тазйиқни яна ҳам кучайтиришга иттифоқ қилишди. Улар билан олди-сотди қилмаслик, сулҳ тузмаслик, қиз олиб-бермаслик, улар билан бирор алоқа қилмасликка аҳдлашишди. Бу аҳдномани кучини ошириш ва қаттиқ таъкидлаш учун уни ёзма равишда ёзиб, уни Каъбаи Муаззаманинг ичига осиб қўйишди.

Бу ишнинг бошланиши пайғамбарликнинг еттинчи йили муҳаррам ойида бўлди. Қурайш қамал ва алоқа узишни шу тариқа эълон қилганидан кейин, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам, мусулмонлар ҳамда Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб уруғлари аъзолари Бани Мутталиб дарасида қамалда қолдилар.

Қамалда қолганлар мисли кўрилмаган қийинчиликларга дучор бўлишди. Маккага савдо карвони келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирор киши болалари учун бирор нарса олмоқчи бўлиб борса, ҳеч ким унга нарса сотмас эди.

Абу Жаҳл ва унга ўхшашлар савдогарларга, баҳони оширинглар, мусулмонлар бирор нарса сотиб олмасинлар, дер  эдилар.

Қамалдагилар дарахтларнинг илдизи ва баргини ейишга мажбур бўла бошлаган эдилар.

Шу тариқа кунлар, ҳафталар ва ойлар ўтиб бораверди. Қамалдагиларнинг аҳволи борган сари оғирлашарди. Қурайшликларнинг эса тазйиқи ортиб борарди. Ҳеч бир енгилликнинг дараги йўқ эди. Ана шу ҳолат уч йил давом этди.

Хадича бинти Хувайлид, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа мусулмонлар билан бир қаторда қамал жафосини бошқалардан кўра кўпроқ чекдилар. Чунки у киши қамал жафосига ҳам қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишларида яқиндан ёрдам берар эдилар.

Қамал тамом бўлиши биланоқ Хадича онамиз бемор бўлиб ётиб қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ёнларидан жилмай қарардилар. Аммо кун сайин оғирлашиб борардилар.

Ўша пайтда Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига ўн йил тўлган, Ислом учун ўта нозик бир пайт эди. Ҳар қандай шахс бир оз мойиллик кўрсатса ҳам, мусулмонларга катта хурсандлик бўладиган бир кезлар эди. Ўшандоқ бир пайтда Исломнинг биринчи куниданоқ мусулмонларга, хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мададкор бўлиб келаётган киши, у Зотнинг жуфти ҳалоллари, мўминларнинг оналари Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо олтмиш беш ёшида бу дунё­ни тарк этдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўнгилларини доимий равишда кўтариб тургувчи, бош маслаҳатчиларидан, биринчи бўлиб иймон келтирган ва фазилатларини санаб адоғига етиб бўлмас бир улкан матонатли кишисидан айрилган, уйларида етим болалари билан ёлғиз қолган эдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом жамияти учун оғир жудолик эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳони ўз қўллари билан Маккаи Мукарраманинг юқори тарафидаги Ҳажун қабристонига қўйдилар.

Ўша йили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб ҳам вафот этди. Ўзи мусулмон бўлмаса ҳам, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни кофирларнинг дои­мий ҳуружларидан ҳимоя қилиб келаётган одам бу дунё­дан кўз юмган эди. Бу йўқотиш ғоятда катта мусибат эди.

Мана шу икки улкан мусибат туфайли ўша йилни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «маҳзунлик йили» деб атадилар.

У Зот Хадича онамизни жуда яхши кўрар ва қадрлар эдилар. У Зотнинг Хадича онамизга бўлган улкан эҳтиром ва эъзозларини сўз билан ифода қилиш қийин. Яхшиси, у Зотдан бу ҳақида ворид бўлган ҳадиси шарифларга мурожаат қилайлик.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни аёлларидан рашк қилмадим. Фақатгина Хадичадан рашк қилдим. Мен уни кўрмадим ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қўй сўйсалар, Хадичанинг дугоналарига юборинглар, дер эдилар. Бир куни у Зотнинг ғазабларини чиқариб:

«Хадича !» дедим.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, менга унинг муҳаббати берилган», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Гоҳида у Зотга:

«Гўё дунёда Хадичадан бошқа йўқдек», дердим.

У Зот: «У ундоқ эди, бундоқ эди, менинг болаларим ундан бўлган», дер эдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у Зотнинг аёлларидан бирортаси ҳақида Хадичага рашк қилганимдек рашк қилмадим. Бу рашк у Зот уни кўп зикр қилганлари учундир. Мен уни ҳеч ҳам кўрмадим. У менга уйланишларидан уч йил аввал вафот этган».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифдан Хадича онамизнинг фазллари равшан намоён бўлмоқда. Оиша онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа аёлларидан рашк қилмаганлари уларнинг бу кишидан устун бўлмаганларидандир.

Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳога келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон қўй сўйсалар, Хадичанинг дугоналарига юборинглар, дер эдилар. Бу билан у Зот Хадича онамизнинг ҳурматларидан у кишининг яқин одамларини эҳтиром қилиб юрганлар. Бу ҳол, албатта, рашкни келтирадиган нарсадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг ҳурматларидан у кишининг дугоналарини бошқа пайт­ларда ҳам йўқлаб турганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ўзларига бирор нарса келтирилса, буни фулонанинг уйига олиб бориб беринглар. У Хадичанинг дугонаси эди», дердилар», дейилган.

Имом Ҳоким Оиша онамиздан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у Зот менинг олдимда эканида бир кампир келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Сен кимсан?» дедилар.

«Мен Жассома Музанияман», деди.

«Йўқ. Сен Ҳассони Музаниясан! Сизлар қандоқсизлар? Ҳолингиз қандай? Биздан кейин нима қилдингиз?» дея кетдилар.

«Яхшимиз! Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули!» деди у.

У чиқиб кетганидан кейин:«Эй Аллоҳнинг Расули, бир кампирга бунчалик эҳтиром қилдингиз?» дедим.

«У Хадичанинг вақтида ҳузуримизга келиб турар эди. Албатта, эски аядни гўзал тутиш иймондандир», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадича онамиз ҳақларида:

«Албатта, менга унинг муҳаббати берилган», деганлари катта гапдир. Бундан Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига Хадича онамизнинг муҳаббатларини солиб қўйгани маълум бўлади. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадича онамизга бўлган соф муҳаббатлари илоҳий иноят ила бўлган муҳаббатдир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадича онамизга бўлган муҳаббатлари ва эҳтиромларининг яна бир сабаби у Зотнинг:«Менинг болаларим ундан бўлган», деган гапларида яққолроқ намоён бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум ҳикматга биноан, у Зотнинг барча фарзандлари Хадича онамиздан бўлган. У кишидан бошқа аёлларидан бола бўлмаган. Бу ҳол ҳам, албатта, Хадича онамиз фазлларига фазл қўшади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мана Хадича ҳузурингизга келди. У билан идиш бор. Унда хўрак ёки таом ёки шароб бор. Қачон у ҳузурингизга етиб келганда унга Роббиси азза ва жалладан ва мендан салом айтинг ва унга жаннатдаги дуру ёқутлар ила тизилган, луълуъ ила безатилган, шовқин-сурони ҳам, чарчоғи ҳам йўқ уйнинг ба­шоратини беринг», деди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда, аввало, Хадича онамизнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган катта хизматларидан бир намуна кўрмоқдамиз. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сид­қидилдан хизмат қилиб, орқаларидан озиқ-овқат кўтариб, маълум масофа йўлни босиб келмоқдалар. Хадича онамиздек обрўлари, жамиятда тутган ўринлари ва ҳадсиз-ҳисобсиз бойликларга эга бўлган қай бир аёл эрининг орқасидан озиқ-овқат кўтариб, тоғу тошлар орасида юради? Албатта, у кишининг бу ҳолатлари жуфти ҳалолларига хизмат қилишни ўз бурчлари деб билганларидан ва бу хизмат ила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш ниятлари кучли эканидандир.

Аллоҳ таоло Хадича онамизни ниятларига яраша мукофотлаганларини шу ҳадиси шарифнинг ўзидан кўриб турибмиз. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг келаётганлари хабарини беришларининг ўзи катта гап. Бу у кишининг илоҳий иноят ва эҳтимом остида юришларидан дарак беради.

Жаброил алайҳиссаломнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо ҳақларида:«Қачон у ҳузурингизга етиб келганида унга Роббиси азза ва жалладан ва мендан салом айтинг. Унга жаннатдаги дуру ёқутлар ила тизилган, луълуъ ила безатилган, шовқин-сурони ҳам, чарчоғи ҳам йўқ уйнинг башоратини беринг», де­йишлари бошқа бирор одам боласига берилмаган фазл бўлса ажаб эмас.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«Дунё аёлларининг энг яхшиси Марям бинти Имрондир. Дунё аёлларининг энг яхшиси Хадича бинти Хувайлиддир», деганларини эшитдим».

Учаласини Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифдан Марям бинти Имрон ўз замонларида аёлларнинг энг афзали бўлганлари ва шунга ўхшаб Хадича бинти Хувайлид ҳам ўзлари яшаган замоннинг энг афзал аёли бўлганларини билиб оламиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Хадичанинг синглиси Ҳола бинти Хувайлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўради. У Зот бундан Хадичанинг изн сўрашини эслаб ҳузурландилар ва:

«Аллоҳим, Ҳола бинти Хувайлид бўлсайди», дедилар.

