Ислом тарихида аёллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом тарихида, шунингдек, бугунги кунимизда ҳам жаҳон тамаддунига илм, ҳуқуқшунослик, тадбиркорлик, адабиёт ва бошқа соҳаларда ўз ҳиссасини қўшган кўплаб муслималар бор. Мазкур мақолада ибрат олишга арзийдиган ўша аёллар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида, хусусан, нубувват хонадонида яшаган аёлларни зикр қилишдан бошлаймиз. Хадича онамиз розияллоҳу анҳо жуда ҳам бой, тадбиркор, мулоҳазали аёл бўлганлар, тижорат билан шуғулланганлар.

Рисолат келган чоғда Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам маънан, ҳам молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турганлар. Оиша онамиз розиялллоҳу анҳо эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган жуда ҳам катта илмни етказиб берганлар. У киши илмда тенги йўқ фақиҳа эдилар. Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга сиёсий масалаларда доно маслаҳатлари билан кўмак берган бўлсалар, Ҳафса онамиз  розияллоҳу анҳога отаси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўлимидан кейин Қуръони Каримнинг илк нусхаси ишониб топширилган. Фотима онамиз розияллоҳу анҳо сабр-қаноат ва зуҳдда тенгсиз бўлган бўлса, саҳобия Нусайба розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васалламни Уҳуд жангида қаҳрамонларча ҳимоя қила олган. Кейинчалик, VIII асрда ҳам мусулмон аёллар ҳар соҳада Ислом тамаддуни ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишган. Мисол учун, Аш-Шифо бинти Абдуллоҳ халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонидан бозор назоратчиси ва бошқарувчиси этиб тайинланган биринчи муслима эдилар. Амра бинти Абдурраҳмон илк мусулмонларнинг иккинчи авлоди ичида кўзга кўринган олималардан бўлганлар. У киши фиқҳ ва ҳадис илмининг билағони бўлиб, халифа Умар ибн Абдулазиз томонидан алоҳида эътироф этилган. Оиша бинти Саъд ибн Абу Ваққос ҳам машҳур фақиҳа ва олималардан бўлганлар. Моликий мазҳаби асосчиси Имом Моликка дарс берганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлган Саййида Нафиса Ислом ҳуқуқшунослигидан дарс берган. У кишидан илм олиш учун олис манзиллардан ҳам талабалар келишарди. Бу талабалар орасида Шофеий мазҳаби асосчиси Имом Шофеий ҳам бор эди. У киши Имом Шофеийга молиявий жиҳатдан ҳам ёрдам берганлар. Илмда тенгсиз бўлган муслималардан яна бири дамашқлик Оиша бинти Муҳаммад ибн Абдулҳодий эди. У киши ўз замонасидаги олимлар ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга санади энг яқин инсон бўлганлар. Талабалари орасида Ибн Ҳажар Асқалоний таниқли ҳадис илми олимларидан ҳисобланади. Умму Дардо Дамашқ ва Қуддусдаги катта масжидларда дарс берган. Халифа Абдулмалик ибн Марвонга ҳам дарс берган.

ХII асрда яшаган Шуҳада бинти Аҳмад ал-Ибрии Бағдодда нуфузли олимлардан дарс олди ва ўзи ҳам ҳадис ва фиқҳ илмининг катта олималаридан бирига айланди. У кишини «аёллар фахри» деб аташган. ХIХ асрда яшаган муслималар орасида Нигериялик Нана Асмаъуни қайд этиш лозим. У киши шоира, мударриса, олима бўлганлар.

IХ асрда яшаган халифа Ҳорун Ар-Рашиднинг рафиқаси малика Зубайдани алоҳида зикр қилиш лозим. У киши кўплаб катта оммавий ишларга ҳисса қўшган. Жумладан, қудуқлар, меҳмонхоналар, сув омборлари, асосий дарвозаларда Макка зиёратчилари учун махсус қароргоҳлар қурдирган. Шу билан бирга, малика Зубайда жамоат орасида сиёсий фикрларини билдира оладиган салоҳиятли ва закий аёл бўлган. Шоир ва ёзувчилар, дин арбобларини қўллаб-қувватлаган ва муҳтожларга ёрдам берган.

Араб мусулмон дунёсининг ғарбий қисмида эса IХ асрда Фотима ал Фиҳрия яшаб ўтган. У киши Марокашда асос солган ал-Қаровиййин масжиди энг қадимги исломий ўқув даргоҳларидан ҳисобланади ва ҳозиргача фаолият юритади. ХI асрда яшаб ўтган Банафша Ар-Румийя ҳам бу борада кўзга кўринган аёллардан бўлиб, Бағдодда мактаблар, кўприклар, уйсиз аёллар учун жамоат уйи қурдирган. Бундан ташқари, ўзининг хусусий мактаби ҳам бўлган.

Машҳур муслималар орасида Арва Ал-Сулайҳи алоҳида эътирофга лойиқ. У ХI асрда 71 йил давомида Яманни бошқариб келган ва «олийжаноб аёл» деган номга сазовор бўлган. Султона Шажарат ал-Дурр ХIII асрда турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг Мисрда бошқарувни ўз қўлига олган. Султона Розиа ХIII асрда яшаган бўлиб, Ҳиндистон тахтида ўтирган ягона аёл ҳисобланади. У тўрт йил давлатни бошқарган.

Бу каби кўплаб аёллар Ислом тамаддунининг ёрқин вакиллари ҳисобланади ва бугунги кундаги муслима аёллар учун ўрнак, намуна деб эътироф этилади.

 

(давоми бор)

Ингилиз тилидан Зарнигор тайёрлади.

Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хизмат қилган кишига хизмат қилар эдилар. Қуллари, чўрилари давоми...

00:59 / 30.09.2023 1786
Кундузлари узун, кечалари қисқа бўлган бугунги кунларимизда Бомдод намозининг вақти анча барвақт бўлиб давоми...

06:27 / 23.12.2016 5622
Эр аёлининг ёмон қилиқларига сабр қилади, уни тарбиялаш чораларини ахтаради. Аёли ғазабга кирганида, сукут давоми...

22:19 / 03.03.2023 1704
Дадажон дейди яйратиб дилни,Ортда қолдирар меҳрда ўғилни.Кетса ҳам бир кун пойлатиб йўлни,Қизлар отага давоми...

05:42 / 16.09.2020 5073