Саййида Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо: таваллуд топишлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқишлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хадича бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусой Қарашийя, Асадийя «Фил воқеаси»дан ўн беш йил илгари Маккада эътиборли оилада таваллуд топган. У киши (бизнинг диёрларда Ҳадича деб аталса-да, асли исмлари Хадийжадир) Қурайшнинг олди қизларидан бўлган. Ўша вақтдаги урф бўйича фозила қиз тарбиялаб етиштириш учун нима зарур бўлса, Хадича бинти Хувайлид учун ҳам барчаси муҳайё қилинди. Уни ўн беш ёшида турмушга чиқаришди.

Келинчак эри Абу Ҳола ибн Зирора ат-Тамимийни ўша вақтдаги эркаклар ичида энг юқори мақомлардан бирини олиши учун жон-жаҳди билан тиришиб, тиним билмай ҳаракат қилди. Хадича бинти Хувайлид ўз оиласи юртда энг обрўли оила бўлишини, ўзи аёлларнинг сараси, эри эркакларнинг пешвоси бўлишини жуда-жуда хоҳлар эди. Аммо бу уринишларнинг барчаси пучга чиқди. Хадича бинти Хувайлид ҳар қанча уринмасин, ниятига етиша олмади. Эри Абу Ҳола қазо қилгач, шон-шарафли оила қилиш ниятида куйиб-ёнаётган ёш келинчак бева қолди. Хадича бинти Хувайлидга ўхшаган оқила, фозила аёллар кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиши мумкин эмас эди. Қурайшнинг ашрафидан бўлмиш Атиқ ибн Обид ибн Абдуллоҳ ал-Махзумий Хадича бинти Хувайлидга совчи қўйди. Иккинчи тараф рози бўлди. Хадича бинти Хувайлид иккинчи эридан фарзанд ҳам кўрди. Аммо оилавий ишлари кўнгилдагидек бўлмай, оила бузилди. Шунга қарамай, Хадича бинти Хувайлид эрсиз, ўзи ёлғиз ҳолида Қурайш аёллари ичида энг обрўли аёл бўлишга эришди. Йигирма беш ёшларида Қурайш аёлларининг саййидаси бўлди. Аллоҳ таоло Хадича бинти Хувайлидга кўпгина яхши сифатларни инъом қилган эди. У киши олийҳиммат, ҳассос табиатли, кенг уфқли, диндор ва покиза аёл эдилар. Хадича бинти Хувайлид қурайш аёллари ичида «Тоҳира» лақабини олган эди. Хадича бинти Хувайлиднинг Варақа ибн Навфал исмли амакиваччаси бор эди. У эски диний китоблардан хабардор бўлиб, жуда кўп нарсаларни билар ва одамларга айтиб берар эди. Хадича бинти Хувайлид ўша амакиваччаси билан суҳбатлашишни ёқтирар ва Варақадан дин ҳақида эшитганида қалбини ажойиб бир ҳислар қамраб олар эди. У бир кеча туш кўрди. Тушида ҳовлисига катта бир қуёш тушиб, ўрнашганмиш. У ҳовлининг ҳамма томонини зиё ва чиройга тўлдирганмиш-да, ўша қуёш бу ҳовлидан туриб, ҳамма ёққа зиё сочаётган эмиш. Чўчиб уйғонса, туши экан. Ҳамма ёқ қоп-қоронғу тун бўлса-да, унинг қалби ҳалиги қуёш зиёси ила равшан ҳолда қолган эди. Эрта билан Хадича бинти Хувайлид амакиваччаси Варақа ибн Навфалникига йўл олди. У амакиваччасига кўрган тушини бошдан-оёқ сўзлади. Варақа ибн Навфал амакисининг қизини диққат билан тинглади. У бу тушнинг таъбирини яхши билар ва аҳамиятини ундан ҳам яхши англар эди. Хадича бинти Хувайлид тушини айтиб бўлиши билан Варақанинг вужудини қувонч қоплади. У виқор ва севинч