Мен рашк қилиб:«Қурайшнинг икки яноғи қизил кампирларидан бир кампирни эсламоқдамисиз?! Унинг ўлганига анча бўлди. Аллоҳ сизга унинг ўрнига ундан яхшисини берган!» дедим».

Икки шайх ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадича онамизни бир лаҳза ҳам ёдларидан чиқармай эъзоз ила эслаб юрганларини билиб оламиз. У кишининг сингиллари Ҳола бинти Хувайлид у Зотнинг ҳузурларига кириш учун изн сўраганида унинг овозини эшитишлари билан у Зот Хадича онамизнинг овозларига ўхшаш овозни таниб:

«Аллоҳим, Ҳола бинти Хувайлид бўлсайди», дедилар.

Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг овозларига ўхшаш овоз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шунчалар ҳаяжонга солишидан ҳам Хадича онамизни қанчалар эҳтиром қилишларини билиб олиш қийин эмас.

Бадр урушида асир тушган мушриклар ичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари, қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳонинг эри Абул Осс ҳам бор эди. У мусулмон бўлмагани учун Зайнаб розияллоҳу анҳо у билан яшамасалар ҳам, бутунлай ажраб кетмаган эдилар.

Асирларни қариндошлари товон тўлаб, озод қи­либ олишлари мумкин, деган амр чиққанидан ке­йин одамлар ўз яқинларини озод қилиб ола бошладилар.

Абул Осснинг укаси ҳам бир халтача олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тутқазди ва акасининг тўлови эканини айтди. У Зот халтани очиб, қизлари Зайнабнинг тақинчоқларини кўрдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо эри Абул Осс­ни озод қилиш учун ўз тақинчоқларини юборган эдилар. Тақинчоқлар ичида бир мунчоқ ҳам бор эди. Уни Зайнаб розияллоҳу анҳога тўйи куни онаси Хадича бинти Хувайлид совға қилган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша мунчоқни кўриб кўнгиллари ғалати бўлиб туриб қолдилар. Бу ҳолни сезган саҳобаи киромлар ҳам жим бўлиб, бир-бирларига қараб қолдилар. Агар унинг асирини бўшатиб, мунчоғини қайтариб беришни раво кўрсангиз, ўшандоқ қилинглар, дедилар. Саҳобалар рози бўлдилар.

Маккаи Мукаррамани фатҳ қилиш куни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизнинг қабрлари ёнига келиб туриб, иш қандай боришини кузатиб турганлар.

Бошқа ривоятда Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадича зикр қилинса, унга мақтов ва ҳаққига истиғфор айтишдан зерикмайдиган одатлари бор эди. Бир куни у Зот уни яна эслаб қолдилар. Менинг рашким келиб:

«Аллоҳ сизга ўша қари хотин ўрнига ундан яхшисини берган», дедим. Бас, у Зотнинг қаттиқ ғазабланганларини кўрдим. Ҳушим бошимдан учиб кетди. Ичимда: «Аллоҳим, агар Расулингнинг ғазабини мендан кетказсанг, ҳеч қачон уни ёмон зикр қилмайман», дедим.

Менинг ҳолимни кўрганларида у Зот:«Нима дединг?! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхшироғини бермади. Одамлар менга куфр келтирганида, у менга иймон келтирди. Одамлар мени ёлғончи қилганларида, у мени тасдиқлади. Одамлар мендан нарсаларини беркитганида, у молини мен учун сарфлади. Аллоҳ таоло менга бошқа аёллардан эмас, ундан фарзандлар берди», дедилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Оламнинг аёлларидан сенга Марям бинти Имрон, Хадича бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад ва Фиръавннинг аёли Осиё етарлидир», дедилар».

Термизий, Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Яъни фазлли бўлишда ушбу исмлари зикр қилинган аёллар етарлидир, дедилар.

Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг аёллар ичида камолга етган ва ўз замонида энг афзал аёл бўлганлари ҳақида ҳужжат ва далиллар кўп.

Аллоҳ таоло Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳодан рози бўлсин! Омин!

   
Мавзуга оид мақолалар
Маҳсулотлар 30 мл совуқ кофе 2 та қаймоқли музқаймоқ шариги ¼ чой қошиқ какао 16 плиткали шоколад Таъбга давоми...

12:09 / 29.11.2016 3204
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким ёлғон гапиришни ва давоми...

14:45 / 02.05.2019 6007
  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқларини, инсонлар билан бўладиган муомалаларини, давоми...

19:24 / 05.02.2017 5427
islom.uz порталининг 10 йиллиги

13:35 / 20.11.2014 3147