Aввало, ўзингизни тарбияланг
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мусулмон эрнинг зиммасида оиласини етарли нафақа ила таъминлаш вожибдир. Бас шундай экан, эрлар бу вожибни адо этиш йўлида кўча-кўйда, бозор-ўчарда, ишхонада ёхуд уйда иш билан банд бўладилар. Кунларининг асосий қисми ишда ўтади. Шу сабабдан фарзандлар тарбияси ила кўпроқ оналар машғул бўладилар.
Бир ҳикматли сўз бордир ― «Фарзандинларингизни тарбияламанг, улар, барибир, ўзингизга ўхшаган бўлади. Ўзингизни тарбияланг». Яъни бу фарзандларга ўрнак бўлиб, уларни тарбия қилинг. Бунинг учун эса ўзингизни тарбияланг деганидир. Ҳақиқатда киши ўзи амал қилмайдиган ишга бошқани тарғиб қилиши бесамардир. Дейлик, ота-она ўзи намоз ўқимаса-да, боласини намоз ўқишга буюрса, ўзлари чап қўлда таомланса-да, боласини ўнг қўлда таомланишга буюрса, қайси фарзанд бунга амал қилади?! Фарзанд ўзининг ақли билан «Булар мени муҳим ишга буюрмаяпти. Айтаётганлари шу қадар зарур бўлса, аввало ўзлари амал қилар эдилар» деб ўйлайди. Шундай экан, биз, ота-оналар, аввало, ўзимизни ислоҳ қилишимиз лозим. Айниқса, фарзандлар тарбияси ила кўпроқ машғул бўлувчи аёллар бунга ниҳоятда жиддий эътибор қаратмоғи ва бу ишда эркаклар уларга кўмаклашиши даркор.
Бунинг учун нима қилиш керак?
Ҳар бир мусулмон киши, аввало, ақидасини тўғри қилмоғи лозим. Уламолар ақида илмини эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида сўз юритувчи илм деб таърифлайдилар. Аллоҳнинг борлигига эътиқод қилиш, Унинг ягоналигига, ишларида, ҳукмларида, исмида, сифатларида, Зотида шериги йўқлигига эътиқод қилиш, Фаришталарга иймон келтириш, Пайғамбарларга иймон келтириш, Аллоҳнинг китобларига иймон келтириш, Қиёмат кунининг, жаннат ва дўзахнинг, тарозунинг ҳақ эканлигига эътиқод қилиш, яхши ва ёмон қадар Аллоҳдан эканлигига эътиқод қилиш каби масалалар ақида масалаларидир. Буларнинг барчасини ўрганиб, эътиқод қилишимиз ва буларни фарзандларимизга ҳам ўргатмоғимиз лозим. Албатта, ақида масалалари фарзанднинг ёшига кўра ақли кўтарганича ўргатиб борилади. Масалан, аввало, унга Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, иймон калимаси, пайғамбарлар ҳақида қисқача тушунчалар бериб бориш билан ақида масалалари ўргатилади. Ақида масаласида ўзимиз ҳам, фарзандларимиз тарбиясида ҳам ниҳоятда аҳамиятли бўлмоғимиз даркор. Мисол учун айтадиган бўлсак, кофир киши ҳар қанча намоз ўқиса ҳам, унинг намози қабул бўлмайди. Чунки у, аввало, Аллоҳга иймон келтириши ҳамда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсаларга эътиқод қилмоғи, жумладан, намоз ўқиш фарз эканига эътиқод қилмоғи лозим. Бу борада Сўфи Аллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб байтлари масалани янада ойдинлаштиради: Ақида билмаган шайтонга элдир, Агар минг йил амал қилса ҳам, елдир.Ақида илми эътиқод қилиш лозим бўлган масалаларда, зарур бўлса, шаръий амалларни адо этиш учун фиқҳ илмини ўрганиш лозимдир. Бу илм ҳам ниҳоятда зарурдир: намозни қачон ва қандай адо этамиз, рўза тутиш қандай бўлади, қандай таҳорат олинади, закот кимга берилади, нима ҳалолу нима ҳаром – барчаси фиқҳ илмида ўрганилади. Бу илмни ҳам ўзимизнинг зиммамизда фарз бўлган миқдорини ўрганиб, уни фарзандларимизга ҳам ўргатмоғимиз лозимдир. Имом Дора Қутний Амр ибн Шуъайбдан, у киши отасидан, у киши бобосидан розияллоҳу анҳум қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ёш болаларингизни етти ёшликларида намоз ўқишга амр қилинглар. Ўн ёшга етганларида унинг учун уринглар ва ётар жойларини алоҳида қилинглар. Қачон бирингиз ўз чўрисини қулига ёки мардикорига никоҳлаб берса, унинг киндигидан пастига ва тиззасидан юқорисига назар солмасин. Чунки киндикдан пасти ва тиззадан юқориси авратдандир», деганлар. Буларнинг барчаси фиқҳий масалалардир. Фарзанд тарбиясида тўғри йўл тутишлик учун бу ҳадисга амал қилмоғимиз лозим. Бунинг учун эса фиқҳни билмоғимиз, хусусан, намоз ўқиш аҳкомларини яхшилаб ўрганиб, фарзандларимизга ҳам ёшига монанд равишда секин-секин ўргатиб, уларга амал қилишида кўмаклашишимиз керак. Боланинг ёши улғайиб, ақли кўтара оладиган бўлгач, Қуръони Карим, ҳадиси шариф борасидаги илмларни, руҳий тарбия илмларини ўргатишимиз даркор. Бунинг учун эса ўзимиз бу илмларни ўрганиб, уларга амал қилиб, фарзандларимизга ўрнак бўлмоғимиз лозим. Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Қишки таътил давомида Гарвард университетининг 30 нафар мусулмон талабалари учун Макка ва Мадина давоми...

13:38 / 27.02.2019 2024
Албатта, Аллоҳ таоло Ўзи яратган ҳар бир тирик жонзот ҳаётининг ҳар бир босқичи учун муносиб озиқ манбасини давоми...

08:16 / 26.03.2019 3659
Қишлоқда туғилиб ўсганим сабабиданми, Тошкентдаги кўп қаватли уйлар мен учун жуда тор эканлигини бугун ҳис давоми...

06:00 / 08.09.2020 3745
Шу йилнинг январь ойидан бошлаб «Аэрофлот» йўловчилари учиш давомида тамадди қилиш учун ҳалол овқат давоми...

11:19 / 09.11.2016 3203