билан: «Эй амакимнинг қизи! Суюнчи бер! Агар Аллоҳ тушингни ўнгидан келтирадиган бўлса, ҳовлингга нубувват зиёси кирадиган бўлибди! У ердан набийлар хотамининг файзи жўш урадиган бўлибди!» деди. Самовий китобларни яхши биладиган мўътабар бир одамдан бу гапларни эшитиб, Хадича бинти Хувайлиднинг бутун вужудини ажойиб бир ҳис қамраб олди. У Варақадан набийларнинг Хотами ва унинг сифатлари ҳақида сўради. У ўз саволларига берилган жавобларнинг ҳар бир сўзини бутун вужудига сингдириб борар эди. Ўша кундан у ўзи кўрган туш таъсирида яшади. Набийларнинг хотами ва унинг сифатлари бир лаҳзага ҳам унинг хаёлидан кўтарилмас эди. У Аллоҳ таолодан у тушини ўнгидан келишини сўрар эди. Ўз ҳовлисидан нубувват зиёси таралиши ишқида куярди. Шунинг учун бўлса керак, ўша тушни кўрган кунидан бошлаб, ўзига совчи қўйган эркакларнинг сифатларини сўраб-суриштириш одатини чиқарди. У ўзига совчи қўйган ҳар бир эркакнинг сифатларини Варақа ибн Навфалдан ўзи эшитган Набийлар хотами сифатларига таққослаб кўрар эди. Мазкур сифатларга тўғри келмас, у совчиларга узр айтар эди. Шундоқ қилиб, кунлар, ҳафталар, ойлар, йиллар ўтаверди. Қурайш аёлларининг Каъба олдида тўпланиб ўтказадиган маросимлари бор эди. Ўша маросим кунларининг бирида Хадича бинти Хувайлид ҳарамга борди. Байтни тавоф қилди. Ўз тилакларига етказишини Аллоҳ таолодан сўраб ихлос ила узоқ дуо қилди. Сўнгра Каъбанинг яқинида гаплашиб ўтирган аёллар олдига бориб ўтирди. Шу пайт бир овоз гаплашаётган аёлларнинг гапини бўлди. Бир киши баланд овоз билан: «Эй Қурайш аёллари!» деб бақирарди. Аёллар гапдан тўхтаб, унга қарашди. У гапида давом этиб: «Эй Қурайш аёллари! Яқинда ичингиздан набий чиқажак! Сизлардан ким унга умр йўлдоши бўлай деса, фурсатни қўлдан қочирмасин!» дерди. Аёллар ҳалиги одамни жинни деб ўйлашди. Баъзилар уни тош отиб қувди. Яна бирлари қарғади. Аммо Хадича бинти Хувайлиднинг юраги хаприқиб кетди. Набийлар хотами ҳақида билганларига бу одамнинг гапи ҳам қўшилган эди. У ўзи кутаётган саодатли онлар яқинлашиб қолганини ҳис этгандек эди. Ибн Саййидиннас раҳматуллоҳи алайҳи «Уюунул асар фии фунунил мағозий ваш шамоил вассияр» номли китобида бундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма беш ёшга етганларида, Маккада у Зотни амин номидан бошқа ном ила атамайдиган вақтларида Абу Толиб у кишига: «Эй жияним, мен мол-дунёси йўқ одамман. Замон биз учун қийинлашди. Бошимизга оғир йиллар келди. Бизнинг эса бирор нарсамиз ҳам, тижоратимиз ҳам йўқ. Қавмингнинг карвони Шомга борадиган вақт бўлиб қолди. Хадича бинти Хувайлид қавмнинг эркакларини ўз карвони ила юборади. Улар унинг тижоратини қилиб келадилар ва ўзларига манфаат оладилар. Сен бориб унга ўз хизматингни тақдим қилсанг, яхши бўлар эди. У ҳам жон деб рози бўларди. Сенинг поклигинг ҳақида унга ҳам хабар етган бўлса керак. Аслида-ку, мен сенинг Шомга боришингга қаршиман. Яҳудийлар сенга бирор нарса қилишларидан қўрқаман. Аммо бошқа иложимиз йўқ», деди.

Хадича бинти Хувайлид шарафли, бой-бадавлат ва тоҳира аёл эди. У ўз карвонини Шомга юборар эди. Унинг тижорати бир карвон бўлса, қолган қурайшликларнинг тижорати ҳам бир карвон бўлар эди. Хадича бинти Хувайлид ўз тижорати учун эркакларни ёллар эди ва уларга музораба ила мол берар эди. Қурайшликлар тожир одамлар эдилар. Кимнинг тижорати бўлмаса, ҳеч нарсаси бўлмас эди.

Шунда у Зот:

«Эҳтимол, унинг ўзи менга одам юбориб қолар», дедилар. Бу гапни эшитган Абу Толиб:

«Мен сендан бошқаси илиб кетармикан, деб қўрқаман», деди.

Икковларининг орасида бўлиб ўтган бу гап Хадича бинти Хувайлидга етиб борди. Бундан олдин у Зотнинг ростгўйликлари, омонатдорликлари ва хушхулқлари ҳақидаги хабарлар ҳам етиб борган эди.

Мазкур гапни эшитган Хадича бинти Хувайлид:

«Мен унинг хоҳишидан бехабар эканман», деди-да, у Зотнинг олдиларига одам юбориб:

«Мен олдингга одам юборишимга ростгўйлигинг, омонатдорлигинг ва хушхулқлигинг сабаб бўлди. Мен сенга қавмингнинг одамларига берадиган иш ҳақининг икки баробарини бераман», деди.

У Зот рози бўлдилар ва Абу Толибнинг олдига бориб хабар бердилар. Шунда у:

«Бу Аллоҳ сенга юборган ризқдир», деди.

Бас, у Зот Хадича бинти Хувайлиднинг ғуломи Майсара ила йўлга чиқиб, Шомга бордилар. У кишининг амакилари карвондагиларга у Зотга эҳтиёт бўлишларини тайинлаб қўйишган эди. Шомга етиб борилганда икковлари Нестуро исм­ли роҳибнинг ибодатхонаси яқинидаги дарахт тагидан жой олдилар. Роҳиб Майсара билан таниш эди. У ғуломга:

«Эй Майсара! Анави дарахт тагидаги одам ким?» деди.

«Қурайшлик, ҳарам аҳлидан бир одам», деди Майсара.

«Ушбу дарахт тагидаги набийдир. Унинг кўзида қизиллик борми?» деди роҳиб.

«Ҳа, ҳеч кетмайди», деди Майсара.

«Худди ўзи. У – анбиёларнинг охиргиси. Қани энди уни чиқишга амр қилинганда у билан бўлсам...» деди роҳиб.

Майсара бу гапни эшитиб, ғоят ажабланди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бусро бозорига бордилар. Ўзлари олиб келган нарсаларни сотдилар. Кераклигини сотиб олдилар. У Зот билан бир одам орасида бир савдо моли ҳақида гап чиқди. Ҳалиги одам:

«Лот ва Уззо ила қасам!» деди.

Шунда у Зот:

«Мен ҳеч қачон бу иккиси ила қасам ичмаганман. Мен кетдим», дедилар-да, юз ўгириб кетдилар.

«Сенинг гапинг – гап», деди ҳалиги одам ва Майсарага қараб:

«Эй Майсара! Бу – Пайғамбар! Бизнинг роҳибларимиз унинг сифатларини ўз китобларидан топишган!» деди.

Майсара бу гапдан ҳам ғоят таъсирланди.

Сўнгра карвондагиларнинг барчаси ортга қайт­дилар.

Майсара қуёш қиздирган пайтда туя устида кетаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки фаришта соя солиб турганини кўрди. Аллоҳ таоло Майсаранинг кўнглига у Зотнинг муҳаббатларини солиб қўйган эди. У ўзини худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қулларидек тутар эди. Улар ўз тижоратларини қилиб, одатдагидан кўра икки марта кўп фойда кўрдилар. Қайтаётиб Марриз-заҳронга етганларида Майсара:

«Мен олдинроқ бориб, Аллоҳ Хадичага сен туфайли берган нарсаларнинг хабарини етказай», деди».

Ўша тижорий сафардан келган Хадичанинг хизматкори Майсара бор кўрган-билганларини хожасига хабар қилди. Шундан кейин ўткир ақл эгаси Хадича бинти Хувайлид Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий одам эмаслигини сезиб қолдилар. У Зотдаги тўғрилик, садоқат, ҳалоллик, хайр-барака ва бошқа хислатлар Хадичани ўзига ром этган эди.

Бунинг устига хизматкорлари Майсара сафар давомида Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрган ақл бовар қилмайдиган ҳолатларини айтиб берди.

Хадича бинти Хувайлид ўз ғуломи Майсарадан эшитганларини Варақа ибн Навфалга айтиб берди.

Варақа: «Агар шу гаплар ҳақ бўлса, албатта, Муҳаммад ушбу умматнинг Пайғамбаридир. Мен шундоқ бўлишини билар эдим», деди.

Макканинг кўплаб аъёнларининг совчиларини қайтарган Хадича шундан сўнг Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқишни ният қилди.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи «Табақот» номли китобида Нафиса бинти Мунайядан ривоят қиладилар:

«Хадича бинти Хувайлид азму қарорли, куч-қувватли, шарафли аёл эди. Аллоҳ таоло унга карам ва хайр-баракани ҳам ато қилган эди. У ўша пайтда Қурайшнинг энг насаби яхши ва шарафи улуғ аёли эди. Унинг қавмининг барчаси, уддасидан чиқса, уни ўз никоҳига олиш пайида эдилар. Улар унга совчилар қўйиб, молу мулклар сарфлаган эдилар.

Хадича бинти Хувайлид бир куни мени Муҳаммаднинг олдига унинг карвони ила Шомдан қайтиб келганидан сўнг киши билмас юборди. Мен бориб:

«Эй Муҳаммад, сенинг уйланишингга нима монелик қилади?» дедим.

«Уйланиш учун қўлимда ҳеч нарса йўқ», деди.

«Ўша нарсадан кифоялансанг ва жамол, мол, шараф ва ўз тенгингга даъват қилинсанг, хўп дейсанми?» дедим.

«Ким ўзи у?» деди.

«Хадича», дедим.

«Бу ишни қандоқ қила оламан?» деди.

«Бу ёғини менга қўйиб бер», дедим.

Бас, бориб хабарни етказдим. Хадича бинти Хувайлид у кишига одам юбориб, фалон соатда кел, деди. Шунингдек, амакиси Амр ибн Асадга ҳам одам юборди. У ўз жиянининг никоҳига ҳозир бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз амакилари билан кирдилар. Улардан бири у кишини никоҳлаб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уйланганларида йигирма беш ёшда эдилар. Ўша кунлари Хадича қирқ ёшда эди. У «Фил воқеаси»дан ўн беш йил олдин таваллуд топган эди».

Ўша куни Хадича бинти Хувайлиднинг уйида Бани Ҳошимнинг катталаридан анчагина одам ҳозир бўлганди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у кишининг амакилари Абу Толиб, Ҳамза, Аббос, у кишининг оғайниларидан Абу Бакр, Аммор ибн Ясир ва бошқалар келган эдилар.

Хадича бинти Хувайлид томонидан амакисининг ўғли Варақа ибн Навфал, акасининг ўғли Ҳаким ибн Ҳизом ва бошқалар бор эди.

Эркаклар билан бирга бир неча аёллар, жумладан, София бинти Абдулмуттолиб, Отика бинти Абдулмуттолиб ҳам бор эди.

Абул Аббос ал-Мубаррад раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқа тарихчиларимиз ривоят қилишларича, ўша пайтнинг одати бўйича, муносиб вақти бўлганда Абу Толиб хутба қилиб, қуйидагиларни айтди:

«Бизни Иброҳимнинг зурриётидан, Исмоилнинг зироатидан, Маъднинг аслидан, Музарнинг унсуридан қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

У Зот бизни Ўз байтининг хазинадори, ҳарамининг сиёсатдони қилди.

У Зот бизга ҳижобли байтни, омонли ҳарамни берди ва бизларни одамлар устидан ҳоким қилди.

Аммо баъд, укамнинг ўғли Муҳаммад ибн Абдуллоҳни қайси одам билан ўлчовга қўйилса, албатта, у ўзгалардан яхшиликда ҳам, фазлда ҳам, шарафда ҳам, ақлда ҳам ва улуғликда ҳам устун келади.

Агар моли оз бўлса, албатта, мол соя каби ўткинчи нарсадир, тўскувчи нарсадир, қайтариб олинадиган қарздир.

Муҳаммаднинг қаробатини ўзингиз яхши биласиз. У Хадича бинти Хувайлидга совчилик қилди. Унга маҳрига менинг молимдан эртасию кечи бўлиб, ўн икки ярим увқия тилло берди. Аллоҳга қасамки, бундан сўнг унинг иши улуғ бўлур ва шаъни буюк бўлур», деди».

Абу Толиб хутбасини тамом қилганидан сўнг Варақа ибн Навфал сўзлади:

«Бизни сен айтиб ўтгандек қилиб қўйган, сен санаб ўтганлардан афзалроқ Аллоҳга ҳамд бўлсин. Биз арабларнинг улуғлари ва раҳбарларимиз. Сизлар у нарсаларга аҳлсизлар. Сизларнинг фазлингизни бирор уруғ инкор қилмайди. Одамлардан бирортаси сизларнинг фахрингиз ва шарафингизни рад этмайди. Биз сизларнинг арқонингиз ва шарафингизга боғланишга рағбат қилдик.

Эй Қурайш жамоаси, менга гувоҳ бўлинглар, мен Хадича бинти Хувайлидни Муҳаммад ибн Абдуллоҳга тўрт юз динор маҳр ила никоҳладим», деди ва сукут сақлади.

Шунда Абу Толиб:

«Мен келиннинг амакиси ҳам сенга шерик бўлишини истардим», деди.

Сўнг Хадича бинти Хувайлиднинг амакиси туриб:

«Менга гувоҳ бўлинглар, эй Қурайш жамоаси, мен Муҳаммад ибн Абдуллоҳга Хадича бинти Хувайлидни никоҳлаб бердим», деди.

Қурайш улуғлари бунга гувоҳ бўлдилар».

Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам тўй куни туя сўйиб, одамларга таом тарқатдилар.

«Ас-Сийра ал-Ҳалабийя» китобининг соҳиби ёзишларича:

«Ўша куни Хадича бинти Хувайлиднинг жория­лари ҳам дуфф (доира) чалиб, ўйин қилишган. У киши ўз умр йўлдошларига, амакингга айт, туя сўйсин, одамларга таом беринглар. Кейин аҳлингнинг олдига кел, деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтилган ишларни қилиб, аҳллари олдига кирганлар.

Абу Толиб бу никоҳдан беҳад шод бўлди ва:

«Биздан ғамни кетказган, қайғуни даф қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди.

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи тўй қилишлари эди».

 
Мавзуга оид мақолалар
Онанинг тўлғоқ пайтида фаришталар сўраркан «Ё Робби, гўдак ўлик туғилсинми, тирик туғилсинми» Шунда Аллоҳ, давоми...

06:08 / 28.12.2016 3303
 Оилага доир нозик масала ҳисобланган кўпхотинлилик хусусида фикр юритсак. Аниқлик киритамиз оиласи давоми...

16:10 / 17.01.2017 5045
ЮРАККА ЙЎЛ Ўн еттинчи мактуб Мен сочиб кетаман кўҳна бағрингга, ўлмас ғояларнинг уруғларини. Шавкат давоми...

17:53 / 27.04.2017 3847
Аллоҳнинг бандаларига фазли Аллоҳ таоло бандаларини кўпгина неъматлар ва фазллар билан неъматлантириб, давоми...

14:47 / 31.05.2019 